Mar 032015
 

Баҳам кўринг

Халқаро Меҳнат Ташкилоти ва Жаҳон банки Ўзбекистон ҳукумати билан ҳамкорликда охирги пайтда халқаро босимларга учраган Ўзбекистондаги пахта соҳасида болалар ва мажбурий меҳнатнинг оғир кўринишларини бартараф этиш бўйича дастурни эълон килган.

Шу муносабат билан Халқаро Меҳнат Ташкилоти ва Жаҳон банки вакиллари, хорижий дипломатлар ва Ўзбек ҳукумати расмийлари Тошкентда учрашиб, дастурни муҳокама қилганлар.

ХМТнинг меҳнат килишнинг асосий ҳуқуқ ва принциплари жахон дастурларини амалга ошириш бўлими раҳбари Corinne Vargha шундай дейди:

“Жаҳон банки болалар меҳнати ва мажбурий меҳнат бўйича қўшимча текширишлар ўтказишни талаб қилгани боис, биз бу борада музокараларни бир неча ой олдин бошлаганмиз. Қайд этиш жоиз, Жаҳон банки қишлоқ хўжалик соҳасида катта лойиҳаларни молиялаштиришга бош кўшиб келади.

Бизда 2013 йилдан буён Ўзбекистон ҳукумати билан ҳамкорлик йўлга қўйилган. Ўшандан буён биз анча силжишларга эришдик. Яна кўп ишларни амални ошириш лозим. Бироқ биз тўғри йўлда кетяпмиз, деб ўйлайман. Биз қатор тадбирларни ҳамкорликда амалга оширяпмиз ва ҳукуматнинг ҳам болалар ва мажбурий меҳнатни бартараф этиш бўйича юзма-юз келадиган қатор ўз мажбуриятлари бор . Бир қанча муваффақиятларга эришганимизни таъкидлаш жоиз. Лекин қилинадиган ишлар бисёр. Ҳали хам болалар меҳнати мавжуд. Бироқ ҳукумат бу борада вазиятни назорат остига олмоқчи ва муаммони ҳал қилиш учун чоралар кўрмоқчи экани ҳақиқатдан биз учун муҳим.Халқаро Меҳнат ташкилотининг экспертлар қўмитаси Ўзбекистоннинг халқаро конвенцияга амал қилаётганини кузатиб боради.Ўтган йил экспертлар қўмитаси ривожланиш борлигини қайд этди ва ҳукуматни ушбу тўғри йўлда давом этишга чақирди. Бу билан ҳамма нарса ҳал қилинди дегани эмас, албатта, лекин ривожланиш бор ва чоралар кўриляпти”.

Ўтган йиллардаги вазиятга доир

Ўтган йил кузида Ўзбекистондаги пахта мавсумини кузатиб келаётган АҚШнинг Меҳнат вазирлиги ўзининг янги ҳисоботини эълон қилган эди.

Вазирлик Ўзбекистон ҳукуматидан мажбурий меҳнат сиёсатини қоралашни, бола меҳнатига масъулларни жавобгарликка тортишни тавсия этган.

Расмий Тошкент ратификация қилиб ўз бўйнига олган халқаро ҳужжатлар ижроси ва ҳақиқий вазиятни баҳолаган вазирликка кўра, “Ўзбекистон бола меҳнатининг энг ёмон томонларини бартараф этишда ҳеч қандай силжишга эришмади”.

Ҳисоботда нега Ўзбекистон ҳукуматининг энг ёмон кўринишдаги бола меҳнатини бартараф этишда олдинга силжишга эришмагани ҳақидаги тўхтамга келганини шундай тушунтирган:

“Бола меҳнатини камайтириш бўйича амалга оширилган ташаббусларига қарамай, Ўзбекистон ҳукумати ушбу баҳони бола меҳнатидан давомий равишда фойдаланиши туфайли олди”, дейилади Америка Меҳнат вазирлиги ҳисоботида.

2013 йил пахта мавсуми пайти Халқаро Меҳнат Ташкилоти кузатувчиларининг ҳозирлигига қарамасдан, давлат режасини бажариш мақсадида Ўзбекистон ҳукумати болаларни пахта теришга сафарбар қилди, дейилади ҳисоботда.

Ҳукумат ўтган йили ёши 15 дан кичик болаларни ўқишда бўлишларини таъминлашга ҳаракат қилган бўлса-да, АҚШ элчихонаси ва ноҳукумат ташкилотлар хабарларида 10 яшар болалар пахта тергани аниқланди, дейилади ҳужжатда.

АҚШ меҳнат вазирлиги Халқаро Меҳнат Ташкилоти кузатувчиларига ҳукумат расмийлари ҳамроҳлик қилганини, олий ўқув юртлари давоматида кўп сондаги талабалар йўқлиги, пахта тераётган болалар сонини камайтириб кўрсатишга ҳаракат бўлганини қайд этган.

Ўшанда Вазирлик ўз ҳисоботи 2014 йилги пахта мавсумига тўғри келганини айтган ва Ўзбек ҳукумати пахта етиштиришда ҳамон мажбурий меҳнатдан фойдаланишни давом эттираётганини таъкидлаган.

“Бола меҳнатини тақиқлаш бутун мамлакат бўйлаб 18 ёшли коллеж ўқувчилари, университет талабалари, давлат ва хусусий сектордаги ишчиларга босимни кучайтирган”, дейилади ҳисоботда.

АҚШ меҳнат вазирлиги Ўзбекистонда бола меҳнатини бартараф этиш йўлида қатор тасвияларни берган, хусусан, улардан бири “18 ёшга етмаган болаларни пахта теримига мажбурлаган, мактабларни ёпишга жавобгар шахсларга қарши санкциялар киритиш”ни таклиф қилган эди.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

http://www.bbc.co.uk/uzbek/uzbekistan/2015/03/150303_cy_ilo_world_bank_uzbekistan

 Posted by at 20:23