Feb 132014
 

 

Инсонларнинг асосий ҳуқуқларидан бири- холис, эркин ОАВларидан фойдаланишдир. Олдига фуқаролик жамиятини қуришни мақсад қилган давлатларда матбуот жамиятда бўлаётган воқеа ва ҳодисаларни бор бўйича ёритиб беришни бош вазифа қилиб қўяди.Шу ҳаракат билан улар жамиятнинг ривожига салмоқли ҳисса қўшади.Мамлакатни қайси томонга қараб кетаётганини унинг матбуотига қараб билиб олиш мумкин.

Қатарда 2022-йили бўладиган футбол бўйича жаҳон чимпионатини ташкилий қумитаси аъзоси Насил ал Хатир бир баёнот бериб шундай деди: “Стадионларимиз қурилишида ҳизмат қилаётган ишчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишдаги мавжуд муаммоларни кўрсатиб берган ОАВлари ҳодимларидан миннатдормиз.Энди биз бу масала билан жиддий равишда шуғилланамиз”. Кўриб турганингиздек амалдор ўз фолиятини танқид қилган матбуот ҳодимларидан миннатдор эканлигини айтаяпди. Бизда эса ҳалигача бирор бир юқори лавозимли давлат амалдорини танқид қилган журналистнинг мақоласини ҳалигача кўрмадик.

Афсуски биздаги аксарият ОАВлари воқеаларни фақат ҳукумат сиёсати нуқтаий назаридан келиб чиқиб ёритишга ўрганиб ҳам қолишди. Бир газетанинг иккинчи ва учинчи саҳифалари Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган воқеалар ҳақида бўлибди. Ўзбекистон ҳақидаги саҳифада бунёдкорлик ишлари ёритилган бўлса, жаҳондаги мамлакатларнинг деярли ҳаммасида сув тошқинлари, сиёсий келишмовчиликлар ёритилган.

Аммо матбуотга холисона баҳо берсак баъзи газеталарда одамларни фикрлашга чорловчи бази лавҳаларни ҳар замонда бўлса ҳам ўқиб киши ҳурсанд бўласан. Масалан, “Кўнгил кўчалари” деб номланган газетанинг шу йил 30-январь сонида Ҳумоюн таҳаллуси билан ёзилган бир жўрналистнинг реал ҳаётда бўлиб ўтган воқеалар ҳақидаги мақоласида, айнан журналистларни танқид қилиб,мақола қаҳрамони мухбирга шундай дейди: “Мен шунақа терс одамман, Сиз жўрналистларга ўхшаб қоғозга ўраб гапиришни билмайман. Очиғида, айтсам яна ҳафа бўласиз.Сиз журналистлар мақтовдан бошқа нарсани ҳам биласизми? Ўша мақтов ҳам ўринли бўлса гўрга эди.Яқинда вилоят газетасининг бир сони қўлимга тушиб қолди.Бир судья ҳақида бир бет мақола босилиб чиқибди. Сарлвҳаси ҳам кўз ўнгимда.Шапалоқдек суратнинг тагида “Ҳалоллик ва адолат унинг шиори” деб ёзишган. Падаринга лаънат.Икки йил один бир оғайнимнинг иши ўша судьяга тушган эди. Ўртага мени солди… Хуллас, ўз қўлим билан нақ беш минг кўкидан қистирганман.У менга ўҳшаганларнинг нечтаси билан олди-берди қилган. Пулни олганидан кейин оқни қора қорани оқ дейиш ўшаларга хос. Пул бўлса қип қизил жиноятчини мусичадек бегуноҳга айлантиришади,акс ҳолда пашшадан фил ясайди булар. Сизлар эса, унақаларни “адолат посбони”,”қонун ҳимоячиси” сифатида кўкларга кўтарасизлар.Ўша мақолани ёзган одам ҳам қози бува томонидан яхшигина сийланмаганида “ қаламини чархлаб” ўтирармиди? Унинг қанақа одамлгини бутун вилоят яҳши билади-ку! Мен ўшанақа мадҳиябоз муҳбирларни оғзини мойлаб,ҳар куни газетага, радио ва телевизорга чиқишим мумкин. Мениям йўқ сифатлар билан мақташади.”Ҳалол меҳнат орқали шундай катта ютуқларга эришди” дея уввос солишади. Бу дунёда ҳалол меҳнатнинг орқасидан данғиллама қаср қуриб, қўша-қўша машина миниб юрганни кўрмадим. Мен ҳам қайси йўл билан бойиб кетганимни туманда ҳамма билади.”

Тўғри бизда ҳукумат амалдорларини танқид қилиш “мода” эмас. Лекин юқоридаги мақоладан кўриниб турибдики, нималардир қилиш мумкин. Аммо кўз ўнгиларида муҳаррирга юқоридан қайсидир амалдор ҳақиқат ёритилган мақолани чоп этишга руҳсат бергани учун қўнғироқ қилиб “адовини берганини” кўрган жўрналист ўзини-ўзи цензура қилишга мажбур бўлади.

Қўнғироқ қилган мутасаддилар, агар сизлар Ўзбекистон деган давлатнинг келажагини ўйласангиз, телевизорга чиқиб Ватан ҳақида гапираётган гапларингиз чин бўлса, Ўзбекистонни ҳалқаро жамоатчилик олдида обрўси керак бўлса, муҳаррирлар ва муҳбирларга икки оғиз ҳақиқатни ёритгани учун тазйиқ ўтказиб,Ўзбек матбуотининг оёғига болта урманг! Чунки юқорида ҳам айтиб ўтганимиздек, дунё жамоатчилиги ҳар бир мамлакатни риожланаётганини ёки орқага қараб кетаётганини унинг матбуотига қараб билишади. Танқидий нарсаларни қанчалик назорат қилманг, бу ишингиз билан жуда борса ўзингиздан юқорида турган бошлиғингизга яҳши кўринишингиз мумкин холос, лекин бу ишингиз билан мамлакатни ривожига фақат тўсқинлик қиласиз холос!

Носир Зокир

 Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамиятининг Фарғона водийси бўйича мувофиқлаштирувчиси

13– февраль, 2014-йил.