Aug 292011
 

“Мустақиллик”нинг 20 йиллигига (1)

Posted by on August 28, 2011 // Leave Your Comment

Ассалому алайкум, муҳтарам Юсуф Расул.
Мен Норвегиядан бошпана топган1 ўзбек муҳожирларидан бири Абдулла Абдураҳмонов бўламан2. Асли водийликман. Танимасангиз керак. Эшитмаган бўлсангиз ҳам эҳтимол. Чунки мамлакатда ҳам, муҳожирлар орасида ҳам номим чиққан эмас. Сиёсатга кўп ҳам аралашавермайман. Аммо бир пайтлар “Бирлик” чиққанида Ватанини, халқини севган, мустақилликни чин юракдан орзу қилганлар қаторида анча-мунча вақт ичида бўлганман. Ғояларини водийга ёйишда қўлимдан келганича жонбозлик кўрсатганман. Кейин бир оз чекилдим. Бошқа ишлар билан машғул бўлдим. Шунда ҳам назардан четда қолмабман, ярим сиёсий, ярим диний айб билан уч-тўрт йилча ўтириб ҳам чиқдим. Ундан кейин, рости, ҳукуматдан очиқ тазйиқ кўрмадим. Аммо ҳур фикрли бир одам сифатида мамлакатда қолишим бундан бу ёғи шахсимга ҳам маънавий, ҳам моддий зарар эканини ҳис этиб, бирмунча вақт олдин мамлакатдан чиқиб кетдим. Кейинги пайтлар кўпроқ ўзим билан ўзим бўлиб қолганим билан дунёдан буткул узилиб кетолганим ҳам йўқ. Яъни ҳар куни, ҳар соат мамлакат ва дунё сиёсатини кузатиб бораман. Ўзимга яраша мулоҳазаларим, хулосаларим бор. Бошқа муҳожирлар билан нега топишиб олмаганимни, нимага ҳеч кимга аралашмаётганимни Сизга юбораётган мақолаларимнинг руҳидан сезиб оларсиз.

Бир зиёли сифатида кўп сайтлар қатори Сиз бошқараётган “Янги дунё” сайти билан ҳам онда-сонда танишиб тураман. Айрим мулоҳазалар жуда жўн, бирёқлама туюлади. Айрим ҳолларда муҳожирларни, мухолифатни бир-бири билан уриштириб қўядиган (бу иш “сўз эркинлиги” тушунчаси билан оқланадиган иш эмас), мухолифатнинг бўлиниб-парчаланиб кетишига “хизмат” қиладиган электрон майдонга ҳам ўхшаб кетади. Гоҳо эса: балки шу йўл тўғридир, матбуот халқимизнинг аҳволини кўрсатадиган ойна, қозонда бори чўмичга чиқади-да, бирика олмаслик халқимизга хос хусусият бўлса, сайтда нима айб, деб ҳам ўйлаб қоламан. Шу каби кайфиятда ҳозиргача ҳеч бир сайтда иштирок этмадим. Бир баҳона бўлдию (буни туркум мақолаларимнинг сўзбошисида айтганман) ёзгим келди, жим юргим келмай қолди. Ҳозирги давлатнинг фикри аниқ ва тушунарли. Мухолифатнинг ҳам фикри аниқ ва тушунарли. Лекин бу иккисидан бошқача фикр ҳам бўлиши мумкин-ку, дедим. Ва ёздим. Ва Сизга жўнатдим. Сайтингизда эълон қиларсиз, деб ўйлайман.

Фикрларим уникидан ҳам, буникидан ҳам бошқача бўлса, унда мен кимман?
Мен давлат одамиман! Мен буни яширмайман, аксинча, фахрланиб айтаман.
Сайтингизда мухолифат бир-бирини “давлат одами” эканлигида айблайди, фош қилади гўё. Шубҳалар уйғотади, “давлат” тушунчаси билан “давлатнинг тепасида ўтирган шахслар” тушунчасини қориштириб юборади-да, билиб-билмай одамларда давлатга салбий муносабат шакллантиради. Ҳолбуки, “давлат” сўзида ҳеч қандай айб йўқ. Ҳамма гап бу давлатни бошқараётганларнинг бошқаришга лойиқ ёки лойиқ эмаслигида! Агар мана шу тушунчани ўнглаб олмасак, давлат тепасига яхши одамлар келганида ҳам бу хато тушунча билан озиқланган-таъсирланган халқда давлатга илиқлик уйғонмайди.

Менимча, сиёсат майдонига кирган ҳар қандай одам ўзини давлат одами деб ҳис этиши ва шу мавқеига яраша фикрлаши, шахсий алам ва адоватларини унутиши керак. Курашни ҳақиқий давлат одами ўлароқ олиб бориши лозим. Бунда рақиби сиёсатининг яхши томонларини эътироф, ёмонларинигина инкор қилиш айни адолатдандир. Йўл қўйилаётган хатоларнинг ички ва ташқи сабаблари, тубга ва ёнга кетган илдизлари холис ўрганилмаса, мухолиф бўлганлик учунгина танқид тиғига олинса, ҳақиқатга етилмайди, адолатдан бўлмайди. Давлат ўзи тоза ва зарур ташкилот. Унинг ҳартомонлама кучли ва адолатли бўлишига эришиш ҳар бир сиёсатчининг ғами-қайғуси бўлсагина, кўзланган мақсадга эришилади.

Демак, мен давлат одамиман, аммо ҳозирда давлатни бошқараётганларнинг одами эмасман! Мен давлатни бошқараётганларга ва ҳозиргидай бошқариш усулларига мухолифман, аммо ҳозирда ўзини мухолифатчи санайдиганларнинг ҳам сафида эмасман!

