Jan 282014
 

 

Тарихдан маълумки таниқли зиёлилар ҳаётида уларнинг умр йўлдошларининг ўрни катта бўлади.Сиёсатчилар ҳаётида ҳам уларнинг оила аъзолари ва аҳли аёлларини ўрни беқиёс бўлади.

2009-йили одам савдосига аралашиб бир биродаримиз қамалиб қолди. Югур-югур билан энг кам муддатга қамалишига эришдик. У кишининг турмуш ўртоқлари турмага бориб у киши билан учрашиб келган куни мен ҳабар олгани уйларига бордим.Турма ҳодимларидан кимдир айтган бўлса керак, мени кўришлари билан дўстимизни аёллари Худо хоҳласа эрим чиқиб олсин “Бирлик” Мирлигига аралаштирмайман!” дедилар. Ваҳоланки у киши “Бирлик” аъзоси эмас, балки оддий ҳайриҳохи эдилар ҳолос. Ҳафа бўлдим. Кейин уларнинг оиласидан хабар олмай қўйдим. У киши озодликка чиққач вазиятни тушиниб мендан узр сўрадилар.

Озодлик” радиосида ишлаб юрган кезларим, Чортоқлик ғоядошимиз интервю бергани мени уйига таклиф қилди. Биласиз бизни Наманганда меҳмон келса аёлларимиз бегона эркакларни кўзига кўринишмайди. Дўстимизни уйига кириб бориб энди бир пиёла чой ичган эдик, қўшни хонадан турмуш ўртоғини аста гапирган гапини эшитиб қолдим: “Анови мухбирни даданг уйга олиб келибди, эртага уйимизни мелиция босади”-деди дўстимизнинг хотини. Бу гапни дўстимиз эшитмади чоғи. Индамадим. Билдимки интервю ола бошласам дўстимизнинг ҳонадонида ноҳушлик бўлиши мумкин, бир нарсаларни баҳона қилиб чиқиб кетдим.

1990-йили сентябрь ойида Наманаган шаҳрининг марказида, совет армиясига кетиб,тобути келаётган болаларимизни ҳимоя қилиб очлик эълон қилдим. Ҳар куни бир “Бирлик”чи мени уйига олиб кетади, эртасига очликни яна давом эттираман. Навбат Аҳадҳон деган дўстимизга келди. Уйига бордик. Мендан олдин у уйига кириб кетиб чиқавермади. Ичкаридан унинг аёлини овози эшитилди: “Биласизми бу одам уйимизда қолса нима бўлади? Орқасидан текширув бор, сизни ҳам олиб бориб қамаб қўйса бизни ким боқади?!”

Дўстимиз ажойиб курашчан йигит эди. Унинг уйида ўша даврларда Абдулазиз Маҳмудовдек таниқли оператор меҳмон бўлган эди. Дўстимизни чақириб мен ундан ҳафа эмаслигимни тушинтириб бошқа биродаримизника бориб тунадим.

90-йилларнинг бошида машҳур шоир, мухолифатчи Ёдгор Обиднинг турмуш ўртоқларини мелиция бўлимига чақириб, у кишининг оиласида келишмовчилик келтириб чиқариш мақсадида бўлса керак, бир гўзал аёлнинг расмини кўрсатиб:”Сизнинг эрингиз мана шу аёл билан дон олишиб юради”-дейишибди.Ёдгор аканинг аёллари:”Вооой, менинг эримни шундай гўзал аёл яхши кўрар эканми? Мен эрим билан фаҳрланаман!”-деб жавоб берибдилар.

Қуйидаги фикрларимни мақтанчоқликка ёйманг. Турмуш ўртоғим Ҳолисхон шу кунларда хавфли операцияни бошидан ўтказиб,энди-энди оёққа тура бошлади. Ўзига келмай ётган кунлари бир хонага кириб оламанда аёлимнинг дардига шифо беришини Оллоҳдан сўраб йиғлаган кунларим бўлди, нега? Чунки мен бир неча маротаба қамалиб, оиламиз бошига оғир кунлар тушганда ҳам, менинг ортимдан беш нафар фарзандимни олиб, мени кўриш мақсадида Тошкент кўчаларида сарсон-саргандон бўлиб юрган бўлса ҳам, оилани боқиш учун, етмиш сўм ойликка магазинда фаррошлик қилиб юрган бўлса ҳам, ҳали бирор марта юзимга:” Хўжайин, келинг тинчроқ яшайлик, шу ишларингизни ташланг!”- демади. Мен бир-икки мисол келтирдим ҳолос, яна кўплаб биродарларимизнинг умр йўлдошлари ҳар қанддай қийинчиликларга чидаб, ҳожаларини қўллаб-қувватлаб келмоқдалар.Илоҳим шундай аёлларимиз омон бўлишсин.

Носир Зокир

 Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамиятининг Фарғона водийси бўйича мувофиқлаштирувчиси

  28- январь, 2014-йил.