Jan 272014
 

 

 

Jan 20 2014

 

Жаҳонгир Муҳаммад׃ ОЛТИНЧИ ҚАВАТ

 

 

 

 

Президент  тансоқчисининг кундалиги

 

 

7. Гўрков

 

 

Костюм-шимда эдим. Президент׃

 

-Мени ҳимоя қилиш керак бўлса ҳамма ишни ташлаб оқ кўйлак-оқ иштон қидирасанми? Аввал бироз рақсга тушиб баданингни қиздириб оласанми? Йўқ, сен чақмоқ бўлишинг керак. “Қарс” этдими сен ҳам қарсиллашинг керак!-деди.

 

Шундан кейин у ердаги болалар билан “ит-мушук” бўлиб сакраб-сукраб тургандик семиз, пакана бир киши кириб келди. Унинг орқасидан эргашган йигитнинг  аққол чиниққанини ҳар қандай одам ҳам сезиши мумкин. Аммо унинг кунгфуни ўрганганини ҳамма ҳам сеза олмайди. Кунгфу билган одам ўнг оёқни оғирроқ ва чап оёқни енгил тортади. Унинг “саломи” битта оёқда туриб, биттасини тепага кўтариб, қўл бармоқларини чангалга айлантириб икки томонга узатишдир. Демак,  “ит-мушук”дан “шер ва қоплон” жангига ўтамиз…

 

Бир зумда болалар кўздан ғойиб бўлишди. Президент семиз одамнинг саломига алик ҳам олмай׃

 

-“Отарчи”нинг итини йиқитишга тайёрлаганинг шуми?-деди.-Буниси ҳам олдингисининг копияси-ку?

 

-Буниси пишиқ. “Отрачини”нинг итини уради, “Молбоқар”нинг бўрисини ҳам..

 

-Катта гапирма! Олдин ҳам шунақа дегандинг. Аммо “Молбоқар”га етмай “Отарчи”нинг эшигидан қайтдинг. Юзимни ерга қаратдинг! Санга ишониб кулгига қолдим. Агар “хўроз”инг мана шу болага ютқазса, сан ҳам ютқаздинг, федарацияни бошқасига топширасан!

 

-Бу боланими, бир ҳамлада ғажиб ташлайди!-деди ҳалиги одам манга беписанд қараб. У ҳақиқатдан ҳам ҳовлиқма экан. Жимгина турсаку олам гулистон. Лекин…

 

Президент унга қараб товушини кучайтирди׃

 

-Санга доим шошма дейман, аммо қулоқ солмайсан! Тилинг ўзингдан олдин югуради. Бир зумдан кейин ўзинг тилингдан олдин югуриб қолмаслик учун дуо қил!

 

Семиз одам энди масалага жиддийлигига тушунди, шекилли, индамай бошини эгди.

 

Рақибимни Президент ўргатгани каби ўйнатиб-ўйнатиб кейин думалатаман деб тургандим у ўнг қўли билан ҳавода чизиқ тортиб “буни тугат” ишорасини берди.  Бу ишорани фақат биз биламиз, десам Президент ҳам билар экан.

 

Негадир унинг авзойи бузилганди. Сабабини қидиришга вақтим йўқ. Бутун кучимни кафтимга тўпладим. Рақибим “разведка” ҳамласи қилиши биланоқ “ўқ”ни унинг кўкрагига урдим. “Уҳ” дейишга ҳам улгурмай юрагини ғижимладида тиз чўқди. Қарасам ҳалиги семиз одам ҳам ўтириб қолди. Президент эса ғолибона мағрурлик билан орқага қайтди. Нима қилишимни билмай қолдим.

 

Семиз одамга ёрдам берсаммикан, деб тургандим Президент ҳожатхона эшиги ёнида тўхтаб׃

 

-Соя эгасидан узилиб қолмаслиги керак!-деди.- Нур орқада. Демак,  олдинда бўлишинг лозим. Эшикни мен очаманми?

 

Югуриб бориб эшикни очдим. Президент ичкарига кириб, қўлини елкамга қўйди.