Яъни мен учинчи томонман. Шунинг учун ҳам туркум мақолаларимнинг бир номини “Учинчи одамнинг боғи” деб қўйдим. Ва уларни бир томонга хизмат қилиш ва ёқиш учун эмас, балки иккала томонга ҳам фойдали бўлар деган умидда ёздим.

Аслида йигирма йилликкача йигирмата мақола ёзишни мўлжаллаган эдим. Афсус, фикрларимни жамлаб олишимга кўп вақт кетди ҳамда, дард оғир бўлгани учунми, жуда секин ёзиляпти. Ҳозирча битгани иккита бўлди, қолганини ҳам кетма-кет ёзишга ва Сизга жўнатишга ҳаракат қиламан. Оллоҳ таоло чидам ва ғайрат берсин. Ўқиганларнинг фикр-мулоҳазаларига муштоқман.
Хатимнинг охирида бир илтимос: Мен олий маълумотли бўлганим билан ёзувчи ёки журналист эмасман. Ёзганларим тумтароқ, сўзларим пала-партиш, жумлаларим хато бўлиши мумкин. Фикрни бузмасдан, жумлаларнинг ўзини тўғрилаш учун таҳрир қилишингизни, силлиқлашингизни сўрайман.

*****

УЧИНЧИ ОДАМНИНГ БОҒИ
ёки
ЙИГИРМА ТУП КЎЧАТ

Илк ишлов

Бу йил эрта баҳорда Ўзбекистонда (айтишларича Бош вазир ташаббуси билан) “мустақиллик”нинг3 20 йиллигига атаб ҳар бир киши йигирма тупдан кўчат экиш ҳаракати эълон этилибди. Эшитишимизча, матбуот, радио-телевидение бу тадбирни бир-икки ой роса шов-шув қилган. Мен ҳам шу шўрпешана мамлакатнинг тақдир тақозоси билан чет элларда юрган бир бўйни эгик фуқароси сифатида бу “улкан ташаббус”дан чеккада қолмаслик учун у ер-бу ерга бир нималар экким келди. Лекин, биринчидан, Норвегия менинг Ватаним эмас – қаерига экаман? Иккинчидан, экканим билан, эртага мен бу ерлардан кетиб қолсам, биров қарармикан, қуриб қолмасмикан, кўкарармикан, мева берармикан, мевалари менинг шўрпешана халқимга ҳам насиб этармикан ёки Ватандан олисларда халқимнинг бир қисми каби сиғинди бўлиб, бўйни эгилиб бу совуқ ўлкаларга беганасираб ўсармикан, деганга ўхшаш ўйлар юрагимни ўртар эди. Нимагадир бу ниятимдан кўнглим тўлавермади, бошқа нимадир қилишим керакдай туюлаверди. Охирида хаёлимга бир фикр келди: йигирма йилликка атаб йигирмата мавзуда йигирмата мақола ёзсам-чи, дедим. Шу мақолаларим менинг ҳақиқий кўчатларим бўлади! Қоғозим – Ватан тупроғининг бир парчаси, қаламим белкурагим бўлсин; кўзимнинг нури билан уларни суғорай, юрагимнинг қўри билан парваришлай; бу кўчатларим келгусида ҳар бири бир улкан дарахтга айланиб, мўл-кўл ва фойдали ҳосил берсин, муштипар халқимнинг оғирини енгил қилсин, дастурхонини безасин, вужудига дармондори бўлиб кириб, неча йиллардан бери чекаётган ва дориси топилмаётган дардларини кетказсин, деб орзуладим.
Олдиндан айтиб қўяй: ушбу мақолаларни ёзарканман, қўлимдан келганича холис бўлишни ният қилдим. Мен бирон-бир шахсга шахс ўлароқ душман эмасман, бошқа бир шахснинг шахс ўлароқ ёнини ҳам олмайман. Чунки иккала ҳолда ҳам камчилик бор – душманликда ёмонликларини бўрттириб яхшиликларини кўрмай қолиш эҳтимоли бўлса, бир томоннинг ёнини олишда, аксинча, яхшиликларига урғу бериб ёмонликларига кўз юмиш хавфи бўлади. Иккала ҳолда ҳам ҳақиқат юзага чиқмайди. Одам кимнидир шахсан ёмон кўриши, ҳатто қаттиқ ёмон кўриши мумкин, аммо унинг ишларини таҳлил қилаётганида ўртада учинчи одам бўлиб холис турмаса, шахсий муносабати кўзгусигагина солиб таҳлил қилса, албатта хатога йўл қўяди. Бунда душманлик ёки дўстлик муносабати олд қаторга чиқади-да, кўзига яқин келтиргани учун кўриш майдонини чеклаб қўяди ва воқеа-ҳодисаларнинг орқасини ва ҳақиқатини кўрмай қолади. Иштирокчи сифатида кимдир бир кимсанинг ёнида эмас, қаршисида туриши мумкин, бундай бўлиши табиий ҳол, аммо таҳлилга киришилар экан, учинчи томон бўлиб ўртада туришга мажбурдир. Қанча ўртада турилганида ҳам таҳлили кимгадир ё кимларгадир тегиб кетса, унда энди гиначилар ўзларидан ўпкаласинлар. Бу дунёда баҳо, улар хоҳлайдиларми-йўқми, сохта хаёлларга ва ё ёлғон-яшиқ сўзларга кўра эмас, бўлиб турган воқеаларга, қилмишларга ва қилмишларнинг кўриниб турган натижаларига кўра берилади…
Бундай кичкина кириш сўзидан (илк ишловдан) кейин энди қаршимда қайси мавзуни (кўчатни) биринчи ёритиш (экиш) саволи турарди. Ўйлаб-ўйлаб, мавзуларнинг салмоғини чамалаб-чамалаб, йигирма йил ичида мамлакатда кечган воқеа-ҳодисаларни тарозига сола-сола, қарасам, диний мавзу тош босиб кетди ва сўзни шундан бошлаш керакми деб ўйладим. Лекин диний мавзу ҳам бизнинг мамлакатда “мустақиллик” билан бевосита боғлиқ бўлгани учун биринчи кўчат барибир шу “мустақиллик”ка тегишли бўлиши мантиқан тўғрига ўхшади. Ахир, ҳамма гап шу ҳақда ва шунинг орқасидан-ку!
Хуллас, йигирма йилликка армуғон этаётганим хилма-хил мавзудаги бу мақолаларимни Ватаним тупроқларига эккан менинг асил кўчатларим деб қабул этгайсизлар. Шу мавзулар менга аҳамиятли туюлди, аммо кетма-кетлик тартибига бирор маъно юкламадим, ёзилишига қараб бўлди бу ёғи. Бошқа кимдир бошқа мавзуларни бошқача тартибда энг аҳамиятли санар балки. Бу мавзулар кейинги йигирма йиллик ҳаётимизнинг энг муҳим йигирма қиррасини кўрсатади ва, менимча, шу масалалардаги чалкашликларни бир қадар тушуниб олсак, “мустақил” кечирган қисқа давримизнинг моҳияти ҳақида тўғрироқ умумлашма хулоса чиқаришимиз осон бўлади, деб ўйладим.
Демак…


