Jul 052019
 

Ўзбекистонда коррупция, зўравонлик, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини оёқ ости қилиш мўл кўл. Йирик коррупционерлар тузоққа тушишди. Буёғи нима бўлади?

Қуйидаги 4-маълумот, далил мамлакатдаги коррупциянинг кўлами, қама қамалар, ишдан бўшатишлар, лавозимда пасайишлар, кўтарилишларга тузоққа тушган коррупциянерларнинг таъсири ҳақида.

1-далил. Андижон ҳокими “ўзи” учун фермерларга алоҳида буғдой солиғи солгани иддао қилинди. [1].

Озодликдан иқтибос: “Андижон вилояти, Андижон туманидан Озодликка мурожаат қилган фермерларнинг иддао қилишича, улар режани бажарган бўлса-да, туман ҳокими “унинг ўзи учун 2-3 тоннадан” буғдой беришни талаб қилмоқда.

Фермерларнинг айтишича, бу буғдой қабул пунктига топширилмасдан, ҳоким айтган жойга олиб бориб тўкиляпти.

Бу буғдойни қабул қилиб олингани ҳақида фермерларга ҳеч қандай ҳужжат берилмаган.

Туман фермерлар кенгашининг раиси бундан хабари йўқлигини айтди.

Андижон туманининг “Ўзбекистон” массивида ишлайдиган, ҳоким томонидан тазйиқ бўлиши мумкинлигидан чўчиб, исми сир қолишини сўраган фермерлардан бирининг Озодликка айтишича, у буғдой режасини ортиғи билан бажарган бўлса ҳам, туман ҳокими Улуғбек Исомиддинов яна унинг ўзига 3 тонна буғдой беришга мажбур қилган:

Туман ҳокими буғдой штабида ҳамма фермерларга наглий, очиқ айтди. Уч тоннадан яна берасан, деди. Мана, “Ҳақиқат” ҳам олиб бориб тўкяпти, “Ўзбекистон”, “Ойдин булоқ” массивларидаги фермерлар ҳам олиб боряпти. Мажбурий. Ўзи ҳар гектарига 37 центнердан мажбурий шартнома қилдирган эди. Кейин 45 центнердан топширасан деди. Буни ҳам топширдик. Энди эса, “мен учун, туман учун 2-3тоннадан берасан”, деди. Фермерларни қақшатяпти, мажбур олиб бориб тўкяпмиз”. Иқтибос тугади. [1].

2-далил. Жаҳонгир Ортиқхўжаев бизнес империяси халқаро пул ювишда айбланган шахсларга алоқадор. [2,3].

Британиялик тадқиқотчи, криминалог Кристиан Ласслетт бундан олдинги чоп қилган мақолаларида Тошкент Cityнинг чет эллик 3 “инвестори” офшор зоналарга рўйхатга олинган компанияларнинг таъсисчилари эканлигини айтганди, лекин уларнинг номларини ошкор қилмаганди. Кристиан Ласслетт бу номларни ошкор қилди.

Озодликдан иқтибос:”Озодлик: Сиз суҳбатимиз бошида Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг Акфа-Артел гуруҳи таркибига кирган “ширкатлар бошқарувида пул ювиш билан боғлиқ жанжалга алоқадор шахслар ҳам бор”¸ дедингиз. Бу шахслар кимлигини очиқлай оласизми?

Кристиан Ласслет: Албатта. Буюк Британиядаги компаниялар регистрация қилинадиган Company House сайтида Dartlex Impex LLP ҳақида берилган маълумотда Юрий Витман ва Стан Гориннинг ширкат маъмуриятига бевосита алоқадор эканини кўрсатади. Матбуот хабарларига кўра¸ Dartlex Impex LLP ширкати Жаҳонгир Ортиқхўжаевга қарашли йирик ҳолдинглардан бири – J-United Groupнинг британиялик партнëри. J-United Group Dartlex Impex LLP билан Навоий эркин иқтисодий зонасида алюминий маҳсулотлари ишлаб чиқарадиган умумий капитали 35.2 миллион долларлик қўшма корхона тузган. Навоий зонаси инвесторларга жуда катта солиқ ва бож имтиëзлари беради.

