Jan 102018
 

 

 

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ПРЕЗИДЕНТИ

ШАВКАТ МИРОМОНОВИЧ МИРЗИЁЕВга

Нусхаси: ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ БОШ ПРОКУРОРИГА

Эшонқулова Малоҳат Худжамовнадан

Тошкент шаҳри, Чилонзор тумани, Чилонзор, Д20 “А” даҳа,

8-уй, 128-хонадонда вақтинча яшовчи

Тел: +99897 4032566

Ш И К О Я Т   А Р И З А

(Мажбурий ижро бюроси Учтепа туман бўлимининг жавобгар ижрочиларига нисбатан жиноят иши қўзғатиш ҳақида. Мажбурий ижро буюроси Учтепа туман бўлими ижрочилари мажбурий ижро ортидан мусодара қилинган мол-мулкларни давлат фойдасига ўтказмасдан ўзлаштириб юборишдек жиноятга қўл урганликлари борасида хабардор қилиш хусусида. Мен қарздлорлигимни тўлаш истагидаман. Бироқ Учтепа туман мажбурий ижро бўлими мутасаддилари менга қасддан юқори қарздорлик ёзиб, қолаверса, қарздорлигимни қайси ҳисоб рақамларига тўлашим хусусида менга расман ёзма хабарнома – маълумот бермасдан қарздорлигимни тўлашга қаршилик кўрсатаётганликлари хусусида)

Ҳурматли Президент!

Муҳтарам бош прокурор!

Бу билан мен сизларга ушбу – айнан битта мазмунда 4 бор такрор-такрор шикоят йўлламоқдаман.

Мен бугун 2017 йилнинг 9 январь куни тахминан соат 12.40 ларда ушбу мактубимни Мажбурий ижро бюроси Учтепа туман бўлими бошлиғи Ҳаитовнинг қабулларига олиб кирган эдим.

Аммо Хаитов бу шикоятимни қабул қилиб олишдан бош тортди. Аммо котиба мени қабулга келганлар дафтарига регистрация қилган эди.

Шу сабаб ушбу шикоятимни қандай бўлса, шундайлигича сизга муҳтарам Президент ва Бош прокурорга юборишга мажбурман.

 

Менинг қарздорлигим мавжуд, ушбу қарздорлигимни тўлаш истагидаман.

Аммо қарздорлигимни тўлашга Мажбурий ижро буюроси Учтепа туман бўлими мутасаддилари халал бериб, қаршилик кўрсатмоқдалар.

Қандай қилиб дейсизми?

Мендан ва мен истиқомат қилаётган хонадондан то шу кунгача мажбурий ижро ортидан олиб чиқиб кетилган мол-мулкларни мусодара қилиб, ундан тушган маблағни давлат фойдасига ўтказмасдан ўз жиғилдлонларига уриш орқали.

Бугунги кунда улар мендан ундирилган моллардан тушган маблағларни давлат фойдасига ўтказмасдан, еб қўйиб, мендан қасддан ортиқча жарима тўлашни талаб қилишмоқда.

Гуп шундаки, менинг суд қарорлари асосида вужудга келган жарималардан давлат олдида қарздорлигим мавжуд.

Мен то шу кунга қадар жарима борасидаги суд қарорларини тан олмадим, суд қарорларидан норози бўлиб юқори инстанцияларга тўхтовсиз равишда шикоят, аризалар ёздим.

Бироқ инобатга олинмади. Барча мурожаатларим бесамар кетди ва кетмоқда.

Бу жараёнлар давомида Учтепа туман мажбурий ижро бўлими ходимлари мендан ва мен яшаётган хонадондан жами 6 маротаба мажбурий ижро ҳаракатларини олиб боришлари ортидан менга ва қизимга тегишли мол-мулкларни хатлаб олиб чиқиб кетиб мусодара қилдилар.

Бироқ суд ижрочилари мендан 2013 йилнинг 5 декабрь куни хатлаб олиб мусодара қилинган 2 турдаги молни, яъни битта фотовидеокамера ва битта мобиль телефон аппаратидан тушган маблағни давлат ҳисоб рақамига ўтказмасдан ўз ҳамёнларига уриб кетганлар.

Бундай даъво қилишимга тўлиқ асосим бор.

Мен яқинда Мажбурий ижро бўлими ижрочиларининг ана шундай жиноятларига гувоҳ бўлдим, аниқроғи, ана шундай жиноятларини фош қилдим.

Тошкент шаҳар Учтепа туман мажбурий ижро бўлими (Олдинги суд департаменти) ижрочилари 2013 йил 5 декабрь куни олиб борилган мажбурий ижро ҳаракталари ортидан менга тегишли бир дона профессионал фотовидеокамера ва битта мобиль телефон аппаратимни мусодара қилишган эди. Тўғри, мобиль телефон аппаратим нари борса 20 минг сўм турарди, эски эди. Аммо фотовидеокамерам янги ва қиммат эди.