Биринчи кўчат

Мустақиллик… Шунақасини кўзлаганмидик?

Оллоҳ ҳаққи, биз мустақил бўлишни жуда-жуда орзу қилганмиз, лекин бунақа “мустақиллик”ни асло кўзламаган, мустақиллик бунақа бўлиб чиқишини сира кутмаган эдик! Ота-боболаримиз ва уларнинг кетидан биз болалари қачондир бир кун Ватанимизни озод кўришни, эски шон-шавкатини қайта тиклашни эҳ қанчалар истаганмиз ва қонларимиз гупириб, бу йўлда курашга кирганмиз, аммо бир куни халқимизнинг бошига мустақилликнинг ўзи эмас, унинг ўхшовсиз бир пародияси келиши етти ухлаб тушимизга кирмаган.
Сўзим ўзидан ўзи негадир алам ва зарда билан бошланди.
Сабаби бор. Сабабларнинг энг бошланғичи будир:
Мустақилликни қаттиқ истаганлар ҳам, унинг йўлида курашганлар ҳам бошқалар эди, лекин унга мутлақ бошқалар эга чиқди.
Халқимизнинг ҳамиятли бир қисми майдонларда мустақиллик истаб бошини нақд дорга тиккан бир пайтда совет мустамлакаси остидан чиқишни сира-сира истамаган, СССР деган сўлақмондай давлатни сақлаб қолишга тиш-тирноғи билан тиришган4 эски коммунист раҳбарлар тоифаси бор эди. Янги “мустақил давлат” тепасида ҳам ана ўшалар қолди, натижада ҳеч нарса ўзгармади. Улар ўрнатган бу хил “мустақиллик” шунинг учун ҳам, мана, йигирма йилдир, халққа – умр бўйи озодликни кутиб яшаган шўрлик халққа сира-сира татимади. “Эришган” бунақа “мустақиллик”ларидан одамлар ҳатто хижолатларда қолди. Бугунги аҳволни кулгили деса ҳам, ачинарли деса ҳам бўлади: эсли-ҳушли одамлар бир-бирининг кўзига тик қараёлмайди, бир-бирига кўнглини очолмайди; ҳамма ниманидир билади, билганини билдирмасликка тиришади, кўзларини пирпиратади, ерга қарайди, сохта жилмаяди… Чунки бу “мустақиллик” у кутган, у хоҳлаган мустақиллик бўлиб чиқмади. Агар бу унинг кўнглидаги мустақиллик бўлганида, бундай улуғ ҳодисани кўчаларда, майдонларда кунлаб, ҳафталаб, ойлаб байрам қилиб нишонлаган бўлар эди! Халққа ҳатто мустақилликни ҳис этишга, кўчаларда, майдонларда, шаҳару қишлоқларда кўнглидагидек нишонлашига йўл қўйилмади. Йўл қўйилмаяпти…
Ўша тарихий кун эсида бўлганлар билади: бугун мустақилликнинг ягона ва бош ташаббусчиси, ягона меъмори деб улуғланаётган, лекин у пайтлар мустақилликчиларга қарши давлатнинг бутун кучларини ташлаган ва СССРни сақлаб қолишга жонбозлик кўрсатган Киши ГКЧП ўртадан кўтарилиб, шароит ўз-ўзидан етилиб қолган бир паллада “халқ вакиллари” ҳузурида бирданига, ҳеч ким кутмаганида мустақилликни эълон қилиб юборди. У “халқ вакиллари” кимлар эди? Албатта, кўпи подшоҳига яраша бир қавм эди. Натижада бу эълонни туйқус ҳеч ким тушунмади, ҳамма ҳайрон бўлди, қулоқларига ишонмади, хато эшитмадикмикан, дегандай ҳадикда бир муддат ҳаракатдан ва тилдан қолди. “Мустақиллик меъмори” эса, бу карахт “халқ вакиллари”дан ҳатто оддий чапакни ҳам сўраб олди. Шундан кейингина бирдан чапакбозлик бўлиб кетди. Табиий йўл билан етилиб келаётган, интиқиб кутилаётган мустақиллик ҳомиласи ярим йўлда қўполларча аралашилиб, сунъий туғдирилгани учун шундай бўлди. Оддий халқ эса, ҳатто мустақиллик истаб майдонларда жавлон ураётганлар ҳам, мустамлака шароитидаги кечаги куни билан “мустақиллик” эълон этилган янги кунининг фарқига боролмай, аросатда туриб қолди: на хурсанд бўлишини билади, на хафа бўлишини…
Мана, ўшандан буён шу сунъийлик шарпаси яшаб келяпти малакатимизда. Чала туғилган “мустақиллик” эса, онаси қорнида тўла босқични яшаб ўтмаганининг аламини, йигирма йилдир, шу онасидан – халқдан олиб келяпти. “Мустақиллик”нинг бутун оғирлиги ва жабри халқнинг бошига тушган. Шундан одамлар гаранг: бу кунни байрам қилсинми ёки мотам қилсинми? Байрам қилиш тугул, шу қисқа муддат ичидаёқ халқнинг эсли-ҳушли катта бир қисми бундай “мустақиллик”ларидан минг пушаймон еб бўлди. Азиз бошларни тикишга, охирги қонларни тўкишга арзирли бу тотли, бу соғинчли, бу жозибали Сўзни китоб ва матбуот саҳифаларида, радио тўлқинларида, телевизорларда, минбарларда ҳар куни ҳар дақиқада оёқости қилинаверганидан, эшитса кўнгли озар ҳолатга келди…
“Мустақиллик меъмори” эса, йигирма йилдан бери, атрофига тўплаб олган ишончли одамлари билан бирга-бирга, оддий халқдан узилиб, етти қават зирҳли қўрғон ичида, халқининг хоҳиш-иродасига кўра эмас, балки ташқи кучлар пишангида ўзи эълон қилган ва ҳатто оддийгина чапакка ҳам лойиқ кўрилмаган “мустақиллик”ларини ими-жимида, қўрқа-пуса “нишонлаб олади”.
Кўп рамзий ҳодиса бу. Ҳар йили бирор йиллиги бу тахлит нишонланаётганида мустақил- лик эълон этилган ўша илк кундаги ҳам кулгили, ҳам ачинарли ҳолатлар эсга келади…
1991 йил августи. СССР охирги нафасларини олаётган кунлар. Озодлик истаётган халқлар унинг ўлимини истаяпти, аммо у ҳам жон-жаҳди билан тиришиб, яшаб қолиш пайида. Горбачёв бошчилигидаги компартия қайтақурувчилари “Иттифоқ шартномаси” орқали республикаларни ҳарҳолда бир мамлакат чегарасида ушлаб қолмоқчи. “Иттифоқ шартномаси”да “қардош” республикаларга олдингидан кўра кўпроқ ҳуқуқ ва кенгроқ ваколатлар берилаётгани учун компартия ичида ва, айниқса, КГБ ва армия орасида бунга қаршилар кўп эди. Натижада мамлакатда ярим ҳарбий, ярим фуқаролик тўнтариши уюштирилиб, 1991 йил 19 август куни5 ҳокимият тепасига ўрисча қисқартмаси “ГКЧП” (ёймаси “Государственный комитет по чрезвичайным положением”, ўзбекча ёймаси: ”Фавқулодда ҳолат давлат қўмитаси”, қисқартмаси: “ФҲДҚ”) бўлган тўнтарувчилар келди. Уларнинг асосий катта ниятлари: а) СССРни эски ҳолида сақлаб қолиш; б) тайёрланаётган “Иттифоқ шартномаси”ни таг-туги билан йўқотиш эди. Бу йўлда “демократ” деб ном чиқарганлар ва уларга хайрхоҳларнинг ҳаммасини қириб ташалаш режалаштирилди (йўқотилиши лозим бўлган миллионлаб кишиларнинг рўйхатлари тузилиб, тўнтариш куниёқ бутун республикаларга юборилгани ҳақидаги маълумот ГКЧП қулатилганидан икки-уч кун ўтмаёқ Марказ матбуотида эълон қилинган). Яъни, бу “ГКЧП” деганлари яна бир ҳафтача ҳокимият тепасида ўтирган бўлганида мамлакат қонга беланар эди!
