Sep 142015
 

Фото0650

 

Фото0646

Даставвал ўқиганингизда бу ёзганларим шахсий ҳаёт ҳикоясидек туюлиши мумкин.

Шундай деб ўйласангиз адашасиз.

Аслида бу шахсий ҳаёт “ҳангомаси” эмас… Шунчаки бир оилавий мажоро ҳаммас. Тор қориндан талашиб тушганларнинг оқибатсизлиги деб ҳам бўлмайди буни….

Йўқ!

Амалдаги ҳукумат ҳақидаги танқидий фикрларимнинг “туҳфаси” бу.

Сиёсий қарашларим тўғри келмагани учун ғирром ҳукумат ҳийлалари туфайли аросатда қолган аёл қисмати.

Амалдорларга “тил теккизгани” учун арбоблар имоси билан ота уйига қадам қўйишдан мосуво этилган сингил қисмати бу.

Бу – элдошлари, миллатдошларига эзгулик истагани, ўзи, зурриётлари, оиласи одамлардек яшашни орзу қилгани учун куч ишлатар тизимлари томонидан омонати – онаизори билан дийдорлашиш таъқиқланган қиз қисмати.

Ўзбекистон фуқаросининг сиёсий фаолияти сабаб амалдаги ҳукумат корчолонларининг бир аёлга қўллаётган психологик босими, руҳий тайзиқи, маънавий зарбаси ҳақидаги ҳикоя бу.

Амалдаги ҳукуматни танқид этишга журъат этган аёлни атрофдаги одамлардан, наинки атрофдаги одамлардан, ҳатто туғишганларидан ҳам жудо этиш борасидаги куч ишлатар тизимларининг маккарона режаси, ёлғизлатиш ҳийласи, инсон боласини руҳан буғизлашга қаратилган таъқиби – бу….

Одамзодни ўз ёғига ўзини жизғанак қилиш деб мана шунга айтишади, кишини руҳан ўлдириш усули бу….

Куч ишлатар тизимлар амалдаги ҳукуматни танқид қилган зиёли қатламнинг қанча-қанчасини чорак асрдан бери қамоқда сақлашни ихтиёр этди. Журналист Жамшид Каримов каби ўнлаб жонкуярлар руҳий касалликлар шифохонасига банди этилди. Ҳамкасбимиз Дилмурод Сайид кабилар эса биргина “Йўқ” ҳақида баддийҳа”си учун зиндонбанд этилди.

Шундай… Амалдаги ҳукумат юзига борини кўрсатадиган ойна тутсангиз турли жазо билан сийлашади. Кўнгли тусаса банди этади, исташса, “ақлдан озган” деган ташҳес қўйишади, агарда ҳоҳлашса туғишганларидан мосуво қилишади….

Менинг чекимга ана шундай азоб тушган – кекса онамдан айро қилишган. Шу йўл билан қасд олишга шайланишган…

МУАЛЛИФ

– Мошин келди, қоч, яширин, – ваҳимали оҳангда хитоб қилди опам.

Қўрқинч қоришиқ жонсарак бу овоз менга қаратилганлигини англадим.

Гап нимада эканлигини тушиниб етдиму, ўрнимдан сапчиб туриб, ўзимни уй биносининг чап томонидаги ҳали қуриб битилмаган ҳаммомхонасига урдим.

Жон ҳолатда югургилаганим сабаб ўпкам оғзимга тиқилиб, пишқириб қолдим. Қоронғу ҳужрадаги ёғоч қутига мажолсиз чўкарканман қўрқувданми, чарчоқданми дир-дир титраётган тиззаларимни қучоқлаганча мунғайиб қодим…

… Нега бунчалар қўрқиб кетдим? Нега қочдим, нега яшириндим? Кимдан қўрқиб кетдим бунчалар? Кимдан беркиндим? Кимдан қочдим, нимага қочдим?

Ўз туғишганимдан –акамдан.

