Apr 132015
 

Ўзбекистонда “Кабобни ҳоким ейди, қалтакни – етим” деган ақида устивор.

Бўл-бўл ҳоким бўл экан-да.

Ҳокимтўра бўлсанг, ошиғинг олчи: истасанг фермер хўжаликларини тугатасан, истасанг уларни ерини соққаси мўлроқ бойваччага сотасан, хуллас, тумандаги қўлга илингудек нарсаларни пули кўпга тортиқ қиласан-да, ҳамёнингни қаппайтирасан.

Негаки, ҳокимликни ҳам сенга боғлаб бериб қўйгани йўқ. Вақт ғаниматида амал отини учириб қолиш керак, акс ҳолда, ким билади эртага нима бўлади?….

Мана, масалан, Қашқадарё вилояти, Қамаши туман ҳокимтўраси “Рустам бобо ўғли Эштемир” фермер хўжалиги ерларини ҳойнаҳой 2008-йил 18-декабрь кунидаёқ мўмайгина пуллаб юборган кўринади.

Натижада, “Рустам бобо ўғли Эштемир” фермер хўжалиги бошлиғи Райҳоной Рустамова аёл боши билан қарайб олти йилдан буёғига адолат истаб бош ўриб бормаган ҳукуматнинг бирор бир юқори ва ё қонун идораси қолмади. Барчасига бирма-бир бош уриб, зиёрат қилиб чиқди.

На-да ҳокимтўрадан, ва на қонун идораларининг бирортасидан садо чиқмади.

Гап шундаки, Қамаши туман ҳокимининг 2004 йил 26-февраль кунида №Х-132/2-сонли қарорига асосан “Рустам бобо ўғли Эштемир” фермер хўжалиги ташкил этилганди.

2008-йилга келиб туман ҳокимининг 28-ноябрь кунидаги № Х-2807/11-сонли қарорига асосан “Рустам бобо ўғли Эштемир” фермер хўжалиги боғдорчилик иқтисослигига айлантирилди.

Аммо орадан салкам бир ой ўтар-ўтмас боғдорчиликка ихтисослашган мазкур ер майдонига мўмайгина харидор чиқиб қолди чамаси, Қамаши туман ҳокимтўрасининг хуни айниб қолди.

Рустам бобо ўғли Эштемир” фермер хўжалиги бошлиғи ва аъзоларидан туман ҳокимлиги заҳира фондига ўтказиш ҳақида розилик олинмасдан 2008-йил 18-декабрь кунида фермер хўжалигининг 10,28 гектар ер майдонини туман ҳокими заҳира фондига ўтказиш тўғрисида қарор чиқаришни Қамаши ҳокимининг кўнгиллари тўсаб қолди.

Бироқ, ушбу ноқонуний қарорлари билан Қамаши туман ҳокими Фермер хўжалик тўғрисида”ги қонуннинг 32-моддаси 1-, 2-қисм талабларини қўпол равишда бузаётганини билмасмиди? Биларди, албатта. Бироқ, салмоқлигина соққа – пора турганида фермерлар тўғрисидаги қонунга бало борми? Бундан чиқдики, тахминимизча, таъманинг, поранинг “хушбўй ҳиди” Каримов ҳукмронлигининг қудратидан ҳам устувор экан-да, нима ҳам дердик.

Буни қарангки, ҳокимтўра Ўзбекистон Руспубликаси Вазирлар Маҳкамасининг 30.10.2003-йилдаги 476-сонли қарори билан тасдиқланган Фермер хўжалигини юритиш учун ер участкаларини беришда танлов ғолиби тартиби тўғрисида”ги низом талабларига зид равишда ер ажратиш комиссияси томонидан тендерга қўйилаётган майдон ҳақида матбуотда эълон бермасдан, тендер танлови ўтказмасдан, фермер хўжалик майдонини келишувчилик йўли билан “Жамолхон ўғли Неъматиллохон” фермер хўжалик ихтиёрига ўтказиб юборди. Янаям аниқроғи, пуллаб юборди. Ва бу ноқонуний ҳаракатини, таъмагирлигини қонунлаштириб қўйишни ҳам унутмади. Бу борада 2009-йил 28-декабр кунида № Х-1240/12-сонли туман ҳокими қарорини чиқариб қўйишни ҳам унутган эмас. Олган порасини, айтиш мумкинки, “ҳалоллади”…

Қамаши туман ҳокими ушбу ноқонуний қилмиши ила икки фермерни ёқа бўғишишига сабаб бўлди. Провардида, мана, тўрт-беш йилдирки “Жамолхон ўғли Неъматиллохон” фермер хўжалик бошлиғи И.Азимов “Рустам бобо ўғли Эштемир” фермер хўжалиги аъзолари уйига бориб, “Ер менга тегишли, ерни менга топшир деб уларга маънавий тазйиқ қилиб, фермернинг тинчини бузишини, дағдаға қилишини қўймайди. “Мол ачиғи – жон аччиғи” ахир! Аммо “Соққасини тўлаб қўйганман!” дея олмайди, нуқул Қамаши туман ҳокимининг ноқонуний қарорини рўкач қилгани-қилган…

Рустам бобо ўғли Эштемир” фермер хўжалигининг иш унумдорлигига оид фактларни кўтарадиган бўлсак, шунга гувоҳ бўлишимиз мумкинки, кейинги тўрт йил давомида, яъники, 2014 йилга қадар мазкур фермер хўжалиги хар йили пахта, ғалла, пилла етиштириш учун тузилган шартнома шартларини бажариб, тегишли ташкилотлар билан ўз вақтида ҳисоб-китоб қилиб келган. Қарздорлиги йўқ.