Мажбурий ижро бюросининг Учтепа туман бўлими бошлиғи Б. А. Хаитовнинг 19/369/17- сонли 2017 йилнинг 29 декабрь кунги менинг шикоятимга қилган жавоб хатидан маълум бўлишича мендан мусодара қилинган ушбу 2 турдаги мулк- яъни фотовидеокамера ва битта мобиль телефон аппарати 448.800 (тўрт юз қирқ саккиз минг саккиз юз) сўмга баҳоланган. Ҳали мен фотовидеокамера қасддан ўта паст нархда баҳоланганлиги ҳақида гапирмаяпман. Бу аппаратнинг бозордаги нархи 1000 доллар туради.

Гап шундаки, ижрочилар 2013 йилнинг 5 декбарь куни мажбурий тарзда бир дона менинг фотовидеокамерамни ва битта мобиль телефонимни мусодара қилишган эди, аммо орадан 2 йил ўтгач, яъни 2015 йилнинг 28 апрель куни нархлатмоқдалар.

Мендан мусодара қилинган фотовидеокамера ва мобиль телефон аппаратини орадан 1,5 -2 йил ўтгач нархлатганларининг ўзи шубҳали эмасми?

Бу қанақаси бўлди?

Наҳотки мажбурий тартибда мусодара қилиб олиб чиқиб кетилган мулк орадан 1,5-2 йил ўтгач нархлатилса?

Буниси ҳам майли.

Воқеанинг кульминацион нуқтаси шундаки, ўша мендан мажбурий тарзда мусодара қилиб кетилган фотовидеокамера ва телефон аппарати орадан 2 йил ўтгач, 448 800 га нархлатилган бўлса-да, негадир бу 448.800 сўм маблағ давлат фойдасига ўтказилмаган!

Нима учун?

Бугунги кунда Мажбурий ижро бюросининг Учтепа туман бўлими ўша 448.800 сўмни мендан қайта тўлашни талаб қилмоқда.

Нега энди мен икки маротаба тавон тўлашим керак?

Менинг профессионал фотовидеокамерамни қайсидир корчолон арзанда ўғилчасига ҳадя қилиш учун олиб кетсин, пулини чўнтагига солиб кетсину, мен 2 маротаба ҳақ тўлайми?

Қонун қани?

Муҳтарам президент, сиз талаб қилаётган қилаётган адолат қани?

Нега прокуратура бунингдек нафси ҳакалак отган ижрочиларнинг, мамлакат, давлат номини сотиб кун кўраётган муттаҳамларнинг танобини тортиб қўйишмайди?

Мажбурий ижро бюросининг Учтепа туман бўлими бошлиғи Б. А. Хаитовнинг 19/369/17- сонли 2017 йилнинг 29 декабрь кунги менинг шикоятимга қилган жавоб хатидан келтирилган қарздорлигим борасидаги рақамларни ҳисоблаб чиққанимизда айни дамда менинг 9.779.114 ( тўққиз миллион етти юз етмиш тўққиз минг бир юз ўн тўрт) сўм қарздорлигим қолган.

Аммо Ҳаитов мазкур жавоб хатининг хулоса қисмида менга “… Ҳозирда сизнинг қарздорлигингиз давлат фойдасига 10.367.783 сўмни ташкил этмоқда” дея қарздорлигимни ортиғи билан кўрсатиб ўтмоқда.

Яъни айнан ўша ижрочилар мусодара қилиб нархлатган бир дона фотовидеокамерам ҳамда битта мобил телефонимнинг пули – 448800 сўм пул йўқ-да.

Ҳисоблаб қарасангиз, Ҳаитимов мендан айнан 448.800 сўм ортиқча тўлашимни ноқонуний тарзда талаб қилмоқда.

Бу ҳақда қонунни назорат қилувчи прокуратура органларига такрор-такрор ёзмоқдламан. Бироқ улар ҳам еб қўйгандек, муттаҳамдек миқ этишмаётир.

Бунинг устига Хаиитов менга қарздорлигимни қайси ҳисоб рақамларимга ўтказишим хусусида маълумот бермаяпти.

Мен корчолонларнинг шахсий ҳисоб рақамига тўламасам керак ҳар ҳолда.

Ваҳоланки, қонун бўйича ижрочи қарздорга қайси ҳисоб рақамига қанча миқдордаги қарздорлигини тўлаши лозимлиги ҳақида расмий хабарнома юбориши шарт.

Мен Хаитовдан қарздорлигимни қаерга тўлашим лозимлиги хусусидаги ҳисоб рақами кўрсатилган расмий хабарнома беришини такроран талаб қиламан.

Шу билан бирга менинг қолган қарздорлигимни тўғри ҳисоб-китоб қилишларини талаб қиламан.

Ҳурматли Президент!

Муҳтарам Бош прокурор!

Сизлардан эса, мажбурий ижро бюроси Учтепа туман бўлимининг жавобгар мутасаддилари ва ижрочиларига нисбатан жиноят иши қўзғатишларингизни сўрайман

Малоҳат Эшонқулова. 9 январь, 2018 й.