Sep 232014
 

Филология фанлари номзоди, адабиётшунос Заҳириддин Исомиддинов “Кўнгил кўчалари” газетасидаги суҳбатда шундай фикрлар билдиради:

Масалан, “ҳақиқат эгилади,аммо синмайди”деган мақолни олайлик. Эгиладиган ҳақиқат ҳақиқатми? Мен учун тескариси тўғрироқдай: ҳақиқат синади, аммо эгилмайди.Уни синдиришади.

Ёки ”андишани отини қўрқоқ қўйма”деган мақол. Мен қўрқмайман, андиша қилаяпман холос,дегани бу.Аммо андишани йиғиштириб қўйиб айтадиган бўлсак,айнан қўрқоқ одам “серандиша”бўлишини ким билмайди? Биз андишали одамлармиз”

Олим кейин мавжуд сиёсатига қараб, ўтмишдаги шаҳсларга баҳо берилса, қораланиши керак бўлган шахсларнинг яхши томонларини яшириш, аксинча мақташ керак бўлса унинг ёмон томонларини яширишга ўхшаган “ўзига мослаш” жараёнида лоақал факт ва далилларни яшириб кетмасдан, ўртага ташлаб ҳолисроқ таҳлил этишга уринсак,шўро адабиётшунослигидан қолган тамойилпарастлик ҳам барҳам топармиди дейман”-дейди.

Яқинда раҳматли адибимиз Ўткир Ҳошимовнинг андишани йиғиштириб қўйиб ёзган “Тушда кечган умрлар” деган асарини ўқидим. Асар мустақиллик арафасида ёзилган бўлиб,унда бор ҳақиқат очиқ-ойдин талқин қилинган.

Совет даврида маҳфий хизмат органларида ишлаб нечтадан-нечта бегуноҳ кишиларни авахтага ташлаган, нечтадан-нечта ҳонадонларни ҳонавайрон қилган Соат Ғаниев бир жиноий иш бўйича терговчиларнинг олиб бораётган ишидан норизо бўлиб, Гдлян, Иванов ишларини мақтаб ўзига-ўзи шундай дейди:

Амбарцумян-маладес! Каллаварам ўзбекнинг нозик жойидан ушлади. Манаман деган обкомлару райкомларни… ғиппа ёқасидан олди.Қани шунақалардан ўнг минг,боринг, минги бўлса,ҳамма ёқда тартиб қарор топарди.

Нима дейди анов гўдак терговчи? “Биздаям яхши усуллар бор” эмиш. Биламиз усулингни! Уйига бир чимдим наша ташлаб қўярсан,саратонда бир ҳафта сув ичирмассан ёки аксинча совуқ ҳонага олиб кириб миясидан муздек сув томизарсан.Шуми? Ҳаммаси алмисоқдан қолган.Мендан сўрамайсанми?…

Маҳбуснинг бош бармоғини эшик тирқишига тиқасан-да,секи-ин ҳафсала билан сиқаверасан… Майли тирноғи кўчиб майдаланиб кетсин.Суяги синиб қисирлаётганини ўзи эшитсин.Шикоят қиладими? Кимга?

Қирқ саккизинчи йилда бир адабиётшунос олим қўлга олинган эди.Қиззағарнинг иккита китоби чиқибди-ю, ўртоқ Сталин ҳақида бир оғиз сўз йўқ…

 

Бўйи бир қарич. Лилипутнинг ўзгинаси. Аммо чидамли экан унсур.Оёқлари бир қарич пуф десанг учиб кетадиган ҳоли бор-ку,миқ этмайди,эшшак. Начора бошқа усулни қўллашга тўғри келди.Иккита каллакесар ётган хонага тиқиб қўйган эди, бир соат ўтмасдан эшикни муштлар дод солиб қоли-ку! Боласи тушмагурлар-ей! Парашадаги нажасни ейсан деб бошини пақирга тиқишибди.Ўша заҳоти ўз қўли билан ёзиб берди. “Мен профессор полончи пистончиевич совет жамиятига ичдан зарба беришни режалаштирга яширин ташкилот аъзосиман.Ўзбекистон мустақил бўлишини ҳоҳлайман. Англия рразведкасининг агенти бўлганимни тан оламан… Гуноҳимни тўлиқ бўйнимга оламан”.

Ҳаво совуқ, одамлар тайғаноқда йиқилиб майиб бўлмаслик учун эҳтиётлаб қадам босади. Жуда созда! Қадамингни билиб бос! Қанча қўрқсанг, шунча яҳши,Тартиб бўлади, интизом бўлади”. Адибни Оллоҳ раҳматига олган бўлсин.

 

Носир Зокир

Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамиятининг Фарғона водийси бўйича мувофиқлаштирувчиси
23-сентябрь , 2014-йил.