Sep 142018
 

2018-йил сентябрь ойининг биринчи ўн кунлигида Ўзбекистон журналистикаси ва оммавий-ахборот воситаларига тегишли бўлган тўрт воқеа, ҳодиса бўлиб ўтди.

Биринчи воқеа. Журналистика университетининг очилиши маросими.

ЎзАдан иқтибос: “Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университетининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.

Маросимда сўз олганлар Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университетининг ташкил этилгани келажакда соҳада етук кадрлар тайёрлаш борасидаги яна бир муҳим қадам бўлганини таъкидлади.

Тадбирда университет ректори Ш.Қудратхўжаев барчани самимий қутлаб, ҳамкор ташкилотлар вакилларига сертификатлар топширди.

Маросимда Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети тақдимотига бағишланган фильм намойиш этилди.

…Ҳаяжонли дамлар. Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университетининг тантанали очилиш маросими ленталари кесилди.

2018/2019 йилги ўқув йили тантанали бошланди, – дейди Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети интернет журналистика ва ижтимоий тармоқлар факультети декани Нозима Муратова. – Ўқув аудиторияларининг ҳар бирида медиа маҳсулотларни узатиш, кўриш имконияти яратилган, дарс жадваллари ҳам электрон тарзда йўлга қўйилган. Бакалавр босқичида эса 8, магистратура босқичида 9 йўналишда талабаларимиз билим олади.

Президентимиз ташаббуси билан ташкил этилган мазкур университет талабаси бўлиш шарафига муваффақ бўлдим, – дейди Дилшода Олимова. – Келажакда ўзбек журналистикасини жаҳонга танитадиган салоҳиятли кадр бўлиб етишишга бор кучимни сарфлаб, ҳаракат қиламан”. Иқтибос тугади. [1.2].

Иккинчи воқеа. “8 сентябрь куни Тошкентда мустақил ва нодавлат оммавий ахборот воситаси сифатида тақдим қилинган Turon24 ахборот агентлигининг очилиш маросими бўлиб ўтди.

«Ўзэкспомарказ»да эстрада юлдузлари ва журналистлар иштирокида очилган Turon24 вакиллари “халққа тез ва ишончли хабарлар берадиган” агентлик бўлажаги ҳақида ваъда беришди.

Turon24 агентлиги Сиëсат бўлими мудири Сардор Салим ўзининг facebokдаги саҳифасида “Нашр миллатнинг бир-бири билан гаплашиш имконини яратиш учун майдонга чиқди”, деб ёзди:

“Биз Ўзбекистонда бир-биримиз билан деярли гаплашмаймиз. Муаммомиз ҳам шундан. Баҳс қилаëтганларнинг бири монолог айтади¸ иккинчиси қулоғини бекитиб олади. Лекин миллат бугун матбуот саҳифаси ëки парламент дебатларида ўзаро баҳслашмаса эртага кўчада “баҳслашади”.

Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлигида ОАВ сифатида рўйхатга олинган¸ 200 дан зиëд журналистни бирлаштирган Turon 24 агентлиги Бош муҳаррир ўринбосари – Дилшод Саиджонов Озодлик радиосига берган эксклюзив суҳбатида “Нашримиз миллатнинг барча қатламларига шу жумладан мухолифатнинг конструктив таклифларига минбар” беради деди:

– Мамлакатдан чиқиб кетган сиëсий мухолифат вакилларига ҳам, ҳукуматга ҳам бирдек минбар беришга тайëрмиз. Ҳозирнинг ўзида ҳар икки томонга ҳам ўз позициясини билдириш имконини яратиш устида ишлаяпмиз. Агар чет элдаги мухолифат фаолида умумий эмоционал гап ëки пафос эмас¸ балки аниқ¸ конкрет¸ конструктив таклиф бўлса, уларга минбар беришга тайëрмиз”. Иқтибос тугади. [3].

Учинчи воқеа. Ҳибсдаги блогерлар.

Америка Овозидан иқтибос: “Ўзбекистонда Зиё.уз кутубхонаси асосчиси Давронбек Тожиалиев Ўзбекистондаги оммавий ҳибслар янги ҳокимиятга нисбатан умидларни сўндираётгани ҳақида гапирмоқда. У ҳам ҳибсга олинган блогерлар қаторида экани ҳақида маълумот тарқалган эди.