Ўз акасидан қалтираб қочадиган қандай гуноҳим бор эди ўзи мени? Айбим шунчалар оғирмидики қақшаб қочсам?! Мен шунақанги қўрқоқманми? Ўз акаси соясидан саросимага тушадиган, қорасини кўрса сичқон ини минг танга бўладиган қуёнюракманми мен?

Мен-а?

Умрида кўзига бир қатра ёш олмаган аёл-а? Ахир қўрқув деган сўз менинг умр луғатимдан ўчиб кетганига минг йиллар бўлганди-ку? Чўчиш деганлари менга мутлақо ёт эди-ку?

У ҳолда нега қочдим? Нега ўзимни қоронғу ҳужрага отдим? Нега бу ерда жонсиз оёқларимни опичлаб, ўз яқинларимдан айбдор мисол яшириниб, беркиниб ўтирибман?

Ўзим учун эмас.

Опам учун.

Азборойи опамнинг ҳурмати учун. Менга меҳр кўрсатаётган опамнинг эртаси учун.

Уч-тўрт йилдирки туғишганларим билан борди-келди йўқ.

Бир акам, олти опам бор.

Опаларимнинг ҳукумат ишида ишлайдиганлари ва ё фарзандлари бирор корхонани эгаллаганларидан 3 нафари мен билан алоқани узиб кетишган. Қариндошчиликка аллақачонлар нуқта қўйилган. Шунчаки қўнғироқлашиб ҳол сўрашишлар ҳам йўқ.

Фақат… Нафақахўр уч нафар опам акамдан ўғринча гоҳ-гоҳида яшириниб-писиб қўнғироқ қилиб туришади, ҳол сўрашади.

Баъзида… Баъзан…

Бу гал ҳам кутмагандим. Ногоҳон сим қоққан опам:

– Синифдошинг Муқаддаснинг қўшнимизга келин бўлган синглиси ўтиб қолди. Ойдай юриб эди. Қант касали бор экан, билмай қолибди, ўтказиб юборибди…. Ҳаммаси армонда қолди… Сениям мазанг йўқ эди. Нима қилдинг, даволандингми? Кел, бизда бир табиб чиқибди, ўшангаям бир қаратардик? – деб меҳрибончилик қилиб қолдилар.

Қариндошларим оқибат кўрсатиши учун ён-атрофидан кимнингдир жони узилиши керак экан, нима ҳам дердим…

– Энди кеч…. фойдаси йўқ, – дедим умидсиз, – Бети ва кети ювиқсиз чала табибларингизданам толиқиб кетдим…., – Сариқ чақалик нафи йўқ бу “Қарат-кўрсат”лардан силлам қуриб кетганди…. Аслида мени дард эмас, кўпроқ соғинч қийнарди. Энажонимни кўргим келарди…. Ана шу соғинч умидида муддаога кўчдим, – Майли, бораман, фақат биттагина ўтинчим бор. Ўзимни зўр табибим бор-ку: онам. Сўнгги бор кўришсам девдим. Ёрдам қилинг. Уйингизга келтиринг. Онам билан бир кечагина ҳасратлашиб ётай, майлими? Омонат жонга ишонч йўқ… Онамни охирги марта кўриб қолай….

– Э-йй, – деди опам овози титраб, гуё биров эшитиб қолаётгандек пичирлади, – Мендан ҳамма нарсани сўрасанг ҳам буни сўрама. Аканг энамни бир кунгаям бермайди. Агарда сен билан яширинча кўриштирганим қулоғига етиб қолса, мениям ота уйидан сенга ўхшаб бадарға қилади. Аканг ўтган гал барчамизни, опа-сингилларни тўплаб мажлис чақирганди. Олдимизга шарт қўйганди: “Ё Малоҳат билан борди-келдига чек қўясизлар, ё мен билан. Қай бирингиз Малоҳат билан салом-аликни йиғиштирмасангиз, дарвозамни ҳатлаб ўтирманг” деган. Минг истасам ҳам энам билан кўриштираолмайман, хапа бўлмайсан энди…

Умидларим чил-чил бўлиб гўшакни қўйгандим.

