Jan 252012
 

Мухолифатдаги Эрк партияси фаоли Муҳаммад Бекжон 12 йиллик жазо муддати тугашига бир ой қолганида¸ қамоқхона ички қоидасини бузганликда айбланиб¸ яна 5 йиллик жазога ҳукм этилди.

Муҳаммад Бекжон.
Матн катталиги

25.01.2012

Қашқадарё вилоятининг Косон туманидаги қамоқхонада бўлиб ўтган маҳкама Муҳаммад Бекжонни қамоқхона ички тартибини бузишда айблаб, жазо муддатини беш йилга узайтириш ҳақида ҳукм чиқарган.

Бу ҳақда ўзбекистонлик мухолифат фаоли Дилором Исҳоқова маҳбус адвокатига таяниб маълум қилди.

– Прокурор 4 ярим йил қўшиб берилишини сўраган эди. Суд унга беш йил тайинлади. Шуни ўзи бу ҳукм маҳкумни қамоқдан чиқармаслик учун, тепадан берилган буюртма асосида чиқарилганини кўрсатади, мени назаримда,  дейди Дилором Исҳоқова.

Айтилишича¸ Муҳаммад Бекжонга қарши уч маҳбус кўрсатма берган. Улар Муҳаммад Бекжонни ҳақоратли сўзлар айтиб, уриб-сўкканликда айблашган.

Дилором Исҳоқовага кўра, маҳкама жараёнида Муҳаммад Бекжон ўзига қўйилган айбларни қатъиян рад этган.

– “Шунча йил биронта ички тартибни бузмасдан келиб мен чиқишимга бир ой қолганда қандай қилиб бирданига шунча тартиббузарликка йўл қўйишим мумкин, бу мантиққа тўғри келмайдику” деб айтган, – дейди Исҳоқова.

58 яшар Муҳаммад Бекжон 1999 йил 16 феврал кунги Тошкент портлашларига алоқадорликда айбланган.

Маҳкама жараёнида у ўзига қўйилган айбларни рад этган ва қийноққа солинганини айтган.

Муҳаммад Бекжон мухолифат етакчиси Муҳаммад Солиҳнинг укасидир. Унинг жазо муддати келаси ой тугаб, озодликка чиқарилиши керак эди.

Маҳбуснинг АҚШда яшайдиган рафиқаси Нина Бекжон ўтган йил декабр ойида эри қамоқхонадан чиқарилиши ҳақидаги гапларни эшитиб Ўзбекистонга борган эди.

– Уни қамоқдан чиқаришларига тўла ишончда эдим. Ака-укалари ҳам бунга умид қилишаётган эди. Қамоқхона нозирлари уни укаси Жуманазарга чиқарамиз, эртага келинг¸ деб айтишган. Эртага борса¸ у одамлар йўқ. Кейин унга шу айбловлар қўйилгани ҳақда хабар топдик,  дейди Нина Бекжон.

Ҳозир Муҳаммад Бекжоннинг учта қизи АҚШ фуқаролигини олган. Рафиқаси Нина Бекжон эри Муҳаммад Солиҳнинг сиёсий фаолияти деб, қамоқда азоб чекаётганига ишонади.

– Мен эримнинг катта акаси Муҳаммад Солиҳ ўз мавқеини ўзгартиришини хоҳлар эдим. Сабаби¸ уни фаолияти мутлақо фойдасиз. Фақат зарар келтиради. Мен ўз ҳаётий тажрибамдан келиб чиқиб шу фикрга келдим,  дейди Нина Бекжон.

Ўзбекистондаги тажрибага кўра, қамоққа ташланган сиёсий маҳбусларнинг жазо муддатлари турли важлар билан узайтириб келинади.

Айни пайтда¸ Муҳаммад Солиҳнинг яна бир укаси Рашид Бекжон шу йилнинг март ойида қамоқхона тартибини бузганлиги важидан Навоий шаҳридаги қамоқхона карцерига ташланганидан кўп ўтмай¸ кутилмаганда озодликка чиқарилган эди.

52 ёшли Рашид Бекжоннинг 12 йиллик жазони ўтаб бўлганидан сўнг озодликка чиқарилиши Ғарб билан мулоқотни қайтадан бошлашга уринаётган Ўзбекистон ҳукуматига халқаро босимларнинг натижаси ўлароқ кўрилган.

Айни пайтда Ўзбекистон ҳукумати Эрк партиясининг қамоқдаги бошқа фаолларига нисбатан ҳам амнистия қўллашдан бош тортиб келади.

Тошкент портлашларига алоқадорликда айбланган таниқли ëзувчи Мамадали Маҳмудов жазо муддати тугагани ва соғлиги ёмонлигига қарамай, ҳануз қамоқда қолмоқда.

http://www.ozodlik.org/content/article/24463010.html

Sorry, the comment form is closed at this time.