Aug 102018
 

2018-йилнинг август ойига келиб Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг ўзбек фуқаролик жамияти фаолларига нисбатан салбий муносабати аниқ-тиниқ ойдинлашди. Бу муносабат қуйидаги фуқаролик жамияти вакилларининг саргузаштлари мисолида аниқлаштирилади.

1.Бобур Ҳасан саргузаштлари.

Америка овозидан иқтибос: “Россиядан Ўзбекистон орқали Қозоғистонга учишни режалаган Бобур Ҳасан беш кун давомида Ўзбекистонда бўлиш, она юртни кўриш ва бизнес лойиҳаси юзасидан музокаралар юритишни мақсад қилди.

Аммо Тошкент аэропортига қўнганидан кейин паспорти текширилиб, уни ортга қайтаришди – Россияга депортация қилишди. Тадбиркорнинг ўзига бу юқоридан келган буйруқ эканлигидан ташқари бирор изоҳ берилмаган.

Чегарачилар паспортимни олиб, кутиб туринг дейишди. Бир соатдан кейин бошлиқ келиб, сизни Ўзбекистонга киришингиз мумкин эмас, деди. Мен уларга Ўзбекистондан 13 йил аввал чиқиб кетганман, мени киришимга руҳсат йўқлиги юзасидан бирор ҳужжат тақдим эта оласизми деб сўрадим. Улар йўқ, бу – буйруқ, дейишди. Сизни Москвага қайтарамиз дейишди. Мен транзит йўналишидаги фуқаро сифатида Қозоғистонга учишга ҳақли эканлигимни айтдим, лекин улар бунга йўқ, сизни Москвага қайтарамиз деб Тошкент-Москва рейсини икки соатгача ушлаб туришди”, – дейди Бобур Ҳасан.

Бобур Ҳасан – бундан 13 йил муқаддам Ўзбекистонни сиёсий таъқиблар боис тарк этган муҳолифатчи Баҳодир Чориевнинг укаси. Унинг АҚШга бориши ҳам Каримов давридаги шу таъқибларга асосланади. Чориев етакчилигидаги “Бирдамлик” ҳаракати айни пайтда ўз фаолиятини тўҳтатган. Бундан ташқари Бобур Ҳасаннинг ўзи бирор сиёсий фаолиятга алоқаси йўқлигини айтади.

Мен тадбиркорман, сиёсатга алоқам йўқ. Баҳодир Чориев менинг акам бўлгани учун Ўзбекистонга киритишмаганини фақат тахмин қилишим мумкин. Бу менинг тахминим, лекин акам билан менинг ҳеч қандай сиёсий, иқтисодий алоқам йўқ. Мен акам Баҳодир Чориевнинг ҳаракати учун жавоб бермайман, шунингдек, акам ҳам менинг ҳаракатим учун жавоб бермайди. Уларнинг мен ҳақимда қандай фикрда эканлиги менга қоронғи, аммо ниятим эзгу эди.

Президент Шавкат Миромонович ўз нутқларида бир неча марта ватандошларга мурожаат қилди, ватанга қайтишга, сармоялар киритишга чақирди. Мен шу чақириқлардан руҳланиб борган эдим, ниятим иқтисодиётдаги энг оғир муаммоли соҳаларга сармоя киритиш эди, давлатга, халққа фойда келтириш эди”, – дейди у.

Бобур Ҳасан Ўзбекистондан Россияга депортация қилиниши ортидан Қозоғистонга борган.

Айни пайтда у Остонада ўз бизнес лойиҳаси юзасидан музокаралар ўтказмоқда. Ўзбекистон хукумати 10 мингдан ошиқ кишини иш билан таъминлаши мумкин бўлган бизнес лойиҳага эшикни ёпди, дейди Бобур Ҳасан.

Лойиҳага кўра, Ўзбекистон бўйлаб икки мингдан ошиқ замонавий ҳожатхоналар қурилиши керак эди. Лойиҳанинг иккинчи қисми кўп қаватли автомобиль турар жойларини қуриш шу йилнинг октябридан ишга туширилиши керак эди. Бу ҳақдаги ҳужжатлар элчихонага, тегишли идораларга тақдим этилган эди.

Ўзбекистон туризм соҳасини ривожлантиришга бел боғлаган. Уларни қабул қилувчи меҳмонхоналар, ресторанлар кўп, аммо сайёҳларга хизмат кўрсатувчи замонавий ҳожатхоналар йўқлиги туризмдаги энг оғир муаммо. Менинг лойиҳам шу муаммони ҳал этишга қаратилган эди. Бундан аввало давлат ютарди, солиқдан ташқари 12 мингга яқин киши иш билан таъминланарди”, – дейди у”. Иқтибос тугади. [1].