Ажабланарлиси, “Рустам бобо ўғли Эштемир” фермер хўжалиги билан 2015-йил ғалла хосили учун 20.09.2014-йил № 3/29-сонли шартнома тузилгану, бироқ 2015-йил пахта хосили учун шартнома тузишига маҳаллий ҳукумат томонидан қаршилик қилинган.

Мазкур фермер хўжалиги раҳбари Раъно Рустамовага кўра, Қамаши туман қишлоқ ва сув хўжалиги бўлими мутахассиси А. Хўжанов, туман фермерлар кенгаши бўлими юристлари Ж.Юлдошов ва З.Қурбонов, туман ер ресурслари ва Давлат кадастири бўлими худудий ер тузувчи ходими А. Муҳаммадиев ва “Жамолхон ўғли Неъматиллохон” фермер хўжалик раиси И. Азимовлар асоссиз равишда “Рустам бобо ўғли Эштемир” фермер хўжалиги ер майдонига бориб 04.04.2015-йил далолатнома тузишган. Фермер хўжалик майдонига қандай асосга кўра борганликлари, нимага асосан далолатнома тузишганликлари “Далолатнома”да кўрсатилмаган.

Шунингдек, ўз навбатида, А. Хўжанов А. Муҳаммадиев ва И. Азимовлар 06.04.2015-йил куни Р. Рустамовани бошқармага чақиртириб ер майдонини И. Азимовга топширишни талаб қилишган. Р. Рустамова рози бўлмагач, 2015 йил пахта ҳосили учун асоссиз чиқарилган қарорга асосан у билан шартнома тузишни рад этишган.

Ўзбекистонда қорни оч билан қорин тўқнинг умуман иши йўқ. Бу одат тусига айланиб бўлган. Эски одатга кўра, ушбу муаммонинг ижобий ечимини топиш борасида ҳам шундай бўлди.

Қамаши туман ҳокими томонидан “Рустам бобо ўғли Эштемир” фермер хўжалиги билан тузилган ижара шартномасини унинг розилигисиз бекор қилинганлиги тўғрисида Фуқаро Э. Рустамов Республика Бош Прокурорига мурожаат қилди.

Қуёш ғарбдан чиқади деса, ишонинг, бироқ, ҳали Ўзбекистонда Бош прокуратура бирор бир тадбиркор ҳуқуқини ҳимоя қилган ва ё ноҳақ бурни қонаган бирор бир фермернинг бурнини артиб қўйган эмас!

Худди шунингдек, фуқаро Э. Рустамовнинг 2010 йил 25-январ кунидаги аризасини Қамаши туман собиқ Прокурори жаноб Д. У. Абдуллаев ҳам оқибатсиз қолдирган ва на у, на-да бу мазмунда ҳеч бир қарор қабул қилмаган. Бош прокуратура бунингдек қонунсизликларга ғинг демагач, туман прокурорига нима?!

Айтишларича, инсондаги умид иплари одамнинг жони танасини тарк этгачгина узилармиш….

Ушбу муаммонинг ечими борасида ҳам шундай дейиш мумкин. Буни қарангки, Лойқасой ҚФЙ ҳудудига қарашли “Рустам бобо ўғли Эштемир” фермер хўжалиги бошлиғи Райҳон Рустамова қонунни назорат қилувчи прокуратура идораларидан ҳали-ҳамон нажот кутмоқда. У Ўзбекистон Республикасининг “Прокуратура тўғрисида”ги қонуннинг 38-моддасига таянмоқда, прокуратуранинг протест беришидан умидвор бўлмоқда.

Ана шу умид 2015 йилнинг 9 апрел куни “Рустам бобо ўғли Эштемир” фермер хўжалиги бошлиғи Райҳон Рустамовани Қамаши туман Прокурори А. Мирзаевга Қамаши туман ҳокимининг 2009 –йил 28-декабр кунидаги № Х-1240/12-сонли қарорига протест беришини сўраб такрор мурожаат этишга мажбур қилди.

Биз эса, хулоса ўрнида шуни айтишимиз мумкинки, мабодо Ўзбекистонда қоғоздан шаҳар бунёд этишнинг имкони бўлганида эди, ҳукуматнинг ҳақсизлигидан арз битган фуқароларнинг шикоят хатлари акс этган қоғозлардан бемалол қудратли бир салтанат қад кўтариши мумкин бўлган бўлур эди….

Ушбу хабар Қамашилик ҳуқуқ фаоли Раҳматжон Дурсаев ва Лойқасой ҚФЙ ҳудудига қарашли “Рустам бобо ўғли Эштемир” фермер хўжалиги бошлиғи Рустамова Райхонларнинг Қамаши туман Прокурори А.Мирзаевга

Протест бериш тўғрисидаги Ш и к о я т аризаси асосида тайёрланди.

Малоҳат Эшонқулова, мустақил журналист.

13-апрель, 2015-йил.