Feb 022015
 

5

 

 

 

 

 

 

 

 

Темир панжаралар ортида  16 йилу 7 ой тутқинликда ўтирган истеъдодли ёзувчи, миллатпарвар Мамадали Маҳмудов (Эврил Турон) билан суҳбат.

Тиз букмас, бош эгмас бўл.
Чингизхон

Кучлиларгина кечира олади.
Махатма Ганди

Бошингга қилич келса ҳам тўғри сўзла.
Ўзбек мақоли

 

Малоҳат ЭШОНҚУЛОВА: — Мамадали ака, қамоқхона ҳақидаги оғриқларингизни биз билан баҳам кўришингизни истардик.

Эврил ТУРОН: —  (Мамадали Маҳмудов): Озодликда юрган киши озодликни, соғлом киши соғликни, тўқ киши тўқлик қадрини биладими?

Менимча, йўқ.

Қамалган, оғир касалга чалинган, очлик азобини тортган одам тутқинлик, озодлик, соғлик қадрини билади. Эл: “Табиб табиб эмас, бошидан ўтказган табиб”, деб бежиз айтмайди.

Тангри берган неъматлар ичида энг буюги – Озодликдир. Буни қоп-қоп олтин билан ҳам ўлчаб бўлмайди.

Тиконли симлар ортида айрим жоҳил полисларнинг калтак, таҳқир, зуғумлари остида ўтириш ўлимдек оғир. Бунга чидамаган тутқинлар ўзларини осиб, томирларини кесиб, қошиқлар ютиб, ўлиб кетади.

Яна турли касалларга мубтало бўлади.

Ғофур, Мансур, Ҳабибулло каби ёш-ёш маҳкумлар шулар жумласидандир.

Юрт қамоқхоналарида бундай ўлим озмас.

Шу ўлимларга тубдан сабабчи бўлган каслар четда қолаяпти. “Ўзини-ўзи ўлдирди” ёхуд “Ўз касали билан ўлди” деган акт билан жиноят ёпилаяпти. Йиртқич босим сабабли бу фожиа юз бергани ҳисобга олинмаяпти. Шунданми, ҳаддидан ошган полис ўз жонига қасд қилмоқчи бўлган тутқунга осмондан келиб бўкиради:

Ўлсанг:
Маргинг – бир варақ қоғоз,
Беш минг сўм пул,
Бўмишлар гўри…

Мен бу гапни ҳар бир зонада эшитганман.

Ҳар бир зонада одам қиёфасидаги ҳайвонларни кўрганман.

Зоналарда жиноят устига — жиноят бўлаётганлигининг асосий сабаби:

Ўзбекистон қонунларига амал этилмаётганлигида,

Зулмга эрк берилаётганлигида,

Илимсизликда,

Жоҳилликда,

Ўз лавозимини суиистеъмол  қилишда,

Генерал Зокир Алматов режими ҳамон кучдалигида.

Яна ҳар бир зонанинг зўрликка асосланган “Тартиб-қоида”сида.

Бу телба режим, бу олчоқ “тартиб-қоида” айниқса, сиёсий, диний маҳкумларга битмас-туганмас мусибат келтираяпти. Деярли юз фоиз диний, сиёсий маҳкум ШИЗОга тиқилаяпти, раскрутка қилинаяпти.

Туҳмат билан.

Бу ҳол:

Ҳар куни юз бераяпти.

Йиллар бўйи давом этиб келаяпти.

Ваҳоланки, сиёсий, диний маҳкумлар онгли, оқил кишилар. Ҳеч қачон тартиббузарлик қилишмайди.

Лекин…

Айрим полислар ўзларини оқлаш учун яшринча шипшишади:

Ёпишга мажбурмиз. Бу тепанинг кўрсатмаси. Бизни қарғаманглар. Бола-чақамиз бор…”

Ҳар бир зонанинг 35-40 фоизини диний, сиёсий маҳкумлар ташкил этади. Улар йилдан-йилга кўпайиб бормоқда. Гуё улар қамоқхоналарга абадий занжирлангандай.

Бундан (мингдан) беш-олтитаси мустасно. Бу ҳам:

Номига,

Хўжа кўрсинга,

Инсон Ҳуқуқлари ҳимоячиларининг оғзиларини ёпишга…

ББС, “Озодлик”, “Америка овози” радиоларининг унларини чиқармасликка…

Ҳориж сайтларининг хуружларини бўғовлашга…

Аслида, 99 фоиз диний, сиёсий тутқун узун-узун йиллар(15-25 й)дан бери қамоқда ўтирибди. Самандар, Мурод, Юсуф, Муҳаммад, Ўктам, Шаҳобиддин, Акбар, Жаҳонгир, Ботир, Абдумутал, Ўлмас, Абдуазиз, Жамолиддин, Мирвоҳид, Муҳаммад Ражаблар шулар жумласига киради.

