Jan 192014
 

 

 

 

 

 


Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов 2013 йил 27 декабрь куни “Ўзбекистон халқ шоири Муҳаммад Юсуф таваллудининг 60 йиллигини нишонлаш тўғрисида”ги Қарорга имзо чекди.

Муҳаммад Юсуф Андижон вилоятининг Марҳамат туманида 1954 йил 26 апрелда таваллуд топган. У 2001 йил 31 июлда Элликқалъа туманида вафот этган эди.

Олмослардан кескир эди шамширингиз,
Тутун бўлиб тўзиб кетди тақдирингиз,
Минг йигитга арзирдингиз ҳар бирингиз.
От ўйнатиб юрмадингиз, «босмачилар»!

Тупроқ тўшак бўлди, болиш эгар бошда,
Жалолиддин каби мудом жаҳонгашта,
Умрингизнинг ярми ўтди тоғу тошда,
Не кунларни кўрмадингиз, «босмачилар»!

Қўрғошинга қалқон бўлди ўт кўкраклар,
Кафан бўлди қонга ботган оқ яктаклар,
Сўнгги макон бўлди баъзан чакалаклар,
Одамдай ҳам ўлмадингиз, «босмачилар»!

Тушунмайин ким қарғади, кимлар сотди,
Кўнглингизда алам, кўзда ёшлар қотди,
Ортингиздан гоҳ болангиз тошлар отди,
Ёш деб, гина қилмадингиз, «босмачилар»!

Уйингизда сизни кутди, кел, деб тўрам,
Келинчаклар кокиллари тарам-тарам,
Кўнгилга ёр сиғармиди юртда қарам?.
Жангоҳлардан жилмадингиз, «босмачилар»!

Кенгашсангиз тор дунёлар кенг бўларди,
Эргаш ёқа бўлса, Шермат енг бўларди,
Бирлашсангиз ким ҳам сизга тенг бўларди,
Нечун аҳил бўлмадингиз, «босмачилар»!

Босмачимиш… Бундай демиш қай бемаъни,
Тутмайдими бир кун у ни беклар қони…
Ҳамма сиздек ўз юртини суйса қани!
Беҳуда қон тўкмадингиз, «босмачилар»!

Сиз йўқ, бунда кўтарилди дарпардалар:
Отдан тушди сариқ мўйлов саркардалар,
Бухорони тўпга тутган шармандалар…
Афсус, афсус, кўрмадингиз, «босмачилар»!

Эркли элда сизни эслаш нақадар хуш,
Сизга ҳайкал қўйса арзир майдонлар бўш,
Оқ яктакда, арғумоқлар миниб оқтўш
Мундоқ кўкрак кермадингиз, «босмачилар»!

Субҳидамда шеърим битди, кўзим тиниб,
Пойингизга бордим кўнглим бир ўксиниб,
Туринг энди бобо десам, сиз хўрсиниб
Жилмайдингиз, турмадингиз, «босмачилар»!

Қайга тарқаб кетган бўлманг, қай замонда,
Сизнинг асов қонингиз бор бизнинг қонда.
Унутмаган сизни ҳеч ким Туркистонда,
Хонларга тенг хурматингиз, «босмачилар»!

Олмослардан кескир эди шамширингиз,
Тутун каби тўзиб кетди такдирингиз.
Минг йигитга арзирдингиз ҳар бирингиз,
От ўйнатиб юрмадингиз, «босмачилар»!.

Муҳаммад Юсуф

https://qoplonbek.wordpress.com/2014/01/17/