May 142014
 

Маълумки мамлакат бўйича қурилиш ишлари жадаллик билан олиб борилмоқда. Бу ишлар бошланиб бир-икки йил ўтиши билан халқ орасида “амалдорлар ажратилган пулларни ўзлаштириб юбораяпти экан, баъзилари қамалибди ҳам” деган гаплар тарқаган эди. Шамол бўлмаса дарахтнинг учи қимирламайди деганларидек бу гапларда жон борлиги ўз тасдиғини топди.
Олинган маълумотларга қараганда Наманган вилоятида уй-жойлар қурилишида иш ҳажмига ҳақиқатда бажарилмаган 2 миллиард 617 миллион сўмлик ишлар қўшиб ёзиб ўзлаштириб юборилган.Жиззаҳ вилоятида бажарилмаган ишлар учун 1 миллиард 197 миллион сўмлик ишлар бажарилмаган бўлсада комиссия томонидан “бажарилди”-деб тасдиқланиб маълумот тарқатилган.Наманган, Жиззаҳ ва Сурҳандарё вилоятларида пудратчилар маҳаллий раҳбарлар билан тил бириктириб, қўшиб ёзиш орқали 1 миллиард 157 миллион сўмлик молиявий камчилликларга йўл қўйилгани аниқланган, 4 миллиард 58 миллион сўм пул эса ноқонуний сарфланган. Бундан ташқари бу уч вилоятда аслида йўқ бўлган штатлар учун 500 миллион 200 минг сўм маблағ ёзилиб ўзлаштирилган.
Яна халқ орасида ўқув юртларини битирганларни ёлғондан “ишга жойлаштирилди”-деб сохта ҳужжат тайёрлаш ишлари ҳақида миш-миш пайдо бўлган эди. Сурҳандарё вилоятида 4 700 нафар битирувчининг меҳнат билан бандлиги амалда таъминланмаган бўлса-да, уларнинг ишга қабул қилинганлиги тўғрисидаги меҳнат шартномалари ва буйруқлар соҳталаштирилган.Шунингдек 360та ҳолатда битирувчилар аслида аллақачон тугатилган ёки фаолият кўрсатмаётган корҳоналарга ишга қабул қилинганлиги тўғрисида сохта ҳужжатлар тайёрланган.

 

Уч вилоятда 122 та таълим муассасида 138 нафар ўқитувчилар олий маълумотга эга бўлмасаларда, уларни олий маълумотли деб ёзиб 2 миллиард 751 миллион маблағ ўзлаштириб юборилган.
Расмий хабарда айтилишича бу пуллар қайтарилган. Лекин, ўша пулларнинг ўрнини тўлдириш учун бўлса керак, кейинги пайтларда давлат ва хусусий ташкилотлар, фермер ҳўжаликлари ҳамда ишчи хизматчилардан турли тадбирлар учун маблағлар йиғилмоқда.Эҳтимол юқоридаги ишлар ҳали ҳам давом этаётгандир. Қолаверса маблағларни ўзлаштириб юборган мансабдор шаҳслар номма-ном фош қилиниши керак эди. Бўлмаса булар жазоланмаслигини билиб, қачон фош бўлмагунча халқ мулкини ўмараверади.

 

 

Носир Зокир
 Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамиятининг Фарғона водийси бўйича мувофиқлаштирувчиси
14-май , 2014-йил.