Онам дерди: “Жигар-жигар, дигар-дигар” деб.

Орадан ўн кунлар ўтди чамаси, энажоним айтганларидек “жигар-жигар” экан-да, опам хушхабар айтиб қолди:

– Аканг энамни ҳафта-ўн кунга менинг қаровимга берадиган. Эрта-индин ўзи олиб келиб, ташлаб кетаркан. Келақол, кўриб кетарсан… Фақат уйимизга келганингни, энам билан кўриштирганимни аканг билмаса бўлди. Эшитиб қолгудек бўлса, тамом, мениям қишлоққа қайтиб киргизмай қўяди, кечаси кел, келганингни бирорта зоғ эшитмасин…..,- деди опам юрак ҳовучлаб.

Бошқа дам бўлганида опамдан аразлаган бўлардим. Ҳозир эса гина қилиб ўтирадиган палла эмас. Опамнинг меҳрибончилигидан минг бир миннаддор бўлиб йўлга, Самарқандга чопдим.

Ҳозиргина акам опамларникига онамни келтирди. “Қоч, қув” отлиқ бу ваҳимали “қувламачоқ ўйини”нинг боиси шундан….

Опам ёлворганидек, мен акамнинг кўзига кўринмаслигим керак.

Бу, ҳам ўзимга жабр: акам онамни қайтариб олиб кетиб қолишлари ҳам мумкин.

Бу, ҳам опамга жафо – сиқиб сувини ичишади, кейин ҳечам кўзларини очирмайдилар. Эҳтимол, қишлоққа киритмай қўйишлари ҳам ҳеч гап эмас…

Бу жонсараклигимнинг сабаби ана шундан: Менга оқибат кўрсатаётган опажонимга жабр қилмаслик учун ҳам қочиб, яшириниб, зах ҳужрада дағ-дағ қалтираб ўтирибман…

Хаёллар уммонида шу алфозда қанча суздим, билмайман, бир маҳал:

– Кетди, чиқавер энди. Ана энам, истаганингча дийдорига тўйиб олавер энди. Чиқ, кел, уйга кир, – мамнун оҳангда чорлади опам.

Силлам қуриган. Судралганча энам ўтирган хонага кирдим.

Уй тўридаги тўрт қават кўрпачада энажоним ўтирарди.

Шарпамни ғира-шира англадилар чоғи:

– Ассалому алайкум. Келинг, – деди онам мискин аммо ўта меҳрибон товушда, – Қани, сиз кимсиз? – онам ўнг қўлини олдга чўзиб ҳавони сермай бошлади…, – Келинг, кўришмаймизми?

Энажоним! Кўришмаганимизга 8 ой бўлибди. Шу фурсат ичида кекса киши шу қадар ўзгариб кетиши мумкин экан-а? Тутдай тўкилиб қопти! Беоқибат бола бўлмай ҳар нарса бўлай мен! Бир қадам жойга 8 ой дегандаям биргина келмайманми, омонат онамни бир бор зиёрат қилмайманми? “Кўрсатишмайди, ота уйига қўйишмайди” деб ўтиравераманми? “Излаган имкон топар”ди-ку! Нега онам билан кўришиш чораларини қидирмадим, кўксимдаги сохта соғинчмиди? Меҳрим чин бўлса, бу соғинч деганлари нега йўлимни онам томон бошламади, омонатим ёнига етаклаб келмади! Энажоним. Кўзларимга ишонмасдим. Наҳотки ўз боласини таний олмасдан ўтирган шу муштипар менинг энам бўлса! Оҳҳҳ, қандай энам бор эди-я! Битта гапига тўртта мақол қўшмаса, гапирмайдиган, сўзини беҳуда елга совурмайдиган, кайвони, бутун овулдагиларни оғзига қаратадиган, “саксонга сабоқ, тўқсонга табоқ” берадига қандай оқила, зукко, фаҳму фаросатда мана-ман деганларни ортда қолдирадиган, меҳридарё энам бор эди! Ҳаёт деганлари бунчалар шавфқатсиз бўлмаса! Бевафо дунё деганлари шуми? Куни кеча бутун туман аҳолисини қойил қолдирган аёл бугун кўзлари кўрмай, ўз зурриёдини таний олмай, ҳавони чўкиртак қўллари билан сермаб ўтирса?!!!!

