Feb 112016
 

Ўзбекистонда ахолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатлами ногиронлар,
ёлғиз оналар, боқувчисини йўқотган болалар,  хукумат ғамҳўрлиги остида
дея бонг урилади. 12 йилдирки 2 гуруҳ ногирони ва ёлғиз она сифатида
иқтисодий қийинчиликларни бошдан кечириб келишимга қарамай, бирор
мушкулим енгил бўлганини билмайман.

Қайтанга 4 йиллик мен ва 2 нафар боламга тегишли бўлган маҳаллалардан ўз нархида бериладиган ун ва ёғ маҳсулотларидаги улушимизни ҳам кимлардир ҳазм қилиб юрибди. Биз эса бу улушимиздан ҳам маҳруммиз. 4 йилдирки оиламнинг ягона таъминотчиси сифатида иш билан таъминланмайман. Чунки қонун талаб қилувчи ҳақиқатга тик қаровчи журналистман.

Қора халқ ҳуқуқларини поймол қилаётган мансабдорлар наздида эса хоин эканман. Чунки интернет сайтларида бор ҳақиқатни танқидий қарашлар билан ифодалаб ёритиш ҳеч бир қонунларимизда белгиланмаган  жиноят эканки, тинимсиз  равишда ногирон бир бева аёлга нисбатан турли таъқибу тайзиқ ва фитналар уюштирилиб келинади.

Дарвоқе, яқинда туман хотин-қизлар қўмитаси томонидан менга амалий кўмак
берилишини эшитиб ҳайратдан ёқа ушладим. Дарҳол кўнглимга бу
енгилтабиат аёлларга хос нағма қилаётган мансабдорларнинг янги ўйини
бўлса керак, деган тўғри ҳаёлга бордим. Қарангки хато ўйламадим.

Чунки улардан ёруғлик – итдан чориқлик олиш кабидир эди мен учун! Уларнинг
айтишича февраль ойидан бошлаб нафақамни тўлик олишим, яъни менга
нисбатан қўлланилган ноҳақ жаримани хомийлик ёрдамида тўланиши ва
нафақамни 50 фоизи ушланиб қолинмаслигига ваъда берилди.

Зора инсофга келишгандир деган умид билан февраль ойи нафақамни қизим орқали олдим. Чунки соғлигим бўлмай, уйдан чиқа олмай қолганман. Ногирон сифатида имтиёзли даволанишдан умидвор бўлиб 3 ойдан бери шаҳар ВТЭК эшигида сарсон юриб зўрга реабилитация марказига даволаниш учун йўлланма олган эдим. Қарангки, уч ой кутсамда ўрин бўшамабди. Демак беморлар йиллаб
даволанишяптийкан.

Ҳуллас, қизим уйга 120 минг сўм, яъни нафақамнинг деярли тўртдан бир қисмини ведомостга имзо қўйиб олиб келди. Бу энг кам иш ҳақи миқдоридан-да оз. Ё раб, бир жон бир ой давомида яшай олиши мумкин бўлмаган бу маблағ билан уч киши бир ой қандай жон сақлар экан. Бу ҳайрат эшитган ҳар бир инсонда туғилиши табиий.

Дарҳол шаҳар пенсия жамғармасига телефон орқали боғланиб, ёзма маълумот сўрадим. 225-38-68 рақамини кўтарган ходим. Ёзма маълумот берилмайди бизда, келсангиз оғзаки тушунтириб берамиз, дейишдан нарига ўтмади.  Шундан англадимки бу ерда яна ўша мансабдорларнинг ўйини. Мақсад мени
ногиронлик нафақамни  ҳам мутлақо тортиб олиш. Ё раб, бир сиқим
мансабдорнинг қўлида қўғирчок бўлиб ўйналишдан бошқасига ярамай қолган
қонунларимизни қаранг. Аммо менинг ҳуқуқимни ким ҳимоялайди.


Фарзандларим билан бир ой давомида очликдан ўлмаслигимизга ким кафолат
беради. Коллежни тамомлаган қизимга 8 ой сарсонликдан сўнг зўрга 0,2
ставка иш беришиб 150 минг сўм маош ваъда қилишиб ишлатишиб юрибдию,
ҳали у ҳам пластикасига тушиши даргумон. Чунки маошлар ҳам ўз вақтида
тўланмайди.


ШУ ЎРИНДА ҲАҚЛИ САВОЛ ТУҒИЛАДИ: ЎЗБЕКИСТОНДА ҚОНУНСИЗЛИК, НОГИРОН, БЕВА-БЕЧОРАЛАРНИ НОҲАҚ ЭЗИШ ҚАЧОНГАЧА ДАВОМ ЭТАДИ?

Дилдора Боймуродова

Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамияти аъзоси.

11- февраль, 2016- йил.