Nov 162018
 

Мен мақола ва видеога бундай ном қўйишни ҳохламасамда, шундай ном қўйишга мажбур бўлдим. Бунга сабаб, Бирдамлик Халқ Ҳаракатининг раиси Баҳодирхон Туркистон (Баҳодир Чориев) ҳаракатнинг навбатдаги қурултойини ўтказмоқчи бўлганлиги туртки бўлди.

Centre1.com интернет сайтининг 14-ноябрда ёзиши бўйича 2018-йилнинг 15-16-ноябрь кунлари Қозоғистоннинг Шимкент (Чимкент) шаҳрида Бирдамлик Халқ Ҳаракатининг қурултойи бўлиши керак эди. [1].

Centre1.comнинг 15 ноябрда хабар бериши бўйича Ўзбекистондан ҳаракатнинг 60 аъзолари қатнашиши ва яна Қирғизистон, Қозоғистонлик фаоллар ва журналистлар таклиф қилинган эди. Қурултой Шимкентдаги “Достик” меҳмонхонасида бўлиб ўтиши керак эди.

Қурултойда Баҳодирхон Туркистоннинг айтиши бўйича, 15-ноябрь куни кун тартиби тасдиқлангандан кейин ҳаракатнинг аъзолари Бирдамлик Халқ Демократик партиясининг программа ва низоми муҳокама қилинади, яъни бошқача айтганда, Бирдамлик Халқ Ҳаракати партияга айлантирилади. Муҳокамадан кейин партия раиси сайланиши ва раисликка тўрт киши ўз номзодини қўймоқчи эди.

1.Баҳодирхон Туркистон, Бирдамликнинг асосчиси;

2.Солижон Абдураҳмонов, журналист ва ҳуқуқ ҳимоячиси, собиқ сиёсий маҳбус;

3.Дилором Исҳоқова, фаол ва ўзбек муҳолифатининг фахрийси (ветеран);

4.Клара Жўраева, фаол, Самарқанд вилоятидан.

Яна бу мақолада менинг ўзбек муҳолифати партияси ва ҳаракатлари етакчиларининг алмашиши йўқлиги тўғрисидаги фикрим ҳам айтиб ўтилган.

Баҳодир Чориев Абдужалил Бойматов ҳақ, бизнинг тузилаётган партиямизда раҳбар сайлов асосида танлаб олинади ва рақобат асосида танлаб олинган лидер, етакчи умрбод Бирдамликнинг раиси бўлиб қолмайди деб ўз фикрини ифодалаган. Қурултойнинг биринчи кунида 5-7 кишидан иборат Партия кенгаши ва 21 кишидан иборат Марказий қўмитанинг сайланиши режалаштирилган.

Баҳодирхон Туркистоннинг айтиши бўйича, Бирдамлик қурултойнинг 1-куни Ўзбекистондан таклиф қилинган хонандалар ва ўйинчиларнинг катта концерти билан якунланади.

Centre1.comнинг яна 15 ноябрда хабар беришича, Шимкент меҳмонхонасининг мажлислар зали бўм-бўш, яъни Бирдамликнинг қурултойига биронта ҳам таклиф қилинган аъзолар етиб кела олмаган. [2].

Қурултой бошланишидан бир кун олдин оқшом пайти Қозоғистоннинг Миллий Хавфсизлик Қўмитаси Шимкентдаги меҳмонхонага Ўзбекистондаги турли уюштирилган тўсиқларга қарамай етиб келишга муваффақ бўлган 4 қатнашчисини тутиб, Ўзбекистонга депортация қилган. Шимкент шаҳрига ҳаракат етакчиси Баҳодирхон Туркистон ҳам етиб кела олмаган. [2].

16 ноябрь куни Centre1.comнинг хабар бериши бўйича Бирдамликнинг қурултойи 15 ноябрь куни online орқали бўлиб ўтган.[3].

Centre1.com нинг ёзиши бўйича Бирдамлик Халқ Ҳаракати партияга айлантирилган, партия раиси этиб Баҳодирхон Туркистон 4 йилга сайланган.

2018-йилнинг 15-ноябрь куни Бирдамлик Халқ Демократик партияси турли мессенжерлар ва телефон орқали ўтказилган виртуаль қурултойда ташкил топди.