Dartlex Impex LLP ширкатининг Жаҳонгир Ортиқхўжаев таъсис қилган компаниялар гуруҳи билан муносабатлари шунчаки хорижий партнердан кўра мураккаброқдир. Масалан¸ Dartlex Impex LLP ширкати White Machine Technology ширкати акцияларининг 95.7 фоизига эгалик қилган. White Machine Technology эса Артелнинг чангютгич ва микротўлқинли печлар ишлаб чиқарувчи бренди. Бу эса¸ Dartlex Impex LLP нинг Ортиқхўжаевнинг Акфа-Артел корпорацияси структурасига тўғридан-тўғри қўшилиб кетганини кўрсатади.

Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг “британиялик партнери” деб қайд этилган Dartlex Impex LLP ҳисоботларига қўл қўйиб келган Юрий Витман ва Стан Горин номини ўзбекистонликлар билмаслиги мумкин. Аммо улар халқаро суриштирув журналистларига анча таниш номлар.

Бу иккала шахс Украина собиқ президенти Виктор Янукович давридаги коррупциялашган шартномалар¸ қурол-яроғ контрабандаси ва пул ювиш амалиëтларида гумонланаëтган “Латвия мафияси” деб аталган гуруҳга алоқадор деб кўрилади. Уюшган жиноятчилик ва коррупцияни ёритиш лойиҳаси ва Украина суриштирув журналистлари бу шахсларни International Overseas Services (IOS) деб номланган оффшор компанияларининг трансмиллий тармоғининг етакчи менежерлари деб эълон қилган.

Ортиқхўжаев бизнес империяси таркибидаги яна бир ширкат акцияларининг яна бир “танилган эгаси” халқаро майдонда пул ювиш амалиëтларига гумонланиб¸ олди-берди қилиш тақиқланган шахсдир.

Worldpoint Sales Limited ширкати яқинларгача Eko Elеktron ширкати акцияларининг 100 фоиз эгаси бўлган. Ортиқхўжаев бизнес империяси халқаро тадқиқот марказига айланганидан сўнг бу акциялар Акфа-Артел менежерларидан бири Исмоил Исроилов номига ўтказилди. Eko Elеktron эса Ортиқхўжаевнинг Артел бренди томонидан электротехника маҳсулотлари учун ишлатилаëтган маҳаллий ширкатдир.

Worldpoint Sales Limited ширкатининг директори Danny Banger бўлган. Бу одам кимлигини биласизми? Danny Banger – БМТ Тараққиëт дастури томонидан Ўзбекистонда ўта оғир ҳолатларда фирибгарлик содир этган шахс деб топилган ва 2023 йилга қадар БМТ қора рўйхатига киритилган. Коррупция ва пул ювиш каби амалиëтларда гумонланган бу одам Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев бизнес империяси таркибига кирувчи ширкатга раҳбарлик қилиб келган”. Иқтибос тугади. [2,3].

3-далил. Имон Каримова Швейцариядаги миллионларни қайтариш тўхтатилганини билдирди. [5].

Озодликдан иқтибос: “Битта одам – Гулруҳ Расуловна Каримованинг ҳатти-ҳаракатлари боис¸ Ўзбекистон халқи ваъда қилинган пулларни ололмайди. Бу эса биринчи марта бўлаëтгани йўқ. Бундан бир ойча олдин онам бу пулларни қайтариш учун мавжуд тўсиқларни айланиб ўтиш ва олиб ташлаш жараëнини бошлаган эди”¸ деб бошланади Имон Каримованинг навбатдаги мактуби.

