Apr 112014
 

 

Мэри О’Коннор – рассом ва сураткаш

Би-би-си меҳмони – Марказий Осиёга кўнгил қўйган ирландиялик сураткаш Мэри О’Коннор.

Мэри О’Коннор 2000-йилдан бери замонавий санъат билан шуғулланиб келади. У 2003 йилда Олма-отага кўчиб ўтиши ортидан, Марказий Осиё унинг илҳом парисига айланган.

Алоқадор мавзулар

Унинг янги “Чой ва гурунг” (Chai and Chat) номли китобида Марказий Осиё бўйлаб саёҳатида учратган инсонларининг ранг-баранг суратлари мужассам бўлган.

О’Коннор хонимнинг ўтган йили чоп қилинган муваффақиятли илк китоби – “Телбаларча муҳаббат” (Head over Heels) чоп қилинишини ортидан, барча нусхалари сотиб бўлинган.

Унда ҳам сураткашнинг Ўзбекистон, Туркманистон, Тожикистон, Қирғизистон ва Қозоғистон бўйлаб қилган сафарлари чоғида олган суратлари йиғилганди.

“Мен Қозоғистон ва Марказий Осиёнинг ажойиб одамлари билан вақтимни ўтказишни жуда яхши кўраман, улар билан чой устида суҳбат қуриш, ҳушчақчақ онларни камерам билан қайд қилиб олиш менинг энг яхши кўрган машғулотим”, – дейди Мэри О’Коннор.

Сураткашнинг асарлари Қозоғистондаги кундалик турмушидан тортиб, минтақанинг гўзал табиати, қор қоплаган чўққилар қўйниларидаги ўтовлардан тортиб, қизиган бозорларни акс эттиради.

бу ерга босинг Мэри О’Коннор суратларини томоша қилиш учун мана бу ерга босинг

Унинг китобларига Марказий Осиёда яшовчи қатор хорижий ёзувчилар – Пол Бартлет, Надин Кассас, Жоанна Лиллис ва бошқалар ўз ҳикоялари билан ҳисса қўшганлар. Китобдан Ҳамид Исмоилов ва Филип МкДонанинг шеърлари ҳам ўрин олган.

Китоб ногирон болалар ва етим болаларга тиббий ёрдам етказиб берувчи Олма-отада жойлашган Дара жамғармаси томонидан чоп қилинган.

Муаллиф китоб савдосидан тушган фойда тўлалигича ана шу жамғармага берилишини айтади.

Мэри О’Коннор Ирландиянинг Вексфорд шаҳрида туғилган. Дублинда дизайн мутахассислиги бўйича таълим олиши ортидан, Лондон ва Янги Зеландияда интерьер дизайнери бўлиб фаолият юритган.

2000 йилда у Марказий Американинг Белиз давлатига кўчиб ўтган. Белиздаги ранглар унга рассомлик мўйқаламини қўлга олишга илҳомлантирган.

2003 йилда у муҳандис турмуш ўртоғига ҳамроҳлик қилиб Қозоғистонга кўчиб ўтган ва шу кунгача Олма-отада яшаб келмоқда.

Мэри О’Коннор тингловчиларимиз ва сайтимиз ўқувчилари саволларига Дублиндаги уйидан жавоб берди.

Салом Мэри. Нима учун Марказий Осиёга қизиқиб қолгансиз? Ирландиялик оилангиз ва дўстларингиз нима деб ўйлашади бу қизиқишингиз ҳақида? Қозоғистонда сиз келгандан бери нималар ўзгарди, демократия ошдими ё камайдими?
Ахрор, Лондон