Бу вақт ичида қанча-қанча ўғрилар, бангилар, йўлтўсарлар, қотиллар, фирибгарлар. озодликка чиқиб кетдилар.

Қанча-қанчаси яна қамоқхонага қайтиб келдилар. Бунга Баҳодир, Акмал, Одил, Фома, Руслан, Акобирлар мисол. Улар бизнинг сектор (4) дан эди.  Булар эсимда қолганлари, қолмаганлари қанча. Республика қамоқхоналарида бундай отрядлар сон-мингта.

Президент Каримовнинг “Кечиримли бўлиш керак” деган сўзини кўп эшитганман. Балки бунга қуйидагилар амал этишмаётгандир? “Бу диний, сиёсий маҳкумларни қўйиб юборсак, палон бўлади, пистон бўлади” деб ваҳима қилишаётгандир? Самандар Қўқон 24 йилдан бери тиконли симлар ортида ўтирибди. Мурод Жўраев ҳам. Уларнинг озодликка чиқиш муддатлари алла замонлар тугаб кетган. Муҳаммад Бекжон, Юсуф Рўзимурод, умуман, ЎзРесЖКнининг 159-моддаси билан қамалганлар ана шундай — чиқармас бўлиб парчинланган.

Нега қонунга оёқ босилаяпти?

Нега Президент сўзи ерда қолаяпти?

24 йил…

20 йил…

15 йил…

Бу миллат фожиаси!

Ўзбекистон қамоқхоналарида бир кун ўтиришнинг ўзи бўлмайди.

Зулм остида қанча-қанчаси ўлиб кетаяпти. Қанча-қанчаси мажруҳ бўлиб қолаяпти. Лекин барибир муддати тўлганда қўшиб берилаяпти.

Қайта-қайта,

Қайта-қайта,

Қайта-қайта…

Бу миллатимиз, Ватанимиз бошига тушган буюк кулфат!

Самандар Қўқон бор соғлиғидан айрилган. Кўзи ҳам хиралашиб қолган. Биров уни етаклаб юради. Мурод Жўра ҳам шундай аҳволда. Бунинг устига аврати ҳам чойнакдек шишиб кетган. Ҳеч бир диний, сиёсий маҳкумга, у олтмиш ё етмиш ёшдами, фарқсиз, унга шионка (кароват)нинг биринчи қатидан жой берилмайди. Мурод Жўра иккинчи қаватга чиқиб-тушгунича оғриқ азобидан инграйди, қора терга ботади. Биринчи қаватда эса боласи, набираси тенги ҳар-хил жиноятчилар ётади. Бу ноинсоний нотенгликни қандай тушуниш мумкин?

Эрталаб соат 6.00 да подьём бўлади. Шундан кейин тушгача диний, сиёсий маҳкумлар барак(ётоққа)га киритилмайди. Қор ёғадими, ёмғир ёғадими, бўрон қўпадими, жала ё сел кетадими, айросиз, ташқарида юради, шагат қилади, мадҳия айтади.

Ҳўл усти-боши, оёқ кийими билан қор курайди, ҳамма ёқни супириб-сидиради, лекин бир сония ҳам дам олмайди. Барак эшигига ҳам яқин йўламайди. Йўласа, изоляторга тиқилади. Ёхуд бошида калтак синади. Мабодо маҳкум беҳуш йиқилса, унинг икки қўл, икки оёғидан кўтариб, ёки судраб, тиббиёт бўлимига элитишади. У укол билан ўзига келтирилади. Сўнг жиққа ҳўл уст-боши билан шагат қилишда, мадҳия айтишда давом этади. Қишин-ёз шундай. Жазирамада ҳам қанча-қанча тутқинлар йиқилиб қолишади. Мен буни ўз кўзим билан кўрганимдан айтаяпман.

Тушдан кейин иситгичи йўқ, шамоллатиш ускуналари йўқ клуб (маданият уйи)га ҳайдайди.

Бир хил ваъз,

Камситиш,

Сўкиш,

Бақириш,

Тирноқ остидан кир қидириш…

Айрим ҳолларда ур-йиқит…

Изоляторга судраш…

Уч марта проверка (йўқлама-текширув). Бўрон ўкираяптими, жала қўйаяптими, дўл савалаяптими, фарқсиз, ҳамма очиқ майдон(плас)га чиқади. Бундай онларда тутқаноқ касаллар йиқилиб, типирчилаб қолади. Гапнинг қисқаси, диний-сиёсий маҳкум подьёмдан отбойгача оёқда. Бир лаҳза тин олсин, “онасини учқўрғондан кўрсатишади”…

Диний-сиёсий маҳкумларнинг ШИЗОга ташланмаган куни деярли йўқ.

