Feb 142012
 

14.02.2012 07:35

Ўзбекистон мисли кўрилмаган табиий офатдан азият чеккан Япониядан грант олаяпти…

Яқинда ўзбек расмий матбуоти томонидан бир хабар тарқатилди. Унга кўра, Япония ҳукумати Ўзбекистондаги ижтимоий лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш учун 489990 АҚШ доллари миқдорида грант ажратибди.

 

Сал кам ярим миллион долларлик бу маблағ Ўзбекистон соғлиқни сақлаш тизимида бешта ижтимоий лойиҳани амалга ошириш учун сарфланар экан. Тошкент Тиббиёт педиатрия институти ($119450), Бухоро вилоят психоневрологик болалар касалхонаси ($88400), Намангандаги 1-сонли шифохона($101900), Фарғонадаги Тошлоқ тумани тиббиёт бирлашмаси ($93240), Сурхондарёдаги Музработ тумани тиббиёт бирлашмаси ($87000) мана шу грантнинг эгалари саналади.

 

 

Жахондаги коррупция ривожланган мамлакатлар қаторида турувчи Ўзбекистон учун қўп йиллар давомида қўплаб молиявий ташкилотлар томонидан грант ва кредитлар бериб бориляпти.

Осиё тараққиёт банки (ОТБ) айниқса Ўзбекистон учун йирик миқдордаги маблағларини аямаяпти. Масалан, 2001 йилнинг сўнгида ОТБ Ўзбекистонга 36 миллион долларлик маблағ берганди. Ўзбекистон хукумати бу пулни олиш учун ОТБга “Ўзбекистон шахарларидаги кам таъминланган оилаларни сув билан таъминлаш” деб номланган лойиха хужжатини топширди. Номи чиққан банк эса, мана шундай эзгу ният учун сўралган маблағни дархол ажратиб берди.

Гулистон, Жиззах ва Қарши шахарларидаги “кам таъминланган ахоли” бу янгиликдан боши осмонга етди, чунки лойихада айнан мана шу шахарларнинг ахолиси кўзда тутилган эди. Мен ўша пайтда Жиззах шахридаги ТВларни бирида ишлардим. Вилоят хокимлигидаги яхши бир танишим орқали, Жиззахга 7 миллион доллар ажратилганини аниқладим. Бу янгилик хақида ўша пайтдаги вилоят хокими Убайдулла Ёмонқулов хам бир йиғилишда айтиб ўтди. Жиззах шахрида сув таъминотидаги муаммолардан безган ахоли ўшанда роса қувонган эди. Бироқ….

2002, 2003 йиллар давомида шахар кўчалари ковланиб, ер остидаги хамма эски қувурлар чиқариб ташланди ва уларнинг ўрнига пластик қувурлар тортилди. Баъзи жойларга эса кавлаб олинган эски қувурларнинг уёғ бу ёғи тозаланиб, яна қайтариб кўмилди.

Ажратилган маблағ аллақачон “Жиззахсувоқава” ташкилотига келиб тушган бўлсада, ишлар юришиб кетмади. Менинг аниқлашимча, лойихада, шахардаги барча сув қувурлари янгиланиши кўзда тутилган бўлсада, бирон жойда янги метал қувурлари сотиб олинмади. Бир жойдан чиқариб олинган эски қувурлар, бошқа жойга қайта ётқизилди.

Бу хақда мен ўша пайтдаги шахар хокимининг қурилиш ва саноат бўйича ўринбосари Кенжа Жўраевга айтганимда у “Бу менинг ихтиёримда эмас, бу масала шахсан вилоят хокими ва бош вазир Шавкат Мирзиёев қўлида” деганди.

Қисқаси, мана орадан 10 йил ўтган бўлсада, Гулистон, Жиззах ва Карши ахолиси халигача ичимлик сувига ёлчигани йўқ. Осиё тараққиёт банкининг маблағи хақида эса хеч ким эсламайди.

