Sep 102015
 

Кириш сўзи

Муқанна нидолари”ни мен ўтган асрнинг етмишинчи йилларида ёзганман. Замон қалтис эди. Шунга уни эрксевар бир йўлдошимга берганман. Яшириб қўйишга.

Қамоқдан чиққанимдан кейин у “ Муқанна нидолари”ни менга қайтарди. Кўп ўтмай ўзи узлатга кетди. Тангри унинг охиротини ёруғ қилсин!

Азиз ўқувчи , ҳали ҳеч ерда босилмаган бу нидоларни сенинг ихтиёринга топшираман.

Эврил Турон.

 

Эврил Турон

ЁРҒУЧОҚ

(ЎТТИЗИНЧИ ЙИЛЛАР МАНЗАРАСИ)

Ҳорғин – ҳорғин айланади ёрғучоқ

Минг йил кечароқ…

Синган ёрғучоқ…

Буғдой янчган эди унда Ойтўлди.

Арпа янчар энди унда Ойбўлди.

 

Ойбўлдининг эри қамоқда ўлди,

Шўрлик хотин олти бола – ла қолди.

Миллионлар каби унинг эри ҳам

Туҳмат билан ёпилганди , не алам!

 

Эшбой эди зўрлик, эгрилик ғови

Тузум унга айб қўйди: “ Эл ёви “.

Агар юртда имон бўлса омонат

Элни ич ичидан йитар хиёнат…

 

Она тўнғич қизин узатди эрга,

Бир қашшоқ кишига, манглайи шўрга.

Тошбой, Қўшбой: “Нон” деб очликдан ўлди,

Кенжа қизи Гулой “ Ота !” деб сўлди.

 

Мардикорга кетган нори қайтмади.

Узун йиллар шунқорини излади.

Бироқ ҳеч ким аниқ бир гап айтмади

Юзи самон она куйиб бўзлади.

 

Қайғу – ғамлар Ойбўлдини қилди чўп,

Қўни – қўшни уруғлари бўлди тўп.

Тул хотинга ачиндилар, ёрдилар кўнгил:

Элга келган бало…”

Кимга ҳам енгил?..”

Бу кунлар ҳам ўтар да,сал сабр қил…”

Ўзингни ҳам ўйла, умр кечмас бир ҳил…”

 

Рўзғор ўлсин, тугаб – битди егулик,

Сотишга ҳам йўқда, сабил, дегулик.

Куни қолди супургининг донига,

Қасд этмоқчи бўлди у ўз жонига.

Аммо болаларин ўйлади она,

Шайтон васвасини ҳайдади ёна,

Тун-кун тикди чопон, қавиди кўрпа,

Бунга бори берди бир сиқим арпа.

 

Қишлоқ оқсоқоли ҳам берди таскин:

Эл бошига тушган иш да, чидагин.

Қара, пишак, эшак, итлар қолди кам…

Кунжарадан шишиб ўлди кўп одам.

Бола, баданларин сотганлар туман.

Юртда кимга осон?

Кам қолди имон…”

 

Ҳорғин – ҳорғин айланади ёрғучоқ

Минг аср кечароқ…

Синган ёрғучоқ…

Боғдон, 1975.

Эврил Турон

МУҚАННА НИДОСИ

Одамзотни ютаётган гўристонлардек

Ёруғликни ютаётир кўр қоронғилик.

Қор бўрони изғир еру – кўкни қақшатиб,

Тўкилган кулбалар кўринар мунгли, ғариб.

Ўлатдек изиллар, не бор янчиб, билмай чек,

Увиллар борлиқни тилка пора этгудек.

Саждагоҳлар бир – бир қулар, инграб, сочилиб.

Мазорларни топтар, боғларни қилар вайрон

Не тирик жон бўлса сиқар, йитар беомон.

 

Оламни измига салмоқ истар ёсумон…

Бир ёруғ кўринмас, ё кўринмас бирон жон.

Фақат кўчаларда изғирлар очофат итлар,

Баданларда ғужғон ўйнар қон ташна битлар.

 

Йиқиқ ўтёна1лар, қамоқлар, зиндонлардан

Келар йиғи, нола, қарғиш, сўкиш, нидолар.

Қул, тул бозорлари бўзлаюр бўғовлардан

Ҳеч биридан чиқмас, лек, “ Эрк “ деган садолар.

 

Гар чиқмаса қуёш, чекинмас қоранғилик,

Тинмас бўрон, давом этаверар доғулик…

Боғдон, 1971.

1Ўтёна – ўтчилар сиғинадиган жой