Армонми, аламми, меҳрми, соғинчми, афсус-надоматми, изтиробми…. нимадир бўғзимга чанг солди. Кўзларимдан ёш қуйилди. Елкаларим, йўқ, бутун вужудим титраб, силкиниб кетаверди.

– Бу менман, энг кенжа қизингизман, – дедим бўғилиб, сўнг секингина бордим-да онажонимнинг ҳавони пайпаслаётган қоқсуяк қўлларини тутиб бағримга босдим, – Бу менман, энажон….

– Қани, келчи? Сениям кўрадиган кун боракан-ку, қизим. Қани, кел ўзимга, -онамнинг юзига табассум ёйилди, – Ўзингмисан, ақиллигим…

Менинг титраб-қақшаб йиғлаётганимни англаган онам:

– Нима бўлди? Нега йиғлаяпсан? Тинчликми? Соғмисан? Нима қилди?, – адоғзиз саволлар берди жонсарак бўлиб.

Бўғзимдан ғиппа бўғган аламу армонлар гапиришга изин бермасди.

– Нега гапирмайсан? Нима, бобойингдан калтак едингма? Болаларинг эсонми?

Оҳ, менинг аёл кишини бор кулфати куёвининг калтагида” деб биладиган соддадил энагинам-а…”

Орага опам аралашди. Энажонимни тинчлантирган бўлди:

– Бунингиз сизни кўрганига қувонганидан йиғлаб ётибди, эна, кўнгли бўшаб кетди. Қўяберинг, юрагини бўшатиб олсин….

– Нимага кўзингни ёшини тўкасан? – энажонимнинг чўкиртак қўллари сочларимни бемажол силади, – Ҳуда-беҳуда йиғини хосияти йўқ. Мени кўриб кўз ёш қилаяпсанма? Менинг нимамга йиғлайсан? Қара, энанг ойдай, кўргин, энанг отдай-ку…. Бу ёғи энди қаричилик….. Бир аср яшамоқ асон бўптими одамга…. Энанг ёшини яшаб, ошини ошаб бўлган… Илоҳим Худо ҳаммангизгаям энангизникидай ёш берсин. Невара, чевара, бегоналариниям тўйини кўрдим. Мана, қизларимни биттаси мана бу опанг бўлса, икки кам етмишга кириб ўтирибди. Энангдай яшашни орзу қилганлар қанча? Энангни ҳеч нарсадан армони қолганмас. Сен энангга куйиниб ўтирма. Ўзингни ўйла. Соғлиғингга қайғур. Эзилма, бунчаларам куйиб-пишма, йиғлама, бор кучингни бекорга сарфлама…

– Бунингизни ўзи бетоб. Даволаниш илинжида юрибди. Дард сиҳатини салгина сайпаб ўтибди. Бунчалар ичикиб йиғлаш мумкнимас ўзи бунга. Ўзини олдириб қўяди. Даволатаман, энасини кўрсатаман деб, олиб келиб, балога қолмасам гўрга эди, бу йиғи адо қилиб қўяди-ку буни… – деди опам бошимни рўмол билан танғиркан, – Бўлди, бас, бунингдек қонқақшаб йиғлашлардан Худонинг ўзи асрасин…..

– Касалман деб кўпам қайғураверма. “Оғриқ тўрда, соғ гўрда” деб қўйибди. Хаста одамнинг ҳаммасиям ўлиб кетавермайди. Шундай бўлганида одам зоти қирилиб кетарди. Дардниям Яратган суйган бандасига беради. Тана қўрғон, дард меҳмон. Келади, кетади. Кўнгилни кенг қил, қизим… Ҳамиша думоғингни чоғ қилиб юр…, – елкамга қоқди онам.