Оnline қурултойда Бирдамликнинг асосчиси Баҳодирхон Туркистон (аввалги исми Баҳодир Чориев) Қирғизистоннинг Бишкекидан унинг сафдошлари эса Ўзбекистоннинг турли шаҳар ва қишлоқларидан қатнашишган. Баҳодирхон Туркистоннинг Ц-1га айтиши бўйича, виртуаль қурултойда Бирдамликнинг 45тача аъзоси қатнашган. Бошқа аъзолар билан сифатли барқарор алоқа ўрнатишнинг иложи бўлмаган.

Бирдамлик Халқ Демократик партияси Ўзбекистоннинг иқтисодий гуллаб-яшнашини, камбағаллик ва қашшоқликка қарши курашни асосий мақсад қилиб қўйган.

Партия Ўзбекистон ватандошларига сиёсий ҳуқуқлар ва фуқаровий эркинликлар кафолатланган дунёвий жамият қуриш учун кураш олиб боради. [3].

Ўзбекистон жамиятига сиёсий кучга эга бўлган муҳолиф ҳаракат ёки партия ниҳоятда зарур. Демократик муҳолиф партия ёки ҳаракатнинг ниҳоятда зарурлигига қуйидаги уч воқеа сабаб бўла олади.

1-воқеа. Ғаллаорол хокими томонидан беш минг дарахтнинг йўқ қилиниши. [4].

Озодликдан иқтибос:”Жиззах вилояти Ғаллаорол туманидан OzodMikrofon га қўнғироқ қилган пенсионер Набижон Жўрабоевнинг иддао қилишича, 18 октябрь куни ишдан олинган Ғаллаорол тумани ҳокими Абдурашид Йўлдошев икки йил раҳбарлиги даврида 5000дан ортиқ 30-40 йиллик дарахтни кестириб, табиатга жиддий зарар етказган.

Икки йил орасида ҳоким дарахтларга қирон келтирди. Соппа-соғ бир неча ўн йиллик дарахтларни қурт тушган деган баҳонада кестириб юборди. Шунча йил дарахтларга қурт тушмагану, бу ҳоким бўлиб келгандан кейин қурт тушиб қолибди. Бозорни бузиб ташлади, чала ётибди. Хуллас, бу ҳоким халқнинг бошига келган бир бало эди. Халқнинг дарди ахийри, президентга етиб борди ва уни ишдан олди”, дейди Набижон Жўрабоев”. Иқтибос тугади. [4].

2-воқеа. Ўзбекистоннинг эркин иқтисодий худудларига инвестиция киритган чет эллик инвесторларнинг пушаймонлиги. [5].

Spot.uz интернет сайтининг ёзиши бўйича, “Ривожланиш стратегияси” маркази ва Швейцариянинг Peace Neksus фонди Ўзбекистондаги эркин иқтисодий худуд(ЭИХ)ларнинг самарадорлиги бўйича тадқиқот ўтказган. Тадқиқот бўйича чет эллик инвесторларнинг кўпчилиги Ўзбекистоннинг эркин иқтисодий худудларига инвестиция киритганларидан пушаймонлигини айтишган.

Тадқиқот “Ангрен” ва “Навоий” эркин иқтисодиы худудларида ўтказилган. Тадқиқотчиларга кўра, эркин иқтисодий худудлар Ўзбекистон саноатининг ривожланиш локомотиви бўла олмаган. Уларнинг саноат ишлаб чиқаришдаги ҳиссаси ниҳоятда кичик. Тадқиқотчилар эркин иқтисодий худудлар ўртасида ҳамкорликнинг кучсизлиги, худудлар ишини мувофиқлаштиришга масъул ягона давлат тизими йўқлигини таъкидлашган.

Охирги 2 йил давомида 18та эркин иқтисодий худудлар тузилган. 1- эркин иқтисодий худудлар 2008-2013-йилларда яратилган. Булар “Навоий”, “Ангрен”, “Жиззах”- ЭИХлари. Мамлакатда ҳаммаси бўлиб 21 та эркин иқтисодий худуд фаолият кўрсатяпти. Шулардан тўққизтаси саноат, еттитаси фармацевтика, иккитаси қишлоқ хўжалиги ва яна сайёҳлик, транспорт-логистик ва спорт жихозлари ишлаб чиқариши. Мамлакатда 402 та компания рўйҳатга олинган, улардан фақат 112 та компания фаолият кўрсатяпти. [5].

3-воқеа. Сиёсатчи Сафар Бекжоннинг Ўзбекистон ватандошлигидан чиқарилиши. [6].