 

Хаёлимда “Отарчи” ким экан деган савол айланаётган эди.

 

-“Отарчи” ана у тожик бола. Имомали Раҳмон деб эшитганмисан, ўша. У тўйларда ашула айтиб юради. Шунинг учун “Отарчи”  деймиз.  Аммо жуда ёмон ити бор. Икки-уч марта бизни изза қилди. “Хўроз”имни уриб қўйиб, у ёқ-бу ёқларда “Ўзини дўппосладим” дебди. Биласанми, аслида у ҳақ. Унинг ити “хўроз”имни ургани билан ўзи мени дўппослагани орасида қандай фарқ бор? Ҳа, майли… жавобини берадиган кун келди!

 

Президентнинг боягина хафақон бўлган кўзларида энди оташ алангалаётган эди. У қоядан қанотларини очиб парвозга отланган бургутга ўхшарди. Ўз шиддатига ўзи сиғмаётгандек. Гаплари ҳам қорни тўқ одамникдек дадил ва қатъий׃.

 

-Эртага Остонага борамиз. “Отарчи” ҳам ити билан боради. Уни боягидай битта уришда тиз чўктирсанг бутун дунёни оёқларинг остига тўкаман. Лекин билиб қўй, бугунги ҳамма гап мана шу ерда кўмилди. Бундан кейин эшитган гапларинг ва кўрган воқеаларингга гўрковисан!

 

Президент шундай деб катта хонанинг эшиги томонга юрди. Югуриб бориб эшикни очаман десам׃

 

-Йўқ, бу сафар манга қўйиб бер! Биринчиси ва охиргиси,-деди у.-Кейин қучоқлаб икки юзимдан чўлпиллатиб ўпдида елкамга бир уриб׃

 

-Бор энди,-деди.

 

Жаҳонгир МУҲАММАД

 

(Давоми бор)

 

http://turonzamin.org/2014/01/20/qissa7-2/

 

 

 

 

24 2014

 

Жаҳонгир Муҳаммад׃ ОЛТИНЧИ ҚАВАТ

 

 

 

Президент  тансоқчисининг кундалиги

 

 

8.Благинизм

 

 

Адам қабулхонaда кутиб ўтирган экан. Ҳеч нарса демади. Ойим “Агар адангни хурсанд ёки хафалигини юзига қараб топа оладиган одам чиқса, Нобел мукофотини олади” деганда минг карра ҳақ.

 

Лифтга чиққанимиздан кейингина у “Мен ҳам гўрковман,” деди. “Ҳамма маъноси билан,” деб қўшиб қўйди ва яна жимликка шўнғиди.

 

Гўрков?! Ўлган одамлар учун гўр ковлайдиган одам, лекин ҳар куни битта, баъзан бир нечта одамни кўмиш осон иш эмас. Бу катта меҳнат. Куч билан бирга темир асаб ҳам истайди.

 

У деярли қабристонда яшайди. Фақат битта қўрқуви бор дейишади, у ҳам бўлса лаҳад қазганда тупроқ босиб қолиши.

 

Лекин сирларни кўмиб юборадиган, гуноҳларни “лаҳад”га қўядиган “гўрков”ларчи? Улар нимадан қўрқадилар? Ана шу “лаҳад”нинг усти очилишидан.

 

Қизиқ. Биттаси ёпилиб қолишидан, биттаси очилиб кетишидан қўрқади. Унда нега ҳар иккаласини ҳам “гўрков” дейишади?

 

-Бу машинани немислар шахсан “батя” учун ясаган,-деди адам хаёлимни бўлиб. -“Железабетон”!

 

Машина сип-сиёҳ. Ялтираб турибди. Бирдан “шиқ” этиб эшиклари очилди.

 

-Чўнчагингдаги калитни “ўқийди”,-деди адам.-Эшикни очсанг мотори ишлаб кетади.

 

Адам ҳайдовчи томондаги эшикни кўрсатди.

 

-Правам уйда қолган…,-дедим.

 

-Бу машинани ҳайдаш учун правани кераги йўқ. Уни тўхтатиш мумкин эмас. Ҳамма билади, бу президентнинг шахсий машинаси.

