Mar 122014
 

 

12.03.2014

Швейцария Бош прокуратураси ноқонуний пулларни ўзлаштиришда гумонланаётган тўрт ўзбек фуқароси билан бирга Ўзбекистон президентининг тўнғич қизи Гулнора Каримова устидан ҳам текширув бошлаганини маълум қилди.

Гулнора Каримова – расман гумонланувчи

Швейцария прокуратураси чоршанба куни эълон қилган баёнотда айтилишича, “Ўзбекистон президентининг тўнғич қизи – Гулнора Каримовага нисбатан, пул ювиш гумонларига асосланган ҳолда тергов бошланган”.

Баёнотда айтилишича, Гулнора Каримова 2013 йил сентябрида гумонланувчига айланган. Лекин бу ҳақда энди маълум қилинмоқда.

“Ўзбекистоннинг БМТдаги доимий вакили сифатида, Гулнора Каримова ўтган йилнинг ёзига қадар дипломатик иммунитетга эга бўлган. 2013 йилнинг 16 сентябр куни жиноят терговига Ўзбекистон президентининг қизини ҳам пул ювиш гумонларига асосланган ҳолда жалб қилишга қарор қилинди”, дейилади баёнотда.

Швейцария ҳуқуқ-тартибот идораларидаги Озодлик манбасига кўра, Гулнора Каримова 2012 йилда қўзғатилган жиноят ишида бешинчи гумонланувчи сифатида қўшилган.

Манбанинг айтишича, Швейцария расмийлари аввалги тўрт гумонланувчининг шахсларини очиқламаган бўлса-да, Гулнора Каримованинг таниқли шахс эканини инобатга олган ҳолда, Ўзбекистон президентининг қизини расман гумонланувчи, деб эълон қилишга қарор қилган.

Озодликнинг бошқа манбаларига кўра, мазкур жиноят ишидаги дастлабки тўрт гумонланувчи Ўзбекистон фуқаролари Гаянэ Авакян, Алишер Эргашев, Шоҳруҳ Собиров ва Беҳзод Аҳмедовлардир.

Швейцария прокуратурасига кўра, мазкур жиноят иши доирасида Швейцария  бир нечта давлат ҳуқуқ-тартибот идоралари билан ҳамкорлик қилмоқда. Мазкур ҳамкорлик Фарнцияда 2013 йилнинг ёз ойларида бир нечта уйда тинтув амалга оширилган.

Бундан ташқари, Швейцария прокуратураси мамлакат Федерал Адлия полицияси ва Женева полицияси билан ҳамкорликда 2013 йилнинг августида Гулнора Каримованинг Женевадаги уйида тинтув ўтказганини ҳам тасдиқлади.

Озодлик Франция ва Швейцарияда Гулнора Каримовага тегишли квартира ва қасрларда тинтувлар ўтказилгани ҳақида ўз вақтида хабар қилган эди.

Шунингдек, Швейцария прокуратураси олиб бораётган тергов Швеция прокуратураси TeliaSonera ширкати Ўзбекистон телекоммуникация бозорига кириш учун пора берганига доир жиноят иши билан бевосита боғлиқлиги ҳам расман тасдиқланди чоршанба кунги баёнотда.

Швейцария расмийларининг мазкур жиноят ишини бошлашларига 2012 йилнинг июль ойи охирларида Ўзбекистоннинг икки фуқароси Женеванинг Lombard Odier банкидаги ҳисоб рақамларига дахл қилишга ҳаракат қилган пайтда ҳибсга олиниши туртки бўлди.

Гулнора Каримовага қарашли экани айтиладиган Coca Cola Uzbekistan ширкати ходимлари Алишер Собиров ва Шохруҳ Собиров дахл қилмоқчи бўлган ҳисоб рақамлари ҳам президент қизига алоқадор бўлгани гумон қилинмоқда.

Lombard Odier банкидаги бу ҳисоб рақамларидан баъзилари Гулнора Каримованинг хос ёрдамичиси Гаянэ Авакянга, баъзилари эса МТС Ўзбекистон ширкатининг собиқ имжрочи директори Беҳзод Аҳмедовга расмийлаштирилган бўлган.

2012 йилнинг июлида Гаянэ Авакян ҳам Lombard Odier банкига келгани, лекин Швейцария полициясидан қутулиб қолишга муваффақ бўлганига оид маълумотлар бор. Айни ўша кунлари Гулнора Каримова Парижда модалар шоусида бўлган ва Женевадан қочган Авакян унинг олдида пайдо бўлган.

Швейцарияда жиноят қўзғатилишидан икки ой ўтиб, 2012 йилнинг октябрида Швеция прокуратураси ҳам мамлакат ҳукуматига қарашли TeliaSonera телеком ширкати Ўзбекистон бозорига кириш эвазига бу мамлакат президенти қизига пора берганига доир иддаолар хусусида тергов бошлади.

Бунга Швеция жамоатчилик телевидениесининг “TeliaSonera-ўзбек иши” номли журналистик суриштируви туртки бўлди.

Шундан сўнг швед журналистлари Озодлик билан ҳамкорликда ўтказган суриштирувлари натижасида TeliaSonera Ўзбекистонда UCell мобил оператори эгаси сифатида фаолият олиб бориш учун Гулнора Каримовага 350 миллион АҚШ долларида пора берганига ишора қилувчи фактлар ошкор бўлди.

Швейцария билан Швециядан ташқари, бу ишга алоқадор жиноят терговлари Франция ва Латвияда ҳам олиб борилаётгани маълум.

http://www.ozodlik.org/content/article/25294187.html