Nov 172011
 

  15 ноябрь куни эрталабки соат тахминан 9.30 ларда мен яшайдиган манзилга Қарши шаҳар  газ таъминоти  идораси бошлиғи ва бир неча ходимлар ташриф буюришди. Гап нима эканлиги менга аён бўлди. Бу ташриф менинг Президент И.А.Каримов номига ёзган очиқ хатим натижаси эди.

Газингизни кўрсак бўладими?”- савол беришди улар.

Йўқ газнинг нимасини кўрасизлар?”, – таажубимни яширмайман мен ҳам.

Бир кўрайликчи”, – дейишди-ю, ошхона томон ўтиб кетишди.  Газни ёқдим. ”Лов”- этдию, ўчди. Улар ҳам бир неча бор ёқиб кўришди. Газ йўқ! Шундан сўнг газ харжини ҳисоблаш учун ўрнатилган счетчикни олишди. Яна ёқиб кўришди. Пилдириган газ ўчди. Нега газ счётчикдан ўтмаслигини сўрадим.

Газда босими йўқ, бу счётчикдан  босим  баланд бўлса ўтади”— тушинтириш берди қаршигаз идорасининг ходими. Ўта бошлаган газга  овқатни дамлаб қўйилса, куннинг узоғи билан пишади албатта.  Нима бўлганда хам,  мен яшайдиган уйда газ учқунлари пайдо бўлди. Бироқ бу босимдаги газ билан хoналарни иситиб бўлмайди. Уйни иситиш учун эса унинг хеч қандай таъсири йўқ. Мен хам индамай қараб туравердим, аммо  бир нарсани тушиниб турардим. Газ босимини менга келаётган трубалар орқали кўтариб бўлмасди.

Қаршигаз”  ходимлари ҳовлида пайтида Нодир Ахатов кириб келди. Нима бўлаётганини айтдим. Қаршигаз чилангарлари (сантехниклари) газ плитамни айрим жойларини ёғлаб, тузатиб беришди. Бунинг  учун улардан миннатдорман албатта.  Шундан сўнг счетчик ўрнига қандайдир бир трубани улаб улар чиқиб кетишди. Келаётган газни ахволини кўзлари билан кўрган газ ходимлари хонадонни тарк этишди. Орадан анчагина вақт ўтиб эшигимиз олдида  Камаз русумли самосвал ва бир Тико русумлик енгил  машина келиб тўхтади.  Машина ичкарисидан бир аёл киши тушиб келди. Унинг ортидан эса Қаршигаз идорасининг бошлиғи ҳам келди.

Менга кўмир олиб келишибди. Бу кўмирни анча пайтгача олиш олмаслигим тўғрисида гап бўлди. Каерда ва қандай қилиб ёқаман деган ўй келди хаёлимга. Ярим машина кўмирни туширишди. Ҳаммаси учун ҳовлимизда жой ҳам йўқ эди аслида.  Қўшилиб келган аёл эса Қарши шаҳар хокимилигининг хотин-қизлар  бўлимдан экан.

Бу Қарши шаҳар ҳокими Ш.Турсуновнинг махсус совғаси”, тушунтирган бўлди у.  Кўчамизга эса қўшнилар чиқишганди. Ҳамма ҳайрон. Нима содир бўлаётганлигини тушинишмасди.  Улар Қарши шаҳар газ идорасининг бошлиғини ўртага олишди.

Бизга газ беринглар!  Гулшанга кўмир олиб келдинглар! Бизчи?”- дейишарди улар. Ҳокимлик вакиласи ва газ идораси бошлиғи ваьдани беришди ва кўмирни ташлаб кетишди.  Кўчада тўкилган кўмирни қопларга жойлаб кеч  соат 19 гача ҳовли ичкарисига ташидик ва жойладик. Ҳокимият кўмир келтириб берди, аммо уни ёқиш учун чўян печка йуқ энди. Менда бор печкада эса кўмир ёқиш хавфлик экан. 

Хуллас, ҳукуматга билдирган норозилигим ва мени отиб ташлашларини сўраганим зое кетмади.  Улар мени отиб ташлашини истамаганликлари шундоқ кўриниб турарди.  Менинг ва болаларимнинг соғлиғини сақлашга имконлари даражасида ҳаракат қилишди, қандайдир кичик имконни яратиб беришди ҳам. Ҳозир мени холимга маймунлар йиғлайди. Қўшниларим хар сафар кўчага чиққанимда мен уларни ўйламаганим, фақат ўзимни ўйлаганим билан дашном беришмоқда.

 

Ҳозирги кунда овқат пиширишга етадиган газим бор ва шунисига ҳам шукур қилдим. Насиб этса чўян печка ҳам оларман ва бу совуқлардан  ўлмай чиқадиганга ўхшайман ҳам.  Махаллий хокимиятга ҳам рахмат, айниқса мени қароримдан қайтишим учун имкон яратганига.

 

17-ноябрь, 2011- йил.

Гулшан Қораева

Ўзбекистон Инсон Хуқуқлари Жамиятининг
Қашқадарё вилоят бўлими раиси

 

Sorry, the comment form is closed at this time.