Jun 082015
 

Айтинг-чи, нима учун ўзбек мухолифатида Қирғизистон, Қозоғистон ёки Туркманистондан фарқли ўлароқ, мавжуд режим томонидан инжитилган ҳукуматнинг собиқ амалдорлари роли ҳаминқадар?

Бу сатрларни ёзарканман, Муборак шаҳрининг собиқ ҳокими Мурод Жўраев, нефть базасининг собиқ директори Самандар Қўқонов, банкир Рустам Усмонов, собиқ вице-президент, марҳум Шукрулло Мирсаидовларнинг фожиали тақдирини эсладим. Бир пайтлар тахтга яқин бўлган ва ўзгача фикрлаганлиги учун жабрланган жасур шахсларнинг камтарона рўйхати бу.

Улар қулларча итоаткор ва ўз юзига эга бўлмаган  – “винтчалардан, занг босган давлат механизмига хизмат кўрсатадиган ҳамда мансаб пиллапоялари бўйлаб кўтарилиш ва бойиш учун ўзигагина фойдали ниятлардан бошқа ҳеч қанақа маслакка эга бўлмаган амалдорлардан мутлақо фарқ қилардилар. Ҳозир мен эслаётган одамлар ғинг демайдиган судралиб юрувчи махлуқ каби эмасдилар. Улар ўзбек давлатининг гуллаб-яшнашини чин дилдан орзу қилардилар, чор-атрофда содир бўлаётган ҳодисалар ҳақида фикр юритардилар ва уларнинг ҳар бири ўз соҳасининг қобилиятли кашшофи эди. Улар ислоҳотчи эдилар, мамлакатнинг иқтисодий ва сиёсий жиҳатдан ривожланиши учун янги йўлларни қидирардилар ва ўз ўй-фикрларини яшириб ўтирмасдилар.

Мурод Жўраев Ўзбекистоннинг янги тарихида биринчилардан бўлиб демократик равишда сайланган ҳоким сифатида,халқ депутати сифатида Муборак шаҳрининг маъмурий қайта қурилишини амалга оширди ва кўзга кўринган мухолифатчилардан бири бўлди.

Самандар Қўқонов қайта қуришнинг беш йили ичида намунали нефть базасини барпо эта олди ва ҳукумат ўзгартирилгач,Нишонов давридаги кўплаб хўжалик раҳбарлари каби мол-мулкнинг қайта тақсимланиши қурбонига айланди. Афтидан, янги хўжайинлар каттароқ улуш олишни истаганлар. Нефть маҳсулотлари каби катта бир луқма қайсар халқ депутатининг тасарруфида қолмаслиги керак эди. Бу ҳам унга етказилган захмнинг сабабларидан бири бўлса керак . Босим бошлангач эса Қўқонов коммунистик партия сафини тарк этиб, мухолифатга қўшилди. Самандар Қўқоновни нефть базаси директори лавозимидан четлаштириш иши билан ўша пайтларда Тошкент вилоят ижроия қўмитаси Ички ишлар бошқармаси бошлиғининг ўринбосари бўлиб ишлаган Зокиржон Алматов шуғулланган. 

Рустам Усмонов билан биз дўстона алоқада эдик. 1989 йил ёзида мен унинг Советободдаги уйида бир ойдан ортиқроқ яшаганман У ақлли ва қобилиятли тадбиркор сифатида ёдимда қолган. У менга ўзининг асаларичилик кооперативи ва қизил чувалчанглар етиштириладиган иссиқхоналарини кўрсатганди. Мустақил тадбиркор бўлиш ҳуқуқи учун маҳаллий мансабдорлар билан қандай кураш олиб бораётганини айтиб берганди. Биз у билан СССРдаги қайта қуриш, Ўзбекистон иқтисодиётини ислоҳ қилиш, миллатлараро муносабатлар ҳақида соатлаб гаплашганмиз ва ҳатто ҳамкорликда яратиладиган тарихий фильм ҳақида орзу-хаёлларга ҳам берилгандик. Кўп ўтмай у ҳокимиятга қарши туриш билан турмушда муваффақиятга эриша олмаслигини билиб бир қаториккиланувчилар” каби мухолифатдан четлашди ва шу билан йўлларимиз ҳам айра тушди. Нисбатан қисқа вақт ичида Рустам ака Усмонов “Рустам Банк” деб номланган биринчи хусусий тижорат банкини барпо қилди. Буни амалга ошириш юқори лавозимдаги шахсларнинг қўлловисиз бўлмайди, албатта. Ислом Каримов эътиборига тушган Рустам ака ўзининг бизнес юксалиши чўққисида бўлган паллада, мен унга жадидлар ҳақидаги тарихий фильмнинг суратга олишни молиялаштиришни таклиф қилдим, бироқ унда бу ишга нисбатан иштиёқ сезмадим. Шундан кейин биз учрашганимиз йўқ.