Хатда ëзилишича¸ онаси сақланаëтган қамоқхона нозири Гулруҳ Каримова ўз назоратидаги колониядаги туганмас жанжаллар¸ беш аëлнинг ҳар хил сабаб билан ўлгани ортидан ўтган йил ишдан четлатилган; беш аëл ва 21-колония қошидаги болалар уйида сақланган бир бола ўлими Гулнора Каримова 2018 йили жазони ўташ даврида рўй берган.​

Имон Каримова¸ бундай иддаосига бирор-бир далил келтирмаган.

Имон Каримова таъкидича¸ 2019 йилнинг март ойида онаси “уйдирма айблар” билан қайта 21-колонияга ташланганидан сўнг¸ прокуратура ходимлари¸ хусусан Илëс Муҳаммедов Гулруҳ Каримовани яна қамоқхона нозирлигига тайинлаган.

Кўп ўтмай¸ Гулруҳ Расуловнанинг бу амалга махсус вазифа билан – онамга босим ўтказиш учун қайтарилгани аëн бўлди. Прокуратура ходимлари онам билан муваффақиятсиз тугаган келишувда ўзлари қилган қонун бузишларини бекитиш¸ онамни ҳамкорлик қилмагандек кўрсатиш ва шу орқали унинг қамоқдан чиқиш эҳтимолини бутунлай йўқ қилишни исташди”¸ деб ëзади Имон Каримова.

Ўзбекистон марҳум президентининг Лондонда яшаëтган невараси¸ онаси жорий йилнинг март ойида 21-колонияга қайтарилгандан бери яна икки одамнинг ўлганини айтади. Озодлик бу иддаони ҳозирча мустақил манбалар томонидан тасдиқлата олмади.

Ўтган ой Имон Каримова ва Гулнора Каримованинг Швейцариядаги адвокати Грегуар Манжа (Grégoire Mangeat) марҳум президент тўнғичининг Зангиота қамоқхонасида ўта оғир аҳволда сақланаëтгани¸ саломатлиги ëмонлашиб бораëтгани¸ тез-тез ҳушдан кетишига қарамай¸ унга тиббий ëрдам кўрсатилмаëтгани ҳақида ëзган эди”. Иқтибос тугади. [5].

Бундан олдинги мақолам ва видеода журналист Комилжон Шамшиддиновнинг биринчи ва охирги давлат котиби Раҳим Ражабов билан суҳбатида [6] мамлакатда завод ва корхоналар коррупция йўли билан қандай қилиб хонавайрон қилингани баён этилган бўлса, мухолифатчи сиёсатчи Сафар Бекжон Урганжийнинг “Ҳокимиятдаги 45 раҳбар Швейцарияда блокланди” видеосида Ўзбекистоннинг 45 юқори лавозимдаги раҳбарларининг коррупция йўли билан орттирган маблағларининг, пулларининг Швейцария банкларида музлатилганлиги ошкора қилинганди. [7].

Марҳум диктатор Ислом Каримовнинг тўнғич қизи Гулнора Каримованинг 1 миллиард АҚШ долларига яқин пул маблағлари ва мол мулклари ҳам Швейцарияда музлатилган эди. Шу музлатилган пуллардан 133 миллион АҚШ доллари миқдоридаги пуллари Ўзбекистонга қайтариладиган бўлди. [4]. Гулнора Каримова ҳаммаси бўлиб 15 миллиард АҚШ доллари ўмарган.

Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигиниг дастлабки йилларида прокурорларни “Ҳамманг ўғрисан. Буларнинг ғўдайганини кўринг” каби иборалар билан сийлаган эди. Бу гаплардан кейинги қама қамалар катта шов шувларга сабаб бўлган эди. Лекин, бу қама қамаларнинг асл сабаби мавҳумлигича қолган эди. Мухолифатчи Сафар Бекжон Урганжийнинг бир қатор видеоларидан маълум бўлдики Ўзбекистонлик юқори лавозимдаги 90 йирик амалдордан 45 тасининг Швейцариядаги банк ҳисоблари, мол мулклари музлатилган. Қолган 45 тасиники ҳам музлатилиши мумкин. 90 йирик коррупционерларнинг пуллари, мол мулклари музлатилса, коррупционерлар ўмарган пулларидан маҳрум бўлиб қолишлари мумкин. Ўзбекистонда эса ижтимоий иқтисодий аҳвол жуда оғир. Ўзбекистон бу пулларга жуда муҳтож.

