Jan 042019
 

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга Мурожаатномаси”да [1,2] Суд тизимининг, Олий Мажлиснинг мустақил бўлиши тўғрисида, Бош вазир ва вазирларнинг ҳар чоракда Олий Мажлис депутатларига ҳисобот бериши тўғрисида, вилоят ва туман ҳокимларининг вилоят ва туман кенгашларига ҳисобот бериши тўғрисида ва мамлакатда 2019- йилда ўтказиладиган сайловлар тўғрисида тўҳталиб ўтилди.

Мурожаатнома гулдурос қарсаклар билан олқишлаб турилди. Лекин, мени ўта ҳайрон қолдирган нарса президент Шавкат Мирзиёев мамлакатга мухолифат кераклиги, зарурлиги тўғрисида лом-мим демади. Зеро, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 34-моддасида мухолифат ҳуқуқлари кафолатланган. [3].

34-модда.

Ўзбекистон Республикаси фуқаролари касаба уюшмаларига, сиёсий партияларга ва бошқа жамоат бирлашмаларига уюшиш, оммавий ҳаракатларда иштирок этиш ҳуқуқига эгадирлар.

Сиёсий партияларда, жамоат бирлашмаларида, оммавий ҳаракатларда, шунингдек ҳокимиятнинг вакиллик органларида озчиликни ташкил этувчи мухолифатчи шахсларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қадр-қимматини ҳеч ким камситиши мумкин эмас.

Юқорида айтиб ўтганимдек мени ўта ҳайрон қолдирган нарса наҳотки президент Шавкат Мирзиёев 21-асрнинг 19-йилида яшасакда мамлакат учун мухолифат сувдай, ҳаводай зарурлигини билмаса? Наҳотки, депутатлар ҳам мамлакат учун мухолифат зарурлигини билишмаса? Ўзбекистон жамиятичи?!

Дунёнинг ривожланган мамлакатлари тарихий тажрибаси шуни кўрсатадики, инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳурмат қилмасдан, сиёсий мухолифатсиз иқтисодий, ижтимоий тараққиётга эришиб бўлмайди.

Мен “Ўзбекистон Fitch ва Standard & Poor’sларнинг рейтингини олди. Солиқ тўлаш” номли мақолам ва видеода [4,5] таъкидлаб ўтганимдек, Fitch ва Standard & Poor’s халқаро кредит агентликлари Ўзбекистонда аҳоли жон бошига ялпи ички маҳсулот $1,200 эканлигини аниқлашган.

Бу ерда бу кўрсаткичнинг шуниси ажабланарлики, марҳум диктатор Ислом Каримов даврида бу кўрсаткич $2,200га тенг эди, президент Шавкат Мирзиёев даврида эса $1,504. [6]. Яъни бу кўрсаткич марҳум диктатор Ислом Каримов даврида ҳам Президент Шавкат Мирзиёев даврида ҳам ошириб, кўпиртириб келтирилган. Энди шу нарса маълум бўляптики, дунёда аҳоли жон бошига ўртача маҳсулотлар ишлаб чиқариш ва хизматлар кўрсатиш бўйича 2017 йилда 10,714 АҚШ доллари [7] бўлгани ҳолда Ўзбекистонда $1,504 эмас, $1,200. Шу кўрсаткич бўйича Ўзбекистон дунёнинг ўрта даражасидан 7 баравар орқада эмас, 9 баравар орқада.

Ўзбекистон иқтисодиёти мен аввалги мақолаларимда кўп марта таъкидлаб ўтганимдек, дунёда аҳоли жон бошига ўртача сотиб олиш паритети бўйича маҳсулотлар ишлаб чиқариш ва хизматлар кўрсатиш ( PPP- Purchasing Power Parity per capita) 17,300 АҚШ доллари бўлгани ҳолда Ўзбекистонда $7000 эмас [7], $3,500. Шу кўрсаткич бўйича Ўзбекистон дунёнинг ўрта даражасидан 2 баравардан кўпроқ орқада эмас, 5 баравар орқада.

Бу кўрсаткичлар Ўзбекистоннинг иқтисодий жиҳатдан дунёдан жуда орқада қолганлигини, иқтисодий қолоқ мамлакат эканлигини кўрсатади.

Иқтисодий қолоқлик сиёсий тизимнинг қолоқлигидан келиб чиқади.