 

Президентни шахсий машинаси? Нега уни менга ҳадя қилди? Ўзига бошқасини олдимикан? Нима бўлганда ҳам ҳали яп-янги. Ҳамманинг кўзини  қамаштирадиган, оғзини қапаштирадиган бўлдим…

 

-“Батя” бир жойга борса барибир сен билан боради, чунки ўзи машина ҳайдамайди. Энди сен унинг нафақат тансоқчиси, балки махсус шофери ҳамсан.

 

Адамнинг гапи қўлоғимга кирмади. Машинанинг ўзидан ўзи ишлаб кетиши бутун вужудимни “завадит” қилгандек эди. Ичига қараб эса ҳангу манг бўлиб қолдим. Худди митти саройга ўхшайди. Бош қўядиган вассодасини айтмайсизми? Юмшоқ, болишдек.

 

Жаноб президент, машинангизга хуш келибсиз!” деган роботмонанд овоз эшитилди.

 

Раҳмат!” деб жавоб қилди адам.

 

Ички температура 36. Ичкиликлар даражаси эса 21. Шундай қолсинми?”

 

Бас қил!” деди адам.

 

Бас!” Ўчдим” .

 

Аммо жойимга ўтиришим билан яна овоз келди׃

 

Ташқаридан хуруж бор. Суҳбатни ёзиб олишмоқда. Эҳтиёт бўлинг!”

 

Ўзимизникиларми?”

 

Йўқ, ташқаридан”.

 

Сателлитданми?”

 

Нима дедингиз?”

 

Орбитаданми?”

 

Йўқ. Шу яқиндан”.

 

Ким бўлиши мумкин?”

 

Орқадаги машинадан”.

 

-Ҳа, улар ҳам ўзимизники! Буни қайтариб олиб келишади,-деди адам “бардачок”ка қўл уриб. -Кейин менга юзланди׃

 

-Эсингдан чиқарма, батя благинизмни ёмон кўради.

 

Благинизм”. Адам бу сўзни кўп такрорлайди.

 

-Ада, ҳа деб “благинизм” дейсиз, ўзи нима дегани бу? Ўзбекча ёки русча қилиб тушунтириб беринг,-дедим тутоқиб.

 

Адам “ўзингни бос” деган қараш қилиб, гапира кетди:

 

-Иккинчи жаҳон урушидан анча олдин “Максим Горький” деган  самолёт ихтиро қилишган. Дунёдаги энг катта самолёт. Ичида кинотеатр, кутубхонадан тортиб, тенис ўйнайдиган жойгача бор экан. Уни синаб кўрадиган куни ёнида ҳарбий учқич ҳам унга йўлдошлик қилибди. Ҳарбий учқични Благин деган одам бошқарган экан. У ўзича самолётнинг оёғини осмондан қилиб учирибди. Аммо бирдан “Максим Горький”нинг қанотини кесиб кетибди. Икки самолёт ҳам қулаб тушиб, парам парча бўлибди. Шундан кейин қоидани бузиш, интизомга риоя қилмасликни “благинизм” дейдиган бўлишибди”. Агар қоидани бузсанг батядан кўп эшитасан бу сўзни.

 

-Ҳали менга ҳеч ким қоида ўрнатмадику,-дедим ажабланиб.

 

-Сенга ҳеч ким қоида ўрнатмайди. Батянинг оғзидан чиққани – қоида, буюргани – қонун. У нима деса ўшани бажарасан! Иккиландингми, благинизм бўлади. Эрталаб бу машина яна уй олдига келтирилади. Батянинг буйруғи шундай. Оқсаройга ҳайдаб борасан. Биз эса  ойинг билан Оқсарой ёнидаги уйга кўчиб борамиз. Бу ҳам буйруқ.

 

Шу пайт яна машина “гапириб қолди”׃

 

Суҳбатни эшитаётганлар фақат орқадаги машинадан эмас! Ундан орқадаги машинадан ҳам эшитишмоқда”.

