Nov 302018
 

Шавкат Мирзиёев Ўзбекистонни президент сифатида бошқаришга киришиши билан Ўзбекистонни ривожлантиришнинг беш йўналишини маълум қилди:

1.Давлат бошқарувини модернизация қилиш;

2.Суд-ҳуқуқ тизимини модернизация қилиш;

3.Иқтисодиётни либераллаштириш;

4.Ижтимоий соҳада ислоҳотлар;

5.Ташқи сиёсат тамойиллари.

Президент Шавкат Мирзиёев 2018-йилнинг 14-декабрь куни мамлакатни президент сифатида бошқараётганига икки йил тўлади. Шу давр мобайнида давлат бошқаруви ва суд-ҳуқуқ тизимида модернизация қанчалик амалга ошганини қуйидаги уч воқеадан яққол тасаввур қилсак бўлади.

1-воқеа. Фермерлардан мусодара қилинган 100дан ортиқ тракторни сотиб юборилиши. [1].

Озодликдан иқтибос: “Тошкент вилоят, Пскент туман МИБ (Мажбурий ижро бюроси) ходимлари фермер хўжалиги ҳисобида турмаган автомобиллар ва уй жиҳозларини ҳам мусодара қилмоқда.

Бу ҳақда Озодликка шикоят қилган фермерларнинг айтишларича, гарчи уларда банкдан олган кредитини ёпиш имкони бўлса ҳам, МИБ ходимлари мусодара жараёнини бошлаб юборган”. Иқтибос тугади.

Яна Озодликнинг шу мақоласидан иқтибос: “Бекзод Ширанов 51 гектар ерга буғдой ва пахта эккан. Буғдой режасини ортиғи билан бажарган. Туман ҳокимининг илтимоси билан режадан ортиқ яна 15 тонна буғдой топширган.

Бу йил пахта режасини 88 фоиз бажарган. Ёғингарчилик туфайли пахта 5-сортга олинаётгани, фойдасидан зарари кўп бўлгани учун теримни тўхтатган.

“Қонунлар тескари ишлаяпти”

Фермернинг айтишича, у Агробанкнинг Пскент туман филиалидан 156 миллион сўм кредит олган. Лекин шу пайтгача, даврли кредитларни муддатидан олдин ёпиб келган:

– Кредитни ёпиш учун 18 миллион сўм қолган. Лекин, ҳали пахта заводида пул бўлмагани учун охирги топширган пахтам пули тушмаган. Бундан ташқари 40 миллион сўм суғуртадан тушади. Мен ўйнаб-ўйнаб ёпаман, ўзимга ҳам қолади.

Аммо, булар ҳеч нарсани тушунишни истамайди, юқоридан айтилган деб, кўзига кўринган нарсага ёпишади. Ҳамма жойда қонун бузиляпти, Биринчидан, кредитни ёпиш муддатига ҳали олти ой бор, иккинчидан, МИБ ходимлари ижро варақаси ҳам кўрсатмасдан фермерларнинг ҳисобида турмаган мол-мулкни мусодара қиляпти, учинчидан, иқтисодий суд МИБга ноқонуний жарима ва қарорлар чиқариб беряпти. Судьяга бу ишини айтсам, “юқоридан шунақа буйруқ бўлган”, дейди. Биз қанақа давлатда яшаяпмиз?- дейди фермер Бекзод Ширанов.

Фермернинг айтишича, у тендердан яна 33 гектар ер ютиб олган, лекин туман ҳокими шу пайтгача қарор чиқариб бермаяпти:

– 12 октябрда ютиб олганман. Қарорини уч кунда олишим керак эди. Мана икки ой ўтяпти, қаршилик қилиб, бермаяпти. Мен у ерга кузги буғдой экишим керак эди. Мана ҳали бир сўтих ҳам эколмадим, ерни ҳайдата олганим йўқ, -дейди Бекзод Ширанов.