Мана шу ГКЧП тўнтариш ясаб, машҳур баёнотини қалтироқ қўллар билан телевизорлардан эълон этганида Ўзбекистон президенти тўрт кунлик расмий визит билан Ҳиндистонга кетган эди ва… иккинчи куниёқ визитини тўхтатиб Ўзбекистонга қайтишига тўғри келди…
Шу ерда пойтахтда яшайдиган бир дўстимнинг оғзидан 19 август куни кечқурун эшитганим бир воқеани келтиришни ўринли деб биламан. Чунки бу маълумот газеталарда ёзилмаган, телевизорларда кўрсатилмаган бир сирни очади бизга.У дўстим бу воқеани иссиғида сўзлаб бергани учун ишончлилигига менда заррача шубҳа йўқ:
“Мен ўша куни эрта билан бу даҳшатли янгиликдан хабарсиз қолибман. 19 август куни одатдагидек ишга келсам, ғалати ҳолат: ҳамма ниманидир яшириб кулимсирамоқчи бўлади, аммо кулгиси тиржайиш бўлиб чиқади. “Нима гап?” десам, “Эшитмадингизми?..” деб воқеани қисқача сўзлаб беришди. Ҳар ўттиз дақиқадами ГКЧПнинг баёнотини радио бериб турибди экан. Навбатдагиси бошланганида бошлиғимизнинг хонасидаги бешсўмлик радио теварагида уч-тўрттамиз тўпландик. Икки оғиз эшитган заҳотим: “Тамом, – дедим, – ёмон бўлибди, агар булар ҳокимиятни эгалласа, ҳаммаси тамом бўлади!”
Бошлиғимиз “тилингизга эҳтиёт бўлинг” деган маънода кўрсаткич бармоғини лабига босиб қўйди. Қарасам, фикрини очиқ айтиб юборган бир мен бўлибман…
Шу кунги бир ҳодиса сира эсимдан чиқмайди. Тушдан кейин ТуркВО6 штабидан сиёсий ишлар бўйича бир вакил – армани майор (ё полковникмиди?) ишхонамизга келди. Бошлиқ хонасига ҳаммамизни тўплатди. Сиёсий вазиятни ўзича тушунтирди. Ҳушёрликка, тентаклик қилиб қўймасликка чақирди…
– Москва тўпаланг… Елцинчилар кўчада… Лекин бугун-эрта ҳаммаси қўлга олинади, мамлакатда тартиб-интизом ўрнатилади! Митингвозликларга чек қўйилади! Ўрта Осиёда Қирғизистондан бошқа жойларда тинчлик. Ақаев жиннилик қиляпти, одамларни кўчага чиқишга ундади, Елцинни ва демократияни қўллаймиз, деб чиқди. Ничево, Бишкекка ТуркВОнинг танклари киритилди, бугун-эрта унинг иши ҳал… Лекин бизники (яъни, Ўзбекистонимизнинг президенти) маладес! Округимиз қўмондони Ҳиндистонга телефон қилиб ҳолатни тушунтириб, президентимизнинг бу ҳақда фикрини сўраган эди, Ислом Каримов “Биз ГКЧПни қўллаймиз!” дебди. Бугуноқ мамлакатга қайтяпти. Маладес!.. – деди…”
Мен бу гапларни воқеанинг бевосита иштирокчисидан ўша куниёқ эшитганман.
Кейин ҳақиқатан Ислом Каримов Ҳиндистондан шошилинч қайтди. Ўша куними ё эртасигами аркони давлат (давлат устунлари)ни тўплаб, телевизорда вазиятни муҳокама қилдирди. Буни энди бутун мамлакат кўрди. Эътибор берган бўлсаларинг, президент айёрлик қилди, кўпроқ бошқаларни ва Мирсаидовни гапиртирди, республика номидан тайёрланган баёнотни ҳам Мирсаидов ўқигани эсимда. Муҳокама очиқдан-очиқ бўлмаса-да, аммо моҳиятида бутун борлиғи билан “Биз ГКЧПни қўллаб-қувватлаймиз!” деган руҳда ўтди. Ҳатто Ислом Каримов ўзига хос бир оз қувлик билан: “Ўзбекистон сиёсатини ўзгартиришига эҳтиёж йўқ, мана, бугунги муҳокамадан ўзларинг ҳам билдиларинг: биз ўзи анчадан бери бугун ГКЧП талаб қилаётган тўғри йўлда сиёсат юритиб келаётган эдик. Қайта қуриш сиёсатининг ҳамма талабларига ҳам биз юравермаганмиз (сўз эркинлиги, демократия борасидаги талабларига юрмагани аниқ!) ва ўз вақтида қоралаганмиз… Бугунги вазият бизнинг ҳақлигимизни исботлади”, деди.
Бу гапларни дипломатлар тилидан оддий халқ тилига ўгирсак, бундай бўлади: “Горбачёв бошлиқ қайтақурувчилар ҳокимиятни бошқара олмай қолди, халқларга эркинлик бериб, бошбошдоқликка йўл қўйди, СССРнинг парчаланишига олиб келади унинг сиёсати, бунга йўл қўйиб бўлмайди, шунинг учун биз ичкарида унинг сиёсатига терс сиёсат юритиб келдик, СССРни сақлаб қолишга ҳаракат қилдик… Бу лаънати митингчиларга, мустақилликчиларга қарши Марказда ҳам биз каби курашилганида бугунги аҳволга тушиб ўтирмас эдик… Марказ энди ҳушини йиғибди, ҳолбуки биз доимгидай доноларча йўл тутиб, бугун ГКЧП илгари сураётган сиёсатни илгаридан юргизиб келганмиз. Яъни, Ўзбекистоннинг тўғри йўлда эканини ҳаётнинг ўзи исботлади…” Ва ҳоказо.
(Мен буларни ўшанда телевизордан кўрганимда эсимда қолганича ёздим. Сўзлар бошқача қўлланган бўлиши эҳтимоли бор, лекин маъно шу эди. Ўша муҳокама телеархивдан кейинчалик йўқотиб юборилмаган бўлса – чунки у сўзлар президентнинг танҳо “мустақиллик меъмори” бўлишига халақит беради – бемалол текшириб кўриш мумкин. Агар бу даъволаримнинг тескариси исботланса, ҳамманинг олдида очиқ кечирим сўрашга тайёрман).
Йигирма йилдан бери мамлакат бошига мисли кўрилмаган балолар ёғилаётганининг бир сабаби аслида мустақилликни истамаганлар мустақилликка эга чиққани эканига биттагина далил-исботдир бу воқеа. Келгусида тафсилотли тарих битилса, бунақа мисоллар жуда кўплаб топилади. Мен ҳозир мақоланинг руҳи ва ҳажми кўтаришига қараб шугина билан чекландим. Аммо шунинг ўзи ҳам кўп нарса ойдинлашишига етарли деб ўйлайман.