Рустам Усмоновнинг бухгалтерияси шаффоф бўлгани ва солиқларни ўз ўрнида тўлаб боргани учун ҳам у кишида ўз даромадини бирор киши билан бўлишишга иштиёқ йўқ эди. Тадбиркорнинг суратларини чизган, унинг оиласи билан дўстона муносабатда бўлган ва Рустам Усмоновнинг муаммоларидан яхши хабардор бўлган рассом Азиза Маматова фикрича, банкирни “сиқувга олган” кишилар ортида Исмоил Жўрабеков турган. Бу пировардида унинг таъқиб этилиши ва узоқ муддатли қамоқ жазосига ҳукм қилинишига олиб келди. Менимча, агар Рустам Усмонов асрий анъаналаримизга мувофиқ равишда даромадини ҳукмдор билан бўлишганида эди, эҳтимол, қамоқдан қутулиб қолган бўларди. Яна билмадим, балки бу ҳам уни қутқариб қолмасмиди. Чунки мустақиллик эълон қилинган кунларданоқ мамлакатимиз биз эсон-омон босиб ўтган давр ўрта асрлардаги ҳолатимизга тез суратлар билан қайта бошлади. Демак, у иллатлардан тўла қутулиб кетмаган эканмиз! Аксинча, ҳозир унга тобора чуқурроқ шўнғиб бораяпмиз ва бу жараён “миллий тикланиш” дея аталмоқда. Мурод Жўраев, Самандар Қўқонов, Шукрулло Мирсаидов, Шовруқ Рўзимуродов, Тойиба Тўлаганова, Жаҳонгир Маматов, Иномжон Турсунов, Муҳаммад Солиҳ, Рустам Усмоновлар бундай “миллий тикланишнинг” илк қурбонларига айландилар.

Одатда, Бухоро амирининг энг ишончли одамлари қуллар бўлган. Чунки анъанага кўра, хон дастурхонига яқинлатилган қулда ҳеч қанақа мустақил ҳаракат, фикр ва маслак бўлмаслиги керак эди. Унда сўзсиз итоат, итдай содиқлик ва “ҳукмдорнинг донолиги”ни алқалашдан бошқа нарса бўлмаслиги лозим эди. Қул чақимчилик воситасида хоннинг хос кишиси бўлишдан умидвор бўлиб юрадиган бир муҳитда , виждонли бир инсон қандай қилиб фитналардан омон қолиши мумкин. Агар ақлли, виждонли инсоннинг фикрлари, одатлари, сўзлари ва хатти-ҳаракатлари лаганбардор ҳасадчиларнинг қаттиқ назорати остида бўлса ҳамда тасқара бир шаклда олампаноҳга етказилса, у қаерга борсин!.   

Собиқ вице-президент – мухолифат мувофиқлаштирувчиси Шукрулло Мирсаидовнинг тақдири кўпчиликка маълум. Аввало Мирсаидовни унинг ўзининг ишончини қозонган юқори рутбали қуллари сотди, кейин эса пастроқ мақомдагилар- қулларининг қуллари биратўла топтаб ташлашди. У ақлли ва жасур инсон эди. Бажонидил мазмундор интервьюлар берарди. У доим омма ичида бўлган, турли баҳс-мунозараларда иштирок этган, оддий одамларга тушунарли бўлган тилда гапирган ва Ўзбекистонни “буюк” эмас, балки муваффақиятли бир мамлакатга айлантиришни орзу қилган.

