Apr 162012
 

Мурожаатнома

Вашингтондаги намойиш

                                                                              ЎЗБЕКИСТОН ҲУКУМАТИНИНГ

                                                                              АҚШдаги ЭЛЧИСИ

                                                                              ЖАНОБ  И. НЕЪМАТОВга

 

                                                                             АҚШда ИСТИҚОМАТ ҚИЛУВЧИ

                                                                             ЧОРИЕВЛАР ТОМОНИДАН

 

                    М   У   Р  О   Ж   А  А   Т   Н   О   М   А

 

МУҲТАРАМ  ЭЛЧИ  ЖАНОБЛАРИ!

           Ҳурматли жаноб Илхом НЕЪМАТОВ!

Биз, АҚШдан сиёсий бошпана олган Ўзбекистон фуқаролари сиз билан юзма-юз кўришиш илинжида мана,бугун Америка Қўшма Штатларининг Вашингтон шаҳрида жойлашган жонажон  Ватанимиз Ўзбекистон  элчихонаси рўпарасидамиз.

Мақсадимиз,биз,АҚШдаги Чориевлар оиласи ўз талабларимизни сиз жаноб элчи орқали Ўзбекистон ҳукуматига йўлламоқ истагидамиз.

Яқин мозийга назар ташлайдиган бўлсак,1990 йиллинг бошларида барча   Ўзбекистонлик ватандошларимиз  қатори биз,Чориевлар  оиласи ҳам мустақилликни кўтаринки руҳ,бир дунё қувонч билан  қаршилаган эдик.

Ўша пайтларда қалбларимиз Мустақил Ўзбекистонимизнинг эртанги кунига бўлган ишонч билан лиммо-лим эди. Мамлакатимиз  Конституцияси ва қонунларга таяниб  оила аъзоларимиз  Ватан равнақига муносиб ҳисса қўшиш иштиёқида  машаққатли,аммо  шарафли меҳнат оғушига шўнғишди. Тинимсиз ҳалол меҳнатларимиз ўз мевасини берди. Пешона теримиз эвазига қисқа вақт эчида  Мулкдорга айландик.

Жумладан, меҳнатсеварликни, ҳалолликни шиор қилиб олган биз,Чориевлар оила аъзолари  ишбилармонликнинг дебочаси сифатида 1999 йилда Қашқадарё вилоятининг Шахрисабз туманида жойлашган “Кеш” ҳиссадорлик жамиятининг 61% акцияларини қўлга киритдик.  2000 йилларда эса Чориевлар сулоласи вакили Баҳодир Ҳасанович  “Кеш”да ўз раҳбарлик фаолиятини бошлади. Бу муваффақиятлар,аввало,Ўзбекистондаги мавжуд қонунларнинг устуворлигидан далолат бўлса, иккинчи жиҳатдан ҳалол меҳнатларнинг маҳсули деб билган  эдик.

Афсуски,менинг,яъни Баҳодир Чориев “Кеш” хиссадорлик жамиятидаги раҳбарлик фаолиятимнинг илк  кунлариданоқ  мамлакатда   қонун устуворлиги фақат    қоғозларда қолиб кетаётганлигига  гувоҳ бўла бошладим. Қашқадарёдаги  махаллий ҳокимият амалдорлари, Куч Ишлатар тизимлар, мансабдорларнинг Бош Қомусимизни,мамлакатдаги мавжуд  қонунларни оёқ ости қилаётганликларига,инсон ҳуқуқларини қўпол равишда бузаётганликларига шахсан ўзим кўп бор гувоҳ бўлдим.

“Кеш” ҳиссадорлик жамиятининг раҳбари сифатида олиб борган меҳнат фаолиятимдан,ҳаётий тажрибамдан келиб чиқиб айтишим мумкинки,   Ўзбекистон ҳукумати амалдорларни Ватан равнақи,қонун устиворлигининг сариқ чақалик ҳам қиммати йўқ,юрт эртаси уларни  ҳеч ҳам қизиқтирмайди. Бора-бора Ҳокимият мансабдорларига ўз шахсий манфаатлари бирламчи эканлигига минг карра амин бўлдим.

Ўша пайтлардаёқ Ўзбеккистонда порахўрлик,таъмагирлик шу қадар  илдиз отган эдики, назаримда,бундай иллатлар илдизига  амалдаги Ҳукуматнинг ўзи ҳам болта уришга қурби етмаслиги аён.

