Feb 262014
 

 

( Ёки Россиянинг Украинадаги мағлубияти)

Украинадаги воқеалар бошланган пайтда, илгари юқори лавозимларда ишлаган бир танишим, Абдуғаффор ака, “Ўрисга Қрим керак, Путин Қримни қайтариб олиш учун курашиб, шу тўпалангларни уюштираяпти. Унинг нияти Украинани иккига бўлиб ташлаш”. Энди Америка мухолифатни ҳимоя қилиб, агар мухолифат ютиб чиқса зўр бўларди-да-деди.Кейинги воқеалар у кишини ҳақ эканини исботлагандек. Қримдаги коммунист депутатлар йиғилиб, “Агар тезда тинчлик бўлмаса, биз Россияга қўшилиб кетамиз!”-деб баёнотлар бера бошлади. Куни кеча улар яна йиғилиб, йиғилиш оҳирида, Россия!, Россия!, Россия! деб қичқира бошлади.

Виктор Янукович қочиб кетди. Қаранг-а, икки кун олдин мухолифатга дўқ уриб турган руспараст раҳбар бугун ўз ҳалқидан қўрқиб қочиб юрса. Умуман бизнинг назаримизда Кремль Украина масаласида ғарбга таслим бўлди.

Бу воқеалар ҳалигача Россия паноҳида юрган МДҲ давлатларининг раҳбарларига бир сигнал. Агар сени халқинг қўлламаса, ҳатто Ўрис ҳам сени асраб қола олмайди. Кремль, Абдулла Ўжалон, Саддам Ҳусайн, Ҳусни Муборак каби ўзининг тарфдорларини ҳам асраб қола билмади. Энди улар Сурияда Башар Асадни асраб қолиш илинжида. Биз аминмизки бу борада ҳам Ўрислар ютқазади.

Агар эътибор берган бўлсангиз, Башар Асад ҳам ўз мухолифларини террорчилар деб атаябди. Янукович ҳам Европа иттифоқи ва ғарб ҳимоясида бўлган Кличколарни ажратиб, ўзини ҳокимиятдан ағдаришда асосий роллардан бирини ўйнаган гуруҳни террорчилар деб атамоқда. Агар Россиянинг ҳимоясида бўлган раҳбарлар етакчилик қилаётган давлатларда ҳам Украинадаги ҳолат рўй берса албатта у ерда ҳам “террорчилар” пайдо бўлади. Ўзлари террорчиларни етиштириб чиқаришади, керак пайтда улардан ўз манфаатлари йўлида фойдаланишади ҳам. Иш қилиб ўриспараст коммунистларнинг бахтига террорчилар омон бўлсин-да!

Носир Зокир

 Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамиятининг Фарғона водийси бўйича мувофиқлаштирувчиси

26– февраль, 2014-йил.