Nov 162011
 

   Ушбу мақола Замондош радиосининг бугунги (15.11.11) Оқшом дастурида тингловчилар эътиборига ҳавола этилди. Зеро, бу галги радио дастуримиз ҳам одатдагидек, Ўзбекистонда демократик тузум ўрнатилиши ва халқимиз, миллатимизнинг бир қатор оғриқли нуқталари, улкан муаммоларига бағишланган тарзда эфирга узатилди.

Фаол тингловчиларимиз таклифларига биноан, мазкур мақолани қайта нашр қилябмиз. Улуғбек Бакировнинг мазкур мақоласи, Ўзбекистон Мустақиллигининг 20 йиллигига бағишланиб, 01.09.11 да Туронзамин ва Замондошда эълон қилинган.
Замондош таҳририяти
Бугун 1 сентябрь!

Ўзбекистон расмий қонунларига кўра, 1991 йил 1 сентябрь Ўзбекистон Республикаси Мустақиллик кунидир.

Бу сана умумхалқ байрами куни сифатида қонунларда белгиланган. Демак, расмий жиҳатдан, бугун Ўзбекистон Мустақил давлат бўлганлига 20 йил тўлди. Аммо, бу йил Ўзбекистон мустақилликка эришганлигига 20 йил эмас, 21 йил тўлди, дейди, мухолифат намоёндалари. Зотан, ўша даврдаги Ўзбекистон Олий Кенгаши депутатлари томонидан 1990 йил 20 июнда Ўзбекистон Мустақиллиги Декларацияси эълон қилинган. Лекин, бу сана Ислом Каримов томонидан тан олинмаган. Мухолифат фаолларига кўра, И.Каримов ўша пайтларда мустақилликка тамоман қарши бўлган.

