Sep 162014
 

Исмоил Дадажонов: Сарой фитналари

 

 

 

Устозимиз Дадахон ака бизга ҳар доим Саройга яқин борманглар уни алангаси куйдиради дейдилар.

Мен сизларга сарой ичидаги келишмовчиликлар ва подшоҳ  атрофидаги амалдорларнинг найрангларидан бирини айтиб бермоқчиман.

Тўқсонинчи йиллар бошида Олий мажлис раиси бўлиб ишлаган собиқ Фарғона вилояти ҳокими Шавкат Юлдошевнинг ана шундай сарой жанглари қурбони бўлгани ҳақида ҳикоя қилиб бермоқчиман.

Коммунистик партия даврида партия назорати раҳбари лавозимидан Олий мажлис раислиги лавозимига тайинланган Шавкат Юлдошевни лавозимидан четлатиш учун И Каримов атрофидаги унга яқин мулозимларнинг саъйи ҳаракатлари ҳақида.

Бу воқеаларнинг гувоҳи, ҳатто иштирокчиси сифатида қатнашганлигимни айтиб бермоқчиман.
Бирлик Халк Ҳаракати ҳукумат томонидан таъқиқланганидан сўнг бизга тегишли офис беркитиб қўйилган ҳаракат аъзолари ҳар ерларда учрашиб турар эдик. Қўқон шаҳрида биз уч нафар бирликчилар савдо дўкони ва қассобхона очган эдик.Ўша ердан баҳоли қудрат оила тебратишга яраша даромад олар эдик.

Анашу қассобхонада гўшт нимталаб турганимда дўконимиз олдига шаҳар ҳокимига тегишли машина келиб тўхтади. Машина ичидан ҳоким ўринбосари Бахтиёр Толипов тушиб келиб мен билан қуюққина салом алик қилиб менга Исмоил ака сизни Ҳожи ака бир келиб-кетсин,  деб илтимос килдилар,  деди.

Мен ишим кўплигини ва ҳозир гўштни нимталаб қўймасам бузилиб қолиши мумкинлигини тушунтирдим.

Лекин Толипов жон ака сизсиз ҳокимиятга бора олмайман. У ерга Тошкентдан катталар келган, улар сиз билан гаплашишмоқчи, деб турар эди. Тўғриси профессор ёнида кўзларини мўлтиратиб турган студентдек туришимми ёки кимлар ва нимага келган,  деган ўзимдаги қизиқиш кучлилик қилибми қўй қони теккан либосимни ечиб ҳоким машинаси орқа ўриндиғига жойлашдим.

Ҳоким қабулхонасига кирганимизда котиба Муҳаббат опа: “келдиларингми сизларни тўрт маротаба сўрашди”,  деб ҳоким хонаси эшигини очиб берди. Ҳоким хонасида мени Исмоил Жўрабеков, Мавлон Умрзоқов, Фарғона вилояти ҳокими Мирзажон Исломов , Ички ишлар бошқармаси бошлиғи полковник Шукурулла Рўзматовлар ва шаҳар ҳокими Ҳожикул Мавлонқуловлар кутиб ўтиришар эди.

Қисқача салом-аликдан сўнг Мавлон Умрзоқов менга Пўлат Охунов ва Носир Зокирлар сизни сафдошларингизми?  деган саволни берди. Мен ҳа деб жавоб килдиму, уларга бир гап бўлдимикан,  деган қўрқув пайдо бўлди. Шунда Жўрабеков биз уларни қамоқдан озод қилмоқчимиз, фақат сиздан бир хизмат талаб қилинади,  деди.

Ўша пайтда Пўлат Охунов, Носир Зокир, Иномжон Турсунов, Отаназар Орипов яна бир қанча дўстларимиз турли туҳматлар билан қамоқларда ётишар эди.

Хаёлимда қандай ёрдам ҳақида гап кетаяпди экан,  деган фикр айланиб турганида Умрзоқовни ўзи гап очиб қолди.

