Oct 052018
 

2018-йилнинг 1-октябрь куни Ўзбекистоннинг БМТдаги элчиси Бахтиёр Иброҳимов Бош Ассамблеянинг 73-сессиясида нутқ сўзлади. [1].

Озодликдан иқтибос: “Ўзбекистон демократик, ҳуқуқий давлат қуришда давом этади ва инсон ҳуқуқларини кафолатлаш масаласига асосий эътиборни қаратади.

Бу ҳақда Ўзбекистоннинг БМТдаги элчиси Бахтиёр Иброхимов Бош Ассамблеянинг 73-сессиясининг 1 октябрдаги йиғинида сўзлаган нутқида билдирди.

-Бугун Ўзбекистон Республикаси радикал ва динамик ўзгаришларнинг муҳим босқичида турибди. Бу ўзгаришларнинг моҳияти шаффоф ва ижтимоий жиҳатдан ҳимояланган бозор иқтисоди ҳамда фаол фуқаролик жамияти мавжуд бўлган демократик ҳуқуқий давлатни ривожлантиришдир. Бу давлатнинг асосий қадрияти одамларнинг ҳуқуқи, эркинлиги ва қонуний манфаатлари бўлади,-деди Бахтиёр Иброҳимов”. Иқтибос тугади. [2].

Мен Бахтиёр Иброҳимовнинг инглиз тилида қилган нутқини youtubeда кўрдим. Бахтиёр Иброҳимов ўз нутқида Ўзбекистоннинг болалар меҳнати, мажбурий меҳнат, эркин конвертация, қўшни Марказий Осиёдаги мамлакатлар билан сиёсий, иқтисодий ва маданий алоқаларнинг яхшиланганлиги, диний эркинлик, Орол экологик фожеаси, Ўзбекистоннинг Афғонистонда тинчлик ўрнатиш учун, бу мамлакат билан сиёсий, иқтисодий ва маданий алоқаларнинг яхшилаш йўлида қилаётган сайи-ҳаракатлари ҳақида тўхталиб ўтган.

Нутқдан шундай таассурот туғиладики, президент Шавкат Мирзиёевнинг сайи-ҳаракатлари натижасида яқин 5-10 йилда Ўзбекистонда эркин, демократик ва фаровон жамият қурилади. Ўзбекистонда ҳозирги кундаги инсон ҳуқуқлари бўйича ҳақиқий реал аҳвол қандайлигини тасаввур қилиш учун мен учта мисол келтираман.

1-мисол. Себзордаги бузилаётган уйлар.

Озодликдан иқтибос: “Тошкентнинг Себзор даҳасидаги эски маҳаллаларда 29 сентябрь оқшомида, кутилмаганда, аҳоли уйлари бузила бошлади. Тошкент шаҳар ҳокимияти хонадон эгалари бузилишлардан бир неча ой аввал огоҳлантирилгани, уларга Юнусобод туманидаги иккита янги кўп-қаватли уйдан квартира берилишини айтмоқда.

29 сентябрь куни оқшом соат 22 лар атрофида Тошкент шаҳрининг Себзор даҳасидаги “Жанггоҳ” маҳалласида аҳоли уйлари бузила бошлади.

Воқеа жойига борган Тошкент шаҳар ҳокими вазифасини бажарувчи Жаҳонгир Ортиқхўжаев, маҳаллий матбуотга, бу ерда 79 та ҳовли бузилиши, уларнинг ўрнида Ҳиндистон, Хитой ва Тожикистон элчихоналари қурилишини билдирди.

30 сентябрь куни в​оқеа жойига борган Озодлик мобил мухбирининг хабар қилишича, бузилиши керак бўлган 80га яқин уйининг қарийб ҳаммаси бир кечада бузиб бўлинган.

“Бузилиши керак бўлган 10 тача уй қолган. Оилалар юкларини ташияпти”, деб хабар қилди мобил мухбир”. Иқтибос тугади. [3].

Шу нарсага эътибор беришингизни истардимки, уйлар кундуз куни эмас оқшомдан бошланиб эрталабгача тунда бульдозерлар билан бузилган. Уйларнинг бузилиши шахсан шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг иштирокида бўлиб ўтган. Уйлар қўққисдан худди уруш пайтидагидай бузилган.