Сал кам 50 йиллик кўз ёшини шу кунга атаб қўйган эканман чоғи. Кўз ёшим ҳечам тинай демасди.

Энажоним билан ўн кеча-ю ўн кундуз бирга бўлиб, роса хуморидан чиқдим. Кўнглим энажоним меҳридан қониб-қониб сув ичди…. Гапирилмаган гап, айтилмаган сўзнинг ўзи қолмади ҳисоби…. Она-қизнинг ҳар тундаги ҳангомаларини ўзи катта бир китоб бўлади….

Онам билан бўлган ҳасратларнинг батафсил тафсилоти ҳақида кейинроқ…

Мени бир нарса, акамнинг “Онам ўлса, ўлигига ҳам келтирмайман” дея оташин бўлиши ташвишга солади…. Тасаввур қилинг, онам шўрликнинг совуқ танаси уй четида ётса-ю, марҳумни иззат-икром ила сўнгги манзилига кузатиш ўрнига ака-сингил ўр-тўпалон қилиб ўтирсак? Марҳум руҳини безовта қилганимдан кўра ота уйига қадам қўймаганим авло эмасми? Шу сабаб ҳам элдан бурун онам билан рози-ризолик сўраб, видолашиб ҳам олдим….

– Энажон, отам раҳматликнинг Асрор амакимга алоғда бўлгани эсингиздами? – гапни узоқдан бошладим.

– Отанг раҳматлик укаларига оқибатли эди, эсимда.

– Ака укасигаки охирги дамда шу қадар илҳақ бўлса, ота-она боласининг йўлига қанчалар кўз тикаркан-а, она. Сизга бир гапни айтиб қўйишим керак: Тобим йўқ. Тошкент узоқ. Оллоҳ омонатини қичаб келган чоғида йўлимга илҳақ бўлманг, узоқ йўлда улгурмай қолишим мумкин….

– Бу нима деганинг? Болани нега боқдик? Таъзиямда туриб бермайсанми, “Онам”лаб обруни олмайсанми? Мен сенга озмунча айтувларни ёздирибмидим? Қизларим ичида оқ-қорани танийдиган, тилли-жағлиси биргина ўзинг бўлсанг. Опаларингни оғзини “овуқ уриб кетган”. Айтувни “каштасини келтира олмайди”. Ҳали ҳалойиққа кулгу бўлмасак гўрга эди… Таъзияхонаям бир томошахона… Одам ёшлай кетса, куйгани келади, ошини ошаб-ёшини яшаганлар кетса – томошага келади….

– Обру олиш ҳақида гап ҳам бўлиши мумкинмас. Ҳаммаси сиз истаганингиздек бўлади, энажон, сиз бу ёғига кашал бўлманг.

Энажоним болишга ҳорғин бош қўяркан, ўйга толди. Узоқ ўйга толди. Шу тобда энажонимнинг мискин кўнглидан нелар кечди экан, ўзлари билади… Улар айтмади, мен сўрамадим…. Ҳаддим сиғмади…. Волидам хаёл суриб ётди-ётди-да бирдан болишдан бош кўтариб:

– Нима, аканг билан номуросамисан? – сўради хавотирланиб.

– Йўғ-э, нималар деяпсиз? Бу гапларимга акамнинг алоқаси йўқ. Узоқ йўллиги сабаб… Ҳар эҳтимолга қарши айтдим-қўйдим-да. Ҳаётда ҳамма нарса бўлиши мумкин-ку…. Мендан рози бўлинг, энажон…, – “Берган сутингизга, боққанларингизга, меҳрингизга рози бўлинг, мен ҳам сиздан розаман, ғаниматим” демоқчи эдим. Лекин дея олмадим. Айтишни не чоғлик истамай, айтаолмадим…. “Мендан рози бўлинг” деган сўзнинг залвори оғир бўларкан. “Мендан рози бўлинг” – бу сўз бўғзингни чангаллаб оларкан.