Ўзбекистонда хонликлар даврида маддоҳлар хонни дуолар ўқиб олқишлашган, Совет даврида, марҳум диктатор Ислом Каримов даврида қарсаклар билан олқишлашган. Президент Шавкат Мирзиёев даврида ҳам президентнинг маърузалари қарсаклар билан олқишланяпти.

Дунёнинг ривожланган, эркин, демократик мамлакатларида ҳам Президент, Бош вазир қарсаклар билан олқишланади. Лекин бу мамлакатларда Ўзбекистондан фарқли равишда сиёсий рақобат бор. Президент, Бош вазир ва партия етакчилари эркин, демократик сайловларда ғолиб чиқсалар қарсаклар билан олқишланадилар.

Ҳануз 2019-йил келибдики, Ўзбекистонда эркинлик йўқ, эркин, демократик сайловлар йўқ, сиёсий рақобат йўқ. Ўзбекистон сиёсий жиҳатдан, иқтисодий жиҳатдан, ижтимоий жиҳатдан ҳануз қолоқ.

Яна шу ерда ўзбек мухолифатига тўҳталиб ўтишимга тўғри келади.

Дастлаб Бирлик Халқ Ҳаракати номидаги ҳаракатни ва кейинроқ шу номдаги партияни 29 йилдан бери бошқариб келаётган Абдураҳим Пўлатов, Эрк Демократик партиясини 28 йилдан бери , Ўзбекистон Халқ Ҳаракатини 7 йилдан бери бошқариб келаётган Муҳаммад Солиҳ ва Бирдамлик Халқ Демократик Ҳаракатини ва кейинроқ шу номдаги партияни 14 йилдан бери бошқариб келаётган Баҳодирхон Туркистон (Баҳодир Чориев) каби доҳийлар коалицияга уюшиб сиёсий кучга айланишни умуман ҳохлашмайди. [8,9].

Ўзбек мухолифати қарийб 30 йил давомида сиёсий кучга айлана олмади. Ўзбек мухолифати етакчилари етакчиликдан доҳийларга айланиб қолишди.

Ўзбекистон жамияти 30 йил ўтдики, иқтисодий эркинлик учун, сиёсий эркинлик учун сиёсий кучга айланиб кураша олмаяпти.

Натижада Ўзбекистонда ҳанузгача бақувват ўрта синф ва кучли фуқаровий жамият шакллана олмади. Ўзбекистон жамияти маддоҳвозликдан ва доҳийларнинг орқасидан подадек эргашиб юришни бас қилишлари пайти келди деб ўйлайман.

Абдужалил Бойматов

Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамияти вице президенти.

4январь , 2019-йил.

Дублин, Ирландия.

Фойдаланилган адабиётлар:

1. UZBEK TV. 28.12.2018. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга Мурожаатномаси. Манба: Ўзбекистон Миллий Телерадио Компанияси.

( https://www.youtube.com/watch?v=cyw-fEU7zks ).

2. Президент Мурожаатномаси: тўлиқ матн. 29.12.2018. (https://kun.uz/news/2018/12/28/prezident-murojaatnomasi-toliq-matn ).

3. O’zbekiston Respublikasi Konstitutsiyasi. (http://constitution.uz/oz/clause/index#section23 ).

4. Ўзбекистон Fitch ва Standard & Poor’sларнинг рейтингини олди. Солиқ тўлаш. 28.12.2018. ( http://uz.hrsu.org/archives/9362 ).

5. Ўзбекистон Fitch ва Standard & Poor’sларнинг рейтингини олди. Солиқ тўлаш. Видео. 29.12.2018. ( http://uz.hrsu.org/archives/9365#more-9365 ).

6. The World Bank. 2017. GDP per capita (current US$) .(https://data.worldbank.org/indicator/NY.GDP.PCAP.CD ).

7. List of countries by GDP (PPP) per capita. 2017. (https://en.wikipedia.org/wiki/List_of_countries_by_GDP_(PPP)_per_capita ).

8. Баҳодирхон Туркистон-ўзбек мухолифатининг ёш доҳийси! Ўзбекистон ватандошлари доҳийларнинг орқасидан подадек эргашиб юришни бас қилишлари керак. 16.11.2018. ( http://uz.hrsu.org/archives/9300#more-9300 ).

9. Баҳодирхон Туркистон-ўзбек мухолифатининг ёш доҳийси! Ўзбекистон ватандошлари доҳийларнинг орқасидан подадек эргашиб юришни бас қилишлари керак. Видео. 17.11.2018. ( http://uz.hrsu.org/archives/9305 ).( https://www.youtube.com/watch?time_continue=11&v=xbdlccMgHzY ).