О’коннор: Менинг турмушим ўртоғим 11 йил аввал Олма-отадан Бишкеккача ётқизилаётган йўл қурилиши лойиҳасига муҳандис бўлиб ишга ёлланди. Ўша вақтда Қозоғистонга оиламиз билан кўчиб ўтдик. Ҳеч бир оила аъзомиз ё дўстимиз Қозоғистон қаердалигини билмасди. Лекин, ҳамма у минтақа билан қизиқиб қолишганди. Лекин, мана энди 11 йил ўтиб, биз у ерда яшаётганимизга ҳамма ўрганиб қолди. Қачонки янгиликларда Марказий Осиё ҳақида хабар чиқса, менга сим қоқишади ва “Эшитдингми, Қозоғистондан фазогир космосга учиб кетибди?” деб сўрашади, мен эса: “Қозоғистондан фазогирлар ҳар ҳафта космосга учиб кетадилар”, деб жавоб бераман. Умуман айтганда, Англия ва Ирландиядаги дўстларим ҳаммаси қизиқиб қолишган бу минтақага, чунки авваллари улар Марказий Осиё ҳақида ҳеч нима билмаганлар. Кўплари бизни келиб кўришади, Қозоғистонда меҳмон бўлишади. Ўзгаришларга келадиган бўлсак, жуда катта ўзгаришлар юз берди. Ана шу ўзгаришлар менга иккита китобимни чиқаришга туртки берди. Айниқса Қозоғистон анча замонавий ва анча очиқ жамиятга айланди. Бир неча йил аввал Қозоғистон Осиё Ўйинларига мезбонлик қилди, айнан шу давр менга ўзгаришларнинг бошланишидек туюлди. Чунки маҳаллий халқ биринчи марта хорижликларнинг оқимига дуч келди. Ўша ўйинлар ўтиши ортидан, маҳаллий аҳолининг дунёқарашида қандайдир бурилиш юз бергандик туюлди менга. Улар Марказий Осиё энди яширин ва чекка бир ҳудуд эмас, балки кенг жаҳоннинг бир қисми дея ўйлай бошлашди, ва уларда очиқлик, бағрикенгликни сеза бошладим. Яна бир ўзгариш шуки, биз келиб ўрнашган пайтимиз одамлар асосан русча гаплашишарди, ҳозир эса ҳамма ерда қозоқ тилида гаплашишади.

Европаликларнинг Осиёга қизиқишининг асосий сабаби нимада кўрасиз?
Ўктам Ризаев, Хўжанд

О’коннор: Сабаблар кўп. Албатта, нефть ва газ каби минераллар туфайли кўп оврўполиклар у ерга ишлаш учун боришади. Қадимий Ипак йўли ҳам хорижликларни Марказий Осиёга оҳанрабодек ўзига чорлайди. Ипак йўли одамларни ҳудуднинг тарихига қизиқишига сабаб бўлади. Ундан ташқари, Совет тарихига ишқибоз бўлган одамлар ҳам Марказий Осиёга сафар қилишни яхши кўрадилар. Чунки Совет Иттифоқининг баъзи эски аспектлари сақланиб қолган.

Ассалому алайкум! Аввало бизнинг маданиятимиз ва халқимизга бўлган ҳурматингиз учун таъзимдаман. Лекин Ғарбда Марказий Осиё ҳақида ҳеч қандай маълумотга эга бўлмаганлар, ҳаттоки Ўзбекистон деган давлат борлигини билмайдиганлар ҳам борлиги сир эмас. Ўзбекистон, ва умуман Марказий Осиё, ҳақида Ғарб халқларига билдириш учун қандай ишлар амалга оширилса самарали бўлади деб ўйлайсиз?
Отабек, Сеул

О’коннор: Авваламбор, Ўзбекистон ажойиб туризм саноатига, ундан ташқари, ўта гўзал тарихий обидаларига эга. Ғарбликлар бу обидаларни жуда яхши кўришади. Менимча, бу қизиқишни янада ошириш учун туризм саноати орқали тарғибот ишларини мунтазам равишда давом эттириш керак. Сайёҳлар оқими йилдан йилга фарқ қилади. Масалан, ҳозирги кунга қараганда 10 йил аввал кўпроқ британияликлар Ўзбекистонга борганлар. Бу маълумотни менга Ўзбекистондаги гидларим беришди. Ўйлашимча, агар Ғарб сайёҳлари келишини истаса, Ўзбекистон шу давлатлар билан мунтазам равишда дўстона алоқаларни олиб бориши керак, ва ўзининг бебаҳо зиёратгоҳларини тарғиб қилиши керак. Чунки ҳозирда сайёҳнинг олтида жуда катта танлов бор, шундай экан, тарғиботни кучайтириш керак. Марказий Осиёга келган ҳар бир сайёҳ учун меҳмондўстлик, ажойиб тарихий обидалар кафолатланган.

Суратга олишнинг қандай завқи бор? Бу касбга қизиқишингизга сабаб нима бўлган?
Ўктам Ризаев, Хўжанд

О’коннор: Мен кўп йиллар аввал коллежда сураткашликка ўқиганман. Ҳар доим унга қизиқишим катта бўлган. Ўтган 10 йил ичида мен мўйқалам билан суратлар чизиб келдим. Лекин, Марказий Осиёдаги баъзи нарсалар мени яна сураткашликка қўл уришимга сабаб бўлди. Шундан бери қизиқишим ва тажрибам кундан кунга ортиб борди. Сураткашлик мен учун бир ташлаб бўлмайдиган одатга айланди.