2-мисол. Косонлик тадбиркор Фазилат Нормуродованинг ҳоким томонидан калтакланиши.

Озодликдан иқтибос: “Қашқадарё вилояти Косон туман ҳокими Бахтиёр Ражабов 11 сентябрь куни президент сайëр қабулхонасига шикоят қилиш учун борган тадбиркор Фазилат Нормуродовани кўпчилик олдида калтаклаган.

Фазилат Нормуродованинг Озодликка иддао қилишича, ҳоким Бахтиёр Ражабов барчанинг ўнгида ҳақорат қилган, сўнгра бўғиб тепкилаган.

Ҳокимнинг тепкисидан боши билан бетон ерга йиқилган Фазилат Нормуродова касалхонада ҳушига келгани, шифокорлар эса унга атайлаб бошқа ташхис қўйганини иддао қилади.

Косон тумани ҳокими Бахтиёр Ражабов Озодлик мухбирига тадбиркор аёлни урганини инкор қилди”. Иқтибос тугади. [4].

Яна Озодликнинг шу мақоласидан иқтибос:”- Мен Халқ қабулхонасига борсам, ҳоким Бахтиёр Ражабов бир бобо билан ниманидир тортишиб ўтирган экан. Эшикнинг қиясидан кўрдим. Кейин улар ташқарига чиқдиларда, мени кўрдилар. Мен ҳокимдан “энди мени ишим нима бўлади, вакил келдиларми”, деб сўрадим. Ҳоким эса, сен порталчисан, ёзувчисан деди. Мен портални президентимиз чиқарган дедим-да, у ердан чиқиб кетдим, дейди Фазилат Нормуродова.

– Чиқиб скамейкага бориб ўтираётгандим, ортимдан ҳоким ҳам чиқиб келди. Мен, “Бахтиёр ака, бир-биримизни ёзувчисан, порталчисан, демайлик. Ишимни ҳал қилиб берсангиз айтинг, бўлмаса қилмайман денг”, дедим. Кейин, ҳоким мени уятли сўзлар билан сўкиб, хоҳлаган жойингга бор, деди. Шунақа ҳам ёмон сўзлар билан сўкдики, мен ҳам унга оғзаки жавобини бердим. Шунда ҳоким, сўкиниб олдимга югуриб келди-да, томоғимдан ушлаб бўға бошлади. Ҳам бўғарди, ҳам бир қўлини ажратиб урарди. Атрофдаги тўрт-беш одам югуриб келиб, аранг ажратиб олишди. Ажратишганидан кейин ҳоким қорнимга қаттиқ тепди ва мен орқам билан бетон ерга йиқилдим, дейди Фазилат Нормуродова”. Иқтибос тугади. [4].

3-мисол. Депутат Олимжон Тўхтаназаров иши.

Озодликдан иқтибос: “Ўзбекистон ҳуқуқни муҳофаза қилиш органидан Озодликка юборилган расмий ҳужжатга кўра¸ Халқ депутатлари Наманган вилоят кенгаши депутати Олимжон Тўхтаназаров 22 сентябрь куни маҳаллий вақт билан соат 15 лар атрофида Чуст туманида аризачи аëлдан 500 АҚШ доллари миқдорида пора олаëтган пайтда қўлга олинган.

Наманган вилоят прокуратураси Уюшган жиноятчилик ва коррупцияга қарши кураш бўлими терговчиси Охунжонов воқеа юзасидан очилган 237-2-2018-200-сонли жиноят иши бўйича Тўхтаназаровни айбланувчи сифатида ишга жалб қилган, у шу кунда ҳибсда қолмоқда.

Вилоят кенгаши депутати Ўзбекистон Жиноят Кодексиниг 168-моддаси 3 қисми «в» банди (Хизмат мавқеидан фойдаланиб фирибгарлик жинояти содир этиш) ва 28-, 211- моддаси, 1- қисмида (Пора беришга суиқасд қилиш) кўзда тутилган жиноятларни содир этганликда гумонланмоқда.