Қисқача хулоса

Ҳақпарастлик ҳисси, озодликни, мустақилликни исташ туйғуси онанинг покиза сутлари ва отанинг ҳисобсиз тагдор ҳикоялари билан қон-қонига сингиб кетган мендай бир одам ҳам “мустақиллик” шароитида кечган кейинги йигирма йиллик кўргиликларимизни бу шармандали “мустақиллик”ка эришмасимиздан олдинги беш-олти йиллик қайта қуриш палласига солиштира-солиштира, гоҳо: СССР бу қадар тез парчаланмай туриши керакмиди, деган хаёлга келиб қоламан. Мустақиллик ҳомиласи росмана тўққиз ойлик табиий босқични босиб ўтмай, саккиз ё етти ё ҳатто олти ойлик пайти чала туғилиб қолди, етилиб туғилгани бошқача бўлармиди, дейман. Яъни, қайта қуриш палласи бир оз узоқроқ чўзилиши керак эди, назаримда. Чунки бу икки даврни бир-бирига солиштирганда Горбачёвнинг қайта қуриш даври мустақилликнинг ҳозирги ўзбекистонона кўринишидан ҳартомонлама устун кўринади менга (янаям тўғрисини Оллоҳ билади).
Биринчидан, қайта қуриш палласида сўз эркинлиги, виждон эркинлиги, сиёсий эркинликлар кучли эди ва бундай давр қанча узайса, ундан фойдаланилган ҳолда бўлғуси мустақилликнинг пойдевори мустаҳкамроқ қўйилган бўлар эди.
Иккинчидан, Марказий Осиё республикалари ва халқларининг бир-бирига талпиниши кучли эди ва бу жараён хайрли ечимига бориб олган бўлар эди.
Учинчидан, диний соҳадаги эркинлик натижасида мачит ва мадрасалар кўпаяр ва диний таълим кучаяр, динимиз бор ҳақиқати билан халқимизнинг кўпроқ қисми орасига кириб қолар ва ўзликка қайтиш, миллий-диний ўзликни қайтадан қўлга киритиш мумкин бўлар эди (бусиз кучли миллат бўлиш қийин).
Тўртинчидан, узоқ йиллар мустамлака остида яшаш натижасида одамларимиз онгига ўтириб қолган қуллик психологияси ўрнига ўзига ишонч туйғуси оёққа турар, ўтмишини тўғри англаган ҳолда келажакни тўғри қуришга ҳаракат кучаяр эди.
Бешинчидан, тарихнинг қора ва қоронғи нуқталари оқариб-ёришиб, халқимиз дунёни, дўст билан душманни яхшироқ таниб олар эди.
Олтинчидан…
Хуллас, гап кўп. Яна анча-мунча яхшиликлар бўлар эди, менимча. Балки Катта Дунё мана шунақа яхшиликлар бўлмасин деб ҳам бизни мустақилликка шоширгандир, кечагина мустақилликка қарши бўлган одамга телефон қоқиб: “Давай, отни қамчила, мустақилликни эълон қил, дарров сени тан оламиз!” деган ё дегиздиргандир. СССР таркибида бўлган республикаларнинг бир кун-ярим кун фарқи билан патир-путур мустақиллик эълон қилиб юборишлари ҳодисаси шу фикримизни тасдиқлайди. Чунки, содда бўлмайлик, Катта Дунёнинг нияти мустамлака остида эзилиб яшаётган юртларни озодликка чиқариш, уларни ҳур мамлакатлар қаторига қўшиш бўлган эмас, асло! Балки, икки хил тузум қарама-қаршилиги ҳосиласи ўлароқ, СССРдай катта бир давлатни емириб-бўлдаклаб, ҳосил бўлган майда ва кучсиз давлатчаларни ўзининг таъсир доирасига олиш, яъни, ўзига бўйсундириш бўлган. Уларнинг нияти ўзи билан, улар бундай ният қилишлари табиий ҳам, чунки оч ҳамиша очдир, инсофсиз дунё бировнинг ҳисобига яшаш пайида бўлиб келган ва шундай бўлиб қолади, аммо бу дегани бу очларнинг қонли панжасига тушмаслик учун СССР таркибида қолавериш керак эди, дегани эмас, балки бизнинг ниятларимиз уларнинг кир ниятларига қарши тура оладиган кучли, ҳамиятли бир мустақилликка эришиш бўлиши керак эди.