Озодликка Пскент туманидан яна бошқа фермерлар ҳам мурожаат қилиб, МИБ ходимлари ҳали иқтисодий суднинг ажрими улар қўлига етиб келмасдан туриб, МИБ ходимлари уларнинг фермер хўжалиги балансида бўлган-бўлмаган мол-мулкини мусодара қилишга киришганини айтди”. Иқтибос тугади.

Озодликнинг шу мақоласидан яна иқтибос: “МИБ ходимининг айтишича, фермерлардан тортиб олинган техникалар кластер фирмага тендерсиз, жуда арзон нархда сотиб юбориляпти:

Туманда 180 ортиқ фермернинг 30 миллиард сўм қарзи бор эди. Деярли ундириб бўлдик, ҳозир 80 миллион сўм қолган, холос. Масалан, 150 миллион сўм турадиган тракторни 40-50 миллион сўмдан “Тўқимачи” деган кластер фирма сотиб оляпти. Кейин фермер номига банкдан пластик карточка очтириб, ўшанга ташлаб беряпти, фермернинг банкдаги ҳисобига ташламаяпти, чунки, фермернинг солиқдан қарзи бор, солиқ олиб қўяди. МИБ ходимлари карточкани фермердан қўлини қайириб бўлса ҳам олиб қўядида, пластигидан олиб тўлаттириб юборяпти. Ҳозир фермерларнинг 100дан ортиқ техникаси ана шундай арзон-гаровга аукционсиз сотилиб кетди. Қонун бўйича бу техникалар аукционда сотилиши керак, лекин бундай бўлмади”, дейди МИБ ходими.” Иқтибос тугади.

2-воқеа. ЙҲХ инспекторларининг холис гувоҳлардан бўш қоғозга қўл қўйдириб олиши. [2].

Озодликдан иқтибос:”Андижон шаҳридан Озодликка юборилган видеода йўл ҳаракати хавфсизлиги инспекторларининг маст ҳолда автомобиль бошқарганликда гумонланган ҳайдовчи билан бўлган ҳолат қонунга зид равишда ҳужжатлаштирилаётгани акс этган.

Ҳайдовчи инспекторлар унинг иштирокисиз машинани тинтув қилгани ва холисларга бўм-бўш қоғозга имзо қўйдириб олишганини айтади ва бу ҳолат видеода акс этган.

Воқеа иштирокчиси бўлган ҳайдовчининг иддао қилишича, инспекторлар уни ҳаракатланмаётган автомобилнинг йўловчи ўриндиғида ўтирган пайтда ноқонуний тарзда жавобгарликка тортган.

Воқеа иштирокчисининг айтишича, вилоят йўл ҳаракати хавфсизлиги бу ишни судга оширгандан кейин, вилоятдаги олтита маъмурий суд бу ишни кўриб чиққан, лекин биттаси ҳам бирор қарорга келолмаган”. Иқтибос тугади.

Яна Озодликнинг шу мақоласидан иқтибос:”Инспекторлар билан тортишаётган йигит Андижон шаҳрида яшовчи тадбиркор, 29 яшар Давронбек Шокиров эканлиги маълум бўлди.

Шокировнинг Озодликка айтишича, видеода Андижон вилоят ИИБ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармасининг 1-сафарбарлик гуруҳи инспекторлари С.У., Р. М., С.Т., Ш.С. ва У. Қ. уни ноқонуний жазолаган ҳолатлари акс этган.

Тадбиркор сўзларига кўра, жорий йилнинг 25 март куни у ўз машинасида, лекин йўловчи ўриндиғида ўтирган пайтда, ЙҲХ инспекторлари уни маст ҳолда машина бошқарганликда гумонлаб, ушлашган:

– Андижон шаҳрида бўлди воқеа. Менинг машинам тўхтаб турган эди, мен озгина ичганим учун автомобилни бошқаришни ўртоғимга берган эдим. У ҳожат чиқаргани тушиб кетган эди. Мен йўловчи ўриндиғида ўтирган эдим. Шу пайт инспекторлар келиб мендан ҳужжат сўраб, “ичиб олдингизми”, деди. Мен уларга, “ичганманми-йўқми, мен рулда эмасманку, нима қиласиз мендан ҳужжат сўраб”, дедим. Кейин биттаси машинага шарт ўтирдида, рейд қилаётган жойларига ҳайдаб кетди. У ердан эса наркологияга олиб боришди, – деди Давронбек Шокиров.

