Mar 102015
 

2015 йилнинг 3 март куни Тошкентнинг Чорсу бекати ёнидан изсиз
йўқолган  “Альянс” инсон ҳуқуқлари ташкилоти  фаоли Алиқул
Саримсоқовнинг орадан 8 кун ўтиб,  бугун – 10 март куни ниҳоят  дараги
чиқди.

– Бугун Алиқул Саримсоқов менга нотаниш рақамдан қўнғироқ қилиб қолди.
Айтишича, бир илож қилиб, кимларнингдир телефонидан фойдаланган.
Ўзининг хабарига кўра, Алиқул Саримсоқов  айни дамда Жиззах шаҳар
руҳий касалликлар шифохонасида сақланмоқда экан, – дейди “Альянс”
инсон ҳуқуқлари ташкилоти  аъзоси Шуҳрат Рустамов, – Айтишича, ўша, 3-
март куни Алиқулга кутиб туришини айтиб, мен ўз ишим билан кетгач,
Яккасарой туман Ички ишлар бўлимининг терроризим ва уюшган
жиноятчиликка қарши кураш бўлими ходимлари уни таппа босишган ва
махсус машинада Жиззах вилоятига қараб олиб қочишган.

Терроризим бўлими ходимлари Алиқул Саримсоқовни Жиззах вилоят Ички ишлар бошқармаси ихтиёрига элтиб, топширишган. Ўз навбатида, Жиззах вилоят ички ишлар бошқармаси фермерни ҳеч бир суд қарорисиз, мутлақо
ноқонуний тарзда,мажбуран руҳий касалликлар шифохонасига ётқизишга
қарор қилган. “Жиззахлик фермернинг саломатлиги қай аҳволда? Унга
нисбатан куч, жисмоний қийноқ қўлланилганми, йўқми?”  –  айни дамда бу
каби саволларга жавоб йўқ, – дейди ҳуқуқбон Шуҳрат Рустамов.

Ўзбекистонда амалдаги ҳукумат бошқарувига нисбатан мухолиф фикрда
бўлган, танқидий қарашларини очиқча изҳор этган мухолифат ва ҳуқуқ
фаоллари, мустақил журналистлар, ҳур фикрли фуқаролар, улар ким
бўлишидан қатъий назар таъқиб ва босимлар остида қолмоқда.

Режимга нисбатан танқидий қарашда бўлган шахсларни ноқонуний тарзда
руҳий касалликлар шифохонасига мажбурий тарзда ётқизиш, безорилар
ёллаб, кўча-куйда калтаклатиш, мунтазам таъқиб қилиш анъанага
айланган.

Инсон ҳақларини таҳқирловчи бунингдек салбий ҳолатлар, айниқса,
президент сайлови арафасида авж пардасига чиқмоқда.

Шуҳрат Рустамов мобил тел:  -+99890 3531931.

Малоҳат Эшонқулова
мустақил журналист.