Воқеага оид расмий тафсилотлар

Наманган вилоят прокуратураси 23 сентябрь куни чиқарган қарорда ëзилишича¸ поплик собиқ мактаб директори М.И. (аризачининг шахси Озодликка маълум¸ аммо тергов жараëни давом этаëтгани боис¸ эълон қилинмаëтир – таҳр.) ўз устидан чиқарилган суд ҳукмидан норози бўлиб депутат Тўхтаназаровга мурожаат қилган. Депутат суд ҳукмини бекор қилиш ва аëлни ишига қайта тиклаб беришни ваъда қилган ва прокуратура ҳужжатида ëзилишича¸ эвазига 500 доллар пора сўраган. Аëл бу тамагирлик ҳақида 20 сентябрь куни ДХХга хабар қилган ва 22 сентябрь куни Тўхтаназаров аëлдан пулни олаëтган пайтда вилоят прокуратураси ва ДХХ ходимлари томонидан қўлга олинган.

22 сентябрь куни ушланган депутат Олимжон Тўхтаназаров эҳтиëт чораси сифатида ҳибсга олинган.

Бу воқеадан ўн кунча вақт ўтганига қарамай¸ Тўхтаназаров аъзоси бўлган Ўзбекистон Либерал-демократик партияси бу воқеа ҳақида на хабар ва на муносабат билдирди.

Норасмий версия – “маҳаллий раҳбарлар ўчи”

Наманганлик депутат билан Facebookдаги мунозаралар пайтида танишганини айтган Ўтюраклар клуби етакчиси Мўътабар Тожибоева¸ Тўхтаназаровнинг қўлга олинишини маҳаллий раҳбарларнинг фаол депутатни “йўқ қилиш уриниши” сифатида талқин этади.

– Бу йигит жиноий кирдикорлари фош қилинаëтган маҳаллий раҳбарларнинг тинчини бузди. Айнан шунинг учун ҳам уни йўқ қилишга қарор қилишган. У ҳукуматнинг эмас¸ маҳаллий раҳбарларнинг тазйиқига учради. У ўз саҳифасида, масалан, Наманган вилоят молия тизимидаги кирдикорлар ҳақида ҳам ëзган. Умуман¸ Наманган вилоятидаги коррупцион жиноятлар ҳақида кўп нарса ëзган¸ депутат сўровлари киритган. Бу ҳақда ўз саҳифасида кимга¸ қайси масала бўйича сўров юборганини ëзиб келган¸ дейди Тўхтаназаров фаолиятини Facebook орқали кузатиб келган ҳуқуқ фаоли”. Иқтибос тугади. [5,6].

Мен бу иш бўйича яна қўшимча қилиб таъкидламоқчиманки, депутат Олимжон Тўхтаназаров Ўзбекистон Либерал демократик партияси аъзолигидан ўзи иштирок этмаган вилоят партия йиғилишида аъзоликдан чиқарилган. Унинг ҳақида Ўзбекистон 24 телеканалида ДХХ томонидан яратилган фильм намойиш этилган.

Бу бўлиб ўтган воқеалар кетма-кетлиги СССР давридаги репрессияларни эслатади.

Юқоридаги уч мисолдан кўриниб турибдики, Ўзбекистон ватандошининг шахс дахлсизлиги кафолатланмаган.

Ўзбекистон Республикаси конституциясининг 19, 25-моддалари қўпол равишда оёқ ости қилиняпти. [7].

19-модда

Ўзбекистон Республикаси фуқароси ва давлат бир-бирига нисбатан бўлган ҳуқуқлари ва бурчлари билан ўзаро боғлиқдирлар.

Фуқароларнинг Конституция ва қонунларда мустаҳкамлаб қўйилган ҳуқуқ ва эркинликлари дахлсиздир, улардан суд қарорисиз маҳрум этишга ёки уларни чеклаб қўйишга ҳеч ким ҳақли эмас.

25-модда.

Ҳар ким эркинлик ва шахсий дахлсизлик ҳуқуқига эга.

Ҳеч ким қонунга асосланмаган ҳолда ҳибсга олиниши ёки қамоқда сақланиши мумкин эмас.

Юқоридаги мисоллардан яна шу нарса очиқ кўриниб турибдики, Ўзбекистон ватандошларининг мулк дахлсизлиги кафолатланмаган. Уларнинг Ўзбекистон Республикаси конституциясининг 53-моддасида кўрсатилган мулкий дахлсизлиги ҳуқуқи очиқдан-очиқ оёқ ости қилиняпти.