Расмий жиҳатдан Ўзбекистон мустақиллигининг 20 йиллиги бугун байрам сифатида нишонлаётган экан, аслида, бу сана ҳақиқатдан ҳам умумхалқ байрами сифатида кенг нишонланмоқдами? Афсуски, ўтган 20 йил мобайнида, бу кун,  умумхалқ байрамига айланмади. Зеро, бу кун фақат Ўзбекистон расмийлари, жумладан, президент И.Каримов ва унинг атрофидаги амалдорлари ҳамда вилоят ва туманлар ҳокимлари каби бир қатор тўралар учунгина катта шодиёа, байрам сифатида нишонланиб келинмоқда, холос.
Ўзбекистон оддий халқи бу кунни нима учун байрам сифатида нишонламайди? Қандоқ ҳам нишонласин?! Ахир, биргина пойтахт Тошкентда мустақиллик байрамидан бир ой аввал ўзига ҳос “тозаланишлар” бошланса. Оддий қора халқдан тозаланади, Ўзбекистон пойтахти – Тошкент. Аниқроғи, бир бурда нон топиб, ночор оиласини боқиш илинжида вилоятлардан Тошкентга келиб, мардикорлик қилаётган бечора одамларни шу кунлари пойтахтдан қувиб, уларнинг келган масканларига бадарға қилаётган бўлсалар. Халқнинг катта қисми эса, бугун мардикор. Хўш, бу одамлар учун бу кун қандоқ ҳам байрам бўлсин?! Тошкентнинг марказида, дабдабали саҳналарда, ўзбекнинг тўйларидан киссалари қоппайган “мана мен” деган созандаю хонандалари ялла, лапар куйлаб, юртбошини кўкка кўтариб, маддоҳлик қилиб турган бир паллада, аҳолисининг катта қисми қишлоқларда яшайдиган қашшоқ одамларнинг қулоғига ялла кирадими?
Ёҳуд далаларда йиртиқ шиппак кийиб, усти юпун ҳолда, қотган нон еб, жажжи қўлларида қўғирчоқ ўйнаш ўрнига, пахта тераётган норасида гўдакларимизнинг, азиз болажонларимизнинг кўнглига, хўўўв ўша олис Тошкентда, муҳташам минбардан туриб, “барчангизни азиз ва муқаддас байрамимиз билан қутлаб, ўз бағримга босаман! Ҳар бирингиз менинг фарзандларимсиз”, -дейдиган, йўлбошчисининг табриги сиғадими?
Ўша муҳташам саҳнада фақат казо-казо амалдорлар, халқнинг қонини зуликдай сўраётган лаганбардорлар ўтириб, ҳар муқомга йўрғалаб, рақс тушаётган бир вақтда, оддий одамлар бу саҳнага кириши  у ёқда турсин, ҳаттоки, кўчаларда эркин юришга қўймай, бу саҳнадан ярим чақирим нарида эса, оддий халқни қўлларида таёқ ва қуроллар билан миршаблар хайдаб, ҳоли жонига қўймаётган бўлсалар, бу масхарабозликни қандай қилиб, умумхалқ байрами, дея эътироф этиб, нишонлаб бўлади?
Бу аччиқ ҳақиқатни кўра била туриб, мен айтмасам, Сиз айтмасангиз, у айтмаса, ким айтади, ахир.
Ўзбекистон ичкарисида яшаб, айрим сабаблар ёки турли ёлғон сафсаталар билан Ҳалқаро ташкилотларни алдаб, хорижга чиқиб, Европаю Амриқо ва Канада каби бир қатор осуда ва фаровон мамлакатларда ўз жонини ўйлаб, кундалик шахсий ташвишлари билан овора юриб, роҳат қилиб яшаётган айрим юртдошларимиз ўз имкони даражасида зулмга қарши курашиб, ҳеч йўқ, адолатга тик боқиб сўзламасалар, ўзбекнинг болалари пахта даласидан бери келадими? Ёки қайта-қайта такрор айтаётганимиз, оталаримиз, навқирон йигитларимиз бир ёқда қолиб, гулдай, гўзал лобар аёл-қизларимиз, муштипар Онажонларимиз мардикорлик ва қулликлардан осон қутиладиларми? Ёҳуд ўрис диёрларида янги фашистлар томонидан ҳорлигу зорликда ҳўрналиб, ғайриинсоний тарзда ўлдирилиб, жасадлари тобутларда Ватанга келаётган юртдошларимизнинг мушкуллари осон бўладими?