2.Муҳиддин Қурбонов саргузаштлари.

Centre 1.com интернет веб-сайтида Швецияда муҳожиротда яшаётган Жиззахлик ҳуқуқ ҳимоячиси Муҳиддин Қурбоновнинг Ўзбекистонга бориб 2 соат давомида Ўзбекистонда бўлганлиги тўғрисида ҳикоя қилади.

Муҳиддин Қурбоновнинг айтиши бўйича, у президент Шавкат Мирзиёевнинг “кимнинг қўли қонга ботмаган бўлса, марҳамат Ўзбекистонга келинглар” деган сўзларига ишониб Ўзбекистонга қайтишга қарор қилган.

– Мен бу сўзларга ишондим, афсус: Ўзбекистон коррупцияга ботган мамлакат эди, шундайлигича қолибди- дейди Муҳиддин Қурбонов Швециядан Ц-1 мухбирига.

Муҳиддин Қурбоновнинг айтиши бўйича, унинг Ўзбекистонда яшайдиган кекса отасида рак касаллиги бўйича ташхис қўйилган. Мен отамни кўришни ва ёнида бўлишни орзу қилардим дейди Қурбонов. 58 ёшли ҳуқуқбон, фермер ва Бирлик партиясининг фаоли 2006-йилдан бери Швецияда қувғинда яшайди.

У 23-май куни Ўзбекистонга киритилмаган. Муҳиддин Қурбоновни Ислом Каримов номидаги Тошкент аэропортида у учиб келган самолётга ўтқазиб Ўзбекистондан чиқариб юборишган. Унинг паспортига Ўзбекистоннинг биринчи президенти Ислом Каримовнинг 2015-йилдаги фармонига биноан уни Ўзбекистон фуқаролигидан маҳрум қилинганлиги тўғрисида белги қўйилган. [2].

3.Рафиқ Ғаниев саргузаштлари.

BBCдан иқтибос: “Эзгулик” жамиятининг Фарғона вилоят бўлими собиқ раҳбари, Швецияда истиқомат қилаётган Рафиқ Ғаниев Ўзбекистонга киритилмаган. Ғаниев 6 март куни Стокҳолмдан Тошкентга учиб келган. Бироқ Ўзбекистон фуқаролигидан чиқарилган деган сабаб билан чегарадан ўтказилмаган.

“Эзгулик” жамияти раиси Васила Иноятованинг Би-би-сига айтишича, ҳамкасби учиб келаётгани ҳақида унга хабар берган.

“Шифохонада бўлганлигим сабабли кутиб олиш учун ўғлимни юбордим. Ўғлим Рафиқ акани жуда яхши танийди. Аммо Рафиқ ака аэропортдан чиқмаган. У киши билан бирга учиб келган турмуш ўртоғини Ўзбекистонга киритишган”, – дейди Васила Иноятова.

Инсон ҳуқуқлари фаоли вазиятни ўрганиш учун Тошкент халқаро аэропорти паспорт назорати бўлимига борган. У ердаги масъуллар Рафиқ Ғаниев Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов томонидан 2015 йили Ўзбекистон фуқаролигидан маҳрум қилинганини ва бу ҳақда инсон ҳуқуқлари фаолининг хабари бўлганлигини айтишган.

“Паспорт назоратига кирсам, улар баённома тузишган экан. Танишиб чиқдим. Унда , фуқаролигим йўқлигини билардим. Балки ўтиб кетарман, деган ниятда келгандим, деб Рафиқ аканинг ва янганинг гапларини ёзиб қўйишибди”, – дейди Васила Иноятова.

“Эзгулик” жамияти фаолининг айтишича, Рафиқ Ғаниев Ўзбекистоннинг янги Президенти Шавкат Мирзиёев четдаги фуқароларни қайтаришимиз керак, деган гапига ишониб Ўзбекистонга қайтган”. Иқтибос тугади. [3].

Бобур Ҳасан, Муҳиддин Қурбонов ва Рафиқ Ғаниев саргузаштларига қўшимча муҳолифат фаоли Исоқжон Зокиров ва Ҳоразмлик олим Аҳмад Хожи Ҳоразмийнинг Ўзбекистонга бориш учун виза ололмаётганликлари президент Шавкат Мирзиёевнинг ўзбек фуқаролик жамияти фаолларига муносабатини янада тиниқлаштиради.

