Oct 122014
 

 


Дунё ўзбеклари”нинг бугунги меҳмони – АҚШда яшаётган исёнкор ўзбек шоири Юсуф Жума

Дунё ўзбеклари” нашрига  АҚШда истиқомат қилаётган исёнкор ўзбек шоири Юсуф Жумага оид кўплаб савол, хат ва хабарлар келиб турибди.

Қуйида шулардан бирини эътиборингизга ҳавола этамиз.

Бухородан “Дунё ўзбеклари”га мактуб:

Ҳурматли  Исмат ака.

Сиз ўз нашрингизда ҳукумат билан бирга мухолифатга ҳам баб баравар минбар беришингиз таҳсинга лойиқ иш. Бошқа мухолифат сайтлари каби Ватанга тош отиш йўқ Сизда. Аксинча, Ватан ва халқ меҳри доим жўшиб туради сатрларингизда.

Президент Каримовга бўлган меҳрингиз баробарида баъзан мамлакатда содир этилаётган адолатсизликларга нисбатан ҳам ўз аччиқ гапларингизни айта олаётганингиз  бениҳоя ҳурматга сазовор иш.

Рости,  мухолифат сайтларига умуман кирмай қўйгандим. Лекин “Дунё ўзбеклари” пайдо бўлганидан сўнг у мухолифат ҳақидаги бизнинг  чалкаш тушунчаларимизни тамомила остин устун қилиб юборди.

Демак, мухолифат сафларида ҳам – аламзадалик ва иғвогарликдан бўлак ҳеч нарсани билмайдиган радикал қанотли мухолифатдан фарқли ўлароқ –  Ватан ва халқ дарди билан яшаётган, тўғри ва соғлом фикрлайдиган кучлар ҳам бор экан деган фикрга келдим.

Бунинг учун сизга катта раҳмат.

Энди битта шахсий илтимос: Сиз ҳамюртимиз Юсуф аканинг ижодини тез тез бериб турибсиз. Бунинг учун сизга  катта раҳмат. У кишини ҳукуматимиз, Президентимиз тушунмадилар. Юсуф ака Бухорога, Ўзбекистонга садоқатли ва фидойи иносн. У халқимизга ичи ачиганидан ёзган эди ўша шеърларини. Уни эса бу ижоди ва тўғри сўзлиги учун ҳибсга олиб, мамлакатдан қувғин қилишди.

Агар мумкин бўлса, бизга Юсуф ака ва у кишининг оила аъзолари ҳақида, биз севган шоирнинг бугунги кундаги кайфияти ва орзу умидлари ҳақида маълумот берсангиз, улуғ иш қилган бўлардингиз.

Н. Музаффаров,

Бухоролик талаба ёшлар номидан.

 

Дунё ўзбеклари”дан: Биз Юсуф Жума ҳақида сўнгги пайтларда почтамизга келган хатлардан фақат биттасини эълон қилдик, холос. Бундай махмундаги хат ва хабарлар эса жуда кўп. Самарқандлик талаба Шоҳсанам, Қорақалпоғистонлик ўқитувчи Бозорбой ака, Олма Отада умргўзаронлик қилаётган собиқ милиция ходими Самандар, Вьетнамда шоликорлик билан шуғулланаётган асли хоразмлик тижорат вакили Омоунулло, Москвадаги ҳарбий обьектларнинг бирида қоровул бўлиб ишлаётган Аминжон, Қаршидаги политехникумдан ҳайдалиб, Бишкекда сиёсий бошпана масаласида БМТ ваколатхонаси қарорини кутаётган М.С. , Владивостокдаги қишлоқларнинг бирида маданий ва маиший ишлар бўйича поселка совети раисининг ўринбосари бўлиб ишлаётган Ў. С., Бирлашган Араб республикасида ҳимширалик қилаётган, асли бухоролик Нодира, Тошкентдаги ўрта макталарнинг бирида ўқитувчилик қилаётган Мўминжон, Бухородаги кекса журналист, бизнинг азиз ва мўътабар устозларимиздан бири (исми, шарифларини сир тутишимизни сўраганлар)  ва бошқалар ҳам Юсуф Жума ҳақида маълумот беришимизни, унинг ижодини тез тез ёритиб туришимизни илтимос қилишган.

