Aug 052018
 

Олий маълумот олиш ўзбеклар учун ҳаммма вақт муҳим саналиб келинади ва фалончининг қайсидир бир институтда, ёки университетда ўқиётгани ота-она учун ҳам катта обрў саналади. Афсуски, ўша фалончи қай тарзда ўқишга киргани, ёки диплом олиб чиққани муҳим эмас, лекин дипломи борлиги муҳим. У алифни калтакдан фарқлай олмаслиги ҳам мумкин, лекин дипломи бўлса бас.

Шу сабадан бир неча ўн йиллар давомида олий таълим даргоҳларининг талабаси бўлишлик учун пора билан курашувлар ҳам авжида бўлди. Аммо бугунги кунларда бу иллатга қарши кескин курашлар бошланган кўринади. Ҳар ҳолда, кимлардир ҳозирда ҳам қинғир йўлларни излаб топишга уриниши кузатилинаётган бўлсада.

Мен яшаётган Қарши шаҳрида иккита олий билим даргоҳи мавжуд. Қарши педагогика университети ва қишлоқ хўжалиги сув тармоқлари – ирригацияси муҳандислари институти.

Бугун (4 август 2018 йил) куни Қарши шаҳар ИИБ ходимиларининг илтимосига биноан, ўша ирригация институти бўлғуси талабаларнинг кириш имтихонларининг бошланиши олдидаги амалиётлар билан танишишга муяссар бўлдим. Буни албатта мен учун ғайритабиий ҳолат десам ҳам бўлади.

Демак, мен имтихон зонасига киришимдан бошласам….

Имтиҳон зонасига кирарканман, ИИб ходимлари мени обдон текширишди.Сочим ҳам қолмади,қўлимдаги ҳамёним ҳам, хуллас, қамоқхона тили билан айтиладиган шмондан ўтдим. Мен ҳайрон бўлдим,мен талабаликга талабгор эмасманку. Қўлимда ДТМ хужжатим ва паспортим хам йўқ. “Шмондан” соғ ва саломат ўтиб олдим ва бу биринчи пост эди. Энди эса иккинчи постдан

ўтишим керак эди. Бу постдан ҳам қийинчиликсиз ўтдим. Сабаби ИИБ ходими ёнимда эди ва жамоатчилик назорати ходими сифатида бу ердан ўтиш қийинчилик туғдирмади ҳам.

Тошкент шевасида гапирадиган бир шахс олдимизга чиқди.Бу киши талабаларни имтихонга кириш олдини назорат қилар экан. Тағин икки нафар аёл аёл ҳам бор эди. Улар ўзларини қайсидир бир нодавлат ташкилотдан эканликларини айтишди, афсуски, ташкилотларининг номи ёдимда ҳам қолмади.

Улар ҳам айни шу жараённи кузатиш учун Самарқанддек шаҳри азимдан ташриф буюришибди. Бизни кутиб олган киши фан доктори, у кишини ишлари диссертация ёқлайдиганлар билан шуғулланиш экан. Бу менинг тушунчамдаги ҳолат. Фамилия ва исмлар эса ёдимдан кўтарилди. Агар қўлимда оддийгина қоғоз ва қалам бўлганида ҳам масъул шахсларнинг исмларини “эслаб” қолишим мумкин бўларди.

Менимча, уларнинг шахси ҳеч кимни қизиқтирмаса ҳам керак. Ҳозир эса ҳеч бир детални бўлсин, унутмай қоғозга туширишга уринмоқдаман.

Шундай қилиб, бўлғуси талабаларни текширувдан ўтказадиган махсус хоналар ташкиллаштирилган экан. Ўғил болалар ва қизлар учун алоҳида текширув хоналари мавжуд эди. Мен ўтказилган “шмон” у ердаги “шмоннинг” олдида “ҳали ҳолваси” эди. Бунисида абитуриентларнинг ички кийимлар ҳам обдон текшириларди. Улар мобил телефонлар, ёки шпаргалкалар билан кирмасликлари учун.

Бу жойни ҳам кўздан кечирдим. Эндиги навбат, имтиҳон залига келди. Имтиҳон зали, ёки янги номи билан айтадиган бўлсак тест синовлари зали махсус жиҳозланган, кираверишда компьютер орқали сизнинг шахсингизни аниқлайдиган мосламалар ҳам ўрнатилган эди. Русчада буни “распознания” дейишаркан.

Ҳамма томонда камералар ўрнатилган. Ичкарида эса алоҳида абитуриентнинг шахсини унинг бармоқ излар билан ҳам аниқлаштириб олишаркан. Бундай текширишлар имтиҳонларга “паровозлар” кириб қолишининг олдини олиш учун кўзланганлигини ҳам тушунтириб ўтишди. Баьзи ҳолатларда абитуриент паспортни ҳам сохталаштириб олганини ва қўлга тушиб қолганини эслатиб ўтишди. Шу бугуннинг ҳисобида 200 га яқин “паравоз” қўлга олинган экан. Айни дамда уларни Қарши шаҳар ИИБ сига олиб кетишган экан.

