Dec 142018
 

2018-йилнинг 9-декабрь, якшанба куни Арманистонда навбатдан ташқари парламент сайловлари бўлиб ўтди. [1]. Сайловларда Николь Пашиняннинг “Менинг қадамим” алъянси 70.4% овоз олганини Марказий Сайлов Комиссияси эълон қилди.

Николь Пашиняннинг алъянси парламентда кўпчилик ўринни эгаллади ва коррупцияни жиловлаш, иқтисодни ислоҳ қилиш программасини амалга тадбиқ қилиш имкониятига эга бўлди. Навбатдан ташқари парламент сайловлари Арманистонда 100 минглаб намойишчиларнинг 9 ой олдинги оммавий намойишларидан кейин бўлиб ўтди. Сайловларда собиқ ҳокимиятдаги республикачилар партияси 4.7% овоз олиб 101 ўринлик Миллий ассамблеянинг (парламентнинг) 5% лик тўсиғидан ўта олмади.

“Менинг қадамим” алъянсининг рақиби бой тадбиркор Гагик Сарукяннинг “!Фаровон Арманистон” партияси 8.3% овоз олди.

Либерал, ғарбпараст Эдмон Марукяннинг (Пашиняннинг собиқ ҳамкори) “Келажаги порлоқ Арманистон” партияси 6.4% овоз олиб 3-ўринни эгаллади.

Дашнақцутюн партияси 3.9% овоз олди. Марказий Сайлов Комиссиясига кўра сайловда умумий сайловчиларнинг 48.6% қатнашган, бу 2017-йилнинг апрелида бўлиб ўтган парламент сайловларидан 12% кам.

Николь Пашиняннинг иддаоси бўйича, Арманистонда биринчи марта эркин, демократик сайловлар бўлиб ўтган. Унинг айтиши бўйича “Менинг қадамим” алъянсининг мақсади келажакда Арманистонда демократик ютуқларни мустаҳкамлаш ва иқтисодий революцион ўзгаришларни амалга ошириш. [1,2].

Мен яна қўшимча қилиб айтаманки, Арманистонда нафақат биринчи марта эркин, демократик сайловлар бўлиб ўтди, яна бунинг устига Арманистон ватандошларига тинч норозилик билдириш эркинлиги ҳуқуқи берилди.

СССР парчалангандан 27 йил ўтиб Арманистон эркин, демократик мамлакатга айланди. Ундан олдин Латвия, Литва, Эстония, Молдавия, Грузия, Украина ва Қирғизистон эркин, демократик мамлакатлар қаторига қўшилган эди.

Афсуски, Ўзбекистон Россия Федерацияси, Қозоғистон, Белоруссия, Озарбайжон,Тожикистон, Туркманистон каби эркин, демократик бўлмаган мамлакатлар қаторида.

Зеро, халқаро Freedom House ташкилоти ҳисоботига кўра Арманистон фуқаровий ва сиёсий ҳуқуқлар кўрсаткичи бўйича 44 баллга эга, Ўзбекистон эса 7 баллга эга бўлиб, дунёнинг 10 та энг ёмонлари қаторида. [3].

Арманистон иқтисодий эркинлик кўрсаткичи бўйича (Economic Freedom Index) 68.7 балл билан 44-ўринни эгаллайди ва иқтисоди мўътадил эркин (Moderately Free) мамлакатлар қаторида, Ўзбекистон эса 51.5 балл билан 152-ўринда ва кўпроқ иқтисоди эркин бўлмаган (Mostly Unfree) мамлакатлар қаторида. [4].

Юқоридаги икки кўрсаткичдан кўриниб турибдики, Арманистон Ўзбекистонга қараганда сиёсий ва иқтисодий эркинроқ.

Арманистонда аҳоли жон бошига сотиб олиш паритети (PPP-Purchasing Power Parity) 9,908, Ўзбекистонда эса 6,990 АҚШ доллари. [5].

Ўзбекистонда газ, олтин, уран каби бойликлар бисёр, лекин иқтисодий, сиёсий эркинликлар йўқ, Арманистонда эса газ, олтин, уран каби бойликлар йўқ, бироқ иқтисодий, сиёсий эркинликлар Ўзбекистонга нисбатан кўпроқ.

Арманистон Николь Пашиняннинг Бош вазирлиги даврида янада сиёсий, иқтисодий эркинроқ бўлади. Ўзбекистон эса президент Шавкат Мирзиёев даврида сиёсий, иқтисодий эркинроқ мамлакатга айланиши даргумон.

Ўзбек муҳолифати эса сиёсий кучга эга эмас. Дастлаб Бирлик Халқ Ҳаракати номидаги ҳаракатни ва кейинроқ шу номдаги партияни 29 йилдан бери бошқариб келаётган Абдураҳим Пўлатов, Эрк Демократик партиясини 28 йилдан бери , Ўзбекистон Халқ Ҳаракатини 7 йилдан бери бошқариб келаётган Муҳаммад Солиҳ ва Бирдамлик Халқ Демократик Ҳаракатини ва кейинроқ шу номдаги партияни 14 йилдан бери бошқариб келаётган Баҳодирхон Туркистон (Баҳодир Чориев) каби доҳийлар коалицияга уюшиб сиёсий кучга айланишни умуман ҳохлашмайди. [6,7].

Афсуски, Ўзбекистон ватандошлари ўзларининг сиёсий, иқтисодий эркинликлари учун оммавий уюшиб курашмаяптилар. Қуйидаги икки маълумот келажакка умид уйғотади.

1-маълумот. Франциянинг иқтисодни бошқариш дастурига қарз бериши. [8].