Яна бир неча соатлардан сўнг АҚШда истиқомат қилаётган таниқли ўзбек шоири Юсуф Жуманинг “Дунё ўзбеклари” саволларига берган жавобларининг биринчи қисми билан таниша бошлайсиз.

Нашримизни кузатиб боринг


1 – савол:

Юсуф ака, авваламбор АҚШга келганингиздан кейинги узоқ жимликдан сўнг “Дунё ўзбеклари” саволларига жавоб беришга рози бўлганингиз учун раҳмат. Биринчи саволни ҳам шундан – АҚШга келганингиздан бошласак. Буни сўрашимга сабаб шуки, яқинда Тошкентдаги таниқли ёзувчилардан бири Сизни АҚШда эканингизни айтганимда, ажабланганини яширмади. У ҳануз Сизни “Жаслиқ”да деб ўйларкан. “Озодлик” ва “ББС” бу ҳақда  эълон қилган эди десам, у бу радиоларни умуман эшитмаслигини айтди. . .
Жавоб:

Мени энг даҳшатли зиндонларда энг даҳшатли қийноқларга солишди. Дубинкалар зарбидан этим титилиб кетди. Вужудим аввалига кўкарди, сўнг қорайди. Қоп қора қонга айлантиришди, тепкилаб қовурғаларимни синдиришди.

Энг даҳшатлиси болаларимни кўз ўнгимда қийноққа солишди. Қоп-қора қонга айланган танларини бўйларидан баланд кўтариб бетонга ташлашди, бошларини ёришди. Юрагим эзилиб кетди, аммо кўзимдан бир томчи ҳам ёш чиқмади.

Жаслиқда Ўзбекистон фуқоролигидан чиқиб, АҚШга кетасан”, деганларида йиғладим, Жаллодлар илк бора кўзимда ёш кўришди. Ҳозир ҳам Ватан ҳақида гап кетса кўнглим тўлиб кўзимдан ёш тўкила бошлайди.

Бобоқуёш, юртимни ҳар кун кўриб турибсан,
Туркистоннинг кўчаю куйларидан хабар бер.
Заминида эга йўқ, кўкин қўриб турибсан
Юртини сотиб ётган бийларидан хабар бер.

Хоин тахти равонда, эрлар сенсиз зиндонда
Аҳли булбул қозонда, аҳли қузғун бўстонда.
Борми бир дил туғёнда, борми бир жон исёнда
Аму Сир қуриб қолган жўйларидан хабар бер.

Бир гўзал бор сочлари нурларингдан ҳам узун,
Оташ бағрин қўрлари қўрларингдан ҳам фузун,
Ҳижронларида ичим ичингдай ёнар беун
Ҳар яноғи ўзингдек рўйларидан хабар бер.

Икки юзи икки қош – ғоят бетимсол жамол
Икки ойнинг устидан чиқибди икки ҳилол.
Қўш қаватлик тўрт қамар, сендай бўлсин безавол,
Куну ойга нур берган ойларидан хабар бер.

Эли Широқзодами, эли Темурзодами,
Ё қашқирлар сўраган гала гала подами.
Қўй қўзи саноғидан йиртқичлар зиёдами,
Бўриларга ем бўлган қўйларидан хабар бер.

Шоиру олими не, мустабидга маддоҳми,
Қўрқув қабристонида қўрқоқларга арвоҳми?!
Саройдан етган суяк нафсларига илоҳми,
Ялоқдаги бошлардан, қийларидан хабар бер.

Жигарим қон эзилган айрилиқнинг зарбидан
Узоқдаман Аму Сир орасидан– қалбидан.
Шарқидан чиқяпсанми, чиқяпсанми ғарбидан
Туркистоннинг кўчаю куйларидан хабар бер.

