Aug 242018
 

Ўзбекистон мустақиллигининг 27 йиллиги нишонланишига ўн кунлар қолганда Ўзбекистон оммавий-ахборот воситаларида марҳум диктатор Ислом Каримовнинг номини айтишга, чоп қилишга таъқиқ қўйилганлиги маълум бўлди.

Озодликдан иқтибос: “Ўзбекистон МТРК таркибидаги барча каналлар муҳаррирлари жорий ҳафта бошида мамлакатни 1989 йилдан 2016 йилгача бошқарган марҳум Ислом Каримовнинг исми эфирда умуман айтилмаслиги лозимлиги тўғрисида огоҳлантирилган.

Бу ҳақда Озодликка ЎзМТРК нинг уч ходими – телебошловчи, телеканаллардан бири Бош муҳаррири ва “Ëшлар” телеканали бўлимларидан бири бошлиғи​ бир-биридан мустақил равишда хабар қилди. МТРКнинг уч ходимидан олинган бу маълумотлар юзасидан Телерадиокомпания раҳбариятидан ҳеч бир шаклда изоҳ олишнинг, ҳозирча, имкони бўлмади.

ЎзМТРК таркибдиаги каналларидан биридаги жонли эфир бошловчисининг Озодликка айтишича¸ у ва ҳамкасбларига «Ислом Каримовнинг номи эфир сеткасига кирган барча дастурларда айтилмаслиги борасида Президент Давлат маслаҳатчиси Хайриддин Султоновдан «прямой запрет» келгани тўғрисида бевосита раҳбари айтган:

– Агар Каримовнинг исми эфирда кетса каллангдан ажрайсан дейишди. Бу госсоветник Султоновнинг буйруғи деб қўрқитишди.

Ўзбекистон телеканалларидан бирининг Бош муҳаррирининг айтишича, МТРК раҳбарият таркибига кирувчи барчадан «Ислом Каримов исмини умуман тилга олмаслик» талаб қилинган:

«Тавсия эмас талаб қилинди. Айниқса, кекса авлодга мансуб зиëлиларнинг Каримовни эслаб гапириб қолиш эхтимоли борлиги учун¸ бундай риск категориясига кирувчиларни жонли эфирга яқинлаштирмаслик чоралари кўрилди».

Исми айтилмаслиги шарти билан гапирган Бош муҳаррирнинг айтишича¸ Ислом Каримов исмига тақиқ бошланганига бир ой бўлган:

– Душанба кунги мажлисда яна эслатилди “Каримов номи тилга олинмасин”, деб. Ўзи йил бошидан бери Каримовнинг номини камроқ айтинглар¸ Шавкат Миромонович номига “юртбоши” калимасини қўшиб айтиб улуғланглар, деган тавсия бор эди. Аммо мана бир ойдирки, муҳаррирлар қўлида лупа билан матнлардан Ислом Каримов исмини қидириб топиб, ўчириб ташлаб ўтирибди. Ҳозирги кунда Каримовнинг номини эфирда бериш диний экстремистлар етакчиси Тоҳир Йўлдошни исмини эфирга беришдан ҳам хавфли бўлиб қолди.

ЎзМТРК таркибига кирувчи “Ëшлар” телеканалида бўлим бошлиғи лавозимида ишлайдиган журналистга кўра¸ «Кадрда Ислом Каримов расми¸ ҳайкали ëки исми ëзилган лавҳалар кўриниб қолишига нисбатан ҳам тақиқ жорий қилинган»

ЎзМТРК бошловчиси, телеканаллардан бири Бош муҳаррири ва “Ëшлар” телеканалида бўлим бошлиғидан олинган бу бир хил мазмундаги маълумотлар юзасидан Телерадиокомпания раҳбариятидан ҳеч бир шаклда изоҳ олишнинг имкони бўлмади”. Иқтибос тугади. [1].

Яна Озодликдан иқтибос:”Ўзбекистон Фанлар академиясининг Қўлëзмалар институти мажлислар залида Ислом Каримов портрети осилиб тургани боис институт раҳбарига дакки берилган. Айни институтда тадқиқот олиб бораëтган олимнинг айтишича¸ ўтган ҳафта бу борада Фанлар академиясида ўтказилган мажлисда «Ислом Каримов портретлари ва у кишидан олинган иқтибослар ëзилган лавҳалар олиб ташланиб йўқ қилиниши буюрилган».

Суҳбатдошга кўра¸ «деворий паннолардаги Ислом Каримов исми ëзилган матнлар ўчирилган¸ қўлëзмалар институтида мавжуд бўлган ўнга яқин Каримов портретлари институт ховлисига олиб чиқиб ëқиб юборилган».

Жорий йилнинг 17 июнь куни Бухоро Давлат университетида Ислом Каримов китоблари юк машинасига солиниб макулатура сифатида олиб кетилгани ҳақида мазкур олийгоҳ талабаси Озодликка маълум қилган эди.

Озодликка маълум бўлишича¸ 20 август куни Қашқадарë ва Самарқандда ўрнатилган Каримов ҳайкали тагида ва Самарқанддаги Ал-Бухорий мажмуида майда сувенирлар билан савдо қилаëтганлар рейд қилинган. Каримов акси туширилган магнитка ва тақвимлар сотаëтган савдогарлар жаримага тортилган¸моллари мусодара қилинган”. Озодликдан иқтибос тугади. [1].

Дунёқараши ўртача бўлган(обыватель) инсон нуқтаи-назаридан қараганда Ислом Каримов номининг телеканалларда, радиоларда айтмаслик ва газета,журналларда чоп этишга таъқиқ қўйилиши гўёки тўғридек. Диктатор Ислом Каримов режимидан жабрланганлар хурсанд бўлишлари ҳам мумкин.