Озодликдан иқтибос:”Ўзбекистон президентининг 4 июл кунги “Чет эл фуқароларининг Ўзбекистон Республикасига кириш тартибларини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, шу давлат фуқаролари Ўзбекистонга 20 долларга уч кун ичида виза олиб сафар қилишлари мумкинлиги айтилди.

Бундан ташқари президентнинг қарори транзит йўловчиларга Ўзбекистонда беш кунгача визасиз қолиш имтиёзини ҳам бериши билдирилди.

Бу тўрт йил аввал ўзбекистон ватандошлигини йўқотган 61 ёшли АҚШ ватандоши Исоқжон Зокиров учун ўн икки йиллик узилишдан сўнг ватанини зиёрат қилишга фурсат эди.

Лекин, Зокировга Ўзбекистонга сайёҳлик визаси берилмаган.

– Мен мухолифат сафларида бўлганим учун беришмаётгандир, лекин мен АҚШ ватандошиман, Ўзбекистон ватандошлигидан чиқарилганман. Бир сайёҳ сифатида бир ойга Ўзбекистонга бормоқчиман холос, у ерда узоқ қолиш ниятим ҳам йўқ, лекин менга виза беришмаяпти, – дейди Исоқжон Зокиров.

Ўзбекистонга сайёҳлик визаси ололмаётган фақат Зокиров эмас.

Британияда сал кам 15 йилдан буён яшаётган 81 ёшли хоразмлик олим Аҳмад Хожи Хоразмийга ҳам сайёҳлик визаси рад этилган.

Ҳоразмлик олим президент Мирзиёевнинг хорижда яшаётган ўзбекистонликларга қарата “қайтинглар” деган мурожаатидан илхомланиб, ватанини зиёрат қилиш учун Лондондаги ўзбек консуллигига сайёҳлик визаси олиш учун ариза топширгани, лекин рад жавобини олганини айтади.

– Топширдим, ўн кун бўлди жавоб йўқ. Кейин ўзим консулликка телефон қилдим, Тошкент ҳал қилади буни, биз бу ерда почталёнмиз холос, дейишди. Кейин паспортимни қайтариб беришди, виза йўқ, – дейди Аҳмад Хожи Хоразмий. Иқтибос тугади. [4].

Ўзбекистон фуқаролик жамияти фаоллари Муҳиддин Қурбонов, Рафиқ Ғаниев, Бобур Ҳасаннинг акаси Баҳодир Чориев, Исоқжон Зокиров ва олим Аҳмад Хожи Ҳоразмий Ўзбекистонни марҳум диктатор Ислом Каримовнинг таъқиб, тайзиқлари туфайли тарк этишга мажбур бўлишганди.

Ўз-ўзидан шундай савол туғилади, Ўзбекистон хокимияти ўзбек фуқаролик жамияти фаолларига Ўзбекистонга қайтишга руҳсат берганида, уларга Ўзбекистонга кириш визаси берганда нима бўларди?

Албатта, фуқаролик жамияти фаоллари Муҳиддин Қурбонов, Рафиқ Ғаниев ва Исоқжон Зокиров Ўзбекистонга қайтганида фуқаролик жамиятининг Ўзбекистондаги фаолияти кучаярди. Бу кучайиш оқибатида Ўзбекистонда қонун устуворлиги кучаярди, коррупция камаярди.

Ҳоразмлик олим Аҳмад Хожи Ҳоразмийга Ўзбекистонга боришга виза берилиши, унинг Ўзбекистонга бориши Ўзбекистонлик олимларни илҳомлантирган бўларди. Аҳмад Хожи Ҳоразмий Ўзбекистонлик олимлар билан ўзининг чет элларда орттирган тажрибалари билан ўртоқлашарди.

Тадбиркор Бобур Ҳасан Ўзбекистонга 50 миллион инвестиция киритганда, Ўзбекистонда бизнес фаолиятини бошлаганда, бу фаолият Ўзбекистон иқтисодиётини ривожланишига катта ҳисса қўшган бўларди.

Афсуски, Ўзбекистонни бир ҳовуч коррупционерлар бошқаряпти. Бу коррупционерлар Ўзбекистонда қонун устуворлиги ҳукмрон бўлишидан,

коррупция камайишидан манфаатдор эмаслар.