Биласизми Исмоил ака Олий мажлис раиси Юлдошев каттани устидан тўқсонинчи йили Москвага хат ёзган ва бу хатда у кишини ўз вазифасига нолойиқ, кадрлар танлашни билмайди деб ёзган. Бу илонни каттани олдида фош қилмоқчимиз. Бунинг учун бизга ўша хат керак. Хатни қаердан олишни Охунов билади. Агар Охунов қаердан олишни айтса ва сиз уни топиб олиб келсангиз биз ҳам айтган ваъдамизни бажарамиз деди. Мен аввало Пўлат Охунов менга бу хат тўғрисида ҳеч нарса демаганини, қолаверса Пўлатжон билан кўришмаганимга икки йил бўлганини айтдим.

Сиз хавотир олманг, Пўлат билан сизни кўриштирамиз у ҳозир Андижон турмасида,  деб телефон гўшагини кўтариб кимгадир Зокир билан улагин деди. Менимча у ёқдан Алматов жавоб қилди шекилли,  менга қара Дадажонов деган киши Пўлат Охунов билан кўришиши керак.  Андижонда учрашувни ташкил қилинглар, деди.

Мени ҳайрон қолдирган нарса ўзидан ёши катта одамни Умрзоқов санлагани бўлди .Ўша куниёқ  биз Ҳамдамбой билан Андижонга жўнаб кетдик. Пўлатжонни ёнига ёлғиз мени киришимга рухсат беришди. Ним қоронғи, арматуралар билан ўралган йўлкалардан юриб бир хонага кирдик. Хонадан зах, тер ва қон ҳиди келар эди. Хонада бир киши сояси кўринди. Агар ўша соя томондан Исмоил ака,  деган таниш овоз эшитилмаганида мен Пўлатжонни танимаган бўлар эдим.

Биз бир-биримизни қучоқлаб узоқ  турдик.Тамоғимга тиқилган  йиғи унга бирор нарса дейишимга қўймас эди.

У жуда озиб кетган ва Тиф касали билан оғриган эди .Ҳаммасига қўшимча уни шу аҳволда жарима хонасида сақлашар экан. Лекин руҳи тетик ўша-ўша ҳазилкаш. Мен Пўлатжонга бор гапни айтиб бердим.

Пўлатжон хат Гарбачёв, Шейнин ва Лукяновларга ёзилгани ва ҳозирда Кремл архивида экани,  уни олиш жуда мураккаб эканлигини айтди . Агар ҳаракат қилиб ўша хатни топсангиз ва улар ўз сўзларида туриб бизни озод қилишса зўр иш бўлган бўларди деди. Мен Пўлатжонга ўзим билан акаси Музаффаржонни олиб кетаман деб айтдим. Бир оз гаплашиб хайрлашдик. Турма назоратчисига мени бошлиқ билан учраштирасан, дедим,  у рози булиб бошлиқ  хонасига олиб борди. Мен бошлиққа агар Охуновни изолятордан чиқариб даволашни бошламасанглар ҳеч қаерга бормайман дедим.

Албатта мени талабимни сариқ  чақага ҳам олмайдиган бошлиқ  ҳеч қаерга бормайман деганимда катталар ғазабидан қўрқибгина ҳўп албатта шундай  қиламиз,  деб сўз берди.
Қамоқхонадан кўчага чиқганимда у ерда ўтган бир ярим соат вақт гўё бир аср у ерда бўлганимдек ҳисни берди.

Ҳамдамбой билан Шаҳрихонга Пўлатжонларни уйига қараб кетдик. У ерда Ҳожи онани зиёрат қилиб Пўлатжонни акаси Музаффаржонга Москва сафарига тараддуд кўриши кераклигини, икки кундан сўнг жўнашимизни ва қачон қайтишимиз ноъмалумлигини айтдик. Яна биз билан Москвага СССР халқ  депутати, бирликчи Владимир Золотухинни ишончли вакили Маъмура опа ҳам борадиган бўлди.

Икки кундан сўнг Фарғона-Москва рейси билан Москвага учдик. Кечаси Домодедово аэропортида бизни Володя кутиб олди ва уни уйига қараб кетдик. Биз Володяга келишимиздан мақсадимизни айтганимизда Володя бош силтаб бу жуда мураккаб иш деди.