Президент Шавкат Мирзиёев буларнинг ҳаммасидан олдиндан хабардор бўлган. Балким, унинг ўзи ҳам 90 йирик коррупционер қаторидадир. Нима бўлгандаям, тузоққа тушган 90 йирик коррупционерларнинг пулларини мамлакатга қайтариш керак, шу жумладан балким, ўзининг пулларини, мол мулкларини ҳам.Образли қилиб айтганда президент Шавкат Мирзиёевнинг бир оёғи қопқонда, бир оёғи эркин.

Менимча, Ўзбекистонлик йирик коррупционерларнинг Швейцарияга ўтказиётган пуллариниг ифлослиги, кирлиги Европанинг, АҚШнинг раҳбарларига маълум бўлган. Лекин, Афғонистон, Ироқ ва Суриядаги террористларга қарши урушда улар марҳум диктатор Ислом Каримовнинг ҳамкорлигига,ёрдамига муҳтож бўлишгани учун бу коррупцион ишларга кўз юмишган. Террористлар умуман олганда янчилди. Энди Ўзбекистондаги йирик коррупционерларни жазоласа бўлаверади.

Ўзбекистон республикаси конституциясига кўра:

118-модда.

Ўзбекистон Республикаси худудида қонунларнинг аниқ ва бир хилда бажарилиши устидан назоратни Ўзбекистон Республикасининг Бош прокурори ва унга бўйсунувчи прокурорлар амалга оширади.

Афсуски, Ўзбекистонда ватандошларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳар қадамда оёя ости қилинади, зўравонлик ва коррупция гуллаб яшнаябди. Бунда прокуратуранинг ҳиссаси ҳам улкан.

4-далил. Манбалар: Отабек Муродов ҳибсга олиниши ортидан Бош прокуратурада янги “тозалаш” бошланди. [8].

Озодликдан иқтибос:”Отабек Муродов 20 июнь куни президент фармони билан Ўзбекистон Бош прокурори лавозимидан олингани ортидан тизимдаги ўнлаб юқори лавозимли мулозим ишдан олинган.

Бу мулозимларнинг кўпчилиги¸ гувоҳ ëки жиноят иши фигуранти сифатида сўроқ қилинмоқда. Ҳибсда қолаëтган Отабек Муродов эса¸ жараëнга яқин расмийнинг айтишича¸ адвокат билан учраштирилмаяпти.

Ўзбекистон куч ишлатар тизимларидаги бир-биридан мустақил иккита мулозим иддаосига кўра¸ собиқ Бош прокурорга яқин бўлган прокуратура ходимларидан каттагина қисми ишдан олинган. Улардан ўнга яқини жиноят иши фигуранти сифатида терговга тортилган.

Бораëтган тергов¸ шунингдек кадрлар алмашинувига оид матбуотга маълумот бериш ваколати йўқлиги боис¸ бу мулозимлар шахси сир қолишини сўради.

Озодлик гаплашган ҳуқуқ тизими расмийсига кўра¸ вилоят прокурорларининг 70 фоизидан ишдан кетиш ҳақида ариза олинган ва бу аризалар қондирилган. Ҳозирча бу маълумот Бош прокуратура томонидан расман тасдиқланмади.

Озодлик гаплашган бу мулозимлар ишдан четлаштирилган прокуратура ходимлари ўз собиқ раҳбари Муродов устидан кўрсатма ëзиб беришганини билдирди. Суҳбатдош иддаосича¸ бу ходимлар ўз кўрсатмасида Бош прокурорга катта суммада пора беришга мажбурланганини ëзиб берган.