Ўзимиз учун динимиз Ислом ибодатларини бажариб, – иймоним бут, мен мўъмин, мусулмонман, -дея, мусулмончиликдан ваъз айтамизу, лекин, Пайғамбаримиз Алайҳиссаломнинг: -“Эй мўминлар! Жиҳод(кураш)лар ичида энг афзали, зулмга қарши курашмоғингиздир. Имконингиз бўлса, қўлларингиз билан, бунга қодир бўлмасаларингиз сўзларингиз билан, агарда бунга ҳам қодир бўлмасаларингиз дилларингизда курашинглар! Лекин, энг сўнггиси иймоннинг заифлигидандир!”,- дейилган машҳур ҳадисларига амал қилмаймиз.
(Изоҳ: Мазкур ҳадиснинг маъноси айнан шундай эканлиги ёдимда. Лекин, ҳадисни келтирганимда айрим сўзлар қўлланишида хатолар бўлса, узр! Сўзма-сўз келтира олмасамда, маъносини аниқ биламан.-У.Б.)
Қочонки, биз-ўзбеклар бир ёқадан бош чиқариб, сўзимиз сўзимизга тўғри келмас экан, токи бизлар бир миллат сифатида бирлашиб, зулмга қарши курашмас эканмиз, аҳволимиз бундан-да ёмон, бундан-да ғариб бўлаверади. Зулмнинг эса, умри узаяверади. “Жаслиқ”лардан жасадлар, хорижлардан хорланган ўликлар келаверади, Оналаримиз фарзанд доғида, фарзандларимиз эса, Ватан доғида ўз ёғига ўзлари қовурилаверадилар.
Афсуски, ҳар жиҳатдан камситилган, ҳар томондан кўнгли ярим ўзбегимнинг бу байрамдан ҳам диллари кемтик. Буғдой тўла хирмон етиштириб нонга зормиз! Ботмон-ботмон оқ олтин етиштириб, пахта териб, енгимиз учун тузукроқ кийимга муҳтожмиз! Олтин қазиб, газ сотиб ўзимиз таппи ёқиб, газга зормиз! Бойлигимиз бор бўлса ҳам қорнимиз нонга, топганимиз рўзғорга етмайди! Пода-пода қўй-мол боқиб, қозонимизда гўшт-у мой йўқ! Ўзбекистон бой мамлакат деймиз-у, бироқ, аҳолининг асосий қисми қашшоқ, ишга яроқли қатлами ишсиз, ўзга юртларда мардикор ва қуллликка юз тутган. Энг даҳшатлиси ва ачинарлиси, ўзимизнинг қонимизни ичаётган, бегуноҳ ака-ука, опа-сингилларимизни ноҳақдан, туҳмату бўҳтонлар билан зиндонларга ташлаб, қийноқларда чиритаётган тўралар, яъни, миршабларнинг “катталар”ини, қонун посбонлари эмас, балки, чўнтаккесар қароқчи, порахўр ва каззоб прокурорлар, судьяларни, турли маҳсус хизмат “катталар”ини пешона теримиз билан йиллар мобайнида топиб, териб элга ош берадиган тўйларимизга таклиф қиламиз, улар келсалар, давраларнинг энг тўрларини уларга бўшатиб берамиз, таомларнинг энг тотлисини аввал уларга, улардан ортсагина, ўзимиз каби фақирларга берамиз.
Издиҳом қилсак ҳам, эҳсон қилсак ҳам, ҳаттоки, ифторлик берсак ҳам шу қонҳўрларга тавозъе ва мутеликдан бери келмаймиз, уларга бош эгиб тураверамиз. Ёши кекса, кўпни кўрган оқсақолларимиз ҳам, ҳаттоки ўғли тенгли бу лаганбардорларга “Фалончи ака” дея, мурожаат қилиб, қўлларини кўксига қўйиб, ер чизиб туришларига минг куясизми, бир куясизми?
Ёки ҳар кишига ақл ўргатиб, динимиздан соатлар маъруза ўқиб, масжидларга уя қуриб олган, салласи-ю, чакмонлари пахтадек оппоқ, лекин, бечора қора халқни заррача ўйламайдиган, куну тун режимбоши ва унинг бир тўда малайларига дуо қилишдан толмайдиган,  ўзлари бир ёқда қолиб, масжидларга ибодатга келадиган оддий мусулмонларни ҳам бу дуоларига шерик қилиб, уларни ҳам дуоларга қўл очишини сўраб ваъз ўқийдиган қўғирчоқ, офицер-имомлар ва чекист-муллаларимизнинг қилаётган маддоҳлига нима деб, қандай изоҳлаш мумкин?!