Эртасига иш бошлаб йигирма кунлар ҳаракат қилиб ҳеч қандай натижага эришмай тушкунликка тушиб турганимизда Володя биз билан бир журналистни таништирди.

Мен унга мақсадимизни айтиб,  унга пул ваъда қилдим. У менга хатни топиб беришга ваъда берди. Бироз хотиржамлашдик. Орада бир ойча бўш вақтимиз бор эди.  Ўзбекистонга ҳам бориб болаларни кўриб келдик.

Хатни қандай олганлигимизни сир сақлашга сўз берганимиз учун уни қандай қўлга киритганимизга тўхталмайман. Хуллас биз хатни қўлга киритдик ва зудлик билан Ўзбекистонга учдик.

Тошкент аэропортида самолётдан тушишимизга самолёт трапи олдида иккита ҳукумат машинаси турар эди. Машиналар олдида Мавлон Умрзоқов, Мирзажон Исломов ва Шукуруллолар кутуб туришар эди. Трапдан ерга тушган заҳотим Мавлон ака,  “бўлдими”,  деб савол берди. Мен сумкамни очиб хотиржамлик билан беш вароқ  хатни узатдим. Хатни қўлига олган Мавлон ака бу копияку деди. Мен аслини ваъдани бажарган кунинггиз оласиз дедим. У кулиб бош силтаб қўйди. Биз билан хайрлашмасданоқ  машинага ўтириб шаҳар томонга елдек учиб кетди.

Москвада эканлигимизда Володя агар улар хатни каттага кўрсатмай Юлдошевни ўзига катта пулга сотишсачи деди

Эҳтиёт чораси сифатида хатни бир экземплярини мудофа вазири Рустам Аҳмедовга беришга ва у орқали хат каттани қўлига тегишига ишониб вазирлик биносига қараб кетдик. Вазир қабулхонасида бизни вазир адъютанти Муҳиддин кутиб олди.

Узр, шеф банд эдилар,  ҳозир сўрайман,  деб вазир ханасига кириб кетди.

Бироздан сўнг вазирни ўзи чиқиб келиб биз билан: “ҳа,  қўзғолончилар”,  деб ҳазил билан саломлашди .

Мен вазир қўлига хатни тутқаздим. Хатга бир кўз югуртирдида, бизга боринглар,  мени хонамда ўтириб туринглар,  у ерда Абдурайим бор дедида шошилинч чиқиб кетди. Мен уни каттани олдига кетганини сездим.

Биз кечгача Абдураимов билан футбол ҳақида гаплашиб ўтирдик, Рустам ака келмади.

Биродар ака билан хайрлашиб,  Қўқонга қараб жўнаб кетдик. Қўқонда Бирлик ҳаракатига яқин бўлган Олий мажлис депутати Садирали Умаров яшар эди. Биз Садирали акага хатни тутқазиб уни Олий мажлис оқсоқоллар кенгашида ўқиб беришини илтимос қилдик. Садирали ака рози бўлдилар.

Орадан бир ойча вақт ўтди. Садирали ака Қўқонга келиб биз билан учрашиб:  “Укалар мени хатни ўқиб беришга ҳам ҳожат қолмади. Оқсоққоллар кенгаши раиси айнан шу хатни ўқиб мажлис аҳлига:  “бундай одам бизга раҳбар бўлиши мумкинми”,  деганда ҳамма бир овоздан мумкин змас деб жавоб қилди. Юлдошев эса бошини кўтармай жим ўтирди “,  деди.

Эртасига сессияда уни ўз аризасига биноан вазифасидан озод этилди,  деб ўқиб эшиттирилди.

Шундай қилиб ҳукм ўқилди ва ижро этилди. Фитна ғалаба қилди.

Орадан бир муддат ўтиб И.Каримовнинг П.Охунов, Н.Зокир, О,Орипов, И,Турсунов яна бир киши тўғриси номи эсимда эмас озод этиш тўғрисидаги фармони ўқиб эшиттирилди.

Билмадим уларнинг озод бўлишига бошқа сабаб бўлганми ёки хат сабаб бўлганми менга қоронғи. Лекин саройда фитна амалга ошгани ва каттани лаққиллатишгани ростдир.

