Jan 262012
 

Payshanba, 26 – Yanvar 2012 12:25

Written by Sahif Kotib

E-mail Print PDF

Келаси ҳафтанинг душанба куни, Ўзбекистоннинг Франция пойтахти Париждаги элчихонаси қаршисида, бирданига бир нечта таниқли инсон ҳуқуқлари ҳимояси билан шуғулланувчи ташкилотлар аъзолари иштирокида йирик норозилик йиғини ўтказилиши мўлжалланмоқда. Айни эътироз тадбири, Ўзбекистоннинг амалдаги президенти Ислом Каримовнинг туғилган куни муносабати билан уюштирилиб, унда мамлакат қамоқхоналарида қолаётган ўнлаб сиёсий ва минглаб диний маҳбусларга озодлик чақириғи янграйди, Париж осмонига сиёсий маҳбуслар исмлари битилган шарлар учирилади, ҳар бир эътироз иштирокчиси қўлида эса сиёсий маҳбуслар сурати чизилган плакатлар бўлади.

Тадбир ташкилотчиси ва асосий ташаббускори ҳисобланмиш “Ўтюраклар” Клуби инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш халқаро жамияти раҳбари Мўътабар Тожибоеванинг айтишича, эътироз йиғини ўтказилишидан бир неча кун аввал париж полициясидан тегишли рухсат олинган ва демак тадбир ҳеч бир тўсқинликсиз бўлиб ўтади. “Биз шахсий имкониятимизни ишга солиб сиёсий маҳбуслар портретларини ишлатдик, айни портретлар эътироз иштирокчилари қўлида бўлади, бундан ташқари иккита видео фильм ҳам ҳозирлаб қўйдик, у ҳам мамлакатдаги вазият ҳақида ҳикоя қилади, шу ишларнинг барчасини режалаб, деярли тайёрлашга киришган пайтимиз, турли ташкилотларга тадбирда иштирок этиш таклифини тарқатдик ва ижобий жавоб олдик”, дейди М.Тожибоева.

Эътироз йиғинида, маълумотларга кўра, ACAT-France (Қийноқларни тўхтатишга қаратилган Насронийлар ҳаракати), Amnesty International France, FIDH (Инсон ҳуқуқлари учун халқаро федерацияси), LDH (Инсон ҳуқуқлари лигаси), “Марказий Осиёда инсон ҳуқуқлари” Ассоциацияси фаоллари иштирок этиши кутилмоқда. Ўзи иштироки қатъий эканини тасдиқлаган ACAT-France ташкилоти ўзининг электрон нашрида бу ҳақда расмий маълумот ҳам эълон қилган. Тадбирда иштирок этиши кутилаётган яна бир ташкилот, Мўътабар Тожибоеванинг айтишича, айниқса эътиборга лойиқдир, бу “Ўтюраклар” Клуби қошида ташкил этилган “Ўтюраклар” Талабалар ҳаракати.

“Бу ҳаракат, очиғини айтиш керак Париждаги университетлардан бирида ўқиётган ёшлар ташаббуси билан дунёга келди. Улар дунёнинг турли бурчакларида истиқомат қилувчи ўз тенгдошлари, дунё университетларидаги талабаларни ўз сафига бирлаштирди, тўғри ҳозирча уларнинг орасида ўзбек ёшлари йўқ, лекин бу ҳали бошланиши деб умид қиламан. Талаба ёшларнинг ташаббуси ва айниқса ҳаракатнинг асосий ташаббусчиси ва эндиликда унинг етакчиси Аурор Жьери (Aurore Giry) таклифи бизга маъқул келди, қолаверса “Ўтюраклар” Клуби низомида унинг қошида ана шундай ҳаракат ва ёки уюшмаларни ташкил этиш назарда тутилган. 30 январь куни ана шу ҳаракат аъзолари ҳам биз билан бирга эътироз йиғинида иштирок этади”, деди М.Тожибоева.

“Ўтюраклар” Клуби раҳбари портрети чизилган ва 30 январь кунги эътироз йиғини пайтида тилга олинадиган сиёсий маҳбуслар орасида Мамадали Маҳмудов, Мурод Жўраев, Муҳаммад Бекжон, Солижон Абдураҳмонов, Ҳабибулло Оқпўлатов, Руҳиддин Фаҳруддинов, Аъзам Фармонов, Исроилжон Ҳолдаров, Абдурасул Худойназаров, Насим Исоқов, Ғайбулло Жалилов, Алишер Караматов, Ғанихон Маматхонов, Зафаржон Раҳимов, Йўлдош Расулов, Дилмурод Саййид (Сайдов) ва Аъзам Турғунов бор.

www.Jarayon.com

 

http://www.jarayon.com/index.php?option=com_content&view=article&id=1620:30-&catid=54:habarlar&Itemid=70

Sorry, the comment form is closed at this time.