Nov 222014
 

 

Малохат Эшанкулова

12 hrs · Edited ·

«ЕР САЙЁРАСИДА ЎЗБЕКИСТОНДЕК ТЕЛБА ТУЗУМ ЙЎҚ»

(Кичик қизимга деганларим)

Ўзбекистондаги коллеж ва академик лицейларда нима бўлаётганмиш, биласизми?

Сайлов муносабати билан (балки баҳонаси биландир?) барча ўқувчиларнинг “таг-туги” суриштирилаётганмиш.

Яъниким, ҳар бир ўқувчи ўзининг, отаси, онаси, оила аъзолари, бобо-ю бувиси, хуллас уруғи-ю аймоғини, барча-сарчасининг паспорт нусхаларидан кўчирма олиб боришлари ва “келиб чиқиши” хусусида махсус анкета тўлдиришлари талаб қилинаётганмиш.

Оти ким, зоти ким, ўзи, оила аъзолари, ота-онаси, қариндошлари қаерда туғилган, Қайси ИИБдан қачон фуқаролик паспорти берилган, паспорт рақами, доимий рўйхатдан ўтган манзили, ўзларининг доимий яшаш жойи, касби-кори…. Хуллас, ҳамма-ҳаммаси….

Бахтга қарши менинг фарзандларим, бутун оила аъзоларим Самарқанд вилоятининг Самарқанд туманида доимий рўйхатда туришади.

Шу сабаб қизим анкетанинг “Доимий рўйхатдан ўтган жойи” бўлимига “Самарқанд вилояти” деб белгилаган экан, тенгдошлари ўртасида кулгуга қолганмиш.

– Мен бугун гуруҳдошларим олдида уятдан ерга кириб кетай дедим. Шарманда бўлдим. “Паспортим Самарқандда доимий рўйхатда туради” дегандим, тенгдошларим масхаралаб кетишди: “Тошкентда боғчага борган бўлсанг, пойтахтда ўрта мактабни тугатган бўлсанг, шу ердаги энг нуфузли академик лицейга ўқишга кирган бўлсанг, қандай қилиб сенинг доимий “прописканг” Самарқандда бўлиши мумкин? Одамнинг ишонгиси келмайди: 19 га кирдинг-ку? Наҳотки, 19 йилдан буёғига паспортингни Тошкентга доимий рўйхатга қўймаган бўлсанглар?” деб роса қаҳ-қаха отишди.
Ҳижолатдан икки букилиб қолдим. Ая, нега сиз ҳеч қачон биз ҳақимизда, оилангиз ҳақида қайғурмагансиз? Нега нуқул ишнинг кетидан қувгансиз? Агарда ўз вақтида ҳужжат ишларини рисоладагидек олиб борганингизда, оилангиз тинчлигини ўйлаганингизда эди, менинг паспортим шу пайтгача Самарқандда қолиб кетмаган бўларди, ўзим тенгдошларим олдида бугунгидек мулзамликдан қизариб қолмаган бўлардим. Нега бундай яшаш услубини танлагансиз, ая, нега ҳечам бошқа оналарга ўхшамайсиз! – кутилмаганда хитоб қилиб қолди кичик қизим.

Бунингдек шартакиликни ундан кутса бўлади. Чунки у рус боғчасида, рус мактабида, рус академик лицейда таҳсил олган. Бу билан мен рус қўшниларимизни қораламоқчи эмасман, шунчаки, қизимнинг феъли ўшаларга тортган: она билан ўртоғига қилгани каби муомилада бўлади. Начора….

Рости, ўз фарзандимнинг бундай таънасидан аввалига титраб кетдим: наҳотки мен фарзандларим, оилам ҳақида қайғурмаган бўлсам?….