Қаҳрамонларимнинг ҳаммаси у ёки бу даражада олий ҳокимиятга яқин бўлган ҳамда ўз жасурлиги ва ўзгача фикрлагани учун жабрланган инсонлардир. Бундай рўйхат катта бўлиши мумкин ҳам эмасди. Қолоқ феодал мамлакат мансаб пиллапоялари курсиларида маънавий етук ва эгаллаб турган лавозимига муносиб, замонавий фикрлайдиган одамлар доим танқис бўлган. Бу, айниқса, малакали кадрларнинг катта бир қисми мамлакатни тарк этганидан кейин жуда аниқ сезилиб қолар экан. Афтидан, “Маънавият ва Маърифат” жамғармаси ҳам айнан шу кемтикни тўлдириш учун тузилган. Вазифасига кўра Жорж Оруэллнинг “Ҳаққоният вазирлиги”га менгзайдиган бу жамғарма бугунги кунда “миллий тикланиш” билан шуғулланмоқда…

 Ваҳоланки, ҳар қандай “тикланиш” гарданимиздаги оғир тош каби бизни жаҳаннам қаърига тортаётган зеҳниятимиз, маданиятимиздан ҳеч қаёққа қочиб, қутулиб кетишга йўл бермайди. Умуминсоний демократик қадриятларга мослашишга қодир бўлмаган ўрта асрларга хос бу атавизм кундан-кунга, худди сомонли ғишт ёғоч қолипи сингари, чала-ярим қулларни ва шафқатсиз золимларни бир хил шаклга солиб бераяпти. Қанақа кийим кийганидан, қайси тилда сўзлашишидан қатъий назар, камдан-кам ҳолларни истисно қилганда, дунёнинг исталган бурчагида бу “сомонли ғиштлар”ни хулқи ва авзойидан таниб олса бўлади. (Сомонли ғишт фақат лой девор қуришга ярайди). Шуниси ажабланарлики, “сомонли ғишт”га оид жиҳатларни ўтган асрнинг биринчи ярмида мамлакатни тарк этган, ривожланган демократик давлатларда яшаётган ва ҳеч қачон Ўзбекистонда бўлмаган муҳожирларнинг фарзандлари ва невараларида ҳам кузатиш мумкин. Афтидан, бу ерда нафақат маданият, балки ирсият ҳам катта роль ўйнади.

 Аммо маданият не демак?

 Маданият( бу ҳайвоний инстинктларнинг намоён бўлишига нисбатан қўйилган кўплаб таъқиқлардир.) Бу юриш-туриш этикаси ва одамлар ўртасидаги ижтимоий муносабатлар меъёрларидир. Маданият бу пировардида янги давлатларнинг юридик қонунлари ва ахлоқий қоидаларига айланган асрий анъаналар, урф-одатлар, маросимлар ва диний амрлардир. Бу қоидалар ҳар бир миллат маданиятининг асосини ташкил қилароқ, табиатдаги душман кучлардан муҳофазаланиш, иқтисодий тараққиёт, ижтимоий уйғунлик ва мазкур маданият соҳиблари равнақини таъминлайди. Ҳар бир алоҳида маданият диний арбоблар, олий ўқув юрти ўқитувчилари, мактаб ва коллеж ўқитувчилари, ижодкорлар хизмати туфайли ривожланади ҳамда улар китоблар, газеталар, журналлар, телевидение ва кино ёрдамида омма онгига ҳар бир алоҳида маданиятга хос бўлган маънавий қадриятларини сингдирадилар. Маданият даражаси қанчалик юқори бўлса, унинг соҳиблари турмуши ҳам шунчалик фаровон бўлади. Маданият даражаси ва ижтимоий мувозанат эса жамиятнинг барча қатламлари томонидан ахлоқий тамойиллар ҳамда жиноий ва фуқаровий ҳуқуқ меъёрларининг истисносиз равишда бажарилишига боғлиқ бўлади. Яъни қонун барча нарсадан устувор: қонун олдида фаррош ҳам, президент ҳам тенг бўлиши керак. Масалан, демократик ривожланган мамлакат фуқароси беш йилга қамалган бўлса, жазо муддати тугагач, уни албатта озод қилишади.

