Feb 122012
 

  Маҳалламизда анча йиллардан бери тўшакда ётган бир бетоб аёл яқинда
оламдан ўтди.
Фотиҳа қилиш, унинг яқинларига таъзия билдириш мақсадида қўшнилар
билан ўтдик. Хонадонга киришимиз билан марҳуманинг қизлари бизни қарши
олди. Одатда таьзияда нима бўлади? Йиғи-сиғи, хафагарчилик….
Қаерга ўтиришни ҳам билмайсиз! Совуқдан уйлар музлаб қолган. Газ йўқ!
Вафот топган инсонку қутилиб кетяпти бу сингари азоблардан, унинг
ортидан қолган фарзандларига қийин! Ҳали замон маъракаларини ўтказиш
керак, барибир оғир ахир. Бу йил тўшакда ётиб қолганлар учун оғир
келди. Худонинг ҳам, Ислом Каримовнинг ҳам қахри қаттиқ келди!
Халқнинг додини  биров эшитай демайди, эшитгиси ҳам келмайди. Нега?

Аҳоли сони кўпайиб кетганлиги сабаб эмасмикан бунга? Бироз камайтириб олишмикан мақсад? Шу саволларга  жавоб топа олмаяпман! Режимни юраксиз деб аташ менга ҳам оғир, аммо шунақа хулосага қелишга мажбур бўлаяпман!  Бир оддийгина мисол тариқасида  келтирсам.

Итни яхши кўрганим сабабли кичкина кучукча сақлаб олганман. Музлаб
қолмасин деб ҳозиргача уни совуқдан олиб чиқиш билан овораман! Эьтибор
қилмасангиз музлаб қолиши тайин. Итгаку эгасининг жони ачиганидан,
уни яхши  кўрганидан қарайди. Ҳамма гап шундаки, итнинг эгаси бор!

Куни кеча Чироқчи туманининг чеккка қишлоқларидан бирида яшайдиган бир танишимни учратдим.

”Сиз шаҳарликларга мазза, газ бор, свет бор”. – дейди, – “Бизда туби
билан ҳеч бири йўқ, фақатгина биров ўлса свет беришади. Бўлмаса шу ҳам
йўқ”.
“Унда биров ўлса,”байрам” бўлар эканда”, – дейман танишимга.
“Худони ўзи кечирсин-у, шундай кунни кутиб яшайдиган бўлиб қолдик”- хўрсинади у.

Демак, хулоса қилса бўлади! Ҳукуматга ҳам байрам, халқ бечорага ҳам
байрам эканда шу кун? Одамнинг ҳар бало бўлгани яхши, бундай яшагандан
кўра! Итдан бизнинг
фарқимиз борми ёки йўқ? Итдан фарқимиз шундаки, итни эгаси бор!


 12-февраль, 2012- йил.
Гулшан Қораева
Ўзбекистон Инсон Хуқуқлари Жамиятининг
Қашқадарё вилоят бўлими раиси

 

Sorry, the comment form is closed at this time.