Касб қийинчиликларидан ҳеч азоб чекканмисиз?
Ўктам Ризаев, Хўжанд

О’коннор: Йўқ, ҳеч қачон. Мен кимнидир суратга олишимдан олдин, улар билан суҳбатлашаман, қандайдир инсоний алоқага кираман. Русча гапиришим менга ёрдам беради. Мен Марказий Осиёдаги одамларни жуда яхши кўраман ва ҳурмат қиламан. Улар биз ғарбликларга қараганда, баъзи ҳолларда жуда қийин ва жуда бошқача турмушни бошдан кечирганлар. Балки шунинг учундир, улар менинг камерамдан уялишмайди. Ҳеч қачон ҳеч қандай тўсиқни сезмаганман. Аксинса, улар менинг сураткашлигимга қизиқиш билан ёндошишади. Бу каби очиқлик Ғарбдан қандай фарқ қилар экан, билмадим, чунки охирги йилларда мен фақат Марказий Осиёда сураткашлик қилаяпман. Марказий Осиёликлар ташқаридан қатъий, жиддий одамлар бўлиб кўринишади, лекин улар билан суҳбатга кириб, кўнгилларига йўл топсангиз, улар дунёдаги энг юмшоқ одамлар эканини сезасиз. Мен Марказий Осиёда энг чуқур ва маъноли дўстликдан баҳраманд бўлаяпман.

Сиз Дунё бўйлаб таъқиб қилинадиган ва тақиқланадиган фотографлар қисматига қандай қарайсиз? Масалан, Умида Аҳмедова. Нима учун баъзи ҳукуматлар фотографлардан қўрқади?
Фарҳод, Москва

О’коннор: Марказий Осиёдаги баъзи ҳукуматлар жуда кўп нарсалардан қўрқишади, фақат фотографлардан эмас. Сураткашлик журналистиканинг бир қисмидир, ва воқеълик, афсус, шундайки у ҳукуматлар баъзи нарсаларнинг очиқланишидан манфаатдор эмаслар. Шахсан менинг суратларим кўпроқ санъат ва инсонларнинг кундалик ҳаётига боғлиқ. Мен кимнидир ҳафа қилиши ёки хавотирга солиши мумкин бўлган жиҳатларга тегмайман. Лекин, баъзи масалаларни жамоатчиликка олиб чиқишни хоҳлаган фотографлардан ҳукуматлар нима учун қўрқишларини мен тушунаман. Бу Марказий Осиё ҳукуматларига хос бўлган табиат.

Шарқ одамларининг сизга ёққан уч хислатини айта оласизми?
Ўктам Ризаев, Хўжанд

О’коннор: Менга ёқадигани шуки, Шарқда одамлар заминга яқинроқлар, уларнинг ер билан ришталари мустаҳкам. Оврўпода, ўйлашимча, биз ўз илдизларимизни бироз унутганмиз. Бир мисол келтирай. Олма-отада яқинда бир ҳамкасбим вафот этди ва биз унинг дафн маросимига бордик. Бу рус аёл биз билан 11 йил ишлаганди. У вафот этгунга қадар у билан нақадар яқин бўлиб қолганимизни англамаган эканмиз. Қозоғистондаги дафн маросимлари Ғарбдагидан жуда фарқ қилар экан. Тобут то гўргача очиқ бўлиши бизни жуда таъсирлантирди. Ҳаммамиз кўп йиғладик. Лекин, бунинг яхши бир тарафи шуки, биз барча ғам-андуҳимиздан қутулиб олдик. Ғарбда эса ҳамма нарса ёпиқ, тобут ҳам, ички кечинмалар ҳам… Яна бир мисол, сизлар Марказий Осиёда ўз ҳовлингизда ё дала ҳовлингизда ўз мева ё сабзавотларингизни етиштирасиз, ва бу ҳам бир анъана. Шунинг учун, менга Шарқдаги одамларнинг ўз илдизи, ўз ерлари билан яқинлиги менга ёқади. Афсуски, Ғарбда бу риштани узиб қўйганмиз…

Би-би-си: Ўзбекистон бўйлаб кўп сафар қилибсиз. Ўзбекистон ҳақидаги таассуротларингиз билан ўртоқлашсангиз.