Озодликдан иқтибос: “Швейцариянинг Лозанна шаҳрида яшаётган асли ўзбекистонлик сиёсий фаол Сафар Бекжоннинг Озодликка айтишича, уни бир йил аввал Ўзбекистон ватандошлигидан чиқариб юборишгани ҳақида энди хабар топган. Ўзбекистондан ташқари бошқа ватандошлиги йўқлигини айтган Сафар Бекжон уни ватандошликдан маҳрум қилишганини ўзининг сиёсий фаолияти билан боғламоқда.

57 яшар Сафар Бекжон (Бекчанов Сапарбай Жумабаев)нинг Озодлик билан суҳбатда айтишича, унга Ўзбекистон ватандошлигидан чиқарилгани сабабини изоҳлашмаган:

– Ўзбекистоннинг Берлиндаги консуллигидан хат олдим. Хатда президент фармонига кўра, 2017 йил 17 март куни мен ватандошликдан чиқарилганим айтилган. Сабаби кўрсатилмаган. Сабаб кўрсатилиши керак, мана шу сабабларга кўра, ватандошликдан чиқарилди деб яъни айб кўрсатилиши керак. Айб кўрсатилмаган. Менинг агар иккинчи ватандошлигим бўлганда, шуни сабаб қилиб кўрсатишлари мумкин эди. Лекин менинг иккинчи ватандошлигим йўқ. Менда БМТ берган қочқинлик ҳужжати бор холос”. Иқтибос тугади.

Яна Озодликнинг шу мақоласидан иқтибос:”Сафар Бекжон ватандошликдан чиқарилганини сиёсий фаолияти билан боғлайди:

– Бу, албатта, диктатуранинг давоми. Жаноб Мирзиёев ислоҳотларига ишонганида мени Ўзбекистонга киритарди. Демак, жаноб Мирзиёев менинг сиёсатчи сифатида Ўзбекистонда бўлишимга қаршилик қилаяпти. Уни танқид қилиб, унга зарба беришим мумкин бўлган сиёсатчи сифатида Ўзбекистонда бўлишимни истамаяпти.

Сафар Бекжоннинг айтишича, у хорижлик тадбиркорлардан иборат 10 кишилик гуруҳ тузган ва шу гуруҳ ёрдамида Ўзбекистоннинг қишлоқ хўжалиги соҳасига инвестиция киритишни режалаштирган, бироқ у эндиликда бу лойиҳаси амалга ошмаслигидан афсусланади”. Иқтибос тугади. [6].

Юқоридаги биринчи воқеада келтирилган Ғаллаорол туман хокими Абдурашид Йўлдошев томонидан беш минг дарахтга қирон келтирилиши Ўзбекистонда Орол денгизининг қарийб қуриб битиши ва чинорларнинг қирғин қилиб бўлинишидан кейин рўй бермоқда. Кўриниб турибдики, келажакда АЭС қурилишига ва дарахтларнинг қирон келтирилишига йўл қўймаслик учун кучли фуқаролик жамияти зарур.

Иккинчи воқеа яъни эркин иқтисодий худудларга чет эл инвесторларининг инвестиция киритганлигидан пушаймонлиги Ўзбекистоннинг иқтисодий ривожланишини ва иқтисодий қолоқликдан чиқа олишини катта шубҳа остига

қўяди.

Учинчи воқеада келтирилган мухолифатчи, сиёсатчи Сафар Бекжоннинг Ўзбекистон ватандошлигидан маҳрум қилиниши президент Шавкат Мирзиёев бошчилигидаги Ўзбекистон хокимиятининг Ўзбекистон жамиятининг энг илғор қисми бўлган ўзбек мухолифатининг салоҳиятидан воз кечаётганлигини кўрсатади.

Бу Ўзбекистон Республикаси конституциясининг 34-моддасини президент Шавкат Мирзиёев режими томонидан оёқ ости қилинишидир. [7].

34-модда.

Ўзбекистон Республикаси фуқаролари касаба уюшмаларига, сиёсий партияларга ва бошқа жамоат бирлашмаларига уюшиш, оммавий ҳаракатларда иштирок этиш ҳуқуқига эгадирлар.

Сиёсий партияларда, жамоат бирлашмаларида, оммавий ҳаракатларда, шунингдек хокимиятнинг вакиллик органларида озчиликни ташкил этувчи мухолифатчи шахсларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қадр-қимматини ҳеч ким камситиши мумкин эмас.