Лекин бу ғирром Катта Дунё ўзининг қаршисида кучли, маънавиятли, ҳартомонлама ҳур янги бир давлатлар пайдо бўлишини хоҳлармиди? СССРда қайта қуриш жараёни чўзилишига яна озгина йўл қўйиб берилса, бу қайта қуриш сиёсатининг ошкоралиги, эркинлиги ва бошқа имкониятларидан унумли фойдаланган миллатлар анча уйғониб, ўзини, ўзлигини таниб қолар эди. Шунинг учун ҳам қалтироқ қўлли ГКЧПнинг СССРни сақлаб қолиш йўлида қилган охирги қўпол ва маданиятсизларча типирчилашини фурсат билиб, Елцин бошлиқ бир ҳовуч демократни Масков кўчаларига чиқариб, Марказни ўзи билан ўзини овора қилиб қўйиб, республикаларга мустақиллик сари отни қамчилатишга директивалар йўлланди, бизнингча. Бўлмаса, кечагина мустақилликка қарши бўлган кимса(лар) ҳеч ким билан маслаҳатлашмай, ҳатто енг ичидаги депутатларининг ҳам олдидан ўтмай, бугун бирдан мустақиллик эълон қилиб юборармиди?! Қайси катта даргоҳлардан телефон бўлганини тахминлар қилсак-да, тепасида турмаганимиз учун, аниғини биз билмаймиз, аммо бу қўнғироқлар бошқа республикаларда ҳам чалингани аниқ, қарийб ҳамма республика уч-тўрт кун оралиғида мустақилликка “эришгани” шундан.
Қолгани шахсий масала: агар чиндан от қамчиланмаса ва қўйиб берилса, эртага кеч бўлиши, бундайларни халқ эртага бошидан улоқтириб ташлаши мумкин, ахир. Тиланиб бўлса ҳам вақтида чапак олиб қолгани яхши, қолаверса, келгусида битта ўзи “мустақиллик меъмори”7 бўлиб қолишни ким ҳам истамайди?!.
Хўш, савол туғилади: ўшанда ҳокимият тепасига бугунгилар эмас, мустақиллик учун курашганлар келганида аҳвол бошқача бўлармиди?
Бошқача бўлиши аниқ, лекин бугунгидан яхши бўлармиди, йўқмиди – у ёғини Оллоҳ билади. Ҳарҳолда тажриба аччиқ ҳақиқатларни кўрсатди:
1. Гуржистон билан Озарбойжонда ҳокимиятни майдондагилар эгаллашди. Натижа нима бўлди? Мустақилликчиларнинг қисқа муддатли иқтидорлари фожиа билан якунланди. Бунинг сабаблари кўп ва бу сабаблар қандай бўлишидан қатъи назар, натижа шу бўлди.
2. Узоққа бормайлик, ёнқўшнимиз Тожикистонда нима бўлди? Халқи бирикканроқ ва демократияси биздагидан кучлироқ бўлганига қарамай, айтарли бирор ижобий натижага эришолмади. Агар бугунги ҳолатидан хулоса қилсак, балки биздагидан баттарроқ натижа берди. Ўртада шунча қон тўкилгани, қанчадан-қанча одамларнинг ёстиғи қуригани қолди, холос.
Бундай бўлишларининг бир сабаби – қаерлик бўлмайлик, ўриснинг қўл остидан тезроқ чиқишни хоҳлаган биз мустақилликчилар ўткир сиёсатчилар эмас, балки орзуманд, содда кишилар эдик. Озодлик фикрини кўтариб чиққанлар фикр бошқа, бошқариш бошқа эканининг фарқига кўп ҳам бормас эдик. Назарий томондан фарқига борсак ҳам, сиёсатнинг кирликларига, эски ҳокимиятнинг юзсизликларига сира тайёр эмасдик. Улар ҳокимиятларини осонликча бериб қўймасликларини, бу йўлда ҳатто биров пиширган тайёр ошни ўзлариники қилиб олишдан ҳам тоймасликларини асло кутмаган эдик. Яъни, ўтмиши, бугуни, виждони ва қўли кир кимсалардан мардликни кутдик. “Бизлар эски замон кадрларимиз, хоҳлаймизми-йўқми қонимизда узоқ вақтларгача совет микроблари оқиши аниқ, лекин энди халқимиз мустақилликка эришди, энди уни шу мустақиллигига муносиб кадрлар бошқариши керак, яхшими-ёмонми совет даврида раҳбар бўлдик, қўлимиздан келганича юртни бошқариб турдик, биздан ўтганига узрлар сўраймиз, у замонлар бундан бошқасига қодир ҳам эмас эдик, келинглар, лозим топсаларинг, юртни биргаликда бошқарайлик, том маънодаги мустақилликка халақит берадиган бўлсак, унда қўлимиздан келадиганини қилиб, шу халқимизнинг манфаати учун, ҳақиқий мустақил ҳаёт кечириши учун бир четга ўтиб турайлик, унга тўсиқ бўлмайлик, ўрнимизга ўтинглар, янги ҳаётни бошланглар, сўрасаларинг ва бизларнинг ҳам ақлимиз етса, тажрибаларимиздан келиб чиқиб маслаҳатлар бериб турайлик, ўтмиш ҳаммамизники, ундан қочиб қутулолмаймиз, бундан бу ёғи энди янги паллага ўтдик, келинглар, биргаликда янги ҳаётни қурайлик”, дейди деб ўйладик. Албатта, бу ишимиз соддалик эди…
Мустақилликнинг ташаббускори ва меъмори битта Киши бўлмаганига, айниқса бу Одам бўлмаганига энг ёрқин далил ҳамма республикалар қарийб бир пайтда мустақилликларини эълон этганидир! Болтиқбўйи республикаларида ва Россияда кечди ҳақиқий кураш. Россия мустақиллиги йўлига тўғаноқ бўлаверганимиздан Марказ кетимизга тепиб юборгани учун ҳам Ўрта Осиё республикалари бирдан “мустақил” бўлиб қолдик.