53-модда

Бозор муносабатларини ривожлантиришга қаратилган Ўзбекистон иқтисодиётининг негизини хилма-хил шакллардаги мулк ташкил этади. Давлат истеъмолчиларнинг ҳуқуқи устунлигини ҳисобга олиб, иқтисодий фаолият, тадбиркорлик ва меҳнат қилиш эркинлигини, барча мулк шаклларининг тенг ҳуқуқлилигини ва ҳуқуқий жихатдан баб-баравар муҳофаза этилишини кафолатлайди.

Хусусий мулк бошқа мулк шакллари каби дахлсиз ва давлат ҳимоясидадир. Мулкдор фақат қонунда назарда тутилган ҳолларда ва тартибдагина мулкидан маҳрум этилиши мумкин.

Ўзбекистон ватандошларининг шахсий, мулкий дахлсизлиги ҳокимият томонидан оёқ ости қилишидан ташқари яна уларнинг ўз асосий бешта эркинликлари яъни сўз эркинлиги, ҳаракатланиш эркинлиги, эътиқод эркинлиги, йиғилишлар ўтказиш ва норозилик билдириш эркинлиги ҳуқуқи ҳам чеклангандир.

Ўзбекистон Республикаси конституциясида норозилик билдириш эркинлиги ҳуқуқи 33-моддада, ташкилотларга уюшиш эркинлиги ҳуқуқи 34-моддада кафолатланган. [7].

33-модда

Фуқаролар ўз ижтимоий фаолликларини Ўзбекистон Республикаси қонунларига мувофиқ митинглар, йиғилишлар ва намойишлар шаклида амалга ошириш ҳуқуқига эгадирлар. Ҳокимият органлари фақат хавфсизлик нуқтаи назаридангина бундай тадбирлар ўтказилишини тўхтатиш ёки тақиқлаш ҳуқуқига эга.

34-модда.

Ўзбекистон Республикаси фуқаролари касаба уюшмаларига, сиёсий партияларга ва бошқа жамоат бирлашмаларига уюшиш, оммавий ҳаракатларда иштирок этиш ҳуқуқига эгадирлар.

Сиёсий партияларда, жамоат бирлашмаларида, оммавий ҳаракатларда, шунингдек ҳокимиятнинг вакиллик органларида озчиликни ташкил этувчи муҳолифатчи шахсларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қадр-қимматини ҳеч ким камситиши мумкин эмас.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2 йиллик фаолияти шуни кўрсатмоқдаки, у Ўзбекистонда ватандошларнинг шахсий, мулкий дахлсизлиги кафолатланмаган, ватандошларнинг эркинликлари чекланган, сиёсий муҳолифатсиз “эркин, демократик” жамият қурмоқчи.

Абдужалил Бойматов

Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамияти вице президенти.

5октябрь , 2018-йил.

Дублин, Ирландия.

Фойдаланилган адабиётлар:

1. Uzbekistan/UN: Ambassador Bakhtiyor Ibragimov, Oct 1, 2018(https://www.youtube.com/watch?v=1MkRSHfz014 ).

2. БМТ Бош Ассамблеясида Ўзбекистон фаол фуқаролик жамияти мавжуд бўлган давлатга айлантирилиши айтилди. 02.10.2018. (https://www.ozodlik.mobi/a/29520484.html ).

3.Себзорда уйлар шошилинч бузилмоқда, ўрнида Ҳиндистон элчихонаси қурилади (ВИДЕО). 30.09.2018. ( https://www.ozodlik.org/a/29517356.html ).

4. Косон ҳокими президентга шикоят қилмоқчи бўлган тадбиркор аёлни урди. 02.10.2018. ( https://www.ozodlik.org/a/hokim-koson-kaltaklash-tadbirkor-prokuratura/29521374.html ).

5. Мирзиëевни Нобель мукофотига тавсия қилган депутат $500 пора билан қўлга олинди. 01.10.2018. ( https://www.ozodlik.org/a/namanganlik-deputata-mirziyoyev-nobel-qahramon-prokuratura-pora/29519287.html ).

6. ДХХ наманганлик депутатни тузоққа туширдими? 02.10.2018. (https://www.youtube.com/watch?v=q-fEg1kNs18 ).

7. O’zbekiston Respublikasi Konstitutsiyasi. (http://constitution.uz/oz/clause/index#section23 ).