Зеро, менинг “Интернет тезлиги паст бўлган Ўзбекистонда таълим сифати юқори бўлиши мумкинми?!” номли мақолам ва шу номдаги видеода келтирилганидек: [5,6]

Мақоладан иқтибос:

2.Коррупция. Ўзбекистон коррупция даражаси кўрсаткичи бўйича(Corruption Perceptibility Index) дунёда 180 мамлакат ичида 157-ўринни эгаллайди, яъни дунёнинг энг коррупциялашган 20 мамлакатлари қаторига киради.[7].

3.Иқтисодий эркинлик. Ўзбекистон иқтисодий эркинлик кўрсаткичи бўйича (Economic Freedom Index) 51,5 балл билан 152-ўринни эгаллайди ва кўпроқ иқтисоди эркин бўлмаган (Mostly Unfree) мамлакатлар қаторига киради.[8].

4.Фуқаровий ва сиёсий ҳуқуқлар. Халқаро Freedom House ташкилоти ҳисоботига кўра Ўзбекистон фуқаровий ва сиёсий ҳуқуқлар кўрсаткичи бўйича 7 баллга эга бўлиб, дунёнинг энг 10та ёмонлари қаторида.[9].

Лекин, Ўзбекистон иқтисодиёти мен аввалги мақолаларимда кўп марта таъкидлаб ўтганимдек, дунёда аҳоли жон бошига ўртача сотиб олиш паритети бўйича маҳсулотлар ишлаб чиқариш ва ҳизматлар кўрсатиш ( PPP- Purchasing Power Parity per capita) 16минг АҚШ доллари бўлгани ҳолда Ўзбекистонда 7 000. Шу кўрсаткич бўйича Ўзбекистон дунёнинг ўртача даражасидан 2 баравардан кўпроқ орқада. [10,11].

Дунёда аҳоли жон бошига ўртача маҳсулотлар ишлаб чиқариш ва ҳизматлар кўрсатиш бўйича 2017 йилда 10,714 АҚШ доллари бўлгани ҳолда Ўзбекистонда 1,504. Шу кўрсаткич бўйича Ўзбекистон дунёнинг ўртача даражасидан 7 баравар орқада. [12]”. Иқтибос тугади.

Абдужалил Бойматов

Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамияти вице президенти.

10август, 2018-йил.

Дублин, Ирландия.

Фойдаланилган адабиётлар:

1. Biznes g’oya bilan borgan tadbirkor O’zbekistonga qo’yilmadi. 06.08.2018.

( https://www.amerikaovozi.com/a/uzbekistan-deportation/4515585.html ).

2. Мухиддин Курбанов: «Я поверил словам президента Шавката Мирзиёева…». 25.05.2018. ( https://centre1.com/uzbekistan/muhiddin-kurbanov-ya-poveril-slovam-prezidenta-shavkata-mirziyoeva/ ).

3. Инсон ҳуқуқлари фаоли Ўзбекистонга киритилмади. 07.03.2017. (https://www.bbc.com/uzbek/uzbekistan-39191249 ).

4. Ўзбеклар нега ўз юртига виза ололмаяпти? 08.08.2018. (https://www.ozodlik.org/a/ozbekiston-miliciya-zoravonlik-muhojir-/29420557.html ).

5. Интернет тезлиги паст бўлган Ўзбекистонда таълим сифати юқори бўлиши мумкинми?! 03.08.2018. ( http://uz.hrsu.org/archives/9108 ).

6. Интернет тезлиги паст бўлган Ўзбекистонда таълим сифати юқори бўлиши мумкинми?! Видео. 04.08.2018. ( http://uz.hrsu.org/archives/9110 ).

7. Corruption Perceptions Index 2017.(https://www.transparency.org/news/feature/corruption_perceptions_index_2017 ).

8. 2018 Index of Economic Freedom. Country Rankings. (https://www.heritage.org/index/ranking).

9. Freedom in the World 2018 by Aggregate Score.

( https://freedomhouse.org/report/freedom-world/freedom-world-2018 ).

10. GDP per capita, PPP – World Bank Open Data – World Bank Group.2016.( https://data.worldbank.org/indicator/NY.GDP.PCAP.PP.CD ).

11. List of countries by GDP (PPP) per capita. 2017. ( https://en.wikipedia.org/wiki/List_of_countries_by_GDP_(PPP)_per_capita ).

12. The World Bank. 2017. ( https://data.worldbank.org/indicator/NY.GDP.PCAP.CD ).