Jan 182014
 

 

Ҳар йили қиш келди дегунча мутасадди ташкилотларнинг ишчилари труба ямаш билан қишни ўтказишади. Йигирма кунча олдин Наманган шаҳрининг 4-микрорайон худудида иссиқ сув трубаси ёрилиб кетди. У ердан иккита труба ўтган экан. Ишчилар икки кун оввора бўлиб бир трубанинг ёрилиб кетган жойини ямашди. Улар ишни тўҳтатиб кетишлари билан иккинчи труба ҳам ёрилиб, сув, фонтан бўлиб отила бошлади. Эртасига келиб бунисини ҳам ишчилар ямаб кетишди. Орадан бир кун ўтиб, энди трубани ковланмаган жойи тешилиб сув яна оқа бошлади.

Ишчиларга раҳбарлик қилаётган кишига: – Ҳар йили шу аҳвол кузатилади. Россияда чиримайдиган трубалар бор экан, шулардан сотиб олиб келсаларинг бўлмайдими?- десам, – Эй ака, бу ишни катталар билади- деб жавоб берди. Куни кеча ўша кавлаб қўйилган жойга ёши саксонларга бориб қолган, ҳассалик отахон тушиб кетди, зудлик билан кўпчилик уни чуқурликдан олиб чиқдик. Агар у калласи билан тушганда фожеа бўлиши муқаррар эди.

Бундан икки-уч йил олдин, Наманган шаҳрининг Навоий кўчаси худудида ҳам шундай ковлаб қўйилган чуқурга бир ёш бола тушиб кетиб ҳалок бўлган эди.Биз юқорида келтирган, ковлаб қўйилган чуқурлик шундоғича ҳамон турибди. Мутасаддилар ақалли чуқуқрликнинг атрофини ўраб ҳам қўйишмаган. Наҳотки ҳалигача замонавий трубаларни сотиб олишнинг иложи бўлмаётган бўлса!

Носир Зокир

 Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамиятининг Фарғона водийси бўйича мувофиқлаштирувчиси

  18- январь, 2014-йил.