Энг ажабланарлик томони, бу институтга ҳужжат топширган талабгорлар ўзлари билан ҳаттоки ручка ва дафтар ҳам олиб киришмас экан. Фақат паспорт ва ДТМ варақасини олиб ўтишлари мумкин. Ҳароратнинг иссиқлигини инобатга оладиган бўлсак, ёзнинг жазирамаси ҳам имтиҳон топширувчиларга ҳалал бериши мумкин. Шунга бўлса керак, имтиҳон зали ичкарисида 16 та кондиционер ишлаб турарди. Ҳар бир стол устида эса газланмаган ичимлик суви ҳам бор эди.

Мана шу иссиқда имтиҳон зали салқингина залга айлантирилган экан. Демак, абитуриентлар учун барча шароитлар яратилганлигини ўз кўзим билан кўрдим. Абитуриентлардан эса фақат бир нарса, имтиҳон саволларига жавоб беришлик қолганди.

У ердан ҳам чиқдик. Имтиҳон бошланишига оз вақт қолган бўлиб, бўлғуси талабаларни чалғитиб қўйишимиз мумкин экан. Абитуриент учун бу энг мухим кун ахир.

Яна ташқарига чиқдик. ИИБ ходимларидан бирининг қўлидаги ҳужжатга кўз югуртирдим.

Ундан маълум бўлганига кўра, бир гуруҳга икки, ёки бир талаба кирган экан. Ҳозир

аниқ эсимда йўқ, 660 га яқин абитуриент тест синовларида иштирок этишдан бош тортибди. Булардан икки юзтаси Қашқадарё вилоятидан бўлганлар эди.

Бу ҳужжатда мени қизиқтирадиган ҳолатларидан бири, тест синовларидан ўта олмаган абитуриентларнинг адади эди. Албатта бу энг ачинарлик ҳоллардан бири хамдир. Қолаверса, бу асл билимнинг нольга тенглигини кўрсатади.

Абитуриентлар орасида туғма нуқсонлиларини ҳам кўрдим. Аклан соғлом!

Рости, кўзларидан ёш қалқиб чиқишига бир баъҳя қолди. Ўзимни аранг ушладим.

Уларнинг зиёлик бўлишга чанқоқликлари мени хурсанд қилган эди. Ёшларимиз қандайдир оқимларга аралашмай, илм олиш мақсадида ҳаракат қилишибдими, демак бу ҳар қанча бўлсин, таҳсинга сазовордир. Мен доим бундай ёшларни ҳурмат қилганман!

Ўзбекистонда илмли ва зиёлилар кўп бўлишлари тарафдориман аслида.

Фақатгина дунёвий билим билан коинотларга чиқишимиз мумкинлигини кўплар қаторида мен ҳам жуда яхши англайман.

Бизда хамма билимсиз хам деб бўлмайди. Ўша, биз одат қилиб улгургамнимиз, “паравозлар” ҳам коинотдан тушишмаганку. Улар хам шу Ўзбекистон фарзандлари. Демак, билимни Америкадан олишмагандир. Бу билан нафақат илмга чанқоқлар, балки ўша илмга эга бўлган юртдошларимиз ҳам борлигини эслатиб ўтмоқчиман.

Масалан, 100 фоиз талабадан 20 фоизи “паравозлар” ёрдамида ўқиганлар деб қарасак, унда 80 фоизи билими сустлар бўлиб чиқади. Бу бизнинг жиддий камчилигимиз ва йўқотилган йилларимиз меваси ҳамдир. Шундай қилиб бугунги манзарамизга чизган портретим шу бўлди. Бироз кузатиб ортга қайтдим. Яна ўзимга таниш бўлган постлардан бир-бир ўта бошладим. Охирги постда ИИБ ходимининг саволларига жавоб беришимга ҳам тўғри келди.

– Опани қаердан олиб келаяпсиз? – деган савол эшитилди.

– Мен ҳам кўп қатори паравоз бўлиб кирган эдим, ушлаб олишди, – дедим ва бу

даргоҳни тарк этдим.

Кела келгунимча миямда бир савол айлана бошлади. Нима топдигу, нимани йўқотдик?

Бундай ҳолга тушишимизга ким сабабчи? Кимни айбдор қилишимиз керак? Биз ҳеч қачон Хитой ва Америка, ёки бошқа бир ривожланган мамлакатлар билан тенглаша

оламизми? Масалан, илмда!

Билимни пухта олиш бу асосан мактабдан бошланади! Ўзбекистон президенти Шавкат Миромоновичнинг ҳали қиладиган ишлари бисёр экан. Халқ таьлими вазирининг ҳам камчиликларини тўғирлаш вақти келган кўринади. Ҳаттоки, собиқ иттифоқ даврида ҳам билимлилар кўпчиликни ташкил этган ахир.

Хўш, нега бундай ҳолга тушиб қолдик? Бизнинг бугунги ютуқларимиз, гастербайтликни жудда уддалаяпмиз, аммо билимимизни синашдан олдин мана бунақа текширувларгача ўтказилиниши лозим.

Нега деган саволга жавоб изласак, оддий жавобни топган бўламиз. Ишонч қолмаган! Муаллимнинг ўқитишига, талабанинг эса ўқишига… Оддий мантиқдан келиб чиқадиган бўлсак, кўплаб ёш мутахасислар билим олмай диплом оладиган ҳам бўлиб қолишганди.

Хайрлик ишнинг кечи бўлмайди деганларидек, ҳамма нарса ўз ўрнига тушиб кетадиган кунлар ҳам кўп узоқ эмасдек.

Гулшан Қораева

Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамияти

Қашқадарё вилоят бўлими раиси

4 август, 2018 йил.