Келгуси ҳикоямда Олий мажлис иккинчи сессиясини пикет қилганимиз ва И.Каримов билан тўқнашувимиз ҳақида бўлади.

Исмоил Дадажонов

www.zamondosh.com
почтасидан

 

http://www.zamondosh.com/2014/09/11-ismoil-dadajonov-saroy-fitnalari.html#more

 

 

 

Исмоил Дадажонов

2. Амалга ошмаган қотиллик

 

“Сарой фитналари” туркумидан

2004 йил Олий Мажлисга сайловлар йили бўлиб ҳукумат сайловга ташаббус гуруҳлари орқали ўз номзодини қўймоқчи бўлган мухолифат вакилларига нисбатан ҳар-хил ноқонуний фитналар уюштириб, уларни сайловларга қатнаштирмаслик ҳаракатини бошлаб юбордилар.

Фарғона водийсида кўплаб ташаббус гуруҳлари тузилди. Қонунда ташаббус гуруҳи аъзолари сони 100 киши бўлиши керак эди. Лекин сўнгги кунларда юртбоши телевидение орқали чиқиш қилиб гуруҳлар аъзолари сонини 300 кишига чиқариб қўйди. Бу билан Катта мухолифат 300та одам тўплай олмайди, деб ўйлади шекилли. Лекин Андижон,Фарғона ва Наманган вилоятларида ташаббус гуруҳи аъзолари сонини минглаб ва ундан ҳам кўп тўплашга муваффақ  бўлишди. Масалан 405-Қўқон сайлов округида ташаббус гуруҳлар аъзолари сони 8000 кишидан ортиб кетди.

Куч ишлатар тизимлариниг эътибори Қўқон шаҳрига қаратилиши сабаби ҳам шу бўлса керак.
Андижон вилоятидан ака-ука Охуновлар ва Акбарали Орипов номзоди.

Фарғонадан Исмоил Дадажонов, Ҳамдам Сулаймонов, Муҳаммаджон Халилов номзодлари.

Наманган вилоятидан Носир Зокир ва бошқа мухолифат аъзолари эди.

Кучишлатар тизимларининг Қўқон шаҳрига эътиборлари кучайишининг сабаби 2003 йилда Бирлик халқ ҳаракати партияси бир неча юз кишилик таъсис қурултойини  Қўқонда ўтказилиши ва 2004 йилда мухолифатнинг бирлаштириш фикри билан  Қўқон шаҳрида 300 кишилик мажлис ўтказилиши ва мажлисда Буюк британия элчиси Мюрейнинг бир ярим соатли чиройли ва таъсирли оташин нутқи сабаб бўлса керак.

Республиканинг барча вилоятларидан мухолифатнинг барча сиёсий партиялари ва Инсон ҳуқуқи ҳимоячиларинг келганлиги Катта ва уни атрофини қўрқитиб юборган бўлса ажаб эмас. Мюрейнинг Қўқонга ташрифи тўғрисида алоҳида ёзса арзугилик воқеадир. У Тошкентдан Қўқонга сафарга чиқишидан  олдин менга қўнғироқ  қилди ва уни Қўқонга кириш олдида кутиб олишимни сўради.

Ўша кунлари Мюрейнинг тўртта синфдош дўстлари Қўқонда эдилар.Улар элчининг илтимосига биноан мени хонадонимда меҳмон эдилар. Бунинг сабаби элчи ўта бандлиги сабабли меҳмонларини мендан илтимос қилиб  Қўқонга жўнатган эди. Ўша куни мен меҳмонларни ҳар эҳтимолга кўра Қирғизистон республикасига чиқариб юбордим ва бу қилган ишим тўғри бўлганлиги ўз тасдиғини топди. МХХ ва мелисия ходимлари  Қўқон шаҳрига кираверишда бизга суиқасд уюштирдилар. Биз келаётган машина устига бир эски машина билан уриб ағдариб юборишга ҳаракат бўлди. Оллоҳ  меҳрибон. Бахтли тасодиф туфайли машинамиз ағдарилмай колди.Мен ҳайдовчига ҳеч нарсага қарамай шаҳар томонга ҳайдашни сўрадим. Биз ортимиздан қувиб келаётган машина таъқибидан қутилиб қолдик. Бир оз мавзудан чиқиб кетганга ўхшаймиз.