Прокуратурадаги кадр ўзгаришлардан хабардор мулозим Озодликка Отабек Муродов қамалиши ортидан лавозимидан ажраган амалдорлар рўйхатини тақдим қилди.

Бу рўйхатда Бош прокуратуранинг Ички ишлар вазирлиги органларидаги қонунлар ижроси устидан назорат бошқармаси бошлиғи Баҳром Тоштемиров¸ Қорақалпоғистон прокурори Хидир Каримов¸ Бош прокуратура Кадрлар бошқармаси бошлиғи Жаҳонгир Мирсафоев номлари бор.

Озодликка тақдим этилган маълумотларда шунингдек¸ Ички хавфсизликни таъминлаш инспекцияси¸ Суд қарорларини ижро этишда ва қамоққа олинганларни сақлашда қонунларга риоя этилиши устидан назорат бошқармаси¸ Қишлоқ хўжалиги соҳасида қонунийликни таъминлаш ва хўжалик юритувчи субъектларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўлими¸ Жиноятларни тергов қилиш бўлими раҳбарларининг лавозимидан олингани айтилади

Бош прокуратурада бошланган янги тозалаш тўлқинидан хабардор иккинчи Тошкент мулозими¸ аксарият бошқарма ва бўлим раҳбарлари¸ шунингдек вилоят прокурорларининг ишдан кетишини тасдиқлади.

Озодлик ҳозирча бу маълумотларни расман тасдиқлатишга муваффақ бўла олмади.

Икки собиқ Бош прокурор – Рашитжон Қодиров ва Ихтиëр Абдуллаевлар қамоққа олиниб¸ улар коррупция ва мансаб ваколатларини суиистеъмол қилишда айблангани ортидан¸ прокуратура тизимида тозалаш жараëни бошланган эди.

Бош прокуратура жорий йилнинг апрелига қадар¸ “сўнгги бир йил ичида тизимдаги барча раҳбарлик лавозимларининг 66 фоизга янгилангани¸ 2016-2019 йиллар ичида эса раҳбар кадрларни янгилашнинг 97 фоизни ташкил этгани”ни маълум қилган эди”. Иқтибос тугади. [8].

Юқорида келтирилган далиллар бўйича, Ўзбекистон оммавий ахборот воситаларида Кристиан Ласслеттнинг Жаҳонгир Ортиқхўжаевга тегишли бўлган коррупцион схемаларни фош қилувчи тадқиқотлари, 3 чет эллик инвесторнинг номлари, Сафар Бекжон Урганжийнинг 90 йирик коррупционерга оид видеолари ёритилмади.

Бу далиллар бўйича Бош прокуратура жиноий иш очмади.

Президент Шавкат Мирзиёев ҳеч қандай мунособат билдирмади.

Қисқа хулоса шуки, мамлакатда коррупцияга қарши кураш систематик олиб борилмаябди, фақат нуқтавий (точечный) олиб борилябди. Ўрта синф ва фуқаровий жамият оёққа туриб олиши учун шароит яратилмаябди.

Зеро,Ўзбекистонда коррупция кўрсаткичи (Corruption Perceptibility Index) 2018-йилда 22 балл билан дунёнинг 180 мамлакати қаторида 157-ўринни эгаллаган бўлса, 2019 – йилда 23 балл билан 158 – ўринни эгаллади. Ўзбекистоннинг коррупция кўрсаткичи 1 баллга яхшилангани билан дунёнинг бошқа мамлакатларида коррупция кўрсаткичи Ўзбекистонга нисбатан кўпроқ яхшилангани учун Ўзбекистон 157 – ўриндан 158 – ўринга тушиб қолган. [9].

Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари ва эркинликларининг оёқ ости қилиниши, иқтисодий ва сиёсий эркинликларнинг чекланганлиги, зўравонлик ва коррупциянинг бисёрлиги мамлакат ватандошларида албатта фахрланиш ҳисси уйғотмайди. Булар 21 асрга тегишли қадриятлардир. Бу қадриятлар бизга нотанишроқ, бегонароқдир. Бироқ, халқ бирон нарсадан фахрланиши керак-ку?!

Ўрта асрлар тарихи, машҳур олимлари шоирлар, саркардалар бизга танишроқ, тушунарлироқ.

Шундай фахрланиш ҳиссини марҳум, машҳур шоиримиз Эркин Воҳидовнинг “Ўзбегим” шеърини ўқиганимизда [10] ва машҳур ҳофиз Шерали Жўраев ижросида эшитганимизда туямиз. [11].

Ўзбегим [10]

Қасида

Тарихингдир минг асрлар

Ичра пинҳон, ўзбегим,

Сенга тенгдош Помиру

Оқсоч Тиёншон, ўзбегим.

 

Сўйласин Афросиёбу

Сўйласин Ўрхун хати,

Кўҳна тарих шодасида

Битта маржон, ўзбегим.

 

Ал Беруний, Ал Хоразмий,

Ал Фороб авлодидан,

Асли насли балки Ўзлуқ,

Балки Тархон, ўзбегим.

 

Ўтдилар шўрлик бошингдан

Ўйнатиб шамширларин

Неча қоон, неча султон,

Неча минг хон, ўзбегим.

 

Тоғларинг тегрангда гўё

Бўғма аждар бўлди-ю,

Икки дарё – икки чашминг,

Чашми гирён, ўзбегим.

 

Қайсари Рум найзасидан

Бағрида доғ узра доғ,

Чингизу Боту тиғига

Кўкси қалқон, ўзбегим.

 

Ёғди тўрт ёндин асрлар

Бошингта тийри камон,

Умри қурбон, мулки торож,

Юрти вайрон, ўзбегим.

 

Давр зулмига ва лекин

Бир умр бош эгмадинг,

Сен – Муқанна, сарбадор – сен,

Эрксевар қон, ўзбегим.

 

Сен на зардушт, сен на буддий,

Сенга на оташ, санам,

Одамийлик дини бирла

Тоза имон, ўзбегим.

 

Маърифатнинг шуъласига

Талпиниб зулмат аро,

Кўзларингда окди тунлар

Кавкабистон, ўзбегим.

 

Тузди-ю Мирзо Улуғбек

Кўрагоний жадвалин,

Сирли осмон токига илк –

Қўйди нарвон, ўзбегим.

 

Мир Алишер наърасига

Акс-садо берди жаҳон,

Шеърият мулкида бўлди

Шоҳу султон, ўзбегим.

 

Илму шеърда шоҳу султон,

Лек тақдирига қул,

Ўз элида чекди ғурбат,

Зору нолон, ўзбегим.

 

Мирзо Бобур – сен, фиғонинг

Солди олам узра ўт,

Шоҳ Машраб қони сенда

Урди туғён, ўзбегим.

 

Шеъриятнинг гулшанида

Сўлди маҳзун Нодира,

Сийм танни ювди кўз ёш,

Кўмди армон, ўзбегим.

 

Йиғлади фурқатда Фурқат

Ҳам муқимлиқда Муқийм,

Нолишингдан Ҳинду

Афғон Қилди афғон, ўзбегим.

 

Тарихинг битмакка, халқим,

Мингта Фирдавсий керак,

Чунки бир бор чеккан оҳинг

Мингта достон, ўзбегим.

 

Ортда қолди кўҳна тарих,

Ортда қолди дард, ситам,

Кетди ваҳминг, битди заҳминг,

Топди дармон, ўзбегим.

 

Бўлди осмонинг чароғон

Толе хуршиди билан,

Бўлди асрий тийра шоминг

Шуъла афшон, ўзбегим.