Лекин, Ўзбекистон республикаси конституциясининг 67-моддасида цензура таъқиқланган.

67-модда.

Оммавий ахборот воситалари эркиндир ва қонунга мувофиқ ишлайди. Улар ахборотнинг тўғрилиги учун белгиланган тартибда жавобгардирлар. Цензурага йўл қўйилмайди.

 

Давлат маслаҳатчиси Хайриддин Султоновнинг огоҳлантириши нимага асосланган? Суд ҳукмигами, парламент қонунигами ёки президент фармонигами?

Зеро, Ўзбекистон конституциясининг 11, 7 ва 15-моддаларида таъкидланганидек: [2].

11-модда.

Ўзбекистон Республикаси давлат ҳокимиятининг тизими — ҳокимиятнинг қонун чиқарувчи, ижро этувчи ва суд хокимиятига бўлиниши принципига асосланади.

7-модда.

Халқ давлат ҳокимиятининг бирдан бир манбаидир.

Ўзбекистон Республикасида давлат ҳокимияти халқ манфаатларини кўзлаб ва Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ҳамда унинг асосида қабул қилинган қонунлар ваколат берган идоралар томонидангина амалга оширилади.

Конституцияда назарда тутилмаган тартибда давлат ҳокимияти ваколатларини ўзлаштириш, ҳокимият идоралари фаолиятини тўҳтатиб қўйиш ёки тугатиш, ҳокимиятнинг янги ва мувозий таркибларини тузиш Конституцияга хилоф ҳисобланади ва қонунга биноан жавобгарликка тортишга асос бўлади.

15-модда.

Ўзбекистон Республикасида Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунларининг устунлиги сўзсиз тан олинади.

Давлат, унинг органлари, мансабдор шахслар, жамоат бирлашмалари, фуқаролар Конституция ва қонунларга мувофиқ иш кўрадилар.

 

Ўзбекистон конституциясининг юқорида келтирилган моддаларидан кўриниб турибдики, давлат маслаҳатчиси Хайриддин Султоновнинг огоҳлантириши Ўзбекистон конституциясининг 67, 11, 7 ва 15-моддаларига мутлақо зиддир.

Ҳамма фожеа шундаки, марҳум диктатор Ислом Каримовнинг Ўзбекистонни 27 йил бошқариши давомида Ўзбекистонда шафқатсиз диктатура ўрнатилди.

Ўзбекистонда суд ва парламент ҳокимияти мустақиллигини бутунлай йўқотди.

Ўзбекистондаги мухолиф партиялар, ҳаракатлар, инсон ҳуқуқлари ташкилотлари, мустақил журналистлар доимий тайзиқ-таъқибларда бўлишди. Фуқаролик жамияти яксон қилинди.

2005-йилнинг 13-майида бўлиб ўтган Андижон қирғини ва Қорақалпоғистон республикасида жойлашган Жаслиқ қамоқхонаси(концлагерь) марҳум диктатор Ислом Каримовнинг номини ўзбек халқининг хотирасида абадий “муҳрлаб” қолдирди.

Ўзбекистон марҳум диктатор Ислом Каримов даврида матбуот эркинлиги бўйича эркинмас, энг, ўта 5 ва 10(топ) мамлакатлар қаторида бўлди.

Президент Шавкат Мризиёев даврида эса 180 мамлакат ичида 60,84 балл билан 165-ўринда.

Дунёнинг энг матбуоти эркин бўлган

Норвегияда 7,63 балл,

2-ўринда бўлган Швецияда 8,31 балл,

3-ўриндаги Ҳолландияда эса 10,01 балл.

Энг охирги 180-ўриндаги Шимолий Кореяда 88,87 балл,

179-ўриндаги Эритрияда 84,24 балл,

178-ўриндаги Туркманистонда 84,20 балл. [3].

Юқоридагилардан кўриниб турибдики, президент Шавкат Мирзиёев даврида Ўзбекистонда матбуот эркинлиги эркинмас мамлакатлар қаторида, охиридан 15-ўринда, шармандали ҳолатда.

Шу ерда 1968-йилда рўй берган Чехославакия воқеалари эсимга тушди. Ўша йили Чехославакия ҳокимиятига келган Александр Дубчик мамлакатда цензурани бекор қилган эди ва кўп партияликка йўл беришини айтган эди.[4].

Александр Дубчикнинг цензурани бекор қилиши ва кўп партияликка йўл очиши 300 минг Совет аскарларининг ва Болгария, Венгрия, ГДР ҳарбий қисмларининг Чехославакияга бостириб киришига сабаб бўлган эди.

Орадан 50 йил ўтди. Чехославакиянинг бўлинишидан ташкил топган Чехия ва Словакияда эркин, демократик жамият қурилди. Матбуот эркин, цензура йўқ. Чехославакияга бостириб кирган СССР аллақачон йўқ бўлиб кетди.

Ўзбекистон мустақил бўлганига бу йил 27 йил бўлади. Президент Шавкат Мирзиёев цензурани бекор қилмаяпти?! Матбоутга эркинлик бермаяпти?!

Абдужалил Бойматов

Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамияти вице президенти.

24август, 2018-йил.

Дублин, Ирландия.

Фойдаланилган адабиётлар:

1. Ўзбекистон телеканалларида Ислом Каримов исмини айтмаслик талаб қилинди. 22.08.2018. ( https://www.ozodlik.org/a/islom-karimov-haykal-tv/29447507.html ).

2. O’zbekiston Respublikasi Konstitutsiyasi. (http://constitution.uz/oz/clause/index#section23 ).

3. Reporters without borders. 2018 World Press Freedom Index

( https://rsf.org/en/ranking ).

4. Alexander Dubček. 1968.( https://en.wikipedia.org/wiki/Alexander_Dub%C4%8Dek ).