Озодликдан иқтибос: “Франция Тараққиёт агентлиги Ўзбекистонга иқтисодий бошқарувни яхшилаш дастурини амалга ошириш учун 150 миллион евро қарз берадиган бўлди. Молия вазирлигининг маълум қилишича, бу борадаги шартнома 12 декабрда имзоланди.

Мазкур дастур Осиё тараққиёт банки билан ҳамкорликда ишлаб чиқилган. Дасутрнинг амалга оширилиши Ўзбекистонда қўшимча иш жойларини яратилишига ва ижтимоий инфраструктурани ривожланишига хизмат қилади.

Франция қарзни 20 йилга олти йиллик имтиёз билан бермоқда.

Франция Тараққиёт агентлиги Франция ҳукумати томонидан белгилаб берилган ривожлантириш лойиҳаларини молиялаш мақсадида ташкил этилган”. [8]. Иқтибос тугади.

2-маълумот. Ўзбекистон жаҳон тараққиёт уюшмасининг энг йирик 10 қарздор мамлакатлар қаторида. [9].

Fergana.agency интернет сайтининг хабар беришича, Ўзбекистон халқаро тараққиёт уюшмасининг (Международная ассоциация развития) энг йирик 10 қарздор мамлакатлари қаторига кирди. Бу ҳақда Жаҳон банкининг “Қашшоқликка барҳам бериш. Инвестициялар-имкониятларни кенгайтириш учун” номли ҳисоботи ташкилотнинг расмий сайтида чоп қилинган.

Ҳозиргача Ўзбекистон учун ажратилган қарз 740 миллион АҚШ доллари.

Ўзбекистон қаторида банкдан энг кўп қарз олган мамлакатлар Эфиопия ($3,1млрд), Бангладеш ($2.9млрд), Нигерия ($2,5млрд), Покистон ($1,9 млрд),

Кения ($1,2 млрд), Фил суяги қирғоғи ($987 миллион), Танзания ($955 миллион), Непал ($706 млн) ва Уганда ($640млн).

Ўзбекистон иқтисодни ўзгартиш бўйича ислоҳотларни ўтказишда икки йил давомида ижобий натижаларга эришган, шу сабабли Жаҳон Банки Ўзбекистон билан бозор иқтисодиётини қуришда, давлат институтларини ислоҳ қилишда, ватандошлар билан мулоқотни кенгайтириш ва инсон капиталини ривожлантириш учун инвестициялар киритиш бўйича ҳамкорлик стратегиясини қайта кўриб чиққан.

Банк 2018-йилда Ўзбекистонда беш янги лойиҳаларни амалга ошириш учун – энергия самарадорлигини ошириш, боғдорчилик ва сабзавотчиликни ривожлантириш ҳамда тез тиббий ёрдам хизмати сифатини яхшилаш учун $1,4 млрд пул ажратган.

Банк Ўзбекистондаги лойиҳалар учун ҳаммаси бўлиб $3,3 млрд молиявий ёрдам кўрсатмоқчи.

Бу ёрдам Ўзбекистоннинг бозор иқтисодиётига ўтишида ҳамда транспорт, таълим, шаҳарни ривожлантириш, сув билан таъминлаш ва санитария бўйича ислоҳотларига кўмаклашиш мақсадида ажратилганлиги ҳақида ҳисоботда айтилади.

Яна шуни таъкидлаб ўтиш керакки, Жаҳон Банки Ўзбекистон хукумати билан қишлоқ хўжалигини диверсификация ва модернизация қилиш бўйича ва мамлакатда мажбурий меҳнатга барҳам бериш амалиётида ёрдам бериш бўйича ҳамкорлик қилмоқчи.

Юқорида келтирилган икки маълумотдан келиб чиқадики, балким келажакда Ўзбекистон сиёсий ва иқтисодий эркинроқ мамлакатга айланар.

Абдужалил Бойматов

Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамияти вице президенти.

14декабрь , 2018-йил.

Дублин, Ирландия.

Фойдаланилган адабиётлар:

1. Pashinian Alliance Scores ‘Revolutionary Majority’ In Landslide Armenian Win. 10.12.2018. ( https://www.rferl.org/a/armenian-elections-pashinian-my-step-sarkisian-hhk/29645721.html ).

2. Алексей Романов. РЕВОЛЮЦИЯ ПРОДОЛЖАЕТСЯ? Как проходили выборы в Армении. 10.12.2018. ( https://www.youtube.com/watch?v=FvkV1hsAPw4 ).

3. Freedom in the World 2018 by Aggregate Score.

( https://freedomhouse.org/report/freedom-world/freedom-world-2018 ).

4. 2018 Index of Economic Freedom. Country Rankings. (https://www.heritage.org/index/ranking).

5. List of countries by GDP (PPP) per capita. 2017. (https://en.wikipedia.org/wiki/List_of_countries_by_GDP_(PPP)_per_capita ).

6. Баҳодирхон Туркистон-ўзбек мухолифатининг ёш доҳийси! Ўзбекистон ватандошлари доҳийларнинг орқасидан подадек эргашиб юришни бас қилишлари керак. 16.11.2018. ( http://uz.hrsu.org/archives/9300#more-9300 ).

7. Баҳодирхон Туркистон-ўзбек мухолифатининг ёш доҳийси! Ўзбекистон ватандошлари доҳийларнинг орқасидан подадек эргашиб юришни бас қилишлари керак. Видео. 17.11.2018. ( http://uz.hrsu.org/archives/9305 ).( https://www.youtube.com/watch?time_continue=11&v=xbdlccMgHzY ).

8. Франция иқтисодни бошқариш дастурига 150 миллион евро қарз берди. 13.12.2018. ( https://www.ozodlik.org/a/29653412.html ).

9. Узбекистан вошел в десятку крупнейших заемщиков Международной ассоциации развития. 10.12.2018. ( https://fergana.agency/news/103419/ ).