 

2 – савол:

Сизнинг Ўзбекистонда қолишингиз ўзбек ҳукумати учун шу қадар катта муаммомиди? Ё бу эрда бошқа сир борми?

 

Жавоб:

Аслида бу саволни Каримовга бериш керак. Аниғини у ва Худо билади. У яна яхши билади: Кимга Ватан, кимга мансаб керак, кимга чет элда ялло қилиш. Каримовга ҳеч ким Ватанини менчалик севмаслиги ва Ватансиз менчалик қийналмаслиги аён эди.

Иккинчидан Ўзбекистон фуқоролигидан маҳрум этилган кўпгина имконлардан маҳрум бўлади. Мустабид мени бадарға қилди.

Инсон Ватансиз озод бўла олмайди, ҳатто Ҳазрат Мирзо Бобурдек шоҳ бўлганда ҳам.

Мен ўзимни ҳамон маҳкумлар вагонида ҳис қиламан:

Юракни қон қилиб ичдим
Озодликнинг армонида.
Турмадан турмага кўчдим
Маҳкумларнинг вагонида.

Йўллар олис битмас кулфат
Ханжар дилим забонида.
Беёр, бедўст, беҳамдард мард
Маҳкумларнинг вагонида.

Кун асрдек чўзилади
Қайғуларнинг карвонида.
Ёнган ичим узилади
Маҳкумларнинг вагонида.

Кўкнинг кўзи кўрдир абгор
Адолат йўқ осмонида.
Усмон Носир қонлари бор
Маҳкумларнинг вагонида.

Мамадали Маҳмудларнинг
Изи қолган остонида.
Кўрдим лочин бургутларни
Маҳкумларнинг вагонида.

Болаларим қароғимда
Жон соғинчлар тўфонида.
Кишан михдир оёғимда
Маҳкумларнинг вагонида.

Бу вагон кўчма қабристон
Кўчади кўзим қонида.
Ғамдан элакдир устихон
Маҳкумларнинг вагонида.

Золим қурди фақат зиндон
Раҳм йўқ кўк шайтонида.
Букун аҳли Ўзбекистон
Маҳкумларнинг вагонида.
3 – савол:

Энди сиёсатдан бевосита адабиётга ўтсак. АҚШга эндигина келган кунларингизнинг биридаги суҳбатимизда Сиз мендан “Дунё ўзбеклари”да Абдулла Қодирийнинг “Ўтган кунлар”ини эълон қилсам, яхши бўлишини айтган эдингиз. Мен бу китобни эълон қила бошладим. Лекин ростини айцам, негадир уни ўқувчилар жуда кам. Сиз бу ажаб ҳолни қандай баҳолаган бўлардингиз. . .

 

Жавоб:

Жаҳолат сассиғи ҳамиша бизни беҳузур этмиш”– деб ёзганди даҳо Абдулла Қодирий.

Элнинг подшосидан жаҳолат сассиғи келади, Пешволаридан Жаҳолат сассиғи келади, Зиёлиларидан жаҳолат сассиғи келади. Шоиру ёзувчиларидан жаҳолат сассиғи келади. Ҳеч бирига яқин йўлаб бўлмайди. Қочсанг ҳам, АҚШдамисан, бундан ҳам олисдамисан, фарқи йўқ, бу сассиқ тинчитмайди.

Олимман, олимларни яхши кўраман”, деган буюк Оллоҳ Расули Иброҳим Алайҳиссалом. Мен санаган жоҳил гумроҳлардан Тангри ҳазар этади. Жаслиқда ҳокимлар билан, кўчада Худоман деб юрганлар билан бир камерада яшашга тўғри келди. Бири Самарқанд Пахтачилик Институни тугатган, йигирма беш йил ҳоким бўлган. Ғўза кисларод оладими, карбонад ангидиридми – билмайди.