– Паспорт олганингизга қанча бўлди? Икки-уч йилми? Сизнинг паспортингиз уч йилдан бери пойтахтга доимий рўйхатга қўйилмаётган экан. Онангизнинг паспорти 1989 йилдан буён Тошкент шаҳрига доимий рўйхатдан ўта олмайди. Аянгиз 25 йилдан буён паспортини пойтахтга доимий рўйхатдан ўтказа олмасдан қон бўлган. Айтингчи, бу борада ким кўпроқ жабрдийда экан?: Сизми, менми?, – дедим пешонам терлаб, – Ўша, “паспортинг шу ёшингга қадар нега пойтахтга доимий “прописка”га қўйилмаган?” дея сизни масхара қилаётган бебош тенгдошларингизга, устозларингизга бориб, бир ҳақиқатни баралла айтишни унутманг: “АГАР МЕНИНГ ПАСПОРТИМ ШУ ЁШИМГА ҚАДАР ТОШКЕНТ ШАҲРИГА ДОИМИЙ РЎЙХАТГА ҚЎЙИЛМАЁТГАН БЎЛСА, БУ ЕРДА МЕНИНГ ГУНОҲИМ ЙЎҚ. БУНИНГДЕК ҲАҚСИЗЛИККА ПРЕЗИДЕНТ КАРИМОВНИНГ 25 ЙИЛДИРКИ ОЛИБ БОРАЁТГАН АДОЛАТСИЗ ҲУКУМАТ БОШҚАРУВИ – НОТЎҒРИ ОЛИБ БОРАЁТГАН ИЧКИ СИЁСАТИ САБАБ. БУНИНГДЕК НОҲАҚЛИКНИНГ ЯГОНА АЙБДОРИ КАРИМОВ БЎЛАДИ! ЎЗ ВАТАНИМИЗДА САҒИРДЕК САРҒАЙИБ ЎТИРИШИМИЗГА ЎЗБЕКИСТОДАГИ ТЕЛБУ ТУЗУМ АЙБДОР!” ДЕНГ, ШУНДАЙ, АЛБАТТА, АЙТИНГ ДЕДИМ…

Бисмиллоҳ” дея мустақиллик эълон қилинганидан буён жаноб Каримовнинг илк қилган “қахрамонлиги” пойтахт Тошкентга доимий рўйхатдан ўтиш истагидаги фуқароларнинг ҳуқуқларини паймол этиш бўлди.

Нима эмиш: вилоятдан келган фуқароларга пойтахтдан хусусий мулк – уй жой сотиб олиш, номига ўтказиш, паспортини доимий рўйхатдан ўтказиш таъқиқланармиш!

Нега?

Пойтахтда одамлар мурча-малахдек ошиб-тошиб кетаётганмиш!

Миллиардлаб фуқароси бўлган Ҳиндистон, Хитой мамлакатларида бу борада қону-қоида қандай, билмадиму, аммо мен ҳукуматнинг мана шу қарори билан мутлақо муроса қила олмайман.

Бу қандай демократик жамият бўлдики, ўз пулингга ўз ватанингнинг истаган жойидан, истаган вақтингда бошпана сотиб ололмасанг?

Бу қандай телба тузум бўлдики, ўз фуқаросига ўз киндик қони тўкилган диёр пойтахтига қадам қўйишни таъқиқлаб қўйса?

Ҳўш, бу каби маън этишларда қани мантиқ?

Қайтага, вилоятлардан келган фуқаролар паспортларини доимий ёки вақтинчалик рўйхатга қўймасдан, қочқинда юргандек пусиб юргудек бўлса, алдам-қалдам, тартиббузарлик, ўғирлик урчимайдими, ғарлик кўпаймайдими?

– Ая, – дейди қизим қизиқсиниб, – Нега ўзи влиоятдан келган фуқароларга Тошкентга паспортларини доимий рўйхатдан ўтказиш таъқиқлаб қўйилган? Бунинг боиси нимада?

– Маълумки, мамлакатимиз мустақил бўлди. Собиқ тузум пайтидаги завод ва фабрикалар, корхоналар барҳам топди. Ўзбекистон кундан-кунга иқтисодий ночорликнинг боши берк кўчасига кириб борар эди. Мана шунингдек оғир вазиятда Каримов олдида Ўзбекистон деб аталмиш мустақил мамлакатни бошқариш ва ҳокимият тизимларини асраб қолишдек масъулиятли вазифа турганди.
Бироқ, маҳаллий ҳокимият ходимларини, барча вилоят ва туман ҳокимлик тизимидаги мутахассисларни маош билан таъминлаш орқали уларни ўз иш ўринларида ушлаб туриш амри маҳол эди. Негаки, “Ҳокимият” деб аталмиш номи улуғ, супраси қуруқ идора ходимларининг маоши 300 минг сўм ҳам эмасди. Бу дегани, бир ой ишга қатнашлари учун йўлкирасига ҳам етмасди.