Ўзбекистонда кучли, сиёсий кучга эга бўлган мухолифат партия ва ҳаракатларининг йўқлигига фақатгина Ўзбекистон хокимиятининг ўзини айблаш етарли эмас. Бунга мухолиф партия ва ҳаракатларнинг етакчилари ва Ўзбекистон ватандошларининг ҳам айблари бор. Чунки, Баҳодирхон Туркистон Бирдамлик Халқ Ҳаракатини 14 йилдан бери бошқариб келяпти, Бирдамлик ҳаракатини партияга айланди, яна камида 8 йил бошқариши мумкин. Бу дегани Бирдамликда раҳбарлар алмашиши йўқ, Бирдамликда демократия йўқ. Яъни, Баҳодирхон Туркистон ўзбек мухолифатининг энг ёш доҳийси ҳисобланади.

Абдураҳим Пўлатов Бирлик Халқ Ҳаракатини ва шу номдаги партияни 29 йилдан бери бошқариб келмоқда, Муҳаммад Солиҳ эса Эрк Демократик партиясини 28 йилдан бери бошқариб келяпти. Бу етакчилар ўзбек мухолифатининг кекса доҳийларидир.

Марҳум диктатор Ислом Каримов Ўзбекистонни 27 йил бошқарди, президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистонни неча йил бошқарар экан?

Қисқаси, Ўзбекистон – доҳийлар мамлакати. Ўзбекистон доҳийлари эркин, демократик жамият қурамиз деб тинмай вайсайдилар, улар учун Ўзбекистон Республикасининг конституцияси ва ҳаракат ва партияларнинг низоми бир парча қоғоз.

Уларни танқид қилсангиз Ўзбекистон хокимияти сизни ватан хоини, товламачи, экстермист, террорист деб сохта айблар билан таъқиб қилади.

Мухолифат доҳийлари эса сизни мухолифатни обрўсини тўкиш учун мухолифат сафларига яширинча киритилган ДХХ(МХХ)нинг агенти деб тўҳмат қилишади. [8].

Афсуски, Ўзбекистон ватандошлари бу доҳийларнинг орқасидан ҳанузгача пода-пода бўлиб юришибди. Ўзбекистон Нельсон Мандела, Лех Валенса, Роза Отунбоева ва Михаил Сакаашвилидай етакчиларга ўта муҳтож.[9].

Абдужалил Бойматов

Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамияти вице президенти.

16ноябрь , 2018-йил.

Дублин, Ирландия.

Фойдаланилган адабиётлар:

1. В лидеры новой партии «Бирдамлик» будут баллотироваться четыре кандидата. 14.11.2018. ( https://centre1.com/uzbekistan/v-lidery-novoj-partii-birdamlik-budut-ballotirovatsya-chetyre-kandidata/ ).

2. Узбекистан и Казахстан сорвали курултай «Бирдамлика» в Шымкенте. 15.11.2018. ( https://centre1.com/uzbekistan/uzbekistan-i-kazahstan-sorvali-kurultaj-birdamlika-v-shymkente/ ).

3. Курултай «Бирдамлика» прошел онлайн… . 16.11.2018. (https://centre1.com/uzbekistan/kurultaj-birdamlika-proshel-onlajn/ ).

4. “Ғаллаорол ҳокими икки йиллик раҳбарлигида 5000 дарахтни йўқ қилди”. 10.11.2018. ( https://www.ozodlik.org/a/hokim-daraxtlarni-yuq-qildi/29593139.html ).

5. Большинство иностранных инвесторов сожалеют, что инвестировали в СЭЗ Узбекистана. 12.11.2018. (https://www.spot.uz/ru/2018/11/12/research/?fbclid=IwAR31qiMOj2uFnQ19aIvcEIIJhrmSjLR3SysKpPBfLly9v19uOCDBJidf1TI ).

6. Сафар Бекжон: Ўзбекистон ватандошлигидан чиқаришгани сабабини изоҳлашмади. 12.11.2018. ( https://www.ozodlik.org/a/ozbekiston-fuqarolik/29596363.html ).

7. O’zbekiston Respublikasi Konstitutsiyasi. (http://constitution.uz/oz/clause/index#section23 ).

8. Ўзбек мухолифати етакчилари Абдужалил Бойматовнинг танқидига қандай жавоб беришди!? 21.08.2018. ( http://uz.hrsu.org/archives/2403 ).

9. Баҳодир Чориев демократми?! 04.05.2014. (http://uz.hrsu.org/archives/6770).