 Бироқ Ўзбекистон қомуси омборчада чанг босиб ётган ва фақат Конституция куни олиб чиқиб ясатиладиган ва хўжакўрсинга атрофида давра қуриладиган, пластмассадан тайёрланган янги йил арчасидан бошқа нарса эмас. Шунинг учун ҳам бизда ашаддий рецидивистларни авф қилиш ,лекин мухолифатчилар, ҳуқуқ фаоллари ва журналистларнинг жазо муддатини эса уйдирма айбловлар билан узайтириб қўйиш мумкин. Агар конституцияда президентлик учун икки муддат белгиланган бўлса, ушбу муддат тугагач, маданиятдан насибадор одам бошқа ишга ўтиши ёки нафақага чиқиши керак. Бироқ у ҳайвоний инстинктига бўйсуниб, ўзини Бухоро амири каби тутаётган, аёнлар ҳам ҳайвоний инстинктига эргашиб, ўзбошимчалик қилаётган, халқ эса ўз-ўзини сақлашдек ҳайвоний инстинктга бўйсунган ҳолда сукут сақлаётган бўлса, у ҳолда маданият инқирози юзага келади. Ижтимоий уйғунлик ва жамиятнинг фаровонлигини таъминлашга қодир бўлмаган маданият таназзулга юз тутади. Худди Шимолий Африкадаги маданиятлар инқирози ва унинг оқибатида бошланган инқилоблар каби…    

 Таназзулга юз тутган маданиятлар умуминсоний қадриятларга мослашишга қодир эмас. Улар жамиятнинг иқтисодий тараққиёти ва ижтимоий мувозанатини таъминлай олмайди. Ҳукмрон табақа манфаатларигагина хизмат қилишга қаратилган бошқарув маданияти юзлаб йиллар давомида иқтисодий манфаатлар ва кафолатлар асосида бирлашган ҳукмрон элита табақаларининг гуллаб-яшнаши учун қулай бўлган қадриятлар тизимини яратади. Ва яна бир нарса! Инқирозга юз тутган маданият ҳатто ҳайвонот оламининг асосий инстинктини – поданинг ўзини-ўзи сақлаш инстинктини таъминлашга ҳам қодир эмас: улар давлатнинг суверенитети ва хавфсизлигини ташқи душмандан ва ижтимоий тўлқинлардан ҳимоя қилолмайди, шунинг учун улар қўшнилар томонидан осонгина забт этилади, йўқ қилинади ёки ассимиляция қилинади ёки Францияда Буюк Француз инқилоби ёки Россиядаги Октябрь тўнтаришидан сўнг бўлгани каби ўзини-ўзи йўқ қилиш томон.йўналади. Дарвоқе, бугун Украина ва Россия ўртасида содир бўлаётган воқеалар ҳам маданиятлар инқирози натижасидир. Менинг маданият ҳақидаги тушунчаларимга бағишланган бу ғайриоддий экскурсдан сўнг яна яқин тарихимизга қайтсак. Аниқроғи, 19-аср иккинчи ярмида Ўрта Осиё хонликлари забт этилишидан аввалги Бухоро хонлигида ҳукм сурган муҳитга назар ташласак. Мен Темурийлар, сўнг эса Шайбонийлар ҳокимияти парчалангани, асрларча давом этган ўзаро урушлар, хонликларнинг иқтисодий, сиёсий, маданий маҳдудлиги, кўп асрлик турғунлик ва таназзул ҳақида гапириб ўтирмайман. Мен шунчаки Туркистонга рус экспансияси арафасида ўрта аср Бухоросидаги маданият, хулқ-атвор, зеҳният ҳақида шоҳидларнинг гувоҳликларини келтириб ўтаман. 