Тадбиркорнинг иддао қилишича, наркология бўлимида унга юзаки ташхис қўйилган:

– Дўхтир юз тузилишимга қараб туриб, ичган деб ёзиб беряпти. Менинг давлениям ошган, ўлчамасдан ҳар нарсани ёзиб бераверасизми, десам, “ҳа, ёзиб бераверамиз”, деди, – дейди тадбиркор.

Давронбек Шокировнинг айтишича, инспекторларнинг ноқонуний ҳаракатларини у тасвирга туширишга муваффақ бўлган:

– Мен уларга бир неча марта мен ҳайдовчи эмас, йўловчи ўриндиғида бўлганимни айтдим, лекин қулоқ солишмади. Иккинчидан, улар машинамни менинг иштирокимсиз, ноқонуний тинтув қилишди. Учинчидан, тинтув пайтида гўёки холис сифатида иштирок этган икки гувоҳдан бўм-бўш қоғозга имзо қўйдириб олишди. Кейин нима хоҳлашса шуни ёзишган. Бу ҳужжатни қалбакилаштириш эмасми? Бу ҳолатларнинг ҳаммаси видеода бор”. Иқтибос тугади.

3-воқеа. Умумжаҳон Инсон Ҳуқуқлари декларациясининг 70 йиллигига бағишланган Самарқанддаги халқаро форумга (Инсон Ҳуқуқлари бўйича Осиё Форуми, 22-23-ноябрь, Самарқанд шаҳри -Asian Human Rights Forum) ҳуқуқбонларнинг бориши омадсиз бўлди. [3].

Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамиятининг веб-сайти хабар беришича, “Шарқнинг озод қилинган аёллари” ( Освобожденные Женщины Востока)

гуруҳи аъзолари Татьяна Довлатова, Гулбаҳор Каримбекова, Муниса Очилова ва Холида Ширинова 21-ноябрь куни тунда автоуловда Самарқандга жўнашган.

Улар Самарқандга эсон-омон етиб боришган. Самарқандда улар ёмғир билан кутиб олинган. Эрталаб улар форум қатнашчилари жойлашган президент саройини излашган. Уларга йўлда ҳуқуқбонлар Аделия Худойберганова ва Маҳфуза Нормуродова қўшилишган.

Саройга 100 метрча етмасдан фуқаро кийимидига бир гуруҳ одамлар ва милиционерларга дуч келишган. Форум бўладиган бино ўраб олинган ва бинога кириш учун беш метрлик баланд девор ёнидаги арчаларни айланиб ўтишга тўғри келган. Баланд деворнинг тугаш қисмида ҳуқуқбонларни қимматбахо норкали шуба кийган аёллар ва фуқаро кийимидаги эркаклар кутиб турган бўлган. Уларнинг ҳаммаси пейджиксиз бўлган, биронтасиям гувоҳномасини кўрсатмаган.

Қисқаси шуба кийган аёллар ва фуқаро кийимидаги эркаклар ҳуқуқбонларни форумга киритишмаган ва ҳаттоки баннерлар ёнида суратга тушишга ҳам рухсат беришмаган. Кейинчалик уларга Тошкентдан келган бир гуруҳ аёллар Нигора Қодирова, Малика Ҳайитова, Соня Осимова, Дилфуза Эшмуродова ва яна тўрт аёллар келиб қўшилган.

Ҳуқуқбонларни халқ қабулхонасига олиб боришган, қабулхонадаги учрашувлар тугагандан кейин уларни микроавтобусларда Тошкентга олиб бориб қўйишган. Тошкентда ҳуқуқбонларни милиционерлар сўроққа тутишган. Форумга боришни ким ташкил қилган? Ким молиялаштирган? Форумга боришни ким сизларга маслаҳат берган? Нима учун сизлар Самарқандга бордиларинг?

