Sep 242014
 


“Ы операцияси ва Шурикнинг бошқа саргузаштлари” фильмини кўрмаганлар
бўлмаса керак. Мазкур фильмнинг антиқаҳрамони, безори ва ароқхўр
Шурикка ҳушёрхона томонидан келтирилган таомни паққос тушириб бўлиб
Шурикка қараб “Ишламаган тишлайди, ўрган, студент” дея уқтирганини
кўплар хотирасида ҳам сақлайди, кези келганида шу сўзларни ишлатиб
турадиганлар ҳам топилади. Албатта ҳазил билан.

Ҳазилку ҳазилда, аммо Ўзбекистонимизда ростдан ҳам ишламаганлар
тишлайдиган бўлиб қолишгани ҳақиқат. “Ҳа, фалончи, нима иш қиласан?” –
дея савол берсангиз, Фалончи жавоб беради: “бизнес қиламан”. Бизнесини
қараб чиқинг, пашшадан фил ясайди ва ўша филнинг суягидан болалар учун
ажойиб ўйинчоқлар ясаб бозорга чиқарадиган шоввоз бўлиб чиқади.

Хўш, ишлаганларнинг аҳволи нима? Нима ҳам бўларди, ишлагани билан
маоши йўқ, маош бўлганида ҳам чамадонларга чиғмайдиган пулга нариси
билан бир қоп ун, беш кило олиш мумкин бўлади холос. Ўша пулни ҳам
ололсангиз албатта.

Қарши шаҳар  Ширкатлар уюшмасида иш юритувчи бўлиб ишлаган қаршилик
Маҳмуд Ёқубовнинг арз-додини эшитиб ёқа ушлайсан киши. У икки йил
давомида ишлаган 2 млн 530 минг сўм миқдордаги маошини ололмай сарсон,
саргардон. Ҳаттоки, бу борада Қарши шаҳар прокуратурасига ҳам  шикоят
қилибди, маош ололмаган ва натижа ўлароқ, солиқдан,газ ва электр
қувватидан қарздорлик келиб чиққан. Қарздорлик бор, аммо икки йиллик
маошдан ҳали-хамон дарак йўқ.

Солиқчию, газчи ва электрчиларга буни қандай тушунтириш мумкин ўзи?
Уларга нима,”танаси бошқа дард билмайди” дейишган-ку қадимдан. Ушбу
ширкатлар уюшмасининг собиқ раҳбари Тўйчи Фармонов ани дамда Қарши
шаҳар Марказий дехқон бозорида бозорқўм(!) бўлиб ишламоқда экан. Эски
раҳбар тўлаб бермаган маошни янги  рахбар Норча Йўлдошев ҳам тўлаб
бера олмаяти. Хўш, Маҳмуд Ёқубов рўзғорини қандай тебратсин? Олий
маьлумотли инсон ўз меҳнати ҳаққини ололмай сарсон! У ўз иш ҳаққини
олиши учун яна қаерларга мурожаат қилиб, яна неча йил сарсон юриши
керак? Беришади албатта, бермай қайга ҳам кетишарди, фақат бир стакан
пистанинг нархи икки ярим миллионга етганида қўнғироқ қилиб
“маошингизни олиб кетинг” деб қолишса керак ҳой на ҳой.

Албатта прокуратура ҳам қандайдир суриштирув қилган бўлса керак,
бозорқум Тўйчи Фармонов прокуратурадан қутилиш учунми ёки гуноҳидан
уялибми, ишқилиб собиқ ходими Маҳмуд Ёқубовни август ойидан бозорга
назоратчи этиб тайинлади.

“Бозорда ҳам “эски ҳаммом, эски тоз”, бундаям маош муаммо. – дейди
Маҳмуд Ёқубов. Шу йилнинг 13 июль кунида Қарши шаҳар прокуратураси
Маҳмуд Ёқубовга шикоятида кўрсатилган ширкат бошқа ширкатларнинг
мажбурий бадаллари ҳисобидан фаолият кўрсатиши, бироқ бошқа
ширкатлардан сўнги тўрт йил давомида бирор сўм пул тушмаганлиги ва
ҳозирда ҳам ширкатлар уюшмасининг ҳисоб рақамида маблағи йўқлиги учун
ҳам унга меҳнат ҳаққи тўланмаганлигини маьлум қилган.

Саволлар туғилади: наҳотки ширкатларда пул бўлмаса? Ширкат раҳбарлари
ниманинг ҳисобидан кун кўришаяпти унда?  Қарши шаҳар ширкатлар уюшмаси
нега банкрот деб ёпилмаган? Энди гапни ҳар ёққа бурмай дўппини олиб
ўйлаб кўриш керакмикан? Энди М. Ёқубов икки йиллик меҳнатинг ҳаққини
олиши учун қаерларга мурожаат қилсин ва яна қанча кутсин? Балки
Ўзбекистон Республикаси президенти И.А.Каримовга мурожаат
қилиши керакдир?

Йўқ, фойдаси бўлмаса керак. Ахир Ўзбекистонда ишламаган тишлайди!

 

 Гулшан Қораева

Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамияти

Қашқадарё вилоят бўлими раиси

24– сентябрь, 2014-йил.