Jun 022014
 

Дунёнинг 100дан ортиқ чакана савдо ширкати ўзбек пахтасидан тайёрланган маҳсулотларга бойкот эълон қилган.
02.06.2014

Ўзбекистон Вазирлар маҳкамаси 2014-2016 йилларда Халқаро меҳнат ташкилотига доир Ўзбекистон имзолаган конвенцияларни бажариш чора-тадбирлари тўғрисида қарор қабул қилди.
 
Расмий хабарга кўра, қарор, хусусан мажбурий меҳнат турларига йўл қўймаслик ҳамда болалар меҳнатининг энг ёмон кўринишлари олдини олишга доир қонунчиликни такомиллаштириш ва қўшимча чора-тадбирларни амалга ошириш мақсадида қабул қилинган.
 
Халқаро меҳнат ташкилоти кузатув миссияси 2013 йилги пахта йиғим-терим мавсумини мониторинг қилгани Ўзбекистонга келган эди. Кўп йиллик сўровлардан кейин мамлакатга илк бор киритлган ХМТ кузатувчилари миссияси Ўзбекистонда пахта етиштиришда болалар ва катталар мажбурий меҳнатидан фойдаланилишига доир муаммо юзасидан мониторинг ўтказди.
 
Кўплаб халқаро ташкилотлар ва маҳаллий фаолларнинг мазкур муаммо Ўзбекистонда систематик тус олганини айтиб келишига қарамасдан, ХМТ кузатувчилари Ўзбекистонда болалар меҳнати муаммоси йўқлигини хулоса қилди. ХМТ миссияси хулосалари Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси, Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги, Савдо-саноат палатаси ва Ўзбекистон фермерлар кенгаши каби тузилмалар билан ҳамкорликда ўтказилган текширувга асосланган.
 
Айни пайтда, Ўзбекистонда болалар ва катталар мажбурий меҳнатига қарши курашувчи ташкилотларни бирлаштирган Cotton Campaign ҳаракати маълумотларига кўра, ўтган йилги пахта мавсумида камида 1 миллион одам мажбурий меҳнатга жалб қилинган. 2013 йилги пахта мавсумида Ўзбекистон далаларида камида 11 одам, жумладан олти ёшли бола нобуд бўлгани ҳақида Озодлик хабар қилган эди.
 
Болалар ва катталар мажбурий меҳнати муаммоси дунёнинг 100дан ортиқ чакана савдо ширкати ўзбек пахтасидан тайёрланган маҳсулотларга бойкот эълон қилган.

 

http://www.ozodlik.org/archive/News/20140602/402/850.html?id=25407224
Ўзбекистон
Cotton Campaign: Жаҳон банки Ўзбекистондаги лойиҳаларни молиялашни тўхтатсин!

 
30.05.2014
Ўзбекистон ҳукумати қишлоқ хўжалигида мажбурий меҳнатга чек қўйиб, туб ислоҳотларни бошламас экан Жаҳон банки бу мамлакатга чақа ҳам ажратмаслиги керак, дейди Cotton Campaign халқаро гуруҳи вакили Мэттю Фишер Дали:

– Ўзбекистонда йиллардан буён давлат xизматчиларидан тортиб, талабалар, мактаб ва коллеж ўқувчилари далада ишлашга мажбурлаб қилинади. Қолаверса, коррупция чуқур илдиз отган мамлакатда маблағлар мақсадга мувофиқ ишлатилмайди. Биз Жаҳон банкини маблағлари ана шу мажбурий меҳнатга асосланган пахта саноатига йўналтирилиши мумкинлигидан хавотирдамиз, банкни Ўзбекистондаги шу лойиҳаларни молияламай туришга чақирамиз,  дейди Фишер Дали.

Жаҳон банки Ўзбекистондаги икки лойиҳани молиялашни кўриб чиқмоқда. Биринчиси, Қорақалпоғистон жанубидаги сув таъминотини яхшилаш. Иккинчиси¸ Ўзбекистонда боғдорчиликни ривожлантиришга қаратилган лойиҳадир.

Банк шу соҳалар учун бир неча юз миллион доллар ажратиш ниятида.

Ўзбекистонда аксар аҳоли қишлоқ хўжалиги ҳисобига кун кўриши инобатга олинса¸ бу секторга халқаро тузилмалар молия ажратишининг нимаси ёмон?

Жаҳон банки сув таъминотини яхшилаш лойиҳаларига пул ажратса¸ сувсизликдан азият чекаётган Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилояти аҳолиси учун фойдаку, деб сўраймиз  Cotton Campaign халқаро гуруҳи вакилидан:

– Тўғри. Лекин, Жаҳон банки Ўзбекистонда фермерчиликни ривожлантириш учун аввал ҳам молия ажратган. Лекин, бу маблағлар шу фермерларга етиб бормаганди. Ўзбекистоннинг мажбурий меҳнатга асосланган қишлоқ хўжалиги туб ислоҳ қилинмас экан¸ бу соҳага молия ажратиш бефойда,  дейди Cotton Campaign халқаро гуруҳи вакили Мэттю Фишер Дали.

Инсон ҳуқуқлари фаоллари Жаҳон банки раҳбарига йўллаган хатида Ўзбекистон ўзининг қишлоқ хўжалик секторида болалар ва катталарнинг мажбурий меҳнатидан воз кечмагунича бу лойиҳани молиялашни тўхтатиб туришни банкдан сўрамоқда:

– Жаҳон банки инсон ҳуқуқларини бузувчи секторга ҳомийлик қилиш ўрнига, Ўзбекистон ҳукуматидан мажбурий меҳнатни тўхтатишни талаб қилиши керак, – дейди Мэттю Фишер Дали.

Озодлик радиоси Cotton Campaign гуруҳининг чақириқлари юзасидан Жаҳон банкидан муносабат сўраб мурожаат этди. Лекин, ҳануз жавоб бўлмади.  

“Cotton Campaign” мактубида 2013 йилги пахта мавсумида ҳам Ўзбекистон ҳукумати 15 ёшдан 17 ёшгача бўлган болалар ва катталарни систематик тарзда пахта теришга мажбурлагани қайд этилади.

Ўтган йилги пахта терими мавсумида Ўзбекистонда жами 1 миллион одам мажбурий меҳнатга мажбурлангани ва пахта далаларида камида 11 одам ўлгани билдирилган.

Ўзбекистон ҳукумати ўз пахта саноатида болалар мажбурий меҳнатга жалб этилишини рад этиб келади.

http://www.ozodlik.org/content/article/25403961.html

 Posted by at 14:10