 

Мен Ватанни боғ деб айтсам,

Сенсан унда битта гул,

Мен Ватанни кўз деб айтсам,

Битта мужгон, ўзбегим.

 

Фахр этарман, она ҳалқим,

Кўкрагимни тоғ қилиб,

Кўкрагида тоғ кўтарган

Танти деҳқон, ўзбегим.

 

Ўзбегим деб кенг жаҳонга

Не учун мадҳ этмайин!

Ўзлигим билмоққа даврим

Берди имкон, ўзбегим.

 

Мен буюк юрт ўғлидурман,

Мен башар фарзандиман,

Лек аввал сенга бўлсам

Содиқ ўғлон, ўзбегим.

 

Менга Пушкин бир жаҳону

Менга Байрон бир жахон,

Лек Навоийдек бобом бор,

Кўкси осмон, ўзбегим.

 

Қайга бормай бошда дўппим,

Ғоз юрарман, гердайиб,

Олам узра номи кетган

Ўзбекистон, ўзбегим.

 

Бу қасидам сенга, ҳалқим,

Оқ суту туз ҳурмати,

Эркин ўғлингман, қабул эт,

Ўзбегим, жон ўзбегим.

1968

Абдужалил Бойматов

Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамияти вице президенти.

5июль, 2019-йил.

Дублин, Ирландия.

Фойдаланилган адабиётлар:

1. Андижон ҳокими “ўзи” учун фермерларга алоҳида буғдой солиғи солгани иддао қилинди. 29.06.2019. ( https://www.ozodlik.org/a/andijon-hokimi-uzi-uchun-bugdoy-soligi-soldi/30027347.html ).

2. Kristian Lasslett: Жаҳонгир Ортиқхўжаев бизнес империяси халқаро пул ювишда айбланган шахсларга алоқадор! 01.07.2019. ( https://www.ozodlik.org/a/jahongir-ortiqxojayev-tashkent-city-kristian-lasslet/30030012.html ).

3. “Марказий Осиëдаги бизнес империяси Британиядаги махфийликдан қандай фойдаланмоқда”. 01.07.2019. ( https://www.ozodlik.org/a/kristian-lasslett-open-democracy-jahongir-ortiqxojayev-tashkent-city/30030068.html ).

4. Швейцария прокуратураси Каримова пулларидан $133 миллионини Ўзбекистонга қайтаришга қарор қилди. 24.06.2019. (https://www.ozodlik.org/a/gulnora-karimova-shvaytsariya-pullar/30016764.html ).

5. Имон Каримова Швейцариядаги миллионларни қайтариш тўхтатилганини билдирди. 02.07.2019. ( https://www.ozodlik.org/a/iman-karimova-gulnora-karimova-prokuratura-pullar/30033279.html ).

6. Xurshid Davron Kutubxonasi.Sobiq davlat kotibi Rahim Rajabov bilan suhbat – Xurshid Davron kutubxonasi. 13.05.2019. (https://www.youtube.com/watch?v=q3OOYrfxiGs ).

7. Safar Bekjon Urganjiy.Ҳокимиятдаги 45 рахбар Швейцарияда блокланди. 17. 03.2019. ( https://www.youtube.com/watch?v=Tk6SgEeABFY ).

8. Манбалар: Отабек Муродов ҳибсга олиниши ортидан Бош прокуратурада янги “тозалаш” бошланди. 02.07.2019. (https://www.ozodlik.org/a/bosh-prokuratura-otabek-murodov-nigmatilla-yuldoshev/30033374.html ).

9.Transparency International. Corruption Perceptions Index 2018

( https://www.transparency.org/cpi2018 ).

10. O’zbegim. Qasida. ( Manba http://tafakkur.net/ozbegim/erkin-vohidov.uz ).

11. Sherali Jo’rayev – O’zbegim | Шерали Жўраев – Ўзбегим (concert version 2018). ( https://www.youtube.com/watch?v=6CaqJFkL9Pk ).