Халқимизнинг ойдинлари ҳисобланмиш, амалпараст шоиру ёзувчиларимиз, шуҳратпараст санъаткорларимизнинг маддоҳлигину-ю гапирмасак ҳам бўлади. Хуллас, барча фронт диктатурага ва яна диктатурага хизмат қилмоқда. Камтар, камсуқум, меҳнаткаш, ювош ва танти ҳамда шу билан бирга буюк бўлган Ўзбек халқи билан эса, ҳеч кимнинг иши ҳам йўқ. Иши борларининг эса, ўзларининг ҳам иши кўп…
Эҳ бечора, шўр пешона ЎЗБЕГИМ! Шунчалар ҳам пешонанг шўрми???
Устига устак, ота-боболаримиз асрлар оша курашиб, орзу қилган Мустақиллик кунимизни ҳам юракларимиз жўшиб, ҳақиқий умумхалқ байрами сифатида нишонлай олмаймиз. Бу жиҳатдан ҳам аросатдамиз, ҳар бир ишимиз каби аросатдамиз. Бошқа халқлар ўз мустақиллик ва миллий кунларида кўчаларни тўлдириб, қўлларида давлати байроқларини хилпиратиб, шодиёна тарзда ўз байрамларини нишонласалар-да, бизларнинг эса, бу томондан ҳам кўнглимиз ўксик. Яйрамайдиган банда, ҳеч яйрамас, деб шунга айтсалар керакда!
Лекин, отдан тушсак ҳам эгардан тушмаймиз ҳеч. Соҳибқирон Темур биздан деймизу, ўзимиз қуён юрак қўрқоқмиз! Имом Бухорий, ат-Термизийнинг авлодимиз деб, қўлларимизни кўксимизга урамизу, диний чаласаводмиз! Ҳазрат Навоий, Бобур Мирзо, Берунийю Улуғбек, Ибн Сино  Фаробийлар ота-боболаримиз дея, аюханнос соламизу, ўсиб келаётган авлодларимизнинг чала саводлига парво ҳам қилмаймиз! Беҳбудий, Фитрату Чўлпонларимиз Озодлигимиз қаҳрамонлари деб, дунёга жар собиб, фахрналамиз, аммо, ўзимиз Озодлигимизни қўлдан бериб, -“Ҳа-а, менга нима, оч қорним тинч қулоғим, сиёсат ёмон, унга аралашмайман, кейин Ватанга бориб-келишим қийинлашади”, -деб, пана ва бурчакларда пусиб, томошабин бўлиб ётаверамиз. -Халқимни қулликдан қутқазай, зулмдан озод этай, ўзбеклар ҳам бошқа халқлар каби ҳур яшасин, мен ҳам бир иш қилай, деб, ҳаракат қилмоқчи бўлиб сиёсий курашга отланаётган қондошларимизни осонгина бир гап билан оёғидан чалишга жуда-жуда устамиз, ғийбат-у, туҳмат, бўҳтонларни эса, ботмонлаб тўкишда бизларга ҳеч ким бас келолмайди. -Ёзаман, гапираман, десак, гап кўп…
Пойтахт Тошкентда кеча ва бугун Мустақиллик байрами казо-казо амалдорлар, санъаткорларимиз томонидан нишонланаётган бир пайтда, Ўзбекнинг портрети мана шундай чизилган бугун! Афсуски, бу бизнинг портретимиз! Афсуски, аччиқ ҳақиқатимиз шундай!!!
Бу аччиқ ҳақиқатларни кўра била туриб, мен айтмасам, Сиз айтмасангиз, у айтмаса, ким айтади, ахир.
Ҳар қандай давлат ва жамиятнинг таян кучи бўлмиш, жумладан, Ўзбекистон Ёшларини, айнан, Йигитларимизни Оналаримиз ва Фарзандларимизни, улуғ Халқимизни қулликдан, зулмдан, мардикорлик ва хўрликлардан қутқазиб, ўз Ватанимизга фақат Ўзимиз эгалик қилишликка чақираман, шунга даъват этаман!
Дўстларим, азиз Ака-Укаларим, келинг, қўлни қўлга берайлик! Катталаримиз қилган хатоларидан муносиб хулоса қилиб, уларнинг хатоларини такрорламасдан, ЯНГИ ОЗОД ЎЗБЕКИСТОН қурайлик!
Токайгача ўзга юртларда, бошқа тил, ўзга маданиятлар ичида қолоқ бўлиб, орқада юраверамиз!
Ёшлар БИРЛАШАЙЛИК!!!
Улуғбек Бакиров

1 сентябрь, 2011 й,
Норвегия.
ubakirov@gmail.com

http://zamondosh.blogspot.com/2011/11/blog-post_4851.html#more

Sorry, the comment form is closed at this time.