Хуллас, Қўқонга бўлган ҳукумат жиддий эътиборининг сабаблари ана шу ва шунга ўхшаш сабаблар бўлса керак.

2004 йили кўплаб диндорларга қарши маҳкамалар ўтказилиб,  биз бу маҳкамаларни адолатсиз ўтаётгани ҳақида чет эл матбуотларига тўхтовсиз хабарлар ёзиб турар эдик. Шундай қилиб ҳукумат қай усул билан бўлсада мухолифатни қуритиш ҳаракатига тушиб қолди.

2004 йил август ойи бошларида  Қўқондаги  “Эзгулик”  ташкилоти офисига ёши улуғ  татар миллатига мансуб икки аёл келишди. Улар ўзлари истиқомат қилаётган 48-кўп қаватли уй биноси ертўласига ҳар куни Тошкент вилоятига қарашли номерли Газ 66 русумли машинада тўрт нафар кишилар келиб ертўлада нима биландир шуғулланаётганликлари, нималардир у ерга ўрнатаётганликлари ҳақида сўзлаб бердилар.

Биз зудлик билан Бирлик, Эрк ва ҳуқуқ ҳимоячиларидан иборат кенгаш чақирдик. Гуруҳларга бўлиниб иш бошладик. Бир гуруҳ  ҳокимият билан , бир гуруҳ  прокуратура билан ва яна бир гуруҳ  48-уйни назорат остига олиши керак эди. Шаҳар ҳокими бизнинг  келганимиздан хабардор бўлиб хуфия эшикдан қочиб кетди.

Прокурор билан учрашиш шарафига муяссар бўлдик.Ўша пайтларда  Қўқон прокурори Жиззахлик тажрибасизгина Бахтиёр,  деган йигит эди. Биз унга бўлган воқеалар ҳақида қисқача маълумот бердик. Прокурор довдираб қолди. У зудлик билан тезкор гуруҳ  тузишни ва бу гуруҳга бизнинг йигитлар ҳам  қўшилишини айтди. Бизга 20 минут кутиб туришимизни,  бу вақт ичида у керакли идоралар билан маслаҳатлашиб олишини айтди. Биз прокуратура ҳовлисига чиқиб кутиб турдик. Ўша фурсат ичида прокурор кабинетига шаҳар МХХси раҳбари кириб кетди. Ҳеч қанча вақт ўтмай прокурор бизни олдимизга чиқиб: “акалар кечрасизлар бу иш билан МХХни ўзи шуғулланар экан. Сизлар илтимос аралашманглар”,  деб бошини эгканича хонаси томон кетди.

Бизнинг  учунчи гуруҳ  аъзоларимиз ГАЗ 66 машинаси кеч соат 6 ларда ертўладан чиқган 4 кишини МХХ идорасига ташлаб ўзи Шаҳар электр тармоқлари гаражига қараб кетганини айтишди.

Хулоса шуки,  Мустақиллик байрами кунлари 48-уй портлатиб буни мухолифат ва диндорлар иши,  деб эълон қилиб ҳаммамиздан бира тўласича қутилмоқчи бўлганлар. Суиқасд фош қилинди.

Энди ҳукумат бизга қарши очиҳ  ҳужумга ўта бошлади. Бизга нисбатан очиқдан-очиқ тазйиқлар бошланди.

Қўқон шаҳрида 405-Қўқон сайлов округи беркитилди ва сайловлар айнан манашу округда ўтказилмади. Бизни қамалишимиз аниқ  эди. Ўша кунлари Украинада зарғалдоқ  инқилоби бошланган эди. Биз Украин биродарларимизга ёрдам бериш учун Киевга қараб жўнаб қолдик. Бу энди алохида мавзу  ва бу ҳақда сизларни зериктириб қўймасам кейинги ҳикояларимда айтиб бераман.

Исмоил Дадажонов

www.zamondosh.com
почтасидан

 

 

http://www.zamondosh.com/2014/09/12-ismoil-dadajonov-amalga-oshmagan-qotillik.html