Ўн йиллаб диний маҳкум бўлиб ўтирганлар шу қадар чала муллаки, кўриб даҳшатга тушдим. Қуръон ёдлаганни кўрдим, аммо Қуръонни тушунганни кўрмадим. Чала муллалик кофирликдан ёмон. Бугун бутун мусулмон дунёсидан, бутун дунёга жаҳолат сассиғи чиқиб осмонларни бўғмоқда.

Бугунги қирғинборотлар Жаҳолатга – Худонинг лаънатидир.

Даҳо Абдулла Қодирий Ўтган кунларни йигирмадан эндигина ошган ёшида ёзган. Ҳозир бу ёшдагиларни бола-ку деймиз. Лекин Даҳо болани эл нари турсин Ўзбекистон ёзувчи шоирлари ҳам тушунмайди.

Бир – ҳам ёзувчи, ҳам шоир, ҳам журналист, ҳам тилшунос олимдан “Ўтган кунлар”ни ўқиганмисиз деб сўрадим. Икки карра ўқиганини айтди. Китоб ҳақида гаплаша бошладик, ҳеч болани уқмаган. Лекин ўзини Қодирийдан юксак санайди. Чунки шу ёшда аллақачон даҳо боладан уч карра катта, Қодирийдан ўн баробардан кўп китоб ёзган.

Мен “Ўтган кунлар” ҳақида бир нарса ёзганман, даҳо ёзувчининг Жаҳон адабиётидаги ўрни далиллар билан белгиланган, яқинда албатта “Дунё Ўзбекларига” тақдим этамиз. Бу саволга шу нарса тўлиқ жавоб бўла олади.

Сизга эса буюк Абдулла Қодирийдан – улуғ Абдулла Орифгача қилаётган эзгу хизматларингиз учун миннатдорчилик билдираман. Бугунги жоҳиллар нимани ўқийди, олди қочди, бир пулга қиммат Шайтанатни. Гулнора Каримованинг мушуги туғибди деб китоб ёзинг, ҳамма сотиб олади.

Шўрлик жоҳиллар. . .

Қизлар кийимини кийган бесақол ҳақида ёзинг ҳамма ўқийди (озодликка ўхшаб). Лекин йигирма йилдан буён зиндонда ётган Мурод Жўрайев ҳақида ёзинг – саноқли одам ўқийди.

Ойгул Бегжоннинг отаси ҳақидаги изтиробли дил ўртар сўзларини ўқишмайди.

Афсуски, жаҳолат учун жазо йўқ. . .

 

4-савол: 

Кейинги пайтларда Сизнинг “Тўмарис” номли асарингизни эълон қилишни бошладик. Яқинда “Фироғийнома”нгизни ҳам нашримизда чоп этдик. Улар  ўқувчиларимиз томонидан яхши қабул қилинди. Тарихий мавзуларга қўл уришингиз бугунги сиёсатдан қўлни ювиб, қўлтиққа артганингизни англатадими ё бу эрда бошқа гап борми?

 

Жавоб:

Айрим саволларга тўлиқ жавоб бериш учун узоқ вақт қоғоз қоралашга тўғри келади. Афсуски, имкони йўқ. Кўҳна Хитой солномаларида қайд этилишича эрамиздан бир неча аср олдин “Турклар ўз авлодларига улкан маънавий мерос қолдирдилар” деб ёзилган. Қутайба бошлиқ араблар келгунча бу бойлик 7-8 аср мобайнида яна кўпайгани аён.

Аммо буюк Абу Райҳон Беруний ёзишича Қутайба бошлиқ жоҳиллар улкан маънавий меросни йўқ қилишди. Ҳатто қабрдаги ёзувлар чўкичлар билан ўчирилган. Ўқиш ёзишни билган барча ўлдирилган, дунё-дунё бўлиб бундай ёвузликни, разолатни кўрмаган.

Ҳаршахийнинг ёзишича қуро кўтаришга қодир барчани ўлдирган, бугунги тил билан айтганда энг даҳшатли геносид қилган. Яна Наршахий ёзишича, кейинги даюс, жоҳил авлодлар Фарғонада ўлдирилган Қутайба гўрига сиғинишган. Эмишки, дин келтирган.