Биринчи кузатув 1820 – 1821 йилларда Россия элчилиги таркибида Бухоро хонлигига ташриф буюрган рус армияси капитани Егор Казимирович Меендорфга оид. Қуйида унинг китобидан олинган ва менга замонавий маданиятимиз учун ҳам хосроқ кўринган айрим фикрларни келтирмоқчиман:

… [Бухоро амирлигида] бойликка интилиш  шунчалик кучлики, эътиборли давлат амалдорлари ҳам савдо-сотиққа эҳтирос билан берилиб кетган…

…Хондан бошлаб ҳар бир амалдор бошқа совғалардан кўра пулни афзал кўради: пулга бўлган харисликни тасаввур ҳам қилолмайсиз…

…Шарқ қасрларида кенг тарқалган чақимчилик, фитна, ҳасадгўйлик хоннинг хос аёнлари ахлоқига ҳалокатли таъсир кўрсатмоқда; агар вазият тақозо қилса, улар анвойи ёлғон ва таҳқирли хушомадгўйликни қойиллатадилар…

…бутун маъмурият қуллар, хон арзандалари ва асосан бир оила қушбеги оиласи қўлида жамланган… Бир сўз билан айтганда, биз Бухорода барча мустабид давлатлардаги каби ҳолатни : катта ҳокимиятга эга бўлган бош вазирни кўрамиз. Бу ҳокимиятдан унинг якка ўзи фойдаланади ёки унинг давлат тақдирига умуман бефарқ бўлган ҳамда биз ватанга муҳаббат дея атайдиганимиз ҳиссиётга мутлақо бегона бўлган қуллари ва тобелари воситасида истифода этади…

…Бухородаги давлат амалдорларининг аксарияти миллатнинг кўпиги сифатида намоён бўлади : бир тарафдан аблаҳлик, иккинчи томондан эса юқори лавозимларни эгаллаш йўлидаги ошна-оғайнигарчилик…

…Хон давлат  амалдорларини мукофотлаш лозим бўлганда,амалдор мўмай даромад ундирадиган манфаатли топшириқлар беради, бошқача қилиб айтганда, халқни истаганча хонавайрон қилишга йўл қўйиб беради. Ушбу қонхўр табақалар бир-бири билан чатишиб кетган. Бошлиқ қўл остидаги одамни ҳимоя қилади, чунки у бошлиқнинг талончилик билан шуғулланишига кўмаклашади. Ушбу иккинчи даражали мустабидларнинг ҳар хил зўравонликларига оддий одамлар ёки ҳомийлари бўлмаган мулк эгалари тўхтовсиз равишда дучор қилинади…  

…Бухоро амирлиги атрофидаги давлатларга нисбатан қудратлироқ бўлса-да, хоннинг иродасизлиги туфайлими ёки қўшниларидаги жанговарлик кайфияти сабаблими, ёнгинасидаги давлатлар орасида ҳам обрў қозона олмади…

…Мусулмон, агар  қонун ҳисобланган Қуръон ҳукмлари ва тафсирларда ёзилганларга амал қилса, ўзини бенуқсон билади. Биз учун виждон ва шараф амри бўлган хулқ-атвор меъёрлари унга мутлақо ёт. Бухороликлар ирим-сиримга ўта ишонган халқ ва ҳукумат улардаги бу ҳисни дастаклаб туриш учун ҳеч нарсадан қайтмайди…

…Бир фаросатли  ва жасур мударрис умум томонидан қабул қилинган ғояларга қарши чиқиб,  рад қилиб бўлмайдиган мантиқ асосида ўз фикрларининг ҳақ эканини исботлашга уринган. Уламолар унга жавоб бериш ўрнига, агар жомеъ минорасидан ташланишни истамаса, овозини ўчиришни буюрганлар. Табиийки, бу таҳдид барча баҳс-мунозараларга якун ясаган…

…Мен Бухоро  халқи ахлоқига ҳукумат бошбошдоқлиги таъсир қилаётганини, бу ҳокимият унга қўрқувни сингдираётганини ва диний тоқатсизликнинг ҳалокатли оқибатларини пайқадим. Мамлакат пойтахтидаги ҳолат асосий машғулоти буйруқ ва диний маросимларга риоя қилинишини назорат қилувчи бир монастирни ёдга солади. Шунга қарамай , давлат ҳокимиятининг бу ҳаракатлари одамларни яхшироқ қилиб қўёлмайди. Бухороликларнинг фикру зикри савдога қаратилган, бойиш иштиёқи шунчалик кучлики, савдо ишлари билан андармонликни улар истаган зоҳидона ҳаёт тарзи билан чиқиштира олиши ўта қийин.

