Oct 212017
 

2017 йилнинг 20 октябрь куни соат 12.00 ларда Самарқанд ва Навоий вилоятидан диний экстремизмда айбланиб узоқ йилларга ҳукм қилинган Яхшимурод Восиев, Хасан Орзиев, Одил Шокиров, Санъат Салимов, Жамшид Сайфуллаев, Азамат Ғайбуллаевнинг оналари адолат истаб Тошкент шаҳридаги Европа иттифоқи делегацияси офиси қаршисида икки ярим соат давомида норозилик намойиши ўтказишди. Намойишчиларга “Альянс” инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилоти етакчиси Елена Урлаева ҳамда Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамияти раиси Малоҳат Эшонқуловалар ҳамроҳлик қилишди.

Инобат Орзиева, Дилшода Тонготарова, Барно Восиева, Матлуба Рўзиева, Моҳира Манноновалардан иборат намойиш иштирокчилари фарзандларини айбсиз айбдор қилган ички ишлар, миллий хавфсизлик хизмат ва суд ҳокимияти ходимларига нисбатан чора кўриш, ўғилларини озод этиш талаби билан чиқишди.

Мазкур норозилик намойиши Ўзбекистонда кейинги 25 йил давомидаги энг узоқ давом этган намойиш сифатида тарихда қолса ажаб эмас.

Фарзандларининг тақдирига куйиб-пишаётган оналар ўзларини қуршаб олган ички ишлар ходимларининг ҳам, фуқаро кийимидаги махсус хизмат ходимларининг ҳам дағдаға-ю таҳдидларини писанд этмади.

Тўғри, Европа Иттифоқи делегацияси офисидан бирорта вакил норозилик намойиш иштирокчилари қаршисига чиққан эмас.

Ўз навбатида махсус хизмат ходимлари намойиш қилаётган оналарни Европа Иттифоқи делегацияси офисига киришига тўсқинлик қилди.

Адолат истаётган оналар ва ИИБ ва махсус хизматлар ўртасидаги тўқнашув, тортишувли намойиш 2 ярим соат давом этди.

Европа Иттифоқи вакилларига ҳақсизликларни ҳикоя қилиш мақсадида Навоий ва Самарқанддан келган оналар узоқ йўлдан пойтахтга келишдек йўл азобидан, қолаверса, ички ишлар ва махсус хизмат ходимларининг дағдағаларидан толиқиб, Европа Иттифоқи вакиллари билан учрашиш умидлари ўлиб, кута-кута кўзлари тўрт бўлиб, норозилик намойишини тўхтатишга мажбур бўлишди ва умидсизланиб ортларига қайтишди.

Сўнгги маълуомтларга кўра, намойиш иштирокчилари ортидан махсус хизматлар томонидан кузатув бўлган.

Малоҳат ЭШОНҚУЛОВА

Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамияти раиси, мустақил журналист.

21 октябрь, 2017 йил.