Mar 222014
 

 

Тарихдан бизга маълумки, ҳар бир жамиятда ўша жамиятдан бир қадам олдинда юрадиган кишилар бўлади. Уларнинг фикрини одамлар қабул қилиши қийин кечади. Агар хукумат тепасида адолатсиз кимсалар ўтирган бўлса уларни ҳудо урди деяверинг. Бу хукумат бундай кишиларни жамиятдан шипириб ташлашга ҳаракат қилади. Бундай кишиларни ҳозирги конструктив, ҳолис муҳолифатчилар ва инсон ҳуқуқларининг ҳимоячиларига ўҳшатиш мумкин. Юнон файласуфи Суқрот ўз жамиятига сиғмаган файласуфлардан бири эди. У асосий вақтини мунозара ва баҳсларда ўтказар ва баҳсларда доимо унинг қўли баланд келар эди. Шунинг учун уни уриб, устидан кулиб ҳақоратлашар эди. Уни тушинган кам сонли кишилар, бундай ҳақоратларга бардош берганига ҳайрон бўлиб сўрашганда у, “Эшак тепса, уни судга бераолмайман-ку!”- деб жавоб берган.

Суқротнинг баъзи ҳаракатлари хукуматни ҳам оддий кишиларни ҳам доимо ҳайратга солган. Бир куни Алкивиад деган киши файласуфнинг донолигига тан бериб, унга уй қуриш учун ер бермоқчи бўлади. Суқрот унга жавобан шундай дейди: “Айтайлик, менга бор-йўғи биттагина шиппак керак бўлса-ю, сен менга бутун бошли бир буқанинг терисини инъом этсанг, ҳаммага кулги бўлиб қолмайманми?”-дейди. Яқин ўтмишимизда ўзини миллатпарвар деб билган, биз билан бирга курашга чиққан биродарларимиз, олти сотиҳ ер ёки бирор бир амалга нималарни сотиб юборишмади дейсиз.

Мелоддан аввалги 399-йили халқ орасида обрўси тобора ўсиб бораётган, халқнинг кўзини очиб қўяётган Суқротни ҳукумат бир юртдошининг фитнаси туфайли фуқаролик меъёрини бузганликда айблаб ўлимга маҳкум этади. Судда 220 нафар одам Суқротни ёқлаган бўлса, 280 нафар киши унга қарши овоз беради. Судда Суқрот шундай дейди: “ Менга ўлиш учун сизга эса яшаш учун бу ерни тарк этиш фурсати етди. Лекин уни қай бири афзаллиги Ҳудодан бошқага аён эмас”.

Судда Суқротга оҳирги марта сўз беришганда у шундай дейди:

Фикримча, Тангри мени кун бўйи бутун шаҳарни кезиб,ҳар бирингизни уйғотиш учун юборган, Сўзларимга ишонинг, афиналиклар, Мен кабиларни топиш сизларга осон бўлмайди. Менга ишонсангиз ҳаётимни сақлаб қоласиз. Бироқ сиз сўна чақиб туйқусдан уйқудан уйғонган ва ғазабга минган одамлар каби мени осонлик билан уриб ўлдиришингиз ҳам мумкин, У ҳолда Тангри яна кимнидир йўллагунга қадар қолган умрингизни ғафлатда ўтказасиз”.

Ҳақиқатда ҳар бир жамиятда Суқротга ўхшаган кишилар бўлмаса, жамият ғафлат уйқусидан ўйғона олмайди. Шунинг учун юнон файласуфига ўхшаган кишиларни асрамоқ зарур.

 Носир Зокир

 Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамиятининг Фарғона водийси бўйича мувофиқлаштирувчиси

22март, 2014-йил.