Мен Ҳокимият амалдорларидан  қонунни ҳурмат қилишларини нечоғлик талаб қилмай,  қонунга буйсунишга қанчалик  чақирмай,  менинг бу ҳаракат ва  уринишларимнинг жавоби ҳамиша ҳақорат ва камситиш бўлиб қайтар,ўз бошимга ташвиш келтирарди. Шахрисабз туманининг ўша пайтлардаги  ҳокими,марҳум   Шуҳрат Алланазаровнинг  менга қараб доимо такрорлайдиган бир луқмалари ҳамон қулоғим остида: “Чориев,бу ерда Америка очманг!”

Мен у пайтларда ёш эдим. Олов эдим. Қўрқиш,ҳайиқиш нима билмасдим. Эҳтимол шу сабабдир,адолатни байроқ қилишдан чарчамасдим.  Натижада, маҳаллий ҳокимият вакиллари ва Куч Ишлатар Тизимлар мени бўҳтон,  туҳмат ва ноҳақликлар ботқоғига ботириб,   ғайриқонуний тарзда қаматишга ҳам муваффақ  бўлишди.  Амалдорлар томонидан менга қилинган хуружлар,босим ва ноҳақликлар исканжасида  қамалдим. Оқибатда эса,  бутун бойлигимиз маҳаллий куч ишлатар тизимлар, ҳокимлар,суд ва прократура амалдорлари томонидан талон-тарож қилинди,ноқонуний тарзда  ўзлаштирилиб олинди. Пировардида,адолатсиз маҳаллий ҳокимият арбоблари  биз,Чориевлар оиласини     2001 йилда  ўз пешона теримиз билан топган сармоямиздан –2.5 миллион АҚШ долларига тенг бўлган мулкимиздан мосуво қилишга эришдилар.

Халқимизда “Тош қаттикми – бош қаттиқ” деган гап бор. Инсон  боши нималарни кўрмас,неларга бардош бермас экан? “Бошга тушганни кўз кўрар” деганларидек,гарчи биз оғир ва тушкун  аҳвволда қолган бўлсак-да,тушкунликдан чиқишга,қийинчиликларни енгишга ўзимизда куч топдик,топа олдик.  2004 йил Оила бошлиғи  Ҳасан бобо Чориев навбатдаги ташаббус билан чиқди. Отамиз Ҳасан бобонинг таклиф ва саъй-ҳаракталари билан  Қашқадарё вилоятининг Қамаши туман ҳудидида “Ҳасан бобо ўғли Ихтиёр” чорвачилик  фермер хўжалиги ташкил этилди. Чориевлар оиласининг жамийки ички имкониятлари,жонбозлиги туфайлигина мазкур  кичик фермер хўжалиги бир неча йил деганда  оёққа турди,қад ростлади.

Қамоқ  иродамни бука олмади,аксинча,мени курашчанликга ўргатган эди. Қамоқдан озод бўлгач,  2002 йилдан бошлаб  адолат  ва қонун устуворлиги йўлида курашни давом эттирдим.  Барча оила аъзоларим мени руҳан қўллаб-қувватлашди,бу сермашаққат юмушда гуё менга қанот бўлишди. Улар ҳам мен билан қадамма-қадам инсон ҳуқуқларининг устиворлиги-ю,адолат тантанаси учун курашга киришдилар ва ҳамон курашмоқдалар. Ўзбекистондаги мавжуд муҳит бизни гуё темирни ўтда тоблаганларидек,бизни ҳам чиниқтириб,сиёсий жиҳатдан аллақачонлар тоблаб қўйган эди. Ниҳоят,мамлакатдаги адолатсизликга қарши курашларимизнинг самараси ўлароқ,2004 йилдан “Бирдамлик”  халқ демократик ҳаракатини ташкил қилдик.  Ҳаракатимиз айни кунда Ўзбекистондаги Каримов режимига қарши энг кучли мухолиф ташкилотга айланди.

Айнан мана шу ҳолат Каримов ҳукуматини талвасага солиб қўйди. Мухолиф кучлар ҳаракатини ҳеч ҳам ҳазм қила олмайдиган Каримов режими   шахсан мени,қолаверса,  оила аъзоларимизни адолат йўлидаги курашдан тўхтатиб қолиш  мақсадида,  мана,бир неча йилдирки,таҳқир,таҳдид,тазйиқ ўтказиш,руҳий босим қилиш,қонуний ҳуқуқларимизни паймол этиш,турфа ноқонуний нағмалар билан оиламизга зарба беришда  ҳорма-толмай жонбозлик кўрсатиб қелмоқда.