Жиззахда 1998 йилда ишга туширилган троллейбус линияси хақида оммавий ахборот воситалари анча шов шув кўтаришди. Бироқ, янги линия учун Европадан сотиб олиниши керак бўлган янги троллейбус вагонлари ўрнига, Андижон шахрида ишлатилган эски вагонлар келтирилди. Янги вагонлар учун қайсидир хорижий банк томонидан ажратилган 30 миллион доллар маблағ эса қаёққадир гумдон бўлди. Кейинчалик, Жиззах троллейбус депоси рахбарларидан бири, ажратилган маблағнинг хаммаси бош вазир Шавкат Мирзиёевнинг буйруғига кўра Тошкентдаги банклардан бирининг хисоб рақамига ўтказиб берилганини айтган эди.

Жиззах вилоятида мустақил журналист сифатида ишлаган кезларим, вилоят соғлиқ сақлаш тизими учун хам хорижий ташкилотлар томонидан йирик миқдордаги грант ва хайрия маблағлари ажратилаётгани хақида хабар топардим.

Масалан, 2001 йилда, вилоятнинг Бахмал тумани худудида барча қулайликларга эга бўлган шифохона қурилиши ва жихозлари учун, (менимча, агар хотирам адаштирмаса яна Осиё тараққиёт банки томонидан ) 50 миллион доллар маблағ ажратилган эди. Бу шифохона 2005 йилга қадар хам чала ярим холда турганди. Хозирги кунда бу шифохонада замонавий жихозлар у ёқда турсин, малакали шифокорнинг ўзи йўқ.

Бугун жахондаги илғор мамлакатлар томонидан Ўзбекистондаги медицина, таълим ва бошқа тизимлар учун берилаётган грантлар, кредитлар, заёмлар диктатор Каримов ва унинг жиноий тўдаси томонидан юзсизларча ўзлаштириляпти.

Улар хаттоки куни кеча, ўтган йили мисли кўрилмаган табиий офатдан чексиз зарар кўрган Япониядан 489 990 доллар грант олишдан хам уялишмади.

Олтин, уран, газ ва бошқа табиий бойликларга эга бўлган Ўзбекистондаги тиббиёт тизими нахотки мана шу арзимаган пулга зор қолган бўлса? Мамлакат тиббиёти гадой каби садақа олаётган бўлсаю, президентнинг эрка қизи, Европа ресторанидаги бир марталик кечки овқати учун 200 минг евро сарфлаётган бўлса….

Ўтган йили ўзининг юз минглаб фуқароларидан ажралиб, мисли йўқ табиий офатга нишон бўлган Япониянинг гранти нақд эканлигини хақидаги хужжатларни имзолаган ўзбек амалдорининг қўллари қалтирамадимикин?

Самурайда бор ор номус, ўзбекда қолмадими?

 

Хар йили минг минг болаларни мактабга яқинлаштирмасдан, деярли текинга далада ишлатаётган Ўзбекистон хукумати 1995 йилдан токи хозиргача Япония хукуматидан “Мактаблариизни копютерлаштирамиз, интернетга улаймиз, ўқув базасини такомиллаштирамиз” дея, жами 299 та ижтимоий лойиҳа учун (!) 18 миллион АҚШ долларини қуртдек санаб олибди.

Айни пайтда эса миллионлар ўзбеклар ижтимоий тенгсизлик ва етишмовчилик туфайли азоб чекишяпти. Улар ёзнинг қайноқ кунларида ичимлик сувисиз, қишнинг қахратонида эса газсиз ва электрсиз хаёт кечиришаяпти. Уларнинг Япония, Германия, АКШ ва Канада ажратаётган грантлар ва кредитлардан умуман хабарлари йўқ.

Хориждан олинган барча маблағлар эса диктатор Каримов ва унинг жиноий тўдасини янада қутиртиряпти…..

Улуғбек Хайдаров, Ванкувер, (Канада)

 www.yangifikr.com

 

http://www.yangifikr.com/news/index.php?option=com_content&view=article&id=413:2012-02-14-07-47-30&catid=1:latest-news

Sorry, the comment form is closed at this time.