Юқорида келтирилган воқеалардан кўриниб турибдики, Ўзбекистон ватандошлари президент Шавкат Мирзиёев даврида ҳам ўз ҳуқуқ ва эркинликлари бузилса суд-ҳуқуқ тизимларига мурожаат қилиб адолат топиш ўрнига, суд-ҳуқуқ тизимлари томонидан уларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари оёқ ости қилиняпти. Ўзбекистон Республикаси конституциясининг 25, 26,27 ва 33-моддалари ишламаяпти. [4].

25-модда.

Ҳар ким эркинлик ва шахсий дахлсизлик ҳуқуқига эга.

Ҳеч ким қонунга асосланмаган ҳолда ҳибсга олиниши ёки қамоқда сақланиши мумкин эмас.

26-модда.

Жиноят содир этганликда айбланаётган ҳар бир шахснинг иши судда қонуний тартибда, ошкора кўриб чиқилиб, унинг айби аниқланмагунча у айбдор ҳисобланмайди. Судда айбланаётган шахсга ўзини ҳимоя қилиш учун барча шароитлар таъминлаб берилади.

Ҳеч ким қийноққа солиниши, зўравонликка, шафқатсиз ёки инсон қадр-қимматини камситувчи бошқа тарздаги тазйиққа дучор этилиши мумкин эмас.

Ҳеч кимда унинг розилигисиз тиббий ёки илмий тажрибалар ўтказилиши мумкин эмас.

27-модда.

Ҳар ким ўз шаъни ва обрўсига қилинган тажовузлардан, шахсий ҳаётига аралашишдан ҳимояланиш ва турар жойи дахлсизлиги ҳуқуқига эга.

Ҳеч ким қонун назарда тутган ҳоллардан ва тартибдан ташқари бировнинг турар жойига кириши, тинтув ўтказиши ёки уни кўздан кечириши, ёзишмалар ва телефонда сўзлашувлар сирини ошкор қилиши мумкин эмас.

33-модда

Фуқаролар ўз ижтимоий фаолликларини Ўзбекистон Республикаси қонунларига мувофиқ митинглар, йиғилишлар ва намойишлар шаклида амалга ошириш ҳуқуқига эгадирлар. Хокимият органлари фақат ҳавфсизлик нуқтаи назаридангина бундай тадбирлар ўтказилишини тўҳтатиш ёки тақиқлаш ҳуқуқига эга.

Ўзбекистонда ҳануз сиёсий, иқтисодий эркинликлар чекланган. Халқ қабулхоналарига, суд-ҳуқуқ тизимларига мурожаат қилиб Ўзбекистон ватандошлари адолат топишлари мушкул.

Абдужалил Бойматов

Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамияти вице президенти.

30ноябрь , 2018-йил.

Дублин, Ирландия.

Фойдаланилган адабиётлар:

1. Туман МИБи фермерлардан мусодара қилинган 100 дан ортиқ тракторни соттириб юборди. 28.11.2018. ( https://www.ozodlik.org/a/mib-fermer-nomida-bulmagan-avtomobilni-qamab-quydi/29626467.html ).

2. Андижонда ЙҲХ инспекторлари холис гувоҳлардан бўш қоғозга қўл қўйдириб олди (ВИДЕО). 27.11.2018. ( https://www.ozodlik.org/a/andijon-yol-harakati/29624137.html ).

3. ПОЕЗДКА В САМАРКАНД НА МЕЖДУНАРОДНЫЙ ФОРУМ В ЧЕСТЬ 70-ЛЕТИЯ ВСЕМИРНОЙ ДЕКЛАРАЦИИ ПРАВ ЧЕЛОВЕКА НЕ УВЕНЧАЛАСЬ УСПЕХОМ. 25.11.2018. (http://ru.hrsu.org/archives/6106#more-6106 ).

4. O’zbekiston Respublikasi Konstitutsiyasi. (http://constitution.uz/oz/clause/index#section23 ).