Масалан,ўтган йили укамиз Чориев Бурхонни ва келинимиз Сарвиноз Ҳамидоваларни  Ватан соғинчи  АҚШдан  Ўзбекистонга етаклаб борганида уларнинг  ҳар бири ғайриқонуний тарзда  30 миллион сўмдан,жами  60 миллион сўм миқдорида  жаримага тортилди. Бурхон Чориевнинг  бир неча кунлаб қамоққа сақланишини,кейинчалик эса ҳар иккаласини  қарийиб бир йил давомида уй қамоғида ушлаб турилишини инсон ҳуқуқларининг қўпол равишда бузилиши-ю,Каримов режимининг тазйиқи,босими демай,  яна қандай ном билан аташ,қандай изоҳлаш мумкин?

Аммо  аламзада Ҳукумат шу билан қаъноатлангани йўқ. Аксинча,яна ғирромлик йўлига ўтган ҳукумат бугунги кунда  Ўзбекистонда истиқомат қилаётган,70 ёшни қаршилаётган ота-онамизга ҳам турли хил босимлар ўтказишмоқдаки,энди бунга жим қараб туришликнинг имкони йўқ,асло.    Чунончи,2011 йилнинг 29 декбарь куни Ҳукуматнинг ички ишлар формасидаги қароқчилари томонидан ота-онамизнинг мол-мулкига босқинчилик уюштирилди. Оқибатда,  амалдорлар “Ҳасан бобо ўғли Ихтиёр” чорвачилик фермер хўжалигининг барча чорвасини ғайриқонуний тарзда олиб кетишди,талон-тарож қилишди.  Ўзбекистон тарихида илк маротаба Жиноят ишлари бўйича Қамаши туман суди томонидан Шаҳрисабздаги отамиз – Ҳасан Чориевнинг уйида гуё  суднинг “сайёр” театр томошаси бўлиб ўтди. Бу томошадан муддао Ҳасан Чориев чорвасининг  Ҳукумат қароқчилари томонидан ўмарилиб кетилганлигини “қонунийлаштириб” қўйишдангина иборат эди.  Қози жаноблари Ҳасан Чориевнинг бетоблигига қарамасдан,эшик олдида турган тез тиббий ёрдам машинаси шифокорларни ҳам  хаста одамнинг олдига киришига, даволашига изин бермасдан, монеълик қилиб,ўзининг ғайриқонуний ҳукмини бор-йўғи 5 дақиқалик суд томошасида чиқаришга ҳам улгурди. Бундай адолатсиз жараён тафсилотлари  ўз вақтида ҳорижий матбуотларда,интернет сайтларида ёритиб борилганлиги сабабли,бохабарсиз деб умид қиламиз,ва ўйлаймизки,воқеа тафсилотларини батафсил баён қилишга ҳам ҳожат йўқ.

Жаноб элчи Илхом НЕЪМАТОВ!

Юқоридагилардан маълум ва равшанки,    Ўзбекистон  диктатор Каримов режими остида “Келажаги буюк давлат” бўлиш ўрнига,кун-сайин таназзул батқоғига ботиб бормоқда.

Бироқ, ҳар бир ишнинг боши ва адоғи бўлгани каби,сабрнинг,бардошнинг ҳам чегараси бор. Шундай экан,айнан амалдаги ҳукумат арбоблари томонидан Ўзбекистонлик фуқароларнинг қонун билан қўриқланаётган ҳақ-ҳуқуқларини оёқ ости қилиш,таҳқирлаш қачонгача?!  Шусиз ҳам аҳолининг сабр косаси тўлиб бўлган,тўкилмасин!

Биз,  Чориевлар оиласи Каримов режимидан  70 ёшга кирган ота-онамизни тинч   қўйишларини ва Ҳукумат томонидан куч ишлатиш ва зўравонлик йўли билан тортиб олинган  барча мол-мулкларимизни ўз эгаларига қайтарилишини қатъий талаб қиламиз!

Каримов режимининг қамоқларидаги барча сиёсий маҳбусларни озод қилинишини талаб қиламиз!

 

Президент Каримов исте’фосини талаб қиламиз!

 

Йўқолсин диктатура ва яшасин демократия дея хайқирамиз!

 

                  Ҳурмат билан АҚШда истиқомат қилувчи Чориевлар оиласи вакиллари.

 

http://birdamlik.info/?p=21523

Sorry, the comment form is closed at this time.