Мана шундай шароитда, оиласини боқиш илинжида, табиийки, ҳокимиятдаги айрим мутахассислар ҳокимиятдаги лавозимларининг баҳридан ўтишга мажбур бўлдилар.

Давлат бюжетининг ҳамёни эса қўп-қуруқ.

Мана шундай пайтда нима қилиш керак? Нима қилса, Каримов ҳокимиятидаги ходимларни сақлаб қолади?

Ҳокимият ходимларини ўз иш ўрниларини ташлаб кетмасликлари чорасини излаб топиш чорасини Президент ва унинг атрофидаги айёрлар айнан пойтахтдан – Тошкент шаҳридан бошлашди.

Гарчи вилоятларда истиқомат қилувчи фуқароларнинг Тошкнет шаҳрига паспортларини доимий рўйхатдан ўтказишларига монелик кўрсатишга ҳеч бир асос ва жиддий бир сабаб бўлмаса-да, қишлоқлардаги “ўгай” аҳолининг пойтахтда яшаш ва хусусий мулк харид қилишларига чеклов қўйиш ҳақида бемаънидан-бемаъни қарорлар қабул қилинди.

Нима эмиш, бундан кейин вилоятдан келган фуқаронинг пойтахтдан уй сотиб олиш ё олмаслиги Тошкент шаҳар ҳокимига боғлиқ эмиш. Ва яна нима эмиш, бундан кейин вилоятдан “поездга осилиб келганлар”нинг фуқаролик паспортини Шошга доимий рўйхатга қўйиш-қўймаслик масаласини пойтахт ҳокими ҳал қилармиш!

Нега?

Бу бетутуруқ ва бетайин қарор, менинг назаримда, Тошкент шаҳар ҳокимлигидаги юзлаб нонхўр ходимларни боқиш илинжида ўйлаб топилган навбатдаги макр-ҳийла эди: Ҳа, нима?! Порахўрликка пойдевор яратиш орқали ҳокимият ходимларининг қоринларини тўйдириш ва оилаларини боқиш илинжидаги муғомбирлик-да!

Пойтахтдан уй сотиб олиш ва доимий яшаш ҳуқуқидан маҳрум этилган вилоятдан келган халойиққа қийин бўлди. Табиийки, улар пойтахтдан уй сотиб олиш ва доимий рўйхатдан ўтиш истакларидан воз кеча олишмасди ҳам.

Алал-оқибат, вилоятдан пойтахтга оқиб келаётган аҳоли Тошкент шаҳридан ҳусусий мулк – бошпана сотиб олиш ва паспортларини доимий рўйхатдан ўтказишнинг турли йўлларини қидира бошладилар, ҳукумат истаганидек, амалдаги тузум кўзлаганидек, топдилар ҳам.

Оқибатда, пойтахтга паспортни доимий рўйхатга қўйиш “тадбири”нинг нарх-навоси кун сайин ошиб борди: бошида бир минг доллар, кейинги йил 2 минг, учинчи йил 5 минг доллар, ва ҳатто биргина фуқаронинг паспортини доимий рўйхатдан ўтказиш “амалиёти” то 10 минг долларга қадар кўтарилиб кетди десам, ишонасизми?

Мен – ЎзМТРК “Ёшлар” телеканалининг катта муҳаррири “прописка”нинг нарх навоси 5 минг доллар бўлган пайтда доимий рўйхатдан ўтиш истагида ҳокимиятга илк бор ариза билан мурожаат қилиб кўргандим.

Табиийки, 5 минг долларим бўлмаганлиги сабабли, Тошкент шаҳар ҳокимиятидагилар ЎзМТРК раис ўринбосари берган қўллов хатини ҳам сариқ чақага олишмаган бўлишса керак, орадан 6 ой ўтиб (муддатни қаранг!) “ОТКАЗ” олдим.

