Dec 182015
 

Фарғонада газ йўқлигидан норози одамлар кўчага чиқди

Озодлик манбасининг айтишича, одамларнинг кўчага чиқиб норозилик билдириши Қиргулида уч кундан бери давом этмоқда.

Озодлик манбасининг айтишича, одамларнинг кўчага чиқиб норозилик билдириши Қиргулида уч кундан бери давом этмоқда.

18.12.2015

Ўзбекистондан келаётган хабарларга кўра, Фарғона шаҳрининг Қиргули мавзесида кўпқаватли уйларда яшовчи икки юзга яқин одам газ йўқлигидан норозилик билдириб, кўчага чиқди. 18 декабрь оқшомида норозилар Қиргулидаги Марғилон автомобиль йўлини бир соат давомида тўсиб туришди. Милиция ва ҳокимият расмийлари норозилар ёнига келиб, газ баллонлари берилишини ваъда қилганидан сўнг оломон уйларига қайтди.

Озодликнинг Фарғонадаги манбаларига кўра, 18 декабрь куни кечки пайт Қиргулидаги Марғилон кўчасида истиқомат қиладиган 200га яқин одам автомобиль йўлини тўсиб олган.

Одамлар газ йўқлигига норозилик билдириб, расмийлардан газ етказиб беришни талаб қилган.

Озодлик манбасининг айтишича, одамларнинг кўчага чиқиб норозилик билдириши Қиргулида уч кундан бери давом этмоқда.

– Ҳар куни бўляпти бу. Ҳамма домдагилар ташқарига чиқади, мелисалар келиб ҳаммани уйига киргизади. Газ эса йўқ, – деди исми сир қолиши шарти билан Озодликка гапирган фарғоналик манба.

Қиргулида газ йўқлигидан одамлар кўчага чиққанини Озодликнинг шаҳар ҳокимиятидаги манбаси ҳам тасдиқлади:

– Ҳокимиятдан, милициядан, газ идорасидан вакиллар бориб одамларни тинчитишга ҳаракат қиляпти. Бугун анча ваъдалардан сўнг одамлар уйларига кечаси соат 9ларда тарқалди, деди ҳокимият мулозими.

Ўзбекистонда газ тақчиллигига қарши аҳолининг норозилик чиқишлари биринчи марта кузатилаётгани йўқ.

Ўтган йили Хоразмнинг Боғот тумани Хитой қишлоғида аёллар газ йўқлигидан автомагитрал йўлини тўсиб, норозилик ўтказган эди. Ҳокимият расмийлари газ баллон ва кўмир берилишини ваъда қилганидан сўнг норозилар тарқалганди.

2013 йилда Самарқанднинг Сартепа мавзесининг Хўжасоат маҳалласи хотин-қизлари газ ва чироқ йўқлигига норозилик тариқасида автомобил йўлини тўсганидан сўнг эса маҳаллага газ берила бошлаган эди.

http://www.ozodlik.org/content/article/27436125.html

 Posted by at 17:27