Е.К.Меендорф “Оренбургдан Бухорога саёҳат”.

1822 йил. 7,8-боблардан иқтибослар

Бухорога Е.К. Меендорф сафаридан қирқ йил ўтиб ташриф буюрган венгриялик саёҳатчи Арминий Вамбери китобидаги баъзи бир иқтибослар:

…мен оддий назар ташлаш уятсизлик, сўраш жиноят, ёзиб олиш эса кечирилмас гуноҳ ҳисобланадиган ўлкадан қайтмоқдаман…

…Мен Бухорони унинг  ҳукумати ҳам,  халқи ҳам динни тоза  ҳолатда сақлаш йўлида қилаётган ҳаракатлари  манга аён бўлгани учун ҳам унутолмайман. Бухорони Исломнинг ҳақиқий таянчи, деганларини кўп эшитганман. Бундай мартаба Бухоро учун етарли эмас. Агар Макка ва Мадина Исломнинг Қуддуси дейилса, Бухорони Исломнинг Рими, деб аташ тўғрироқ бўларди…

…Мен бутун кучим билан  усмонлиларнинг диний шаънини сақлаб  қолишга ҳаракат қилдим, ичимда эса бидъат билан қоришган исломчилик остида ҳам шунча яхши хусусиятларини сақлаб қололган туркларга хайрихоҳ эдим, ҳолбуки, эътиқодининг асл манбага яқинлиги билан мақтаниб юрадиган қабиладошлари эса қашшоқлик, иккиюзламачилик ва ёлғончилик билан ажралиб турардилар, холос…  

…Диний арбоблар ва ҳукумат  шаклбозликни байроқ қилиб олиб зулм ўтказиш йўли билан хурсандчилик ва қувончнинг ҳар қандай кўринишини йўқ қилиб ташламоқда. Амирнинг жосуслари ҳатто оила ичига ҳам кириб бораяпти ҳамда диний тартибот ёки подшоҳ обрў-эътиборига қарши чиқишга журъат қилган ҳар қандай кишининг ҳоли вой бўлмоқда. Мустабидлик замонаси элни шунчалик қўрқитиб қўйганки, ҳатто ораларида ҳеч бир гувоҳ бўлмаган эр ва хотин ҳам “Худо унинг умрини 120 йилга узайтирсин” деган сўзларни қўшмасдан амирнинг исмини тилга олишга ботинолмайдиган бўлиб қолган… 

…Биздаги мавжуд тушунчага кўра ўзини одил санайдиган ҳар қандай ҳукмдор ўзини Қўқон хони каби тутмаслиги керак …

…У юқори лавозимли амалдорларга нисбатан қаттиққўл бўлиб, ҳатто арзимаган айб учун ҳам уларни ўлимга ҳукм қилиш билан жазолайверади, камбағалларга нисбатан эса мурувватлироқ. Шунинг учун бўлса керак, уни халқ орасида филларнинг қотили ,лекин сичқонлар ҳимоячиси деб аташади.

Арминий Вамбери. “1863 йилдаги Ўрта Осиё бўйлаб саёҳат”

Инглиз тилидан таржима, САНКТ-ПЕТЕРБУРГ, Ю.А. Бокрама босмахонаси, 1865 йил, 95-96-97-бетлар.