Ҳа, кетимизга тепиб қувиб солмагунларича биз у умумий уй (мустамлакачилик асорати)дан чиққимиз келмади! Ва шу нарса қаттиқ аламлар қолдирди юракларимизда.
Ҳатто мустамлака сиёсатининг маркази бўлган Москвадаги митингларда “Долой, СССР! Пусть убирается в Средную Азию!” (Йўқолсин СССР! Ўрта Осиёга даф бўлсин!) деган ҳақоратли шиорлар янграганини эшитиб туриб ҳам биз охирги нафасини олаётган СССРнинг думига осилиб олиб, сира қўйиб юборгимиз келмай, жончиқар маҳали ихтиёрсиз чиқадиган шалтоғини ялашга ҳаракат қилганларимиз бўйнимизни букди.
Турли замонларда катта-катта салтанатлар қуриб дунёга майдон ўқиган боболар ва оталар давомчиларининг ўша дамлардаги аҳволига қараб туриб хўрлиги келди одамнинг. Қани у шон, қани у шавкат, қани у ғурур?! деб йиғлагиси келди…
Хўп, шундай бўлиб чиқди, шундай бўлиб чиқдими, демак, шундай бўлиб чиқиши тақдиримизга битилган экан, буни бугун билдик ва биз тақдирнинг ҳукмига исён қилмаймиз, лекин у пайтларда – тақдирнинг ёзиғи ҳали яширин турган, орзулар қопқаси ҳали катта очиқ бўлган у замонларда қандай мустақилликни кўзлаган эдик?
Биз:
бир пайтлар мустақиллигини шараф билан, эркакчасига курашиб ютқазган миллат ўлароқ эркакчасига курашиб шараф билан қозонилган мустақилликни;
мустақиллик учун курашиб ўтган инсонларнинг қадри топталмаган, ҳурмати ўрнига қўйилган, давлати уларни эъзозлайдиган мустақилликни;
ташаббускори, меъмори ва қурувчиси бир киши бўлмаган, балки Яратганнинг тақдири ва ёрдами ила ташаббускори ҳам, меъмори ҳам, қурувчиси ҳам ХАЛҚ бўлган мустақилликни;
рус босқинидан, кейинчалик совет зулмидан жабр чеккан, Ватанни юрагига жойлаб четларга чиқиб кетишига тўғри келган боболаримиз-момоларимиз ва уларнинг болаларини ҳам Ватаннинг бир парчаси ўлароқ тан оладиган, уларнинг ҳурматини ерига қўядиган мустақилликни;
бир ҳовуч сохта меъморларгина эмас, балки ўттиз миллионли бутун бошли бир халқ юрак амри билан кўчага чиқиб, сайиллар қилиб, том маънода шод-хуррам нишонланадиган мустақилликни;
давлати халқини, халқи давлатини севадиган, унисининг ё бунисининг бошига бир бало яқинлашса, ҳимоясига униси ё буниси яна ўша юрак амри билан бошини-жонини тикиб чиқадиган мустақилликни;
адолат ҳукмрон бўлган, халқининг руҳига, урф-одатларига ва орзу-умидларига мос қонунлар асосида бошқариладиган давлатни ўртага қўювчи мустақилликни;
халқни “мустақиллик”, “истиқлол” сўзларидан бездирмасдан, ҳатто бу сўзларни ҳеч тилга олмасдан ҳам бошларни баланд кўтариб яшаса бўладиган мустақилликни;
ватандошларни бир-биридан айирмайдиган, аксинча, бир-бирига боғлайдиган, ҳатто қонунни босиб ўтганлар билан ҳам тил топиша оладиган бир оиладай аҳил мустақилликни;
Ватан ҳимоячиларини “босмачи” демайдиган, динини топтамайдиган, диндорларини “экстремист”, “террорист” атамалари билан хўрламайдиган, узлуксиз ёлғону туҳматлар билан халқининг руҳини чўктирмайдиган мустақилликни;
амал учун, амалда сақланиб қолиш учун бу бебаҳо Ватанни гоҳ у, гоҳ бу, гоҳ учинчи бир кучли давлатга кепак баҳосига сотмайдиган, бош эгиб яшагандан кўра, тик туриб ўлишни устун қўя оладиган мустақилликни;
ўтмиши, тили, дини бир қўшнилар билан ҳадеб уришевермайдиган, аксинча, бошини қовуштириб, узоқ замонлар бир давлат, бир мамлакат бўлиб яшаб келганимизни ҳамиша тарихий хотирасида эъзозлаб эслайдиган мустақилликни;
ва ниҳоят, қўштирноқларсиз мустақилликни… КЎЗЛАГАН ЭДИК!
Яна қанчасини санай! Кўзлаган орзуларимиз қанча эди, бу ерда эсимга келганларинигина санадим, холос. Аммо, Оллоҳга шукр, тушкун эмасмиз. Оллоҳ хоҳласа, бир куни, балки жудаям яқин замонларда бу орзуларимиз ҳам ушалажагига ишончимиз бор.

