Feb 272012
 

Уламолар Қуръон ва Ҳадисларга таяниб таъкидлаганларига кўра, инсон
дунёга келиши билан унинг пешонасига дунёдан қачон кетиши ҳам
битиларкан. Демак, ўлим ҳақ ва ундан ҳеч ким қутилиб қола олмайди! Ҳеч
ким  Оллоҳдан устун эмас ва унинг каби боқий эмас!
Ҳозир тушкун кайфиятда  бўлганлигим сабабли охират тўғрисида ўзимнинг
тасаввуримдан нимадир ёзишга қарор қилдим. Балки нимададир
адашгандирман, балки ҳақ сўзни бошқачароқ бир кўринишда тавсир
қилаётгандирман. Бу ёғи менга қоронғу.

Яқин қўшнимиз ҳозиргина оламдан ўтди. Куни кеча олти ойдан бери
тўшакда михланиб ётган қўшнимизнинг уйига кириб, ҳолини сўраб суҳбат
қилгандим. Анча далда бердим, аммо на илож – ўлим ахир ҳақ!

Бу аёл соғлом эди. Тушкун кайфият  сабаблик, балки бетобланиб
қолгандир. Бунга сабаб эса, 3 нафар ўғли Россияга нон қидириб
кетганида  бўлса керак. Фарзандлари кетиб, аёл келинининг қўлида қолди.
Келини барака топсин, қайнонасини ўз онасидай кўрарди. Бетоб бўлиб
қолса  даволатар, хуллас ўзининг қизидай ғамхўрлик қиларди. Бундан анча
ой илгари қўшнимиз бетоб бўлиб ётиб қолди, фарзандлари ҳам онасининг
бетобланиб қолганини билиб, зудликда Россиядан қайтиб келишди. Мана шу
ётишда у 6 ой  тўшакда ётди.

Бу ёғида газ йўқ, уйлар совуқ, электр қуввати ҳам тез-тез узилиб, 2 –
3 кунлаб бўлмай қолган кунлар бўлди. Бундай кезда тўшакка михланиб
ётиб қолишнинг ўзи бўладими?
На илож онаизор эканда, қиммат бўлсада “памперс” олиб онасини совуқдан
сақлай бошлашди.

Қўшнимнинг ёши 70 дан ошган бўлсада, юзида бирон бир ажин кўринмасди.
Фарзандлари нон қидириб Россияга кетгандан сўнг  қўшнимиз чўкиб
қолганди. Дардини эса менга тўкиб соларди. Ахир ёнида бирон бир
фарзанди бўлмагандан сўнг, она эзиладида ахир!
Болалари ёнида бўлганида, балки яшаган бўлармиди… Бугунги кунда
Ўзбекистон фуқаролари нон топиш илинжида, узоқ ўлкаларга, ким қайси
тушга ҳам кирмаган юртларга иш излаб кетишмоқда. Режим халқни дарбадар
қилишни қачон тўхтатар экан? Бизнинг ҳам ёшларимизни ўз ватанида эркин
яшаб, нонини топиб ейиш вақти келармикан? Қачон, қачон келади бу кун?!
Туянинг думи ерга текканидами?

 

27-февраль, 2012- йил.
Гулшан Қораева
Ўзбекистон Инсон Хуқуқлари Жамиятининг
Қашқадарё вилоят бўлими раиси

Sorry, the comment form is closed at this time.