Афсуслар ва надоматлар бўлсин! Орадан икки юз йил ўтибди. Шаҳарларимиз ташқи қиёфаси ўзгарибди. Биз замонавий автомобилларда юрибмиз, учоқларда учаяпмиз, электр энергияси, водопровод, табиий газ, радио ва телевидениедан фойдаланаяпмиз, бизда сунъий йўлдош антенналари, компьютер ва интернет, кино ва телевидение, замонавий тиббиёт ва яна бошқа кўплаб нарсалар бор. Аммо буларнинг ҳаммаси умумий илмий-техник тараққиёт билан боғлиқ бўлган манзара, холос. Бунда бизнинг ҳеч қанақа хизматимиз йўқ. Биз,бор-йўғи шунчаки фойдаланувчилармиз, . Сўнгги уч юз йил ичида биз ҳеч нарса кашф қилганимиз йўқ. Бизнинг зеҳниятимиз кадарли, онгимиз эса ўрта аср мудроқлигида. Амир Насрулло иккинчи биз ҳеч кимдан кам эмаслигимизни, биз буюк Беруний ва Абу Али ибн Сино, Алишер Навоий ва Улуғбек, Амир Темур ва Бобур авлодлари эканимизни муттасил таъкидлаб туради. У бир дарёга икки марта кириш мумкин эмаслигини билмаса керак, афтидан. Вақт дарёси буюк Беруний ва Абу Али ибн Синони, Алишер Навоий ва Улуғбекни, Амир Темур ва Бобурни аллақачон асрлар қаърига олиб кириб кетган. Бизнинг оқаётган сувимиз бўлак, ўзимиз эса миттивойлармиз. Биз кекчи Бухоро амирларининг ва фойда учун ҳеч қанақа разилликдан тоймайдиган уддабурон сарой ювиндихўрларининг замондошларимиз. Бизнинг замонамиз ҳақида Аҳмад Дониш, Садриддин Айний, Файзулла Хўжаев, Фитрат ва бошқалар ёзишган – ўқиб кўришни тавсия қиламан. Паранойяга айланаёзган ўз-ўзини сақлаш инстинкти яққол акс этиб турган каззоб, қўрқоқ қуллар ва кекчи мустабидларни ғишт каби қолипдан чиқиб кетган маданиятни қайта тиклашга не ҳожат? Бундан юзлаб йиллар аввал хонавайрон бўлиб синган, 150 йил олдин босқинчиларга жиддий қаршилик кўрсатолмаган маданиятни тиклаб нима қиламиз? Бугунги кунда қўшни давлатда яшаётган ва ёввойи кўчманчилар томонидан минг-минглаб ўлдирилаётган миллатдошлар тақдирига бефарқ бўлган маданиятни тиклашга не ҳожат? Қашшоқлик ва бошбошдоқликдан бошқа мамлакатларга қочиб кетаётган миллионлаб оддий одамларни муносиб тирикчилик имкони билан таъминлашга қодир бўлмаган маданиятни тиклаб нима қиламиз? Олижаноблик ва олийҳимматлилик, шараф ва қадр-қиймат тушунчаларига, ҳақиқат ва тўғри сўзга ўрин йўқ бўлган маданиятни тиклашнинг нима кераги бор? Озгина одамни истисно қилганда, қаллоблар, фирибгарлар, байтулмолни таловчилар, порахўрлар ва ўғрилар равнақ топаётган маданиятни тиклашга не ҳожат?

Оддийгина шафқат ва марҳамати бўлмаган, миллатнинг бебаҳо генофондини қамоқларда чиритаётган ва йўқ қилаётган, фаол иштирокисиз Ўзбекистон ҳеч қачон умуминсоний маданиятга интеграция бўлолмайдиган эркин фикрловчилар, демократия, инсон ҳуқуқлари ва ижтимоий адолат тарафдорларини таъқиб қилаётган маданиятнинг нима кераги бор? Юз йиллар аввал бўлгани каби шу кунда ҳам бир ҳовуч ҳукмрон синф манфаатлари учунгина хизмат қилаётган, ижтимоий адолатсизлик, ёлғон ҳамда ўнлаб миллион қашшоқ ва қўрқитилган одамлар тақдирига бефарқ ҳукмрон элитанинг ўзбошимчалиги ҳукм сураётган маданиятни тиклаш кимга керак? Ва ниҳоят! Ахлоқий таназзул ва миллатнинг жисман йўқ қилинишига хизмат қилаётган маданиятни тиклашга не ҳожат? Бунақа маданият яшашга ҳақли эмас. 

 Абдулазиз МАҲМУДОВ

JARAYON.COM