Қутайбага ўхшаган разиллар Тангрининг суюкли Расулининг суюкли авлодларини ҳам дин элтиш учун қийнаб ўлдирдиларми?!
Ҳазрати Усмонничи?!
Ҳазрати Умарничи?!

Ҳазрат Муҳаммад Юсуф жаноблари тарихда араблар истило қилган деган сўзга жаҳллари чиқиб, тавсир китобида бу иборани ишлатмасликни тавсия берадилар.

Ҳазрат! Араблар истеъло қилмай тўй қилдими, байрам қилдими?! Ислом келгунича қиз туғилса қизларини тириклай кўмганлар, ҳатто улуғ халифалардан бири ҳам жоҳил пайти шундай қилган. Туркларда эса Исломдан 1200 йил аввал ҳам буюк момомиз Тўмарис подшоҳ бўлиб, Эроннинг золим шоҳи калласини кесиб, қонли мешга тиққан.

Ҳақ билан ботилни фарқлаш – яъни оқ билан қорани фарқлаш фурқондир. Разил Қутайбага сиғинган, юрт учун ўтга кирган Муқаннага ҳалигача тош отаётган даюслар мусулмонми?!

Яқинда Ислом Каримовни бир даюс Муқаннага ўхшатибди. Юрт хоини Юрт фидойисига тенг бўлдими?! Муқанна мусулмон бўлганини билишсада уни динсизликда айблашади, Унинг даврида бесақолбозлик бўлганини даъво қилишади, туҳмат қилишади.

Билиб қўйсин даюслар:

Муқаннанинг лашкари турклар бўлган. Бу буюк бодун – номусли халқ бундай жирканч йўлга кирмаган. Турклар дунёнинг энг номусли, энг илмли, энг қудратли, энг адолатли халқи бўлган. Бундай эл ўзларига муносиб бўлмаса Муқаннага эргашармидилар?!

Қуръондан маълумки, Тангри Лут қавмини баччабозлик учун йўқ қилган. Бу қавм араблардан иборат бўлган. Биз томонларга бу офат ўша томонлардан келган.

Жаҳолат сассиғи бизни ҳамиша беҳузур этмиш! ”

Мен “Тўмарис”да дунёни адолат билан сўраган аждодларнинг руҳий дунёсини тикладим. Токи бу руҳий олам авлодларда қарор топмас экан, аждодларнинг моддий оламдаги ўрни – Туркистон бизга қайтмайди.

Тўмарис” — ҳикматдир, бугунги ва келаси авлодларга сабоқдир. “Ўтган кунлар”у “Тўмарис”ни уққан эл тағин Туркистонга эришади. Йўқса дунёга қулу ғар бўлиб бугунги авлодлардай ўтаверади.

Ақли бор уқади.

Бир пайтда бир дўппи икки бошга тор,
Дунё бир дўппидир, меросхўри бор.
Бобонг Ўғизхондан қолгандир ёдгор
Уққин Фироғийни – Махтумқулини!

Фироғийномадаги бундай байтларни фақат тарих деб бўладими?!
5-савол: 

Бугунги ўзбек адабиётини баҳоли қудрат кузатиб бораётган бўлсангиз керак. Шу ҳақдаги фикрингизни ҳам билмоқчи эдик.

Бугунги адабиёт улуғ Эркин Воҳид, буюк Абдулла Ориф, Буюк Дадахон Ҳасан, Яна икки уч шоиру Раҳматлик Одил Ёқуб.

Қолганлар барчаси бир ҳавас. . .