 

Адам қўлини оғзига қўйиб, “гапирма” белгисни кўрсатди. Кейин машинани орқага бур” деб ишора қилди. Орқага бургандим, у ”Коналоҳҳу лам-якун мааҳу шаҳ!” дедида битта нуқтани босди. Машина жавоб қилди׃ “Кона каанлам-якун!”

 

Бизни кузатган “Lacetti” эриётган каби ёна бошлади. Кейин портлаб кетди…

 

Жаҳонгир Муҳаммад.

 

(Давоми бор).

 

 

http://turonzamin.org/2014/01/24/sakkiz/

 

 

7 2014

 

Жаҳонгир Муҳаммад׃ ОЛТИНЧИ ҚАВАТ

 

 

 

 

Президент  тансоқчисининг кундалиги

 

 

9.Апачи

 

 

Бўлган воқеадан шок ҳолга тушгандим. Қўрққаним йўқ, аммо ҳайрон эдим. Ҳайронлигим воқедан ҳам кўпроқ адам ҳақида. Наҳотки у шундай катта ишларнинг ичида.

 

-Туш машинадан,-деди адам ва калитни бизни кузатиб келганларга берди.

 

-Пиёда кетамиз.

 

-Ада, боя қайси тилда гапирдингиз?

 

-Навоийнинг тилида. ”Ҳайратул Аброр” деган китобидан олганмиз бу  кодларни. Мана кодлар, мана бу ерда ёзилган ҳаммаси, эрталабгача ёдлаб ол, китобчани қайтиб берасан.

 

-Бунчани ёдлашга улгураманми?

 

-Боя портлаб кетган машинанинг ичидаги лақма каби жазоланмаслик учун ёдлашинг керак.

 

-У машинадаги ким эди?

 

-Бу машқ. Газ балонидан портлаб кетди деб қўйишади. Лекин билиб ол, ҳаётда ҳам рўй беради. Ўшанда қовун туширсанг сан ҳам машқларда қурбон бўлишинг ҳеч нарса эмас. Лекин санга ишонаман, пишиқсан!

 

-Машинанинг гапириши ҳам машқ эдими?

 

-Йўқ, машинага ростдан ҳам гапирадиган система ўрнатилган. Қандай саволлар ва гапларни гапира олиши ҳам шу китобчада бор. Японлар бир вақтлар Россия президенти Елцин учун лазер қўрима тайёрлашган. Аммо руслар қиммат деб олишмаган. Ўшани биз сотиб олганмиз. Шу китобчанинг охирида қайси тугмаларни боссанг қандай ишлаши ҳам ёзилган. Бу ҳаёт. Балки бир умр бир марта ҳам ишлатмаслигинг мумкин ёки бугунги каби биринчи куниёқ ишлатишингга тўғри келади. Ҳаёт нима? Курашдан иборат. Агар  курашни сен бошқарсанг доим ғолибсан. Ташаббусни қўлдан бердингми, ўша кун майдондан суриб чиқаришади. Благин ҳақида, батянинг “благинизм” деган сўзни яхши кўриши ҳақида гапиргандим.

 

-Ҳа, қоидабузарлик қилмаслик керак…

 

-Аслида ўша Брагинга учишдан олдин қоидабузарлик қилишни буюришган. У рози бўлмаган. Кинога олиб Сталинга кўрсатамиз, у осмондаги “фигурали учиш”ни яхши кўради” дейишганидан кейин рози бўлган. Аммо қазога учраб ўлиб кетган ва номи қораланган. Демочиманки, ўлим ҳукми келса ҳам “батя”нинг ўзидан эшитмагунча ишонма. Ҳатто мен ҳам “батя” қўйган қоидага қарши бир иш қил, десам бажарма!

 

Адамни биринчи марта шундай юракдан самимий гапираётганини кўрдим.

 

-Сани ҳали бу ишга тавсия этмагандим. Аммо кейинчалик планим бор эди. Ишлар тезлашиб кетди. Ўзингни эҳтиёт қил! Агар “батя”ни эҳтиёт қилсанг, бу ўзингни эҳтиёт қилганинг бўлади.

