Sep 022011
 

Ўзбекистон

Ўзбекистон жанубида пахта терими бошланди

02.09.2011
Садриддин Ашур

Озодлик манбаларига кўра¸ расмийлар пахта теримига оммавий сафарбарликнинг 5 сентябрдан бошланишини билдирган.

Сурхондарё вилоятининг Денов туманида пахта терими 29 августдан бошланган эди, дейди деновлик коллеж талабаси Абдулла.

Унга кўра, одамларнинг ўзлари, кўпроқ мактаб ўқувчилари пахта теримига “қизиқиш” билдирган. Абдулла бу ҳолат болаларнинг озроқ бўлса ҳам пул топиш ва мактабга кийим-кечак ва ўқув қуроллари сотиб олиш харажатларининг бир қисмини қоплаш эҳтиëжи билан боғлиқ эканини айтади:

– Баъзи бир жойларда пахта бошланди. 29 августдан бошланган эди. Мактаб ўқувчиларининг деярли ҳаммаси чиқиб кетган уже. Сабаби¸ мактабга кийим, китоб, дафтар олиш учун, ўзлари пул ишлаш учун чиққан. Ўзлари чиққан. Мактаб, коллежлар 5 сентябрдан мажбур чиқар экан. Энди эълон қилинди. Айтилган ўқитувчиларга, шифокорларга. Туманларга ëрдамга кетаркан пахтага, дейди Абдулла.

Жарқўрғон туманида истиқомат қилувчи Ўрол аканинг айтишича, 3 сентябрдан бошлаб туманда пахтага оммавий сафарбарлик бошланади:

– Эртадан бошлаб пахта ҳамма ерда. Бугун туманда мажлис бўлаяпти. Шу тўғрисида мажлис бўлаяпти. Маҳалла комитетлари, мен ўзим ҳам ишлайманда шу ерда, уйма уй кириб юрибди. Имконияти бор киши пахтага чиқсин¸ деяпти. Эртадан бошлаб ҳаммага пахта. 5 сентябрдан мактаблар ҳам чиқса керак. 5 сентябрдан кейин мактаб, коллежлар чиқади деяпти. Ҳозирча қишлоқдаги одамлар, имконияти бор кишиларни жалб қилаяпти, дейди Ўрол ака.

Исмини ошкор этмаган сурхонларёлик ўқитувчининг айтишича, Сурхондарë вилоят ҳокими 5 сентябрдан пахта теримига оммавий сафарбарлик бошлаш ҳақида кўрсатма берган:

– Пахта 5 сентябрдан деяпти. Бугун мактаблар очилди. 5 сентябрдан бошлаб оммавий ҳамма нарса ëпилиб мактаб ўқувчилари чиқади. Биринчи мартасида 3-4-синфларгача қолдирадида. Ҳозир пахта кўпку. Ҳозирча каттароқ синфларни ëпадида. Пахта тугаб қолиб, топилмай қоладику, ундан кейин ҳаммани массовий мобилизация қилади. 5 сентябрдан кейин бутун студент, ташкилот ҳаммасини мобилизоват қилаяпти. Жойларни тайëрлаб қўйган ҳамма нарсани, дейди сурхондарёлик ўқитувчи.

Қашқадарё вилоятининг Чироқчи туманида истиқомат қиладиган Абдусаттор Аҳмадалиев ҳам туманда пахта теримига жиддий тайёргарлик кўрилаётганини айтади.

– Бошланиш арафасида бўлиб турибди. 5 сентябрлардан массовий кетса керак пахтага. Коллеж, лицей, мактабнинг тўртинчими, бешинчими синфдан юқорилари ëтоқ¸ деган гап бўлаяпти, лекин ҳали гувоҳ эмасман, дейди Абдусаттор Аҳмадалиев.

Озодлик манбаларига кўра, бу йил ҳам пахта теримига асосан мактаб ўқувчилари, коллеж, лицей ва олийгоҳлар талабалари мажбуран жалб қилинади. Ўқитувчи, шифокор ва бюджетдан маош олиб ишлайдиган бошқа хизматчиларнинг ҳам 10-15 кунлаб ётоғи билан теримга жўнатилиши кутилмоқда. Бироқ, деновлик Абдуллага кўра, пахта теримига бормасликнинг йўллари бор:

– Қолиш ҳам мумкин. Қолишнинг ҳам йўли борда. Биринчи йўли 50-60 минг атрофида пул берилади ëки ўрнига бирорта одам юборилади. Ўқитувчи ë шифокор ўрнига ўғлини ëки жиянини юборадида пахта тердиргани, дейди Абдулла.

Ўзбекистонда бу йил бир килограмм қўлда терилган пахта нархи 150 сўм қилиб белгиланди. Озодлик манбаларига кўра, бу қишлоқ шароитида яшаётган аҳоли учун яхшигина пул ҳисобланади ва шунинг учун ҳам биринчи теримида аҳоли ўз хоҳиши билан далага чиқмоқда.

Инсон ҳуқуқи ҳимояси билан шуғулланадиган халқаро ташкилотлар пахта теримида болалар меҳнатидан мажбурий фойдаланаëтган Ўзбекистон ҳукуматини йиллардан бери танқид қилиб келмоқда. Бироқ Ўзбекистон расмийлари болалар меҳнати муаммосига бағишланган халқаро йиғинларда ўзбек болалари пахта йиғим-теримига мажбуран эмас, балки кўнгилли равишда, ота-оналарига ёрдам бериш мақсадида чиқишларини таъкидлаб келмоқда.

Сўнгги йиллардда бир қатор Ғарб ширкатлари, жумладан “Tesco”, “Marks & Spenсer”, “Gymboree”  каби йирик ширкатлар ҳам мажбурий болалар меҳнатидан фойдаланилгани боис ўзбек пахтасига бойкот эълон қилган.

Пахта экспорти бўйича дунёда учинчи ўринда турадиган Ўзбекистон ҳукуматининг пахта савдосидан йилига бир миллиард АҚШ долларидан ортиқ фойда олиши тахмин қилинади.

http://www.ozodlik.org/content/article/24316145.html
 Posted by at 18:52

Sorry, the comment form is closed at this time.