О’коннор: Ўзбекистон жуда гўзал, лекин айни дамда ғамгин бир жой. Мен у ерда бўлганимда кўп ғамгинликни сездим. Балки, бу хисларим у ердаги ҳукумат билан боғлиқдир… У ердаги тарихий ва меъморчилик обидаларига бизни олиб боришди, ҳаммасини кўриб ҳузур олдик, лекин мен Ўзбекистонда эркинлик йўқлигини хис этдим. Қаерга боришимиз, нималар қилишимиз назорат остида эди. Одамларнинг кўзларидаги ғамни ҳам хис қилдим. Масалан, Орол денгизига ва Қорақалпоғистонга борганимда, у ердаги экологик фожеага гувоҳ бўлдим. Ўша бутун минтақа мени қайғуга солди. У ерда мен Октябрь Дўспанов деган инсон билан танишдим, ва у менинг “Телбаларча муҳаббат” китобимга ҳикоя ёзиб берди. Ҳикояда у ёш болакай бўлиб Мўйноқда катта бўлаётганида, Орол денгизи ҳали ҳам Мўйноқда бўлганини хотирлайди. Орол қирғоқлари сўнгра аста-секин йўқолиб борган. У даврларда Мўйноқда 130 минг одам яшаган ва бу жой бешта балиқ заводига эга бўлган. Ҳозир эса у ердаги аҳоли сони 9 минг киши, холос. Бу Октябрнинг ҳаёти. Менга бу жуда ғамгин туюлди. У ерда бўлган воқеаларни мен йирик фожеа деб биламан.

Тожикистон ҳақида нима дея оласиз?
Ўктам Ризаев, Хўжанд

О’коннор: Тожикистонни севиб қолдим! Жуда ҳам ёқди менга. Одамлари, тоғлари… Бир кун жуда бир чекка қишлоқда юргандик, ва тоғ бўйнида тошдан қурилган кичик уйчага кўзимиз тушди. Бу Афғонистон чегарасига яқин жой эди. Уйдан бир қиз чиқди, у жуда-жуда қашшоқ эди, ҳеч вақоси йўқлиги аён эди. У бизни уйига таклиф қилиб, қатиқ билан меҳмон қилди. Мен ўшанба ўйланиб қолдим, биз Ғарбда шунча нарсага эгамиз, лекин ҳеч қачон ёт одамни уйимизга чақириб, меҳмон қилмаймиз. Бу қашшоқ қизнинг саҳийлигидан мен жуда таъсирландим. Лекин, Тожикистонда мен Ўзбекистондагидек ғамғинлик ё қайғуни сезмадим.

Оилангиз ҳақида қисқача тўхталиб ўтсангиз.
Ўктам Ризаев, Хўжанд

О’коннор: Менинг бир қизим бор. У яқинда 13 ёшга тўлди. Қозоғистонга кўчиб ўтганимизда, у икки ёшда эди. Мейв ҳозир бемалол рус тилида гапиради, ва биз у билан жуда фахрланамиз. Умр йўлдошим, ҳали айтганимдек, муҳандис. Бутун оиламиз билан Марказий Осиёда яшаб келаётганимиздан жуда хурсандмиз. Қизим деярли бутун умрини шу кунгача Олма-отада ўтказди. Биласиз, болалар ҳар нарсага ўрганиб кетишади. Мен ҳар йили икки ойга уни Ирландияга ўз амаки ва холаваччалари билан ўйнаши учун олиб келаман. У Ирландияда ҳам, Қозоғистонда ҳам ўзини қулай сезади. Унга Қозоғистонда чанғи учиш жуда ёқади, чунки у Олма-ота яқинидаги Чимбулоққа бор, ажойиб чанғичига айланди. Халқаро мактабида эса у ҳам рус, ва ҳам қозоқ тилларини ўрганади.

Би-би-си: Китобларингиз ногирон болалар ва етим болаларга тиббий ёрдам етказиб берувчи Олма-отада жойлашган Дара жамғармаси томонидан чоп қилинган экан. Нима учун бу жамғарма билан ҳамкорлик қилишга қарор қилдингиз?

О’коннор: Ҳа, китобларим Қозоғистон ва Марказий Осиёда қашшоқ ва ногирон болаларга ёрдам берувчи нотижорий Дара жамғармаси учун чоп қилинди. Мен бу жамғармани жуда ҳурмат қиламан, унга 10 йил аввал Гулнор Дўсиева асос солганди. У бир қатор дўконлар очган, ва улардан келадиган фойданинг 100 фоизи ногирон болаларга ёрдам учун сарфланади. Менинг китобларимдан тушадиган фойданинг ҳам 100 фоизи болаларга сарфланади. Китобларимнинг ўта қўлма-қўл бўлишига минтақадаги ёзувчи дўстларимнинг ҳикоялари ҳам сабаб, чунки улар китобларимга буткул бепул равишда ўз ҳикоялари билан ҳисса қўшдилар. Китобларимни сотиб олиш орқали болаларга ёрдам беришни истаган тингловчилар www.kennys.ie ёки www.maryoconnorart.com сайтларига кириб, уларга буюртма беришлари мумкин.

http://www.bbc.co.uk/uzbek/interactivity/2014/04/140405_talkingpoint_mary_oconnor.shtml