Jul 282014
 

 

Ота-боболаримиз айтиб ўтиб кетган ушбу ҳикматнинг жамиятимизда афсуски тескариси ҳукмдорлик қила бошлади. Одамлар ўз қадрлари қолиб қорниларига йиғлайдиган бўлиб қолишгандек.

Бундан ўн-ўн беш йиллар бурун Рамазон ойида кўча кўйларда, кўпчилик орасида кавшаниб юришликни одамлар уят деб билар эдилар. Бугунга келиб одамлар Рамазон ойи билан оддий ойларнинг фарқига бормай қўйдилар. Илгари ичувчи кишилар гарчи рўза тутмасалар ҳам ҳеч бўлмаса шу ойда спиртли ичимликларни истеъмол қилмас эдилар, ҳозир эса бундай кишилар одамлардан-ку қўрқмайдилар, ҳатто Худодан ҳам қўрқмайдиган бўлиб кетдилар.

Бир ароқ сотувчи укамизга бир дўстимиз,- Кўпчилик ичади, лекин рўза тутмасаларинг ҳам ҳеч бўлмаса шу ойда шу ҳаром ўлгурни сотмай турсаларинг бўлмайдими?- деса,- Биздан бир ойлик планни сўрашади, бир ойлиги биласизми қанча бўлади? Шунча маблағни қаердан олиб берамиз?- дебди.

Куни кеча уйимизни тўрт нафар “светчи”лар “босди”. Ҳар бир хонадонга кириб, қарзи бўлса чироғини узиб кетаверди. Навбат бизга келди. Қуруқ бўлмасин деб ўн минг сўмни қўлимга ушлаб: -Бу менинг нафақамдан, оз бўлса ҳам олиб қўйинглар!-десам, Р. Тожибоев деган каттаси ҳисоблагичга қараб,- Етти юз минг қарзиларинг бор экан, ўн минг бўлмайди, узамиз!-деб туриб олди. Мен:- Декабрь ойида ҳаммасини ҳисоб-китоб қилганмиз, ўзи қишда чироқ деярли ёнмади-ку! Қандай қилиб етти юз минг бўлади?Укалар сизларни ҳам тушинаман, мен ҳар бир коммунал хазматларни ўғилларимга бўлиб берганман.Ҳозир ўғлимни чақирдим, келсин, гаплашади,-дедим. Бўлмади.Чироқни уза бошлади. Мени ҳайрон қолдирган нарса шу бўлди-ки, мен уларни,-Рўза оғизман. Илоҳим ўчирган қўлларинг синсин!-деб дуоибад қилиб турибман, улар умуман парво қилмай чироқни уза бошлади.Биласизми илгари бизнинг халқимиз рўза оғиз айниқса кексаларнинг қарғишидан қанчалик қўрқишар эди?

 

Моддиёт кучайган жойда иймон сусаяди, дин сусаяди. Ўйин-кулги, қорин ғами биринчи ўринга чиқади”- дейилган гап тўғри экан.Бу фикрлар билан жамиятимизда барчани иймонсиз- эътиқодсиз бўлиб кетганликда айблашдан йироқмиз. Худодан қўрқувчи иймонли кишилар ҳам кўп. Лекин илгаригига нисбат қилиб фикр билдирдик. Эй, майли ҳар кимга инсофни Ўзи берсин.Улуғ байрам кунлари шуни тилаб қоламиз.

Биродарлар барчаларингизни Наманганлик дўстлар номидан Рамазон ҳайити байрами билан табриклаймиз. Барчамиз юракларимиздаги ниятларимизга етишайлик. Бир-биримизнинг қадримизга етайлик. Кимларимиздир юртимизда бўлаётган ишлардан розидир ёки норозидир.Нима бўлганда ҳам Ватан битта.Илоҳим шу Ватанимиз абадий бўлсин!

Носир Зокир
Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамиятининг Фарғона водийси бўйича мувофиқлаштирувчиси
28-июль , 2014-йил.