– Мингдан-минг розиман. Ҳаммангданам розиман… Худога беҳисоб шукур, болаларим айримларнинг эркатойи каби арзанда бўлмади. Болаларимнинг бари эсли-хушли, меҳнаткаш, иймонли-эътиқотли, виждонли, меҳрли, оқибатли бўлди… Розиман… Илоҳим ортимдан қолинглар…, – ўзига гапираётган каби онамнинг лаблари ҳорғин пичирлади….
Ўртага оғир сукунат чўкди…. Орадаги ноқулайликка чек қўйиш илинжида гап мавзусини ўзгартирган бўлдим:

– Энажон, 50 дан ошмайдиганга ўхшайман-ку. Ҳолим ўзимга маълум…., – дедим мутойибага мойил оҳангда, – Дунёга устун бўлармидик, энажон. Кимдир эрта, биров кечроқ… Барибир кетмиз-да…., тақдирга тан берган кимсадек бепарво оҳангда деяпману, яшашни қанчалар истаяпман, буни бир ўзим, бир Худо билади! Ҳаёт деганлари бунчалар ширин. Тана “титилиб” тамом бўлиб кетган. Шунчалар чарчаб, ҳолдан тойиб қолганки, гоҳида “Қанийди, ётсам, қайтиб турмасам” деган ўй ўйиб ўтади кўнглингни. Кейин¸бирдан ўз хаёлингдан ўзинг сесканиб кетасан: “Мен кетсам дунё қандай бўларкин?”. Худди сен қайтмас бўлиб кетсанг, ҳаёт деганлари тўхтаб қоладигандек, дунё охир бўладигандек…. Яшагиларинг келиб кетади…., – Фақат… фақат менга бир гап бўлса, Тошкентларда қолиб кетмай девдим, эна! Қизларим ҳали ёш, ҳали бу юмушларга қурби етмайди деб қўрқаман…. Шунга… ўзингиз кўзингиз тириклигида қариндошларга шуни тайинласангиз дегандим… Мени отамнинг оёғи остига олиб келишсин, буларингиз мени ўтинчимни писанд қилмайди, сизнинг айтганингиз бўлак, сизга итоат этишади, – дея ёлвордим.

Девқомат бир ўғлини бемаврид ерга бериб, юрак олдириб қўйган онаизорим совуқ гапларимдан янада қовжираб қолди. Ҳеч бир онаизор дилбанди ортидан боламлаб қолмаси экан. Акамнинг ўлими онамнинг борлиғини ўзи билан олиб кетгандек…. Шу-шу онам ўмганини қайтиб кўтара олмади…. Ҳозир ҳам менинг айтганларимдан бир сесканиб тушган онам ғамгин жовдиради:

– Гапларингни ел учирсин! Яхши гапгаям, ёмон гапгаям фаришталар овмин дейди. Бунақанги пишак тилов бўлмагин. Ниятни бутун қил. Нега ундай дейсан? Қароғим, қайтага ёшлигингда бинойидек эдинг. Беш вақт номоз ўқирдинг. Сени қандай жин чалди, ҳаммасини йиғиштириб қўйдинг…. Беайб парвардигор. Ҳаммамизам гуноҳкор бандалармиз. Қизалоғим, саждага бош қўй, Худодан гуноҳларингни кечиришини сўра. Яратган Эгам раҳимдил. Карами кенг. Ажабмас “Ол, қулим” деса. Дардингга ўзи шифо берса. Чини билан, сидқидилдан гуноҳларингни махфират этишини сўра, ялин, ёлвор, илтижо қил… Худо ҳоҳласа ҳали менинг ёшимга кирасан, – фақат оналаргагина хос меҳр билан юзларимдан ўпди онам, – Сенинг бу гапларингни мана, биз айтсак ярашади…. Энди биз қарияларнинг буган бўлдириғимиз шу: тирик бўлиб сонда йўқ, ўлик бўлиб гўрда йўқ. Эрта-ю-кеч Ҳақ деб ётганимиз-ётган. Одам иззати, сийи-сипати кетмасидан, болаларига кўпам малол келмасидан, фарзандларининг қўлига маҳтал бўлмасидан иззатининг борида у дунёга кетгани яхши экан, – ҳижолатомуз жилмайди энам, – Оллоҳ омонатини қичасаям бўларди энди…

Онамнинг овоз оҳанги ҳижолатли эди. Энажонимнинг овозлари ялинчоқ эди. Бу оҳанг илтижоли эди. Андуҳли эди бу овоз. Титроққа қоришиқ эди бу оҳанг….