Ҳозиргача олти нафар блогер ҳибсга олингани тасдиқланган, ҳуқуқ ҳимоячилари тарқатган хабарда эса ҳибсдагилар сони 10 кишидан ошгани айтилади.

Сўроққа тутилганлар рўйҳатида Даврон Тожиалиевнинг ҳам исми келтирилган, унинг ўзи “Америка Овози” билан суҳбатда буни рад этади, аммо блогерларнинг оммавий ушланаётгани жамоатчиликни жиддий хавотирга солганини таъкидлайди”. Ижтимоий тармоқларда фаол бўлган блогерларнинг ҳибс қилиниши икки ҳафтадан буён давом этмоқда. Нафақат Тошкент, балки вилоятларни ҳам қамраб олган бу ҳибслар ҳуқуқ-тартибот органлари режаланган амалиёт ўтказишаётганидан дарак беради.

Олти киши – Адҳам Олимов, Зиёвуддин Кабиров, Отабек Усмонов, Миразиз Аҳмедов, Дилшодбек Ҳалилов, Хуршидбек Муҳаммадрозиқовлар ҳибс қилингани, 15 суткагача маъмурий қамоқ билан жазолангани тасдиқланган”. Иқтибос тугади. [4].

Яна “Америка овози”нинг шу мақоласидан иқтибос: “Ҳибсга олинган блогерларнинг ҳаммасини бир мавзу – диний вазиятга доир чиқишлари бирлаштириб туради. Ижтимоий тармоқдаги мунозаралар Ўзбекистонда ягона мактаб формасининг тасдиқланиши ортидан айниқса қизиган эди.

Тожиалиевга кўра, ҳаммаси аслида аввалроқ, Халқаро пресс клубда диний соҳадаги ислоҳотларга доир ўтган мулоқот, болаларга мачитга боришига руҳсат бермаслик юзасидан билдирилган мулоҳазалардан сўнг бошланган. Ҳукумат томонидан ягона мактаб формаси тасдиқланиши, мактабда диний мансубликка оид кийимлар расман тақиқланиши эса формани тасдиқлаш юзасидан ўтказилган муҳокамада қатнашганларда кескин норозилик уйғотган.

Мулоқотда ёш болаларни мачитга қўйилмасин, мактабга қатнасин деган фикрлар айтилди. Ундан кейин эса мактаб формаси ҳақидаги муҳокамалар юзага чиқди. Унда мактабга бош кийим билан келишга тақиқни олиб ташлаш учун жуда кўплаб фикрлар билдирилди, лекин улар инобатга олинмади. Бунинг устига Вазирлар Маҳкамаси қарорида диний мансубликни билдирувчи ҳар қандай кийимлар (масалан ҳижоб), белгилар, қоидалар тақиқланиши аниқ-тиниқ қилиб белгилаб қўйилди. Бу нарса жуда кўпчиликни ҳайрон қолдирди, баъзиларни ғазабга ҳам келтирди. Чунки шунча одам давлат бизнинг фикримизни эшитар экан деб тарғиблар қилди, лекин халқ фикри инобатга олинмаганидан кейин эҳтирослар янада жўшиб кетди.Назаримда, бу ҳибслар шу эҳтиросларни босиш учун ҳам бошланди”, – деган фикрда Тожиалиев”. Иқтибос тугади. [4].

Тўртинчи ҳодиса. Facebookдаги узилишлар.

Озодликдан иқтибос:”5 сентябрдан бошлаб Ўзбекистонда Facebook ижтимоий тармоғида бошланган жиддий узилишларни Озодликка шарҳлаган “Ўзбектелеком” расмийси¸ бу муаммонинг Facebookнинг ўзи ëки глобал майдонда Интернетга уланишдаги узилишларга бориб тақалишини иддао қилди.

