May 312014
 

Биласиз, ҳукуматнинг чиқараётган қарорларининг ҳаммасидан ҳам халқ хурсанд бўлавермайди. Чунки аксарият маҳаллий амалдорлар бу қарор ёки фармонни рўкач қилиб ўз чўнтакларини қаппайтириб олиш илинжида бўладилар. Наманган вилоятида қурилиш ишлари учун ажратилган маблағнинг икки ярим миллиардини ўзлаштириб юборилганлиги ҳақидаги расмий ахборот ҳам фикримизнинг далилидир.

Лекин Наманганда 28-майдан 1-июнгача ўтадиган ўқувчиларнинг “Баркамол авлод” спорт мусобақалари халқнинг пешона териси билан ишлаб топган маблағини уни фаровонлиги йўлида ишлатилганлигига ўзимиз гувоҳ бўлдик.

Асосийси шаҳарда қаттиқ тартиб-интизом ўрнатилди. Ўйингоҳ жойлашган ердаги кўп қаватли уйларнинг ҳар бир хонадонида чет-эллик фуқаролар борми-йўқми, одамлар хонадонларда ноқонуний яшамаябдими? Шуларни аниқлаш учун уч-тўрт маротабадан текширилди. Чет элларда ишлаб юрганларни ота-оналаридан улар қандай йўл билан кетишгани ҳақида тушинтириш хатлари ёздириб олинди. 23 йилдан бери ўнқур-чўнқир бўлиб ётган “Навбаҳор” ўйингоҳига олиб борувчи катта йўл таъмирланиб атрофига чиройли гуллар экилди.Ўйингоҳнинг ўзи эса жаҳон андозаларига мос равишда таъмирдан чиқарилди.Мусобақалар ўтказиладиган ўйингоҳнинг атрофидаги фуқароларнинг уйлари таъмирланди. Энг асослиги дунё миқёсида амалда бўлмаган уч босқичли спорт ўйинлари, яъни “Умид ниҳоллар” 9-15 ёшгача, “Баркамол авлод” 15-19 ёшгача ва ниҳоят “Универсияда” 19-25 ёшгача бўлган мактаб, коллеж, лицей ва олийгоҳда таълим олаётган болаларни соғлом ва тетик вояга етишда асосий омил бўлмоқда. Буни ўзбек оиласи аъзолари ҳис этаётганлиги айни ҳақиқатдир.

Бир сўз билан ифода этадиган бўлсак, бу кун ёшларга қанчалар эътибор кўрсатсак, эртамизни, яъни келажагимизни ҳеч иккиланмай уларнинг қўлларига топширсак бўлаверади. Бу кунги ёшларни ютуқларини давлат томонидан олиб борилаётган сиёсатнинг ўзигагина боғланса хато бўлади. Асосийси бу ютуқлар ҳар бир ўзбекнинг ўз истаги, иродаси ва матонатининг ҳосили дейиш мумкин, деб ўйлайман.

Наманган халқи йиллар давомида раҳбарлар эътиборидан четда қолиб келаётган ишларни айнан шу тадбир туфайли ҳал бўлаётганини кўриб,”Қани энди шундай тадбирлар ҳар бир туманда ҳам ўтказилса экан”-демоқдалар. Яна бир кўнгилни ҳижил қиладиган иш бор. Шунча қилинган ишлар “Баркамол авлод” спорт мусобақалари ўтказиб бўлингач,ўз ҳолига ташлаб қўйилмасмикин?

 
Носир Зокир
 Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамиятининг Фарғона водийси бўйича мувофиқлаштирувчиси
31-май , 2014-йил.