Nov 162011
 

Пахта – стратегик хом-ашёдир. Ўлкамиз иқтисодининг умуртқасини ташкил этади. Пахтадан тушаётган даромад балки бюджетнинг ярмига тенгдир. Халқ фаровонлиги ва мамлакат равнақи учун мўлжалланган, фақат бунга муқобил миқдори халқдан махфий тутилаётган бу маблағ бугун қаерга сарфланаяпти?
Бюджет бугун халққа эмас, балки Андижонда уни қириб ташлаган куч ишлатар тизимларга, номенклатура ва, албатта, Каримовнинг оиласи ва шахсий хавфсизлигини таъминлаётган президент гвардиясини боқишга сарфланаяпти.
Халқимизнинг аҳволи эса ҳаммага аён: миллионлаб ҳамюртимиз бугун нон топиш илинжида Россия даштларига иш излаб чиқиб кетган. Юртда қолганлар эса ишсиз, ишлагани ҳам ойлаб маошини ололмаяпти…
Йиллардан бери ана шу халқнинг боласига, таъбир жоиз бўлса, шундай деб келинаяпти: ЧИҚИБ ПАХТА ТЕР! Бу пахта пули билан қамоқда ётган отанг, тоғанг, амакинг, акангни қийнаётган турма ходимларига маош берамиз. Президентимизни қўриймиз, СНБнинг, милициянинг ойлигини тўлаймиз.
Фақат пахта далаларида беминнат қуллик қилиб келаётган болалар ўзларини далага ҳайдаётган “катта”ларига шу саволни бериша олмаётир: “Ҳой аблаҳ, қани, айт-чи, шунча пул қаёққа кетаяпти? Нега ҳали ҳам биз ўзбеклар газ ўрнига тезак ёқамиз? Мамлакатимизнинг олтинлари қани? Россия ҳаво қўналғаларида ушланган олтин юкли ўзбек самолётларига нима бўлди? Олтиннинг ҳар турлиси – софи, “қора”си, “оқи”, “мовий”сидан тушаётган даромадлар яна қаерларга сарф қилинаяпти? Агар бу бойликлар ўз ўрнида ишлатилса эди, балки биз норасидалар экспуатация килинмаган булармидик?” Демаяпти. Деёлмаяпти.
Халқимизнинг бу (ёш) қатлами ғўза қаторлари орасидан, пайкаллардан бошини кўтариб, масалан яна шундай саволни ўртага ташлай олмаяпти: “Саддам осилганда, нега ироқлилар байрам қилди?! Қаддафийни нега ўз халқи дўппослаб ўлдирди?! Реанимация коридорларида қафасманд тутилаётган Ҳусни Муборакка чиқажак ҳукмни нега муштоқ бўлиб кутаяпти мисрлилар?! Улар содир этган жиноятларни била туриб, нега шундай зулм қилишга давом этаяпсизлар? Эртага шу салафларингиз қисматини бошларингга солмаймиз, деб ўйлайсизларми?” Демаяпти. Деёлмаяпти.
“Фурсат бор экан ўзингга кел, зулмни тўхтат, тавба қил! Халқни қамоққа тиқиб, боласини далага ҳайдаб, қонини ичиб сиёсат юритма, ҳеч бўлмаса истифони бериб қутил!” Демаяпти. Деёлмаяпти.
Бу саволни наин-ки болалар, балки катталар – уларнинг ота-оналари, бобо-момолари ҳам, табиий ўлароқ, айтиша олмаяпти…
Бугун режимнинг жонига оро кираётган моддий манба фақат пахтагина эмас, балки бошқа омиллар ҳам бор. Масалан, хориждан камбағалистонга оқиб келаётган меҳнат муҳожирларининг даромадлари ҳам катта омилдир. Бугун бу пуллар нафақат халқимизни, балки қайсидир маънода Каримов режимини – зулмни ҳам боқаяпти. Чунки бюджетдан халққа ажратилиши керак бўлган шунга тенг маблағни бугун ўзбек Қассоби ё чўнтагига индираяпти, ёхуд жаллодларига бемалол сарфлаб ётибди…
Яна-да муҳими: ўлкамиз ички резервлари “маълум” мақсадларга сарфланиб, қолгани (кимларнингдир номига) чет эл банкларига ётқизилаётган шу кунларда, миллионлаб доллар миқдордаги “гaстрбайтер” ёрдами бўлмаса, балки халқ оч қолиб қўзғолон кўтарган, Ўзбекистонда кутилаётган муҳтамал сиёсий бўҳрон олдинроқ бошланган бўлармиди?..Унутмайлик-ки, бу моддий чарх айланиб, дўнгана дўнгани қадар зулм давом этаверади.
Демак, биз режимдан қутулишнинг илк фазаси бўлган ижтимоий тангликни келтириб чиқаришимиз керак. Бунинг учун энг аввало ҳар қандай моддий дастакка барҳам беришимиз: ҳаммамиз ёппасига пахта термаслигимиз, завод-фабрикаларда, муассасаларда ишни тўхтатишимиз, хуллас – миллий итоатсизлик бошлашимиз керак Ўзбекистонда. Бугун зулмга қарши бош кўтариб майдонларга, кўчаларга чиқа олмаётган эканмиз, ҳеч бўлмаса ёппасига иш ташлашлар қилишимиз керак (Туркманистонда бўлётгани каби).
Балки ана шунда, биз нафақат болалар меҳнатини, балки зулмни боқиб тўйдириб келаётган ҳар қандай моддиётни ҳам кесган бўламиз. Зеро зулмнинг кислороди кесилсин. Ўлсин!
Пирмуҳаммад Холмуҳаммад
ЎХҲ фаоли (Канада)

http://uzxalqharakati.com/archives/3877

Sorry, the comment form is closed at this time.