 

-Остонага борганда “Отарчи”нинг тансоқчиси билан майдонга тушасан. У чиниққан бола. Лақаби  “Таг”. Чунки “Тагги”ни билади. Билганда ҳам яхши билади. Бир айланишда рақибини бўғиб қўяди.

 

-“Тагги”дан хабарим бор. Тайванда тайчидан олдин “тагги”ни ўргатишган.

 

Тагги” аслида ўғрилар, талончиларнинг ҳунари. Бир пайтлар Ҳиндистонда карвонларни талайдиган, меҳмонларни бўғиб кетадиганларни “Таг” дейишган. Гуруҳнинг ҳам, усулнинг ҳам номи “Тагги” бўлган. Йиллар ўтавериши билан уларнинг одамни бўғиб ўлдиришлари спортга ҳам кириб келган. Йўлини топиб рақибнинг бўйнидан бўғиб туришади. У ҳавосизликдан ўлади. Бўйин остида қўл излари қолмайди. Чунки бўғганда бармоқларни ишлатишмайди. Тайчини билганлар буни кўп қўлламайдилар. Бунинг учун қўл, бўй узун бўлиши керак. Рақибга орқадан ҳамла қилиш шарт. Бу ҳолат тайчида оёқни орқага кўтариб уриш учун йўл очади, тайчини билганга қулай фурсат бўлади. Демак, рақимибнинг бўйи ва қўллари узун, ўзи ҳам кучли. Аммо тайчининг олтинчи қаватига чиқмаган. Агар чиққанда “Тагги”ни ишлатмасди.

 

-У иккита йигитимизни ўлдирди, “батя” жуда хафа бўлганди. Ўшанда бир неча кун жаҳлдан тушмаган. Қанча одамларни вазифадан олиб ташлаган. Қаҳратон қиш бўлишига қарамай Душанбега борадиган газни кезиб ташлаган. Чегараларни ёпиб қўйдирган. Адашиб ўтганларни отиб ташлашни буюрган. Учқичлар қатнови камайтирилган. Поездлар тўхтатиб қўйилган.  Ман энди яна кураш вақти яқинлашган сайин ҳеч кимдан кўнгли тўлмаётган, асабийлашаётган эди. Сани ёқтириб қолди. Уч  кун ҳеч иш қилмай сани ўрганди. Ички Ишлар вазирлиги, МХХ, ўзимизнинг “СП” ҳам сани ўрганишга сафарбар қилинди. Охирида бутун умидини санга боғлади. Имомали Раҳмонни ўзи тахтга келтирган. У аввалига “батя”ни отам деб юриб, кейин саломини ҳам насия қилди. Тансоқчиси бизникини уриб ташлагандан кейин бутунлай тўнини тескари кийди. Биласанми,  “батя”га осон эмас. Ўзи топиб, ўзи ишга қўйган одам олтита президентнинг олдида унинг устидан кулиб ўтирса…

 

-Қолганларнинг тансоқчилари ҳам жангга кирдими?

 

-Ҳа, уларни ҳам уриб ташлади. Лекин бошқалар бир-бирини масхара қилган эмас. Имомали очиқдан очиқ “батя”нинг устидан куладиган, уни масхара қиладиган бўлди.

 

-Унинг боласини уриб ташашимга ишонасизми?

 

-“Унинг боласи” эмас, у душман!

 

Душман?

 

Уста Вунгнинг гапи ёдимга тушди:  “Қизил танлиларнинг бир қабиласидаги лидери ўзини “Дина” (“Одам”) деб номлабди. Буни эшитиб, унга рақиб бўлган қўшни қабиланинг бошлиғи ўзини “Апачи” (“Душман”) деб атабди. Унинг ғалабалари шунчалик кўп бўлибдики, мин-минглаб одамлар ўзларини “Апачи” дейдиган бўлибдилар. Биз дўстга дўст, душманга душман!”

 

Кўрамиз, ким “Апачи”?!

 

(Давоми бор)

 

 

http://turonzamin.org/2014/01/27/soqchi/#more-23258