 

6-савол: 

Кейинги пайтларда Ўзбекистон ёзувчилари уюшмасининг бир гуруҳ аъзолари номидан уюшмадаги адолатсизлик ва тарафкашликлар ҳақида нашримизга бир нечта шикоят хатлари келди. Адабиёт даргоҳидаги бундай нотинч вазият ҳақидаги шикоятлар доим бўлган. Сиз тўқсонинчи йиллар бошидаги уюшма билан бугунги мустақиллик йилларидаги уюшмани ўзъаро таққослаганда қандай фикрларга ошно бўласиз?
Жавоб:

Ҳақиқий асл шоирга на ёзувчилар уюшмаси керак, на унвон, на катта молу дунё. Ҳазрат Бобораҳим Машрабда ҳеч бири бўлмаган-ку. Ёзувчилар уюшмаси Буюк Одил Ёқуб билан туғилди, у билан ўлди.

Бизку қадрламадик, Оллоҳ қадрласин, гўрига нур ёғсин!

Мен Ўзбекистонда на Ёзувчилар уюшмаси, на ёзувчи шоирлар бор деб юрардим. Сиздан борлигини эшитиб ҳайрон қолдим.

Ҳамон ёзувчилар уюшмаси бор экан, унда аллақандай кимса Раис экан, ишондим. Аммо ўша идорада бир чойхонанинг пули борлигига ишонмайман. Раис деган шўрликда бир эски мошини, амал-тақал қилиб, мустабидни ялаб хўжалигини зўрға боққудек пули бўлса керак.

Агар чиндан ҳам шоир ёзувчилар бўлса, уларга Тангри онг ато этган бўлса ўйлашсин: Ўзбекистонда лофи билан ҳар одам бошига бир завод, бир кон бўлиб, нега халқ дунёда қул?!

Нега чорак асрдан буён бир жоҳилга сиғиняпмиз?!

Ватан фақат Ўзбекистонми, Туркистон қани?!

Нега кечаги чўпонларимиз бугун бизни менсимай қирғин қилмоқда?!

Россиянинг Сибири биздан эмасми?!

Қирим туркийларники бўлиб, нега бошқалар талашяпди?!

Хитойда 2000. 000 кв км – Ўзбекистондан тўрт карра кенг еримиз бору, у ерда биродарларимиз уйғурлар қирилмоқда. Демак бойлик ўн йиллаб бурун ўлган ёзувчилар уюшмасида эмас, бошқа ёқларда экан.

Кўзларини очсинлар, йўқса – бир бирларини еб қирилиб кетсинлар!

Ҳеч имкон топмасалар Ватану эл ғамида мана бундай шеърлар ёзсалар бўладику, Ўзбекистон газеталари босмаса “Дунё Ўзбеклари” бор:

Бир кўзим Машрабдир, Бир кўзим Чўлпон
Йиғлайман, элимнинг хоинлигидан.
Қон юрагим гирён, хун бағрим гирён,
Аждод – нор, авлод — хар бодунлигидан.

Гоҳо Фитрат бўлиб йиғлар бир кўзим,
Бир кўзим раҳматлик Дукчи эшондир.
Буюк инсонларнинг руҳлари азим
Оташ қонларимда мудом туғёндир.

Бир кўзим Қодирий, бири Шайхзода,
Туркистон деб йиғлар, Турон деб йиғлар.
Ўрнимиз қолмади ёруғ дунёда
Очун қачонгача армон деб йиғлар.

Боболар олганди, бизлар йўқотдик
Сотиб емоқдамиз ҳамон юқини.
Хиёнат аталган ботқоққа ботдик,
Билмаймиз оқ билан қора фарқини.

Хиёнат – эрларга отилган тирдир,
Тоғдек юракларни яксон қилади.
Эр беқадр бўлса – юрт беқадрдир,
Эрлар ўлдирилса – юрт ҳам ўлади.

 

юсуф жума америкада

Суратда: Исёнкор ўзбек шоири Юсуф Жума Америкада…

Дунё ўзбеклари” саволларига АҚШда истиқомат қилаётган исёнкор ўзбек шоири Юсуф Жуманинг жавобларининг давомини яқин кунларда ўқишингиз мумкин.

 

http://dunyouzbeklari.com/archives/84022