****

1.Иблиссифат Брейвикнинг қонли қилмишидан кейин нисбатан тинч ҳисобланган Норвегия ҳам энди мусулмон муҳожирларга торлик қилиб қолса керак. Тақдиримизга ёзилганини кўраверамиз.
2. Айрим шахсий мулоҳазалар ила исмим бир оз ўзгарган бўлиши мумкин, сабабини кейинроқ билдираман.
3. Узр, халқимиз узоқ йиллар орзу қилиб кутган ҳодисанинг номи бўлмиш шундай чиройли ва ёқимли Сўзни қўштирноқ ичига олишга мажбур бўлинди, чунки асрлар ичра оқизилган аччиқ кўзёшлар ва ҳисобсиз қонлар эвазига эришилган, бош хоҳловчиси ҳам, бош ташаббускори ҳам, бош курашчиси ҳам халқ бўлган, лекин ҳеч ҳам лойиқ бўлмаган бир гуруҳ кимса эгаллаб ўзиники қилиб олган ҳодисани албатта аслини ясамасидан ажратилмаса бўлмас эди.
4. Ўша пайтларни унутмаганлар билади: бундайлар фақат Ўрта Осиё республикалари раҳбарлари эди.
5. Эътибор беринг: ҳамма рақам “19” ёки “1” ва “9”дан иборат. Бу нарса ҳеч нарсани билдирмайди, лекин қизиқ ҳодиса.
6. Туркестанский военный округ – Туркистон ҳарбий округи. Рус ва совет мустамлакачилигининг Ўрта Осиёдаги ҳарбий таянчи ва гарови.
7. Ўқувчилар янглиш англамасинлар: “мустақиллик меъмори” атамасини илк қўллаган марҳум Озод Шарафуддиновни камситиш учун такрор-такрор эсланмаяпти бу бирикма. Мен бу устоздан таълим олмаган бўлсам ҳам, у кишини кўп водийликлар қатори чин юракдан ҳурмат қиламан ва мустақилликни истовчи юракларни тарбиялашда Ўзбекистонда Озод аканинг хизмати катта бўлганини айрим зиёлилардан эшитганман. Подшо томонга бир-икки таъзимларини эса, яна ўша зиёли дўстларим айтишича, ўзлари оғзаки суҳбатларидан бирида: “Шу ўғилнинг келажагини деб айрим принсипларимга тескари боришимга ҳам тўғри келди…” дегандек афсуснамо эътироф қилган эканлар ва мен буни инсоний бир ожизликдан деб биламан. Бу каби ожизликлардан ҳеч кимса ҳимояланган эмас.
8.


(Давоми бор)

www.yangidunyo.com

 

http://yangidunyo.com/?p=21607

Sorry, the comment form is closed at this time.