Рўйхат бўйича… Яъни қора рўйхат бўйича…

Вақти бўлган…

Ҳаммаси юқоридан белгиланади…

Қўшиб бериш ҳам…

Юқори” деганим, ГУИН – Жазони ижро этиш бош бошқармаси.

Унга бундай, яъни қонунга хилоф ҳуқуқни ким берган, билмайман.

ГУИНда ишлаган бир танишимнинг (ҳозир у Бекобод зонасида ўтирибди) айтишича, тепаданмиш. Тепа — Ички ишлар Вазирлигими?

Ёки…

Абадий чиқмаслар рўйхати бормиш…

Қора рўйхат…

Ойна остида турармиш…

Бу рўйхатга Самандар Қўқонов, Мурод Жўраев, Муҳаммад Бекжон, Юсуф Рўзимуродов ва яна юзлаб, ҳатто минглаб сиёсий-диний маҳкумлар кирса ажабмас.

Бошқаларни қўя турайлик. Умрида бирор гуноҳ иш қилмаган Муҳаммад Бекжонда нима айб? Мен уни яхши биламан. У тоза, беозор, камтар инсон. Дунёда бундай ҳалол кишилар кам. Шундай экан, у 16 йилдан бери нега ўтирибди, бор соғлиғидан айрилиб? Оғаси Муҳаммад Солиҳ учунми? Оғаси учун, отаси учун қамалаверса, генераллар ҳам, ҳокимлар ҳам, вазирлар ҳам, яна қанчадан-қанча казо-казолар ҳам қамалишлари керак.

Ҳар ким ўз жинояти учун жавоб бериши лозим!

Билъакс, бу Ўзбекистон қонунига зид.

Ўзбекнинг: “Пичоқни олдин ўзингга ур, оғримаса, бировга” деган мақолига амал этишса, яхши бўлади. Бу ўринда Маҳмуд ат Замахшарийнинг бир сўзини айтиб ўтиш фойдали:

Кимки адовату хусуматни экса, албатта, у ташвишу машаққат ўради”.

Диний, сиёсий маҳкумларнинг ШИЗОга ташланмаган куни деярли йўқ. Ҳужжатлар кўтарилса, ҳақиқат юзага чиқади. ШИЗОда тутқун ҳар куни икки марта қип-яланғоч қилиб ечинтирилади. Яланг оёқ бетон устида текширувдан ўтказилади. Бир неча марта ўтқизиб-турғизилади. Сўнг юпун уст-бошда иситиш тизимлари деярли ишламайдиган муз камераларга ёпилади. Бунинг устига, свет ҳам соатлаб, баъзан ҳафталаб ўчиб туради. Айрим камераларга (эътиқодидан қайтмаган маҳкумлар ўтирган) бот-бот хлорланган сув сепилади.

Дарчалар очиб қўйилади.

Атайлаб,

Қасддан.

Зиндонда оҳу-додингни ким эшитади?

Яна:

Қийноқ устига – қийноқ,

Ҳақорат устига – ҳақорат,

Таҳқир устига – таҳқир…

Зиндонда нолангни ким эшитади?

Эшитганда нима? Сиёсий маҳкумсан.

Ватан хоини”сан!

Халқ душмани”сан!…

То сени қайтармас экан,

То сени  руҳан, жисман синдирмас экан, тинч қўймайди.

Мансур, Ҳабибулло, Ғофирларга ўхшаб ўлиб қутилмасанг, қутилмайсан…

Ёки ёлғондан: “Қайтдим” деб ёзиб берасан…

Президент номига,

Ҳар мавсумда…

Қайта-қайта…

Шунда ҳам “Сен юрагингдан қайтмагансан” деб, қийноқни тўхтатишмайди. Фақат, аввалгиларига нисбатан юмшоқроқ….

ШИЗОда сени тезроқ тузалмас касалга чалинишингни исташади.

Тезроқ ўлишингни исташади…

Агарчи, мен буни Чирчиқ (64/6) зонаси мисолида айтсам ҳам, бошқа колонияларда ҳам шундай.