32 миллиондан кўпроқ аҳолиси бор Ўзбекистонни Интернет билан таъминловчи ягона манба бўлган “Ўзбектелеком” расмийси¸ ўзбекистонликларнинг Facebook тармоғига кириш¸ хусусан¸ унга видео ëки шарҳ юклашда дуч келаëтган муаммосида миллий операторнинг “қўли йўқлиги”ни иддао қилди.

Бу муаммо бўйича ҳозир Мининфоком билан шуғулланаяпмиз. Аммо ҳозирча айтишим мумкин бўлгани¸ биз томондан ҳеч қандай муаммо йўқ¸ ҳаммаси штатний режимда ишлаяпти. Техник бўлимимиз масаланинг тагига етишга уринаяпти. Аниқ хулосага келинса¸ эълон қиламиз”¸ деди Озодлик 10 сентабрь куни гаплашган “Ўзбектелеком” расмийси.

Озодлик билан суҳбатда Facebook фаолиятини яқиндан биладиган мутахассис¸ “Ўзбектелеком” расмийси баëнотининг асоссизлигини таъкидлади.

Муаммо Facebookнинг ўзидан бўлганда эди¸ биринчидан ширкат бу ҳақда фойдаланувчиларни огоҳлантирган бўларди. Иккинчидан¸ бу муаммо бир неча соат¸ аниқроғи бир соатга бориб-бормай ечимини топган бўларди. Чунки бундай узилиш Facebook бизнеси учун қимматга тушади ва фойдаланувчилар ишончига путур етказади. Учинчидан¸ агар муаммо Facebookнинг ўзидан бўлганида эди¸ у VPN билан кирганда ҳам ишламаган бўларди. Ва ниҳоят Интернетга уланиш бўйича муаммо бор¸ деган гап ҳам асоссиз¸ чунки фойдаланувчилар умуман Интернетга уланишда эмас¸ балки айнан Facebookка кириш¸ хусусан¸ унга маълумот юклашда узилишга учрамоқда”. Иқтибос тугади. [5].

Ўзбекистон оммавий-ахборот воситаларида журналистика ва оммавий коммуникация университети ва Турон24 ахборот агентлигининг фаолият бошлаганлигини Ўзбекистонда замонавий журналист кадрларни етиштириб чиқариш ва ахборот майдонида рақобатнинг кучайиши тезкор ва сифатли ахборотни етказиб бериш яхшиланади дейиляпти.

Мен бу фикрга қўшилмайман, чунки, Ўзбекистонда мулкчиликнинг аксарият қисми давлат мулкчилигидир. Бу дегани Ўзбекистондаги журналистика университети ва Турон24 ахборот агентлиги давлатга қарашлидир. Бу ташкилотлар сиёсий тузум авторитар бўлганлиги учун, моддий тарафдан давлатга қарам бўлганлиги учун Ўзбекистон республикаси конституциясининг 67-моддаси ишламайди.

67-модда.

Оммавий ахборот воситалари эркиндир ва қонунга мувофиқ ишлайди. Улар ахборотнинг тўғрилиги учун белгиланган тартибда жавобгардирлар.Цензурага йўл қўйилмайди.

Диний блогерлар масаласига келсак, диний блогерлар томонидан Ўзбекистон республикаси конститутсиясининг 41, 61,57-моддаларини билмаслиги катта келишмовчиликларни келтириб чиқаряпти.

41-модда.

Ҳар ким билим олиш ҳуқуқига эга.

Бепул умумий таълим олиш давлат томонидан кафолатланади.

Мактаб ишлари давлат назоратидадир.

61-модда.

Диний ташкилотлар ва бирлашмалар давлатдан ажратилган ҳамда қонун олдида тенгдирлар. Давлат диний бирлашмаларнинг фаолиятига аралашмайди.

57-модда

Конституциявий тузумни зўрлик билан ўзгартиришни мақсад қилиб қўювчи, республиканинг суверенитети, яхлитлиги ва хавфсизлигига, фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқ ва эркинликларига қарши чиқувчи, урушни, ижтимоий, миллий, ирқий ва диний адоватни тарғиб қилувчи, халқнинг соғлиғи ва маънавиятига тажовуз қилувчи, шунингдек ҳарбийлаштирилган бирлашмаларнинг, миллий ва диний руҳдаги сиёсий партияларнинг ҳамда жамоат бирлашмаларининг тузилиши ва фаолияти тақиқланади.