Фақат… Фақат хайрлашув чоғи қалбимда аламли доғ қолдирди. Балки бу сўнгги бор дийдордир, ким билсин. Бироқ мен охирги бор онам билан одамлардек хайирлаша олмадим ҳам.

Яна ўша ваҳима:

Аканг келаяпти, қоч, яширин!”

Қулоғи оғирроқ бўлиб қолган энажоним ҳеч гапдан бехабар. Менинг хайрлашиш ўрнига тулкидан қочган қуёндек чопқилаб қолганимга, пусиб олганимга ҳайрон. Онам лол. Ҳув, ўша, ҳали қуриб битирилмаган ҳаммомхонадан чиққанимда онамнинг ўрни – тўрт қаватли кўрпачалари – жойлари ҳувиллаб турарди…. Хўрлик вужудимни дағ-дағ титратиб, армонли алам вужудимни алангалатиб юборди!….

Каримовни дектаторликка асосланган ҳукумат бошқарувининг қаллоб, қалбларни қиймаловчи қассоб қиёфасини кўришни истармидингиз? Мана, имконият, танишинг!

Эҳтимол, гапларимга сиз ишонмассиз… “Бошидан ўтганнинг қошидан ўтма” дейишган….

Э-воҳ, не кўргулик бу?

Қайндайин савдо?

Қандайин қисмат бу?!

Нега шунда й бўлди?

Негаки….

Негаки…. Тан олмасам, адолатдан бўлмас….Ёлғизгина акамнинг ўғлини менинг танқидий қарашларим учун 8 йилга озодликдан маҳрум этишди. Ёшгина жигаримнинг ҳаётини чил-парчин қилишди…. Атай шундай қилишди.

Ўғлига қаттиқ куйган акам мендан воз кечган. Аниқроғи, унга зуғум ўтказилган….

Ана шундай “усул” кўмагида, туғишганларимга жафо қилиш ортидан мени тиз чўктириш, синдириш, “тавбамга таянтириш”ни режа қилишган.

Онасининг ўлигига ҳам келтирмайсан!” деган совуқ хитоб ёрдамида “таъзиримни бериб қўйиш”га киришган, яккаланиб, ёлғизланиб қолишимни, оқибатда руҳан синиб-битишимни, алал-оқибат тавба-тазарру қилишимни кутишган.

Мен эса вазият қалтислигини англаганим учун ҳам гарчи бемаврид бўлса-да, эҳтиёт шарт онам билан элдан бурун видолашишга, рози-ризолик сўрашга улгурдим.

Эй, виждонига ўт тушганлар! Юрак ўрнига бир парча лахимни “опичлаб” юрган кимсалар! Мансабдор мунофиқлар! Куч ишлатар тизимининг қўғирчоқ “қўрғонлари”! Онани боладан айириш эвазига қасос оладиган каззоблар! Энди бу ёғи нима бўлади? Қай биримиз эрта кетамиз, бунисини Худо билади… Лекин мен отга эртароқ қамчи урдим-ку. Онам билан видолашиб улгурдим-ку! Операциянгизни барбод қилиб қўйдим-ку! Бундан буёғига энди мени нима деб қўрқитасиз? Янаям “Энангни ўлигига ҳам келтирмаймиз?” дейсизми-а? Кўнглимга ваҳима солиш истагида янаям ёнасизми, орзуманд бўласизми?

Энди мени қандай тиз чўктирасиз?

Нима деб қўрқитасиз?

(давоми бор)

Малоҳат ЭШОНҚУЛОВА

мустақил журналист