Орадан йиллар ўтгач, “Чиқмаган жондан умид” дея пойтахтга паспортни доимий рўйхатдан ўтказишнинг нарх-навоси 8 минг доллардан то 10 минг долларгача бўлган айни қизғин паллада Тошкнет шаҳар ҳокимиятига такрор ариза билан мурожаат қилдим: “Доимий рўйхатдан ўтишимга рухсат беринг” дедим. Орадан яна 6 ойлик фурсат ўтгач, пойтахт ҳокимиятидагиларга “қистир-қистир” қила олмаганим, лоақал 8 минг доллар топиб бермаганлигим боисми, билмадим, ҳокимиятдагилар яна ЎзМТРК раисининг хавфсизлик масалалари бўйича ўринбосарининг қўллов хатини ахлат челакка улоқтириб юборишди! Оқибатда, иккинчи маротаба ҳам ҳеч бир изоҳ ва тушунтиришларсиз РАД жавобини олдим.

Бунингдек шароитда мен нима ҳам қилишим мумкин эди?

Тошкент шаҳар ҳокимиятидаги порахўрларнинг бориб ёқасини йирта олармидим?

Ё судга берармидим?

Отнинг калласидек олган поралари билан қозининг ҳам кўзи ва қорнини қаппайтирмасликларига кафолат бормиди?

Шу-шу “Бор-э!” дея ҳаммасига қўл силтадиму, “прописка”нинг баҳридан ўтиб, ўзим билганимча “без прописка” яшай бошладим….

Пойтахтда мен каби рўйхатдан ўтмасдан йиллаб яшаётган “зари ва зўри йўқлар” қанча?!

Сиз ўйлайсизки, мен қонунга буйсунишни хуш кўрмаганим учун ҳам пойтахтда “без прописка” яшаётган эканманми?

Йўқ!

Аслида бунга ҳукумат раҳбарининг инсон ҳақ-ҳуқуқларини ер билан чилпарчин қилувчи бемаза қонун-қоидалари, қарорлари сабаб!

Нима, сиз ўйлайсизки, Каримов хавфсизлик нуқтаи назаридан мамлакат пойтахти – Тошкент шаҳрига “доимий рўйхатдан ўтиш”ни таъқиқлаб қўйган эканми?

Э-эээй, йўқ, бунчалар ҳам содда бўлманг!

Пойтахт ҳокимиятидагиларни давлат бюжетидан боқишга кўзи ва қурби етмаслигига амин бўлган Мамлакат президенти порахўрликка ўз қарори эла пойдевор қўйган, тамом-вассалом!

Хўш, Каримов “прописка” борсидага порахўрликка фатво бериб, шунча йилдан бери ўз “командасини” – пойтахт ҳокимиятидагиларни таъма қозонидан қорнини тўйдириб келмоқда ҳам дейлик. У ҳолда ўзга вилоят ва туман ҳокимларининг ҳиқларини қандай тўлдирган демоқчимисиз?

Вилоят ва туман ҳокимиятидагиларга пора ишлаш товуқнинг тилла тухум қилишидек ноёб ва мушкул юмуш эмас: ғалла- пора, пахта – пора! Мева-сабзавот – пора, уй-жойга ер ажратиш – таъма! Фермер ҳўжалиги хусусида қарор чиқариш – пул! Тадбиркорликни “тасдиқлаш” – соққа! Хуллас, вилоят ва туман ҳокимиятининг ҳар бир ҚАРОРИ – таъма қилмоқлик! Қорин тўйдирмоқлик! Тўкин яшамоқлик демакдир! Шуям муаммо бўптими?!Уларнинг тамоқ қириши, кекириши ҳам пул туради агар билсангиз!

Бундай дейишим ва фикрлашимга асос бор!

Нега?!

Хабарингиз бор, кейинги пайтларда Россияга қўлланилган чекловнинг эпкини туфайли долларнинг қора бозори кўтарилиб кетди: 100 доллар 350 минг сўмнинг тагига бориб қолди. Янги йилга қадар 100 доллар 400 минг сўмга чиқади деган ваҳимали тахминлар бор.

Гарчи доллар кун сайин тепага қараб ўрмалаётган бўлса-да, уй-жойларнинг нарх-навоси пастлай деган эмас. Деярли ҳар куни қимматлагани-қимматлаган.