Маҳфий жамиятлар ва уюшмалар тузиш тақиқланади.

Диний блогерлар учун-дин давлатдан ажратилган ёки дин давлатдан ажратилмаган- деган тушунчаларнинг улар учун фарқи йўқ. Мана шундан келишмовчиликлар келиб чиқяпти.

Ўзбекистонни бошқараётган собиқ совет даври раҳбарлари учун, шу жумладан президент Шавкат Мирзиёев учун ҳам Ўзбекистон ватандошларининг ҳуқуқ ва эркинликларини оёқ ости қилишлари улар учун оддий ҳол.

Фақат демократик қарашдаги жаҳон жамоатчилигининг, халқаро инсон ҳуқуқи ташкилотларининг, давлатларнинг, БМТнинг ташқи босимигина бу собиқ совет раҳбарларининг инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини оёқ ости қилишларини жиловлаб туради.

Зеро, Ўзбекистонда интернет эркин эмас. [7,8].

Чегара билмас мухбирлар ташкилотининг 2018-йилги ҳисоботига кўра, Ўзбекистон 180 мамлакат ичида 60,84 балл билан 165-ўринда. [9].

Шу жумладан:

1.Норвегия,7,63;

2.Швеция, 8,31;

3.Ҳолландия,10,01;

164.Эрон,60,71;

165. Ўзбекистон,60,84;

166.Баҳрайн,60,85;

180.Шимолий Корея,88,87.

Юқоридаги рўйҳатдан кўриниб турибдики, Ўзбекистон сўз эркинлиги бўйича дунёдаги 15та энг сўз эркинлиги бўғилган мамлакатлар қаторида.

Ўзбекистонда интернет тезлиги. Мобиль телефонлар учун юклаб олиш (download)) Mbps. Ўзбекистон дунёдаги 124 мамлакат ичида бу кўрсаткич бўйича 9,60 Mbps билан 110-ўринда. [10].

Юқоридагилардан кўриниб турибдики, Ўзбекистонда сўз эркинлиги, интернет эркинлиги, интернет тезлиги жуда аянчли ҳолатда.

Абдужалил Бойматов

Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамияти вице президенти.

14сентябрь , 2018-йил.

Дублин, Ирландия.

Фойдаланилган адабиётлар:

1. Янги университет журналистика ривожига хизмат қилади. 07.09.2018. ( http://uza.uz/oz/society/yangi-universitet-zhurnalistika-rivozhiga-khizmat-iladi-07-09-2018?sphrase_id=5203946 ).

2. Jurnalistika va Ommaviy Kommunikatsiyalar Universiteti/Journalism & Mass Communications University. 09.09.2018.(https://www.youtube.com/watch?v=5YeMkQhekdA ).

3. Turon24: Хориждаги мухолифат вакилларига ҳам, ҳукуматга ҳам бирдек минбар беришга тайëрмиз. 10.09.2018. ( https://www.ozodlik.org/a/ozbekiston-matbuot/29482067.html ).

4.Hibsdagi blogerlar 10 nafardan oshdimi? 05.09.2018. (https://www.amerikaovozi.com/a/uzbekistan-bloggers-arrest/4559110.html ).

5. “Ўзбектелеком” Facebookдаги узилишлар учун Facebookнинг ўзини айблади. 10.09.2018. ( https://www.ozodlik.org/a/facebook-ishlamayapti-blogerlar-uzbektelekom/29482146.html ).

6.O’zbekiston Respublikasi Konstitutsiyasi. (http://constitution.uz/oz/clause/index#section23 ).

7. Freedom on the Net 2017. Uzbekistan Country Profile. (https://freedomhouse.org/report/freedom-net/2017/uzbekistan ).

8. Freedom House.FREEDOM ON THE NET 2017. (https://freedomhouse.org/sites/default/files/FOTN%202017_Uzbekistan.pdf ).

9. Reports without borders. 2018 World Press Freedom Index.(https://rsf.org/en/ranking_table ).

10. Speedtest Global Index. July 2018. (http://www.speedtest.net/global-index ).