Этап бўлиб келувчилар бор…

Агар илдиз-илдизи билан холис текширилса:

ВИЧ,

СПИД,

Сифлис ва бошқа касалликларга атайлаб юқтирилганлар нидо қилади. Мана бундай гапни зона ичида ҳар куни эшитасиз:

Мен 17 йилдан бери қамоқда ўтирган бўлсам, ҳеч ким билан жинсий алоқа қилмаган бўлсам, қандай қилиб ВИЧга чалинаман?”

Сангородда ҳам мен бу нолишни кўп эшитганман. ВИЧ, СПИД, СИЛ… билан касалланган хасталар айро-айро эмас, соғлом мужиклар билан аралаш-қуралаш яшашади. Ҳар баракда шундай.

Сангород – сиёсий маҳкум учун дўзахдек гап. Унинг олдида Чирчиғу (64/6) бошқа зоналар ҳолва бўлиб қолади. Ҳар куни ўлим. Ўликлар зиналар тагида врачни, моргни, эгасини, қабрни “кутиб ётади”. Оғир касалларнинг инграшлари қалбни эзади. Кўрлар, шоллар, қоқ суякка (склетга) айланиб қолган маҳкумлар кўнгилни вайрон қилади. Ўзингнинг (диний, сиёсий маҳкумнинг) кўрган  кунингга-ку маймунлар йиғлайди. Шекспир сўзи билан айтганда, унинг “Қайғу, аламлари ўликни ҳам тирилтиради”.

Ҳар бир диний-сиёсий касал (у оёқда тура олмайдиган, ўлим билан олишаётган, ҳаётдан кўз юмаётган бўлса ҳам)га расман бир қулоқни биркитиб қўяди. Норасман кўплаб каза(эчки)ларни… Ота-онасини сотишдан ҳам тоймайдиган қулоқ ундан бир қадам ҳам нари жилмайди. Унинг ҳар бир:

Ҳаракатини,
Оғзини,
Кўзини,
Қулоғини пойлайди.

Қулоқ”сиз у:

Ҳожатхонага,
Юз-қўлини ювишга,
Овқатланишга,
Укол олишга,
Ҳаммомга,
Штабга… бора олмайди.

Бит босган палатадан остона ҳатлаб бир қадам ҳам нарига чиқа олмайди. Чиқса, уриб, тепиб, судраб, тезкор бўлимга ёки навбатчи қисмга олиб боради. Сўкиш, калтак остида “тушунтириш хати” ёзиб беради. Оқибати:

ШИЗО.

Ўлим ҳолида ётса ҳам,

ШИЗО.

Раҳм-шафқат йўқ.

Бир сиёсий тутқун атрофига кўплаб казалар қўйиб қўйилган. Ёзиш-чизиш, ўқиш таъқиқланган.

Палатада,
Каридорда,
Туалетда,
Ошхонада, умуман, ҳеч ерда ҳеч ким билан сўрашмайди. Бирор хастанинг ҳам саволига жавоб бермайди. Йўқса, тамом:

ШИЗО.

Сангородда унинг:
Оғзи тикилган,
Қулоғига қўрғошин қуйилган,
Кўзи боғланган,
Оёғи тушовланган,
Қўлига кишан солинган.

Чунки у:
Сиёсий маҳкум,
Диний маҳкум.

6

 

Сангородда мен бу нарсаларни ўз бошимдан кечирдим. Бахтга қарши прастата безларим ҳам қаттиқ шамоллаб қолган эди. Туалетга тез-тез бормасам, бўлмасди. Қовуқларим ёрилиб кетай-ёрилиб кетай дерди. Бундай онларда “қулоқ”қа ялинардим. У атайлаб ўз баҳосини оширарди. Ўзим емай, унга егулик-ичгулик, ўзим киймай, унга пайпоқ, майка, труси – ички кийим беришга мажбур бўлардим. Бу жисмоний, руҳий азоблар камлик қилгандай, устки кийим-бошимгача битлаб кетдим. Юзимдан, бўйнимдан бит ўрмалаб юрарди. Бир мен эмас, ҳамма касаллар шундай аҳволда эди. Мен буни бир қўшимчасиз, лофсиз айтаяпман. Муқанна ҳақидаги 555 бетдан иборат бўлган тарихий романимни ҳам шу ерда – Сангородда тортиб олишди.

Ўзимни уриб-тепиб ташлашди.

ШИЗОга тиқишди.
Уриб-тепиш,
Сўкиш,

Ватан хоини” деб камситиш одатий ҳол.

Бу зўравонлик, бу йиртқичлик, бу қонунсизлик юртбошининг ҳам ушбу сўзларини менсимасликдир:
“Фикирга қарши фикр, ғояга қарши ғоя, жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш керак”.

Давоми бор

 

http://uzxalqharakati.com/archives/29455