Айни дамда, пойтахт Тошкентнинг энг камбағаллар “региони” ҳисобланмиш Чилонзор мавзеларидаги “товуқнинг катагидек” келадиган бир хонали “дом”нинг нархи шу кеча-кундузда қарйиб 30 минг долларга баҳоланмоқда.

Ўзбек серфарзанд. Замонавий ўзбекларда ҳам камида 3-4 нафардан фарзанд борлигини инобатга оладиган бўлсак, ўзбек оиласи учун ҳеч бўлмаганда 3 хонали уй керак бўлади: Бу йўқ деганда 50-60 минг доллар демакдир!

50 минг доллар дегани эса, долларнинг қора бозори курсида – ўзбек сўмида Ўўҳҳуууу! 175 миллион сўм дегани экан-ку?! 175 миллион сўм-а?!

Қани, айтингчи, айни дамда узоқ вилоятлардаги қай бир шўрлик ўзбек пойтахтдан 3 хонали уй сотиб оламан-да, паспортимни доимий рўйхатга қўяман дея 150 миллион сўмдан ортиқ маблағни бир қоп қилиб боғла-аааб ўтирибди?!

Пул деганлари писта пўчоқмидики, баргхозондек супириб олсанг!

Ҳозирги пайтда бунча пул пиёда тугул отлиққа йўғу!

Шундай экан, Ўзбекистон пойтахти Тошкент шаҳридан хусусий мулк – уй сотиб оламан деган фуқаролар 30 миллион нафарни ташкил қилармиди?

Ҳечам-да!

Балки, чиқса, 300 нафар киши ё чиқади, ё чиқмас!

Тўғрими?

Бас шундай экан, айни дамда Ўзбекистон деб аталмиш ўлканинг телба тузуми – амалдаги ҳукумати учун фуқароларининг ҳақ-ҳуқуқларини оёқ ости қилувчи, пойтахтдан уй сотиб олишни маън этувчи тутуриқсиз қарорнинг ҳали-ҳамон ўз кучида қолишидан бирор бир манфаат, бирор бир мантиқ борми?

Нима, ўйлайсизки, узоқ вилоятлардан 30 та, ана, боринг, 300 нафар аҳоли Тошкент шаҳрига келиб, уй-жой сотиб олиб, паспортларини доимий рўйхатга қўйгудек бўлса, бутун бир армия, милиция, МХХнинг жилови қўлида бўлган Каримов салтанатига соя солиб қўядими? Шу билан диктаторлик режимининг умри тугаб қоладими? Ҳокимиятга катта хавф, хатар туғиладими?!

Йўқ! Шундайми?

Хўш, унда, кекса Каримов пойтахтга доимий “прописка” қилиш борасидаги қитмир қонун-қоидасини қачон қайта кўриб чиқади? Бемаза қовуннинг уруғи кўп бўлади деганларидек, қачон Каримов бу бемаза қарорини бекор қилади? Ёки бу борада бемаъни қарор қабул қилганлари кекса Каримовнинг хотирасидан фаромуш бўлганмикин-а?

Иштони йиртиқнинг чўпдан ҳадиги бор” деганларидек, булар соясидан ҳам қўрқиб кун кўрашиди, ана, энди тушундингми, қизим….

Онасига “Сиз биз ҳақимизда қайғурмагансиз” дея таъна қилаётган қизимга бу тузум телбалигини деҳқонча қилиб тушунтириб беришим керак эди, шарт эди. Шундай қилдим ҳам, жамиятда, ҳукуматда содир бўлаётган бошбалдоқликларни ўзим билганимча, ўзим истаганимча таҳлил қилиб бердим.

Хатоми, йўқми, тўғрими, нотўғрими, бу менинг қизимга деганларим…

Хўш, ўрнимда сиз бўлганингизда фарзандингизга юқоридаги муаммолар юзасидан қандай шарҳ берган бўлардингиз?

 

Малоҳат Эшонқулова, мустақил журналист.

21- ноябрь, 2014-йил